Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:32

Тожикистонда қирғиз чегарачилари ушланди


Тожик-қирғиз чегарасидаги баҳсли ҳудудлар масаласининг ҳанузгача ҳал қилинмаган икки мамлакат вакиллари ўртасида вақти-вақти билан можаролар чиқишига сабаб бўлмоқда.
Тожик-қирғиз чегарасидаги баҳсли ҳудудлар масаласининг ҳанузгача ҳал қилинмаган икки мамлакат вакиллари ўртасида вақти-вақти билан можаролар чиқишига сабаб бўлмоқда.

Қирғизистон шимолида муваққат ҳукумат вакиллари талончиликнинг олдини олиш билан овора бўлиб турган бир пайтда мамлакат жанубида хизмат ўтаётган саккиз нафар қирғиз чегарачиси 9 апрел куни Тожикистоннинг Ворух қишлоғига бостириб кирди.

“Қирғизистоннинг Боткен тумани чегарачилари Тожикистоннинг Ворух қишлоғидаги Офтобрўй маҳалласига бостириб киришган. У ердаги чўпонлар уйларини хароб этиб, икки тожикистонликни гаровга олишган. Бироқ ўз вақтида етиб келган тожик чегарачилари ва милиция вакиллари қирғиз чегарачилари ноқонуний хатти-ҳаракатига чек қўйишди. Қирғизистон чегарачилари шаҳар ички ишлар бўлимига олиб борилиб, мазкур иш юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилган. Шундан кейин ушланган чегарачилар Боткен вилоятидан келган расмийларга топширилган”, дейилади Исфара шаҳар ички ишлар бўлими тарқатган маълумотда.

Исфара туманидаги Ворух қишлоғида истиқомат қилувчи Нарзуллоҳ Азизиённинг айтишича, бундай қонунбузарлик қирғиз чегарачилари томонидан биринчи марта амалга оширилаётгани йўқ.

- Қирғизистон чегарачилари қўққисдан бостириб келишди. Офтобрўйдаги чўпонларга таҳдид қилишди. “Бу ерлар Қирғизистонга қарашли, анжомларингни олиб бу ердан кетинглар. Агар итоат қилмасаларинг, ҳаммаларингни қамаймиз”, дея дағдаға қилишди. Гаплари янада ишончли бўлишини тасдиқлаш учун автоматларидан осмонга қарата ўқ отишди, дейди ворухлик Нарзуллоҳ.

Расмий маълумотларга кўра, тожик-қирғиз чегараси 600 километрни ташкил этади. Шундан 250 километри Сўғд ва Боткен вилоятлари ўртасидан ўтган. Айни замонда 20 дан ортиқ ҳудуд баҳсли бўлиб, айнан шу мавзеларда можаролар чиқиб турибди.

Таҳлилчи Бобожон Икромовнинг сўзларига кўра, икки республика расмийлари неча йиллардирки, чегараларни аниқлаш масаласини пайсалга солиб келмоқда.

- Тожикистон ва Қирғизистон расмийлари чегара масаласини ҳал қилиш йўлини қидириш учун биргаликда 20 дан ортиқ йиғилиш ўтказди. Лекин ҳанузгача аниқ қарорлар қабул қилингани йўқ. Расмийларнинг йиғилиши аҳоли ўртасида латифа ҳам бўлиб қолган. “Тожик-қирғиз учрашувлари чойгаштакка айланган”,демоқда одамлар. Келишади, бир пиёла чой устида суҳбатлашади-ю тарқалишади. Аҳоли эса боши берк кўчада қолгандек. Оқибатда мана шундай можаролар чиқиб турибди, дейди Бобожон Икромов.

Таҳлилчининг айтишича, масалани жойида хал қилмоқ лозим. Ўша муаммо чиққан туб жойли ахоли яшайдиган манзилда кўрсатма бермай, конкрет тадбирлар белгилаб, уларни амалга ошириш керак.

Сўғд вилоят чегара бошқармаси вакилларининг айтишларича, айни пайтда тожик-қирғиз чегарасида вазият осойишта. Буни Ворух қишлоғида истиқомат қилувчилар ҳам тасдиқлади. Шу билан биргаликда, ҳар икки республиканинг чегараолди ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳолиси ўзаро иноқ яшаётганлигини ҳам таъкидлашмоқда.

- Биз қўшни тожиклар билан яхши муносабатдамиз. Бозоримиз, автомобил йўлларимиз битта. Борди-келдимизда ҳеч бир муаммо йўқ, дейди қўшни Қирғизистоннинг Оқсув қишлоғида истиқомат қилувчи Абдуҳалил Хайдаров.

Айни пайтда, таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, Исфара ва Бобожон Ғафуров туманлари ўртасидаги чегара ҳанузгача тўлиқ демаркация қилинмаган. Оқибатда бу манзилларда можаро чиқиш билан биргаликда контрабанда кўлами ошиб бормоқда.

Сўғд вилоят божхона бошқармаси маълумотларида айтилишича, 10 апрел куни ўтказилган тезкор чора-тадбирлар натижасида минерал ўғит юкланган 19 та КАМАЗ русумли автомашина ушланган. Маълум бўлишича, 152 минг тонна минерал ўғит қўшни Қирғизистон республикасининг Боткен вилоятидан контрабанда йўли билан ўтказилган.
XS
SM
MD
LG