Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:39

Роғунда Жаҳон банки экспертлари иш бошлади


20 апрел куни Тожикистонга келган Жаҳон банки экспертлари олдида турган вазифа Роғун ГЭСи қурилиш майдонида мониторинг ўтказиш ва у ерда олиб борилаётган ишларни баҳолашдан иборатлигини айтилмоқда.

Жаҳон банкининг юқори даражали техник миссияси икки кундан буён Роғун ГЭСи майдонида қурилиш ишлари билан танишаяпти.

Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлиги расмийлари ҳукумат топшириғи асосида журналистларни бу гуруҳ билан учраштириш ҳамда Жаҳон банки миссияси борасидаги батафсил маълумотларни очиқлашдан тийилмоқдалар.

Аммо вазирликнинг ўз номини ошкор қилмаган масъул ходимларидан бирининг билдиришича, мазкур техник миссия таркибига тўғонлар бўйича энг юқори малакали экспертлар ва гидроиншоотлар бўйича катта мутахассислари киритилган.

Роғун қурилиши майдонида бораётган ишларни баҳолаш мақсадида 20-27 апрел кунлари Тожикистонга Жаҳон банкининг техник миссияси келиши ҳақида аввалроқ Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича вице-президенти Филип Ле Уэйру Ўзбекистон ҳукуматига йўллаган мактубида билдирганди.

Жаҳон банки расмийси ўз номасида мазкур гуруҳ Роғун ГЭСи билан боғлиқ масалаларни объектив ва мустақил тарзда баҳолаш ҳамда экспертиза натижалари билан дарёлар қуйисида жойлашган мамлакатларни ҳам таништириш мақсадида Тожикистонга боражагини маълум қилган эди.

Жаноб Филип Ле Уэйру ЖБ экспертлари минтақа барча давлатлари талабларини инобатга олган ҳолда объектив хулоса чиқариб беражагини кафолатлаган эди.

Айни пайтда Жаҳон банки ҳам, Халқаро валюта жамғармаси ҳам Тожикистон ҳукуматининг Роғун ГЭС қурилишига доир стратегиясидан норозилиги кузатилади.

Уларга кўра, Роғун қурилиши учун маблағ тўплаш усули ва бу маблағларни мақсадли сарфлашда айрим чалкашликлар мавжуд.

Тожикистон расмийлари шу кунгача бу халқаро молиявий ташкилотлар иддаоларига муносабат билдирмай келаяпти.

Бироқ, соҳа бўйича мустақил таҳлилчи Ғуломиддин Сайфиддинов фикрича, Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси эътирозларида жон бордек.

- Акциялардан тушаётган маблағлару давлат бюджетидан ўтказилаётган пуллар қаёққа кетаётганини ҳеч ким билмайди. Агар Роғун учун кўзланган пуллар мақсадли сарфланмас экан, унинг сифатли қурилишини ҳам кафолатлаб бўлмайди. Бу йирик гидроиншоотнинг сифатли қурилиши минтақа барча мамлакатлари тақдири учун ҳал қилувчи рол ўйнайди. Агар бу ГЭС қурилишида ҳар бир куб метр бетон, ҳар бир арматура, уларнинг сифати назорат қилинмас экан, бу ишнинг эртаси вой бўлишига шубҳам йўқ, дейди мустақил таҳлилчи Сайфиддинов.

Айни пайтда Тожикистон ҳукумати Роғун ГЭСи майдонида қурилиш ишларининг 70 фоизи шўролар даврида бажарилганини таъкидлаб келади.

Аввалроқ Роғун акцияларини сотувга чиқаришдан мақсад мазкур гидроиншоот учун зарур техника ва ГЭСнинг икки агрегатини сотиб олиш экани айтилган эди.

Лекин, Ғуломиддин Сайфиддиновга кўра, ГЭСнинг икки агрегати шўролар давридаёқ Тожикистонга олиб келинган. Бугун Тожикистон томони Роғунда қурилиш ишларини давом эттириш баҳонасида шу икки агрегатни ўрнатишга киришганки, бу, ўз навбатида, мамлакатнинг дарёлар қуйисидаги қўшнилари, жумладан, Ўзбекистон томони ташвишларига сабаб бўлмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Роғун ГЭС лойиҳасини халқаро экспертизадан ўтказиш Ўзбекистон талаби асосида амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон томони анчадан буён Роғун ГЭС қурилиши минтақа экологияси учун хавфлилиги ҳақида бонг уриб келаётган бўлса-да, расмий Душанбе мазкур гидроиншоот ички табиий бойликлар ҳисобига қурилаётгани ва шу важдан ҳам Тожикистон қўшнилар билан ҳисоблашиб ўтирмаслигини уқтириб келди.

Ниҳоят Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси расмийлари аралашувида Тожикистон бу иншоот лойиҳасини халқаро экспертизадан ўтказишга розилик берди ва жорий йил бошида Тожикистон билан Жаҳон банки ўртасида бу борада ҳужжат ҳам имзоланди.

Тожик расмийлари Роғун ГЭС лойиҳаси халқаро экспертлар томонидан маъқулланишига ва ниҳоят, Тожикистон бу иншоот қурилиши ортидан энергетика мустақиллигини қўлга киритишига ишонади.

Аснода кузатувчилар Жаҳон Банки экспертларининг Роғун бўйича хулосаси қандай бўлишини олдиндан башорат қилиб бўлмаслигини таъкидламоқдалар.
XS
SM
MD
LG