Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:25

Тожик чегарачилари ўзбек газеталарини мусодара қилаяпти


Гувоҳларга кўра, тожикистонлик чегарачи ва божхоначилар чегарадан ҳатто Ўзбекистоннинг кўнгилочар газеталарини ҳам ўтказмаяптилар.
Гувоҳларга кўра, тожикистонлик чегарачи ва божхоначилар чегарадан ҳатто Ўзбекистоннинг кўнгилочар газеталарини ҳам ўтказмаяптилар.

Тожикистон расмийларига кўра, Ўзбекистон матбуотида Тожикистон ҳукумати сиёсатини танқид қилувчи ва Роғун ГЭСи қурилишига қарши ёзилаётган мақолалар мамлакат хавфсизлигига таҳдид солаётган экан.

Тожикистон чегарачилари ва божхоначилари Ўзбекистондан келаётган фуқароларни текширувдан ўтказар экан, биринчи галда уларда ўзбек газета ва журналлари бор-йўқлигини сўрамоқдалар.

- Мен ва шеригим одатдагидек ўз ишимиз билан Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрига борган эдик. У ерда барча юмушларимизни бажаргач, ортга қайтдик. Ўзбекистон чегара ва божхона нуқталаридан бемалол ўтдик. Бироқ Тожикистон чегарачилари бизни синчковлик билан текширишди. Ниҳоят, чегарачиларимиз Ўзбекистонда чоп қилинадиган “Адолат кузгуси” газеталарини топишди. Шундан кейин бизни бир неча соат давомида сўроқ қилишди, дейди Панжакент туманида истиқомат қилувчи Шуҳрат Замонов.

Суҳбатдошимиз тожик чегарачиларининг тазйиқи остида “газеталарни Ўзбекистон чегарачилари мажбуран беришди”, дея ариза ёзишганини айтада. Шухратнинг айтишича, бу ҳақда Ўзбекистон чегарачилари билиб қолса, у Ўзбекистонга бошқа ўтолмайди.

Биз билан сухбатда бўлган бошқа тожикистонликлар хам Ўзбекистондан келаётган барча фуқаролар қаттиқ текширилаётганлигини таъкидлашди.

“Бунинг сабаби нимада?” сўраймиз Сўғд вилоят божхона бошқармаси зобити Шариф Одинаевдан. Унинг сўзларига кўра,Ўзбекистонда чоп қилинаётган мақолалар мамлакат хавфсизлиги ва аҳолиси учун жиддий хатар туғдирмоқда экан.

- Охирги пайтларда вилоят худудида Ўзбекистонда чоп қилинаётган газеталар сони кескин ошди. Бу газеталарда асосан Тожикистонда қурилаётган Роғун ГЭСига қарши фикрлар, республика хукумати сиёсатига қарши мақолалар чоп қилинмоқда. Жумладан, Панжакент, Бекобод ва Конибодом туманларидаги чегара нуқталарида Ўзбекистондан қайтган тожикистонликлардан шу руҳда мақолалар босилган ўнлаб газеталар мусодара қилинди. Айтмоқчиманки, Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларидаги бу мақолалар Тожикистонда истиқомат қилувчи ўзбек тилли аҳоли қатламига мўлжалланган. Ўзбекистон томони шу йўл билан тожикистонликларни Роғун ГЭСи қурилиши ва республика хукумати сиёсатини қўлламасликка даъват этишга уринмоқда. Оммавий ахборот воситалари эса мана шундай таъсирга эга эканлиги ҳаммага аён, деди Шариф Одинаев.

Панжакент туманида истиқомат қилувчи аҳолининг сўзларига кўра, Самарқанд-Панжакент чегараси ёпилганига бир йилдан ошган бўлса-да, Ўзбекистон газеталари олиб ўтиларди.

- Панжакент ва Самарқанд ўртасидаги чегара ёпиқлигича қолмоқда. Шунга қарамай, Ўзбекистонда чоп қилинадиган 30 дан ортиқ газета ва журналлар олиб келинарди. Бир ҳафтадан ошди - бу нашрлар дўконларда сотилмаяпти, чегарада мусодара қилинаяпти. Панжакентликлар ўзбек тилидаги газета ва журналларни интизорлик билан кутишарди. Туманда нима учун Ўзбекистон нашрлари сотилмай қолганини ҳеч ким билмайди. Туман почта ва “Тожикматбуот” вакиллари ҳам бу хақда ҳеч нима дейишмаяпти. Панжакентликлар ўзбек тилидаги нашрлар нима учун сотилмаётганлиги сабабларини билишни хоҳлашарди, дейди панжакентлик Раҳимберди.

Исми ошкор қилинмаслиги шарти билан гапирган вилоят матбуот уюшмаси вакилининг сўзларига кўра, ўзбек тилидаги газеталар сотилиши тақиқланмаган.

- Гап Ўзбекистондан ноқонуний йўллар билан олиб келинаётган газета ва журналлар ҳақида бормоқда. Чегара ва божхона назоратидан ўтказилмаган ҳамда солиқ тўланмаган нашрлар контрабанда ҳисобланади. Шу боис бундай матбуот чегаранинг ўзидаёқ мусодара қилинмоқда. Агар тижоратчилар солиқ инспекциясидан ва матбуот уюшмасидан рухсатнома олишса, марҳамат, олиб келиб сотишаверсин, дейди вилоят матбуот уюшмаси вакили.

Вилоят матбуот уюшмаси вакилининг айтишича, Ўзбекистон матбуотига обуна бўлмоқчи бўлган тожикистонликлар борлигини ҳам айтди. Мана шу мақсадда республика “Тожикматбуот” бошқармаси раҳбари номидан Ўзбекистонга мактуб йўлланган. Бироқ Ўзбекистондан ҳанузгача жавоб олинмаган.

Сўнгги пайтларда Тожикистон расмийлари республикада Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари кенг тарқалаётганлигидан ҳам ташвишланиб, қўшни давлат радио ва телевидениелари экспансияси ҳақида бонг ура бошлаганлар. Расмий маълумотларга кўра, чегараолди туманлар (Сўғд вилояти Ўзбекистон билан қарийб 900 километрлик чегарага эга) Ўзбекистондан узатилаётган 5-6 та радио ва телевидение программалари билан қамраб олинган.
XS
SM
MD
LG