Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:12

Оқ уй ва НАТО Карзайни огоҳлантирди


Оқ уй Афғонистон президенти Ҳамид Карзайнинг баёнотлари ўзаро мунозараларни келтириб чиқаришда давом этса, унинг АҚШга ташрифини қолдириш масаласини кўриб чиқишини маълум қилди.

Оқ уй матбуот вакили Роберт Гиббс сешанба кунги брифингда “президент Карзайнинг келгусидаги фикр-мулоҳазалари бундай учрашувнинг конструктив бўлишини таъминлай олиши масаласини албатта кўриб чиқамиз”, деди.

"Карзай АҚШнинг иттифоқчисими?" деган саволга Гиббс: "У Афғонистоннинг демократик тарзда сайланган етакчисидир", дея жавоб берди.

Оқ уй вакили Карзайнинг ўтган йилги президентлик сайловида рўй берган қонунбузарликлар ортида Ғарб давлатлари турганига оид айбловларини "ҳақиқатдан йироқ", дея баҳолади.

Карзай билан президент Барак Обаманинг Оқ уйда учрашуви 12 майга белгиланган.

Айни пайтда НАТО маъмурияти ҳам Афғонистон президенти Ҳамид Карзайни жамоатчиликнинг алянсга нисбатан ишончига путур етказмасликдан огоҳлантирди.

НАТО матбуот котиби Жеймс Аппатурай халқаро ҳамжамият ва НАТО Афғонистон халқини террорчиларга қарши ҳимоя қилишда “катта уринишларни амалга оширмоқда ва қурбонликлар келтирмоқда, биз афғон халқи, жумладан, энг юқори даражадаги кишилар буни эътироф этишларига умид қиламиз”, деди.

НАТО баёнотига Карзайнинг яқинда Афғонистон парламенти вакилларига Қўшма Штатлар Афғонистон ички ишларига аралашаётгани ва бу давом этадиган тақдирда Толибон ҳаракати бунга қарши курашаётган легетим кучга айланажагини таъкидлагани сабаб бўлди.
XS
SM
MD
LG