Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:27

АҚШ ва Россия тарихий келишувга эришмоқчи


Россия ва АҚШ президентлари тез орада ядровий қуролларни қисқартириш борасида келишувга эришиш ниятидалар.
Россия ва АҚШ президентлари тез орада ядровий қуролларни қисқартириш борасида келишувга эришиш ниятидалар.

Стратегик қуролларни қисқартириш бўйича янги шартнома имзолаш учун олиб борилаётган музокараларда АҚШ ва Россия барча масалалар бўйича ўртадаги фарқни бартараф қилгани айтилмоқда. Бу борада келишувга эришилса, АҚШ ва Россиядаги ядровий қуроллар 25 фоизга қисқаради.

Юқори лавозимли Кремл расмийсига асосланиб Ассосиэйтед пресс ахборот агентлигининг билдиришича, узоқ масофага учадиган ядровий ракеталарни қисқартириш бўйича 1991 йилда имзоланган СТАРТ номли шартноманинг ўрнини эгаллайдиган янги келишувнинг “барча ҳужжатлари” бўйича келишиб олинган.

Аммо Оқ Уй икки томон келишувга эришишга “жуда яқин” эканини айтди. Оқ Уй матбуот котиби Роберт Гиббс мухбирларга томонлар келишувга эришиш арафасида эканини, аммо музокаралар ҳали тугамаганини айтди.

- Биз, менимча, СТАРТ шартномаси бўйича келишувга эришишимизга жуда оз қолди. Аммо президент Барак Обама ва россиялик ҳамкасби Дмитрий Медведев яна бир марта бу борада сўзлашмагунча, келишувга эришмаймиз, деди Оқ Уй вакили.

АҚШ ва Россия расмийлари қарийиб бир йилдан бери янги шартнома борасида музокара олиб бормоқда. Дастлаб янги келишув 1991 йилги битмнинг муддати декабр ойида тугашидан олдин имзоланиши назарда тутилган эди. Аммо бунга эришишнинг имкони бўлмади.
АҚШ президенти Барак Обама ва Россия президенти Дмитрий Медведев ўтган йил апрелида муддати тугаётган битмни янгиси билан алмаштириш борасида музокаралар бошлашга келишиб олган. Июл ойида эса томонлар ядровий қуроллари сонини кескин камайтиришга рози бўлган.

АҚШ ва Россия ўз ядровий каллаклар сонини чорак қисмга, яъни 2 минг 200 тадан 1 минг 600 тага, ядровий бомбалар ва қанотли ракеталар сонини 1 минг 600 тадан 800 тага қисқартиришга келишган.

АҚШ президенти Барак Обама ўтган йил апрел ойида Чехия пойтахти Прагадаги чиқишида дунё қандай қилиб ядровий қуролдан холос бўлиши ҳақидаги фикрини бундай баён қилган:

- Ядровий қуролни ишга солган ягона давлат сифатида АҚШ ҳаракат қилиш учун маънавий масъулиятга эга. Бу вазифани якка ўзимиз уддалай олмаймиз. Аммо биз бу ҳаракатга етакчилик қилишимиз ва уни бошлашимиз мумкин. Бугунги фурсатдан фойдаланиб, мен шуни таъкидламоқчиманки, Америка дунёда тинчлик ва хавфсизликка ядровий қуролларсиз эришиш ниятида, деган эди президент Барак Обама.

Музокараларда олдинга силжиш бўлгани ҳақида гап-сўзлар тарқалган бир пайтда Россия ва АҚШ расмийлари икки президент янги битмни икки ҳафта ичида, аниқроғи 8 апрел куни Прага шаҳрида имзолашни режалагани айтилмоқда.

Дмитрий Медведев 6 – 7 апрел кунлари Чехияга қўшни бўлган Словакияга сафар қилади.

11 – 12 апрел кунлари АҚШ президенти Барак Обама глобал ядровий хавфсизлик бўйича 44 давлат раҳбарларининг Вашингтонда бўладиган саммитига мезбонлик қилади.

Ўша саммитга қадар Россия билан имзоланган шартнома Барак Обаманинг ядровий қуролларини қисқартириш ва охир оқибат уларни йўқ қилиш мақсадига эришишида қудратли тимсолга айланиши айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG