Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:58

БМТ Бош котиби Ғазога борди


Ғазога борган БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Исроил ҳукумати халқаро ҳамжамият чақириқларини эътиборсиз қолдирмаслигига умид қилаётганини айтди.
Ғазога борган БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Исроил ҳукумати халқаро ҳамжамият чақириқларини эътиборсиз қолдирмаслигига умид қилаётганини айтди.

Ғазо секторига борган БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Исроил ҳукуматини фаластинликлар билан музокараларни қайта бошлашга ҳамда Ҳамас бошқарувида бўлган Ғазони қамал қилишни тўхтатишга чақирди.

БМТ Бош котибининг 21 март кунги ташрифи АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Жорж Митчелнинг шу ҳафта охирида минтақага ташрифи ва Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳунинг АҚШга сафар қиладиган пайтга тўғри келди.

Митчелнинг ташрифидан мақсад Исроил ва фаластинликлар ўртасида тўхтаб қолган музокараларни қайта бошлашда воситачи бўлишдан иборат.

Бан Ки Мун Нетаняҳуни Ҳамас 2007 йил июнида Ғазо сектори бошқарувини ўз қўлига олганидан бери жорий қилинган қамални тўхтатишга чақиришини айтди.

- Бош вазир Бенямин Нетаняҳу АҚШ президенти Барак Обама ва АҚШ маъмурияти расмийлари билан учрашади. Ғазога ушбу ташрифимдан сўнг мен Бош вазир Нетаняҳу билан учрашаман ва бу масалани муҳокама қиламан. Мен Бош вазир Нетаняҳуни барча чекловларни юмшатишга чақираман, деди БМТ Бош котиби.

Исроил ва фаластинликларни қайта музокара бошлашга ва Исроил ҳукуматини Фаластин ерларига яҳудийлар учун янги уйлар қуришни тўхтатишга чақиришдан олдин Бан Ки Мун Москвада бўлиб, Яқин Шарқ тинчлик жараёнида воситачилик қилаётган Тўртлик вакиллари билан учрашди. Тўртлик АҚШ, БМТ, Европа Иттифоқи ва Россиядан тузилган.

24 ой ичида Исроил босқинига чек қўйиш ва мустақил Фаластин давлати барпо этиш мақсадида Тўртлик Исроил ва Фаластинни бевосита сўзлашувлар бошлашга чақирди.

- Тўртлик жуда кучли баёнот берди. Тўртликнинг ушбу йиғилишида, менимча, сўнгги икки, уч йил давомида энг аҳамиятли ва энг кучли баёнот бердик. Мен икки томон, айниқса, Исроил ҳукумати халқаро ҳамжамиятнинг, хусусан, Тўртликнинг ушбу чақириқ ва даъватларига эътибор беришига чин дилдан умид қиламан, деди БМТ Бош котиби Бан Ки Мун.

Исроил ва Фаластин расмийлари ўртасида олиб борилаётган музокаралар бир йилдан ортиқ вақтдан бери тўхтаб қолган.

Исроил Бош вазири АҚШга жўнаб кетиши арафасида Қуддус шаҳрининг босиб олинган шарқий қисмига яҳудийлар учун 1 600 та янги уй қуриш ишларини тўхтатиш ҳақидаги АҚШнинг талабини бажаришни рад қилишини айтди.

Нетаняҳу Исроил низога сабаб бўлаётган масалалар хусусида фаластинликлар билан бевосита музокараларни қайта бошлашга тайёр эканини айтди.

Америкага сафари чоғида Нетаняҳунинг АҚШдаги Исроил тарафдорларини бирлаштирган “Америка-Исроил жамоа ишлари қўмитаси” номли ташкилот анжуманида қатнашчиларга мурожаат қилиши ва АҚШ президенти Барак Обама билан учрашиши режаланган.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва Яқин Шарқ тинчлик жараёни воситачиси бўлган Тўртликнинг вакили Тони Блэр ҳам мазкур анжуман қатнашчиларига мурожаат қилиши режаланган.
XS
SM
MD
LG