Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:02

Тожикистон инқилобга элтувчи коррупцияни жиловламоқчи


Тожик расмийлари¸ Тожикистон чегарачиларининг пора сўрамаслиги ҳақида ўзбекистонликлар тилхат ëзиб беришганини таъкидламоқда.
Тожик расмийлари¸ Тожикистон чегарачиларининг пора сўрамаслиги ҳақида ўзбекистонликлар тилхат ëзиб беришганини таъкидламоқда.

“Ўзбекистон фуқароларининг тожик чегарачиларига нисбатан шикоятларида асос йўқ!” Тожикистон президенти қошидаги Коррупция ва иқтисодий жиноятчиликка қарши кураш агентлиги раиси шундай баëнот берди.

Тожикистон президенти қошидаги Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш агентлиги раиси Абдуфаттоҳ Саидовнинг билдиришича, агентликка шикоят мактуби билан мурожат қилган ўзбекистонлик фуқаролар¸ асосан Тожикистоннинг Ўзбекистон билан шимолий чегара постларидаги чегарачиларнинг пора олаётгани ва баъзи ҳолларда уларга нисбатан куч ишлатаётганини маълум қилган.

- Биз дарҳол ўша ҳудуддаги ходимларимиздан иборат махсус гуруҳни чегарага юбордик. Улар чегара постларида ҳам тожикистонлик ва ҳам ўзбекистонлик фуқаролар билан суҳбатлар ўтказишди. Аммо шикоят хатида келтирилган фактлар ўз исботини топмади. Мана бизнинг қўлимизда ҳатто ўзбек фуқаролари қўли билан ёзилган баёнотлар бор. Улар ҳам ўз баёнотларида бу шикоятлар ўринсизлигини таъкидлашган, деди Коррупцияга қарши кураш агентлиги расмийси.

Мухбирингизнинг “ Баёнот ёзганлар орасида ўзбек чегарачиларидан шикоят қилганлар учрайдими?” деган саволига жавобан, тожик расмийси умумий қилиб “йўқ” дея жавоб берди.

Кундалик ҳаётда Ўзбекистонга бораётган тожикистонликлар ёки Тожикиситонга келган ўзбекистонликлар орасида ҳар икки томон чегарачиларининг ўтиб-қайтувчилар ҳужжатлари рисоладагидай бўлишига қарамай, турли баҳоналар билан улардан қўшимча пул ундираётгани борасидаги шикоятлар ҳар қадамда учраб туради.

Сешанба куни журналистлар учун матбуот анжумани ўтказган Коррупцияга қарши кураш агентлиги расмийси Саидов, жумладан Қирғизистондаги инқилоб ва унинг асосий омилларига ҳам тўхталиб ўтар экан, Тожикистонда ҳам Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари сингари пора олиш, қариндош-уруғчилик каби иллатлар давлат идораларида кенг тарқалганини яшириб ўтирмади.
-Қирғизистонда рўй берган воқеаларни¸ Худо кўрсатмасин. Аммо бизнинг давлатимизда коррупция у даражага етиб борган эмас ва бормаслигига ҳаракат ҳам қилаяпмиз. Худо хоҳласа¸ биз мамлакатимиздаги ижтимоий ва сиёсий барқарорликни сақлаб қолиш учун бор кучимизни сарфлаймиз, деди тожик расмийси.

Жаноб Саидов ўз идорасининг шу йил уч ойлик иш фаолияти натижаларини хулосалар экан, Тожикистондаги уч давлат идораси – Соғлиқни сақлаш, Сув ва мелиорация ҳамда Энергетика ва саноат вазирликларининг энг коррупциялашган идора деб топилганини маълум қилди.

Жумладан Саидов¸ Сув ва мелиорация вазирлигида Хатлон вилоятидаги дарёлар қирғоқларини мустаҳкамлаш учун давлат бюджетидан ажратилган тахминан 7 миллион сомонийнинг ( қарийб 1,5 миллион АҚШ доллари таҳр,.) масъул шахслар томонидан ўзлаштирилганини маълум қилди .

Хатлон вилоятидаги Вахш, Панж каби дарёлар қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмагани оқибатида бу ҳудуддаги бир неча қишлоқ апрел ойи бошларида рўй берган сув тошқинида катта ижтимоий ва иқтисодий зарар кўрди.

Тожикистон Темир йўллари ширкати раиси Омонулло Ҳукуматулло бу фожиада Ўзбекистон томонини айблаб чиққан эди.
Ҳукуматулло даъвосича¸ëнилғи ва булдозерлар ортилган Тожикистон юк вагонларининг Ўзбекистонда ушлаб турилгани оқибатида дарёлар қирғоқларини ўз вақтида мустаҳкамлаш имкони бўлмаган.

Аммо 27 апрел куни Коррупцияга қарши кураш агентлиги раисининг айтганлари Тожикистон темир йўллари ширкати раҳбари иддаоларига зид бўлиб чиқди.

Жаноб Саидовга кўра¸ юзлаб бошпанасиз қолган хатлонликлар фожиасида Ўзбекистон эмас,балки Тожикистон давлат идораларида илдиз отган порахўрлик¸ аниқроғи қирғоқбўйида яшовчи аҳолини табиий офатдан асраш учун қилиниши лозим ишларнинг унга ажратилган пуллар талон-тарож бўлганидан қилинмай қолгани асосий сабаб бўлиб чиқди.

Мустақил кузатувчилар, давлат идораларидаги айрим мулозимлар кўп ҳолларда ўз хатоларини тан олишдан кўра, уни ўзгаларга тўнкаш билан халқ олдида ўзини оқлашга уринаëтганини айтадилар.

Ҳамма айбни Ўзбекистонга тўнкашнинг тожик расмийлари орасида тобора урф бўлиб бораëтгани эса¸ уларга кўра¸ “яхши қўшничилик принциплари”нинг қўпол бузилишига ҳисса қўшмоқда.
XS
SM
MD
LG