Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:43

Уйларини сел ювиб кетган кўлобликлар ҳукуматдан норози


Тожикистон жанубида 7 майга ўтар кечаси содир бўлган сел оқибатида Кўлоб шаҳридаги 600 га яқин турар-жой биноси батамом вайрон бўлди. Жабр кўрганлар ҳукумат томонидан ёрдам кўрсатилмаётганига норозилик билдирмоқда.

Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги расмийларига кўра¸ табиий офат пайтида 21 нафар одам нобуд бўлган, ўнлаб одам бедарак йўқолган.

Кўлоб шаҳридаги Озодлик мухбирининг айтишича, тунги соат иккида юз берган сув тошқини пайтида йўқолган одамларни яқинлари изламоқда.

Кӯлоб фожиаси
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:47 0:00



Табиий офат юз берганига икки кундан ошган бўлса-да, одамлар ҳукумат томонидан озиқ-овқат, қуруқ кийим етказиб берилмагани, тиббий ёрдам кўрсатилмагани ва 100 минг аҳоли яшайдиган шаҳарда ичимлик суви тақчил бўлиб қолганидан шикоят қилди.

Аҳоли сув тошқини сабаб уй томларига чиқиб олган одамларни қутқариш учун ҳукумат расмийлари вертолёт юбормаганидан шикоят қилди.

Кўлобда яшовчи Аслиддин Дўстиев қутқарувчилар асбоб-ускунасиз кеч етиб келганларини айтди.

Табиий офат пайтида онасини йўқотган Муҳаммаджон Шариповнинг айтишича, қутқарувчилар ўз вақтида етиб келганида кўп одамлар ҳаётини сақлаб қолиш мумкин бўларди.

- Тошқин юз берган пайтда онам, синглим ва жиянларим бир хонада ва мен бошқа хонада ухлаб ётган эдик. Мен ёш болаларни қутқардик. Кейин онамнинг танаси сувда сузиб юрганини кўрдим. Агар қутқарувчилар вақтида етиб келганида, кўплаб одам ҳаётини сақлаб қолиш мумкин бўларди. Аммо ҳеч ким келмади. Фавқулодда ҳолатлар расмийлари соат саккиздан кейин келишди. Шунда ҳам уларнинг ёрдами кўп бўлмади. Улар: “Кийимимиз лой бўлади, биз ҳеч нарса қила олмаймиз”, дейишди, дейди онасидан жудо бўлган Муҳаммаджон Шарипов.

Тошқиндан азият чеккан Аҳмад Иброҳимов эса одамлар озиқ-овқат ва иссиқ кийимлар олиб келиб бир-бирларига ёрдам берганларини айтди.

Тожикистон фавқулодда ҳолатлар вазирлиги расмийлари Озодликка вазирлик вакиллари бедарак йўқолган ва азият чеккан одамлар руйхатини тузаётганлари ҳамда аҳолини хавфсиз жойларга эвакуация қилаётганларини айтди.

Расмий маълумотларга кўра, Кўлоб ва унинг атрофидаги қишлоқларда 1 минг 500 та уй, бир нечта мактаб ва бошқа бинолар бутунлай вайрон бўлган ёки шикастланган.

Озодликнинг Кўлобдаги мухбири одамлар расмийлар билан талафотлар ҳақида баҳслашаётганларини айтди.

- Маҳаллий одамлар сув тошқини пайтида ўлган 50 дан ортиқ одам дафн қилинганини айтмоқдалар. Бедарак йўқолган 60 – 70 киши ҳам нобуд бўлгани тахмин қилинмоқда. Одамлар уларнинг жасадлари тошлар остида қолгани ёки сув оқизиб кетганини айтмоқда, дейди Озодликнинг Кўлобдаги мухбири.

Кўлобдаги Россия базасининг ҳарбийлари қутқарув ишларида қатнашди ва ёрдам бериш учун бронетехникани таклиф қилди.
XS
SM
MD
LG