Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:14

Туркман ва тожик президентларининг гапи бир жойдан чиқди


Туркман ва тожик президентини Ўзбекистон эътирозига қарши туриш яқинлаштираëтган кўринади.
Туркман ва тожик президентини Ўзбекистон эътирозига қарши туриш яқинлаштираëтган кўринади.

18 март куни Душанбеда учрашган Қурбонқули Бердимуҳаммедов ва Имомали Раҳмон минтақадаги айрим қўшнилари эътирозига қарамай¸ ўз ҳудудларидаги сув заҳираларидан ўз давлатлари эҳтиëжи йўлида фойдаланиш режасидан қайтмасликларини таъкидладилар.

Душанбе қилган чиқишида Қурбонқули Бердимуҳаммедов танқидларга қарамай¸ ўз давлати Қорақум сунъий кўлини қуриш режасидан қайтмаслигини билдирди.

Имомали Раҳмон билан музокаралардан сўнг журналистлар олдига чиққан Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов ўз қарорини бошловчи тилга олган баëнотига изоҳ беришга уринди.

- Бу йўналишда биз томондан амалга оширилаётган тадбирлар тўғрисидаги мақолалар бугун тез-тез матбуотда пайдо бўлиб, бундай чиқишларда мамлакатимиз дарёлар қуйисидаги сув ресурсларидан унимсиз фойдаланаётган давлат сифатида кўрсатилмоқда. Дарҳақиқат¸ биз Қорақум сунъий кўлини қураяпмиз. Лекин бундан кўзланган мақсад бу экологик муҳитни соғломлаштириш ва сув ресурсларидан унумли фойдаланишдан иборатдир, деди Қурбонқули Бердимуҳаммедов.

Туркман президентига кўра¸ шўролар замонида экин ерларини ювиш учун фойдаланилган сувлар чўлларга қуйилиши ортидан Туркманистон ҳудудида шўр ерлар ва ботқоқлар пайдо бўлган.

Жаноб Бердимуҳаммедов ўз давлати БМТ чўллашувга қарши дастури асосида сунъий канал ва кўллар ташкил топтириш йўли билан ботқоқликларни қуритиб, шўр босган ерлар ҳажмини қисқартиришга киришганини ва бу йўналишда шу кунгача 500 миллиард доллар сарфланганини маълум қилди.

- Бугун ботқоқларнинг қуриётгани ва шўр босган ерлар ҳажми анчага қисқарганини тажрибада кўриш мумкин, дея билдирди Туркманистон давлат раҳбари.

Бундай баëнот орқали Ашхобод раҳбари мутахассисларнинг минтақада қурилаётган бундай сунъий кўллар нафақат Орол денгизи¸ балки унга қуйиладиган дарёларнинг ҳам қуриши ҳақидаги қарашларини инкор этишга уринди.

Душанбедаги матбуот анжуманида президент Имомали Раҳмон ҳам минтақа сув заҳиралари масаласига тўхталиб, Тожикистоннинг ўз ҳудудидаги табиий бойликлар, жумладан сув ресурсларидан ўз эҳтиëжи учун фойдаланишга ҳақлилигини яна бир бор уқтириб ўтди.

Раҳмон Тожикистон минтақада катта сув заҳираларига эгалиги,аммо йилнинг 6 ойи давомида тожикистонликлар электр тақчиллигидан азоб чекишини айта туриб, ўз давлати томонидан қурилаётган гидро иншоотларда қўшнилар манфаати ҳам назарда тутилганини таъкидлади.

- Сўнгги 10 йил давомида Тожикистон энергетика бўҳронига дуч келаётганини ва аҳолининг катта қисми йилнинг олти ойи давомида зулматда яшаётганидан халқаро ҳамжамият яхши хабардор. Ўйлайманки¸ тожикистонликлар ҳам бошқа халқлар каби фаровон ҳаёт кечиришга ҳақлидир, дея таъкидлай туриб тожик президенти ўз давлати яхши қўшничилик принципларига амал қилишга ҳар доим тайёрлигини қўшиб ўтди.

Нафақат минтақа¸ балки дунëда мисли кўрилмаган сув иншоотлари барпо қилишга киришган туркман ва тожик президентларининг қўшма матбуот анжуманида Роғун ГЭС и масаласи тилга олинмади.

Бердимуҳамедовнинг Душанбе сафари давомидаТуркманистон ва Тожикистон ўртасида автомобил, авиация қатнови, нефт ва газ заҳираларини аниқлаш ва қазиб олиш, энергетика, электр транзити, туризм, маданият ва спорт масалаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш борасида олтита давлатлараро шартнома ва икки давлат раҳбарининг қўшма баёноти имзоланди.

Тожикистон президенти матбуот хизматидан олинган маълумотларга кўра, президентларнинг яккама-якка музокарасида Афғонистондаги вазият борасида ҳам фикр алмашилган.

Манбага кўра, томонлар Туркманистондан Афғонистон орқали янги темир йўл қурилиши, электр узатиш тармоқларини қуриш ва газ қувурларини ётқизиш каби лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга келишиб олган.

Туркманистон президентининг Тожикистонга давлат сафари хусусида феврал ойи ўрталарида иккала президентнинг ўзаро телефон суҳбати чоғидакелишиб олинган эди.

Икки кунлик давлат ташрифи билан Тожикистонга келган Қурбонқули Бердимуҳаммедовнинг 19 март куни Имомали Раҳмон туғилиб ўсган Данғарада ўтказиладиган Наврўз тантанасида қатнашиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG