Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:30

Бан Ки Мун Душанбе ва Тошкентни муросага чорлади


5 апрел куни Тожикистон президенти билан учрашган БМТ Бош котиби Бан Ки Мун минтақадаги сув ва энергетика заҳираларидан фойдаланиш масаласи музокараларнинг асосий мавзуси бўлганини қайд этди.
5 апрел куни Тожикистон президенти билан учрашган БМТ Бош котиби Бан Ки Мун минтақадаги сув ва энергетика заҳираларидан фойдаланиш масаласи музокараларнинг асосий мавзуси бўлганини қайд этди.

6 апрел куни Тожикистон сафарини якунлайдиган БМТ Бош котиби сув ва энергетика заҳиралари борасида минтақа давлатларининг ўзаро келишилган ҳолда иш тутишлари зарурлигини таъкидлади.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Тожикистонга сафари ниҳоясида 6 апрел куни эрталаб кўп сонли журналистларга матбуот анжумани берди. Журналистлар саволига жавоб беришдан аввал бош котиб 5 апрел куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашувда муҳокама қилинган мавзуларга тўхталиб ўтди.

- Суҳбатимизда биз бугун минтақада энг долзарб муаммо бўлиб қолаётган сув ва энергетика заҳираларидан фойдаланиш масаласига кўпроқ эътибор қаратдик. Аслида менинг Марказий Осиёга сафаримдан кўзланган мақсад ҳам бу борада минтақа давлатлари ўртасидаги тарангликни юмшатиш ҳамда улар ўртасида зиддиятларнинг кескинлашуви олдини олиш эди. Шуни назарга олган ҳолда, суҳбатларимизда мен Тожикистон давлат раҳбари Имомали Раҳмон ва ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифийнинг диққатини минтақа давлатлари бу борада БМТ кузатувидаги минтақавий мулоқотни йўлга қўйиши масаласига қаратдим, деди БМТ Бош котиби.

Жаноб Бан Ки Мун ўзининг Роғун ГЭС лойиҳаси халқаро экспертизадан ўтказилиши тарафдори эканини, бу борада Ўзбекистон ва Тожикистон президентларининг фикрлари муштараклигидан мамнун эканини айтди.

Қайд этиш лозимки, Тожикистон президенти матбуот хизматидан олинган маълумотларга кўра, кеча томонлар музокарасида Роғун ГЭСи лойиҳаси халқаро экспертиза ўтказилиши борасида Ўзбекистон талабига қарши эмаслигини таъкидлаган Имомали Раҳмон БМТ Бош котибидан минтақадаги барча сунъий сув омборлари ҳам албатта халқаро экспертизадан ўтказилиши лозимлигини ва атроф-муҳит экологиясига хавф туғдириб келаётган ҳар қандай муаммолар БМТ аралашувида бартараф этилишини таклиф қилган.

Аммо БМТ Бош котиби бугунги матбуот анжуманида Тожикистон томонининг бу борадаги таклифига нисбатан ўз фикрини очиқ айтмади.

Бан Ки Мун Тожикистонга сафари давомида ўзбек-тожик чегараларида кўмилган пиёдаларга қарши миналардан қурбон бўлаётганларга бағишлаб ташкил этилмиш кўргазмадан қаттиқ таъсирланганини ҳам алоҳида таъкидлади.

- Чегаралардаги миналар муаммоси билан кеча кўргазмада танишдик. Инсониятга қарши, одамлар ўлимига сабаб бўлаётган бу манзара мен учун жуда аянчли эди. Бизнинг идорамиз бу муаммо ечимида фаолроқ бўлишга ҳаракат қилади, дер экан БМТ расмийси ўз навбатида чегаралардаги миналарни зарарсизлантираётган халқаро ташкилотларга миннатдорчилик изҳор қилди.

Шундан сўнг вақт тиғизлиги туфайли БМТ Бош котибига журналистлар томонида фақат битта савол берилиши мумкинлиги айтилди.

Савол беришга ижозат олган Россиянинг Новости ахборот агентлиги мухбири Бан Ки Муннинг Тожикистонга тегишли юк вагонлари Ўзбекистон томонидан гўё асоссиз тутиб турилганига оид позицияси билан қизиқди.

- Бизни ташвишлантираётган яна бир масала шудир. Оз муддатдан кейин республикада экин-тикин ишлари бошланади. Деҳқонларга уруғ, ёнилғи ва бошқа шу каби нарсалар зарур бўлади. Шу нуқтаи назардан, бизнингча, Ўзбекистон ҳеч бир монеъликсиз бу масалани ҳал қилиши ва Тожикистонга тегишли юк вагонларини қўйиб юбориши лозим, дея таъкидлади БМТ расмийси Бан Ки Мун.

Айтиб ўтиш лозимки, БМТ Бош котиби Тожикистонга сафари чоғида Вахш дарёси бўйида қурилган қатор гидроиншоотлар, жумладан, Роғун ГЭСи қурилиши жараёни билан ҳам танишиши олдиндан режалаштирилган эди.

Бироқ Тожикистон ҳукумат расмийлари 5 апрел куни бу сафар бекор қилинганини маълум қилдилар.

Тожикистондаги сиёсий доиралар БМТ Бош котибининг сафар дастури бу тарзда ўзгартирилгани юзасидан турлича фикр билдирмоқдалар.

Улардан айримлари бунинг сабабларини “Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги баҳсларга нисбатан БМТ муносабати ўзгаргани”да кўрсалар, бошқалар “бу баҳсда БМТ Тошкентни дастаклаётир”, дея мулоҳаза билдирмоқда.

“Диалог” маркази таҳлилчиси Ҳикматулло Сайфуллозода фикрича, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги баҳсларнинг иқтисодий ва сиёсий тус олиши БМТ расмийси сафар режаси ўзгартирилишига туртки бўлган. Унингча, Тожикистон бу баҳсда Ўзбекистонга ютқазди.
XS
SM
MD
LG