Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:25

Хўжандда никоҳ агентлиги очилди


Тожикистондаги никоҳ агентликлари вакиллари ёшларга умр йўлдоши топишда ёрдам бериш орқали жамиятдаги бу муаммони ҳал қилишга ўз ҳиссаларини қўшмоқчи бўлганларини айтмоқдалар.
Тожикистондаги никоҳ агентликлари вакиллари ёшларга умр йўлдоши топишда ёрдам бериш орқали жамиятдаги бу муаммони ҳал қилишга ўз ҳиссаларини қўшмоқчи бўлганларини айтмоқдалар.

Тожикистонда ўз жуфтини топа олмаётган қизларнинг кўпаяётгани шу кунда жамиятнинг ўткир муаммосига айланган. Бу муаммони бир қадар ҳал қилиш мақсадида мамлакат шимолида ҳам никоҳ агентликлари пайдо бўла бошлади.

Хўжанд шаҳрида фаолият юрита бошлаган “Юсуф ва Зулайҳо” никоҳ агентлиги раҳбари Мурод Қурбоновнинг айтишича, агентлик мижозларга асосан информацион хизматлар кўрсатади.

- Бизнинг асосий мақсадимиз ўз умр йўлдошини тополмаётган юртдошларимизга ёрдам беришдек хайрли ишни амалга оширишдир. Чунки жамиятимизда сўнгги пайтларда ”қариқиз”лар сони ошиб бормоқда. Бўйдоқ йигитлар ҳам кам эмас. Ана шундай йўлга кўз тиккан қизларимиз ва ўз Зулайҳосини тополмаётган йигитларимизни бир-бири билан учраштиришга ҳаракат қиламиз. Агентлигимиз ёшларни унаштирмайди, бунинг учун давлат муассасалари мавжуд, дейди Мурод Қурбонов.

Унинг айтишича, аризалар қабул қилиш бўйича эркаклар учун алоҳида, аёллар учун алоҳида нуқталар очилган.

Иқтисод фанлари доктори Ҳожимуҳаммад Умаров бу ҳолатни бугунги кун ҳақиқати, дея изоҳлади. Зеро, у бошлиқ гуруҳ ўтказган тадқиқот натижалари қувонарли эмас.

- Республика шаҳар ва туманларида сўров ўтказдик. Ўтказилган сўров натижасида Тожикистонда уч юз мингга яқин қиз турмушга чиқолмаслиги аниқланди. Шунингдек, тўрт юз мингга яқин эрдан ажраган ёлғиз аёл борлиги маълум бўлди. Тадқиқотларимиздан маълум бўлишича, шу миқдордаги эркаклар Россия ва бошқа давлатларда уйланиб, никоҳини расмийлаштирган. Бунга сўнгги йилларда СМС орқали ўз хотинларига талоқ берганлар ҳам киради. Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда СМС орқали талоқ олган тожикистонлик аёллар сони 100 дан ошган, деди Ҳожимуҳаммад Умаров.

Олимнинг айтишича, мамлакатдаги фуқаролар уруши даврида 150 минг тожикистонлик ҳалок бўлган. Уларнинг асосий кўпчилигини ёшлар ташкил этади. Шунингдек, сўнгги йилларда бир миллиондан ортиқ эркак Россия ва ва бошқа давлатларга мардикорликка кетган. Мана шуларни эътиборга олган ҳолда, илгари афсонавий севишганлар диёри бўлмиш Тожикистонда шу кунда уйда ўтириб қолган қизлар билан бўлган вазиятни тушуниш қийин эмас.

Таҳлилчилар фикрича, мамлакатда “қариқиз”ларнинг кўпайиб боришига яна бир анъанавий омил, яъни уйлантириш ташаббуси асосан ота-онадан чиқиши ҳам сабаб бўлмоқда. Боз устига, “Бой бойга боқар - сув сойга оқар” даври бошланган. Ота-оналар ўзига тинч оилалар билан қуда тутинмоқдалар. Ёшларнинг ўз кўнглидаги ёр топишга интилиши эса орзулигича қолиб кетмоқда.

- Назаримда, вилоятда ўз умр йўлдошини топмоқчи бўлганларга ёрдам берувчи ташкилотнинг фаолият юритиши айни муддао. Чунки жамиятимиздаги урф-одат йигит-қизларнинг эркин учрашишига тўсқинлик қилади. Кўп ҳолларда ёшлар бир-бирини кўрмай уйланади. Оқибатда бундай оилалар тезда ажралиб кетаяпти. Ахир 16-17 ёшдаги қизалоқ рўзғорни эплаб кетолмайди, азоб тортади, дейди хўжандлик Наврўз.

Унинг айтишича, мана шу жиҳатдан олиб қаралганда, никоҳ агентлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш керак.

Маълум бўлишича, яқин иш бошлаган "Юсуф ва Зулайҳо" никоҳ агентлиги ёрдамида қисқа муддат ичида биргина Хўжанд шаҳрида 6 жуфт йигит-қиз бир-бирини топган. Тез орада уларнинг никоҳ тўйи бўлиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG