Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:13

Таиландда зўравонлик тўхтамаяпти


Бангкокда аксилҳукумат намойиш иштирокчилари ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувлар тўртинчи кун давом этмоқда. Зўравонликлар оқибатида шу кунгача камида 25 киши нобуд бўлди.

Таиланд полицияси Бангкок марказига элтувчи барча йўлларда назорат пунктлари ўрнатаётган бир пайтда ҳукумат кучларининг мингдан ортиқ аскари "Қизил кўйлаклар" ўрнашиб олган ҳудудни қуршовга ола бошладилар.

16 май куни Таиланд полицияси пойтахт Бангкокда давом этаётган тартибсизликлар чоғида икки намойишчи отиб ўлдирилганини маълум қилди.

Бангкокда аксилҳукумат намойиш иштирокчилари ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувлар тўртинчи кун давом этиши оқибатида камида 25 киши нобуд бўлди, юздан ортиқ фуқаро тан жароҳати олди.

Айни пайтда БиБиСининг хабар қилишича, мухолифат етакчилари Бангкокнинг шарқий қисмида норозилик акцияси ўтказмоқда. Таиланд ҳукумати эса пойтахтда коммендантлик соати жорий қилиш масаласини муҳокама қилмоқда.

Мамлакат бош вазири Абҳисит Вежжажива ортиқча қон тўкилиши олди олинишига ваъда бериб, яқин кунлар ичида Бангкокда тартиб ўрнатилишини таъкидлади.

- Сўнги кунлар мобайнида рўй берган ҳодисаларни инобатга олган ҳолда намойишларга алоқадор бўлмаган фуқароларни ҳимоя қилиш, уларни ушбу акцияларда иштирок этиши ёки зўравонликлар қурбонига айланиши олдини олиш борасида чора-тадбирлар кўрмоқдамиз. Бош вазир ўринбосари, Фавқулодда ҳолатлар маркази раҳбари Сутҳеп Чаугсубан одамларни ҳимоя қилиш ва коммендантлик соати жорий қилиш масаласини муҳокама қилмоқда, деди Таиланд бош вазири Абҳисит Вежжажива.

"Қизил кўйлаклар" номини олган намойишчилар 12 мартдан буён ҳукумат истеъфосини талаб қилиб, Бангкокда норозилик намойиши ўтказиб келмоқдалар. Аксилҳукумат намойиш иштирокчилари Бангкокдаги савдо марказларидан бирига ўрнашиб олиб, ҳукумат истеъфога чиқмагунича, ҳеч қаерга кетмасликларини билдирганлар.

Ҳукумат, ўз навбатида, намойишчилар билан музокаралар олиб бормаслигини маълум қилиб, норозилар жойлашган ҳудудга электр қуввати ва сув таъминотини тўхтатиб қўйди.

Расмийлар Бангкокдаги вазият назорат остида эканини билдираётган бўлса-да, намойишчилар жойлашган ҳудудда ҳануз портлаш ва ўқ овозлари эшитилиб турибди.

Айни пайтда БМТ ва АҚШ ҳукумати барча томонларни зўравонликлардан ўзини тийиб туришга чақирдилар. БМТ Бош котиби бугун ёйинланган баёнотда Таиланд ҳукумати ва намойишчиларни музокаралар курсига қайтишга ундади.

Таиланд хавфсизлик кучлари намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ, шовқин гранаталари ва резина ўқлардан фойдаланган бўлса, норозилар бунга жавобан ҳарбийларга қарата тош ва ёнилғи махсулотлари тўлдирилган шишаларни улоқтирмоқдалар. Намойишчилар шунингдек, ўзлари жойлашиб олган ҳудудда резина ва машиналарга ўт қўймоқдалар.

Расмийлар ҳукумат кучлари ўзларини ҳимоя қилиш мақсадидагина ўқ узаётганликларини билдирмоқдалар.

Сўнгги маълумотларга кўра, 14 май кунги тўқнашувларда канадалик журналист ярадор бўлган. Айни пайтда намойиш етакчиларидан бири Жатупорн Промпан журналистлар Бангкокдаги воқеаларни ёритишда давом этар экан, намойишчилар ҳам ўзларини хавфсиз ҳис қилишларини таъкидлади.

- Барча дўстларимиз билан алоқада бўлиб турибмиз ва журналистлар шу ерда экан биз ҳам хотиржам бўлишимиз керак. Агар журналистлар бу ердан кетсалар, бизнинг тақдиримиз нима бўлиши ҳеч кимга аён эмас, деди намойишчиларнинг етакчиларидан бири.

Намойишчиларнинг аксари 2006 йилда истеъфога чиқарилган собиқ бош вазир Таксин Синаватра тарафдорларидир. Улар амалдаги бош вазир Абҳисит Вежжаживадан истеъфога чиқиш ва мамлакатда янги парламент сайловлари ўтказилишини эълон қилишни талаб қилиб келмоқда.

Абҳисит Вежжажива муддатидан аввал сайловларни ноябр ойида ўтказишни таклиф қилган бўлса-да, апрел ойидаги намойишлар чоғида рўй берган зўравонликлар учун масъулиятни ким ўз зиммасига олиши лозимлиги борасида намойишчилар билан келишувга эриша олмади. Апрел ойидаги зўравонликларда камида 42 киши нобуд бўлиб, 1400 дан ортиқ фуқаро тан жароҳати олган эди.

Айни пайтда Таиланд ҳукумати келаси кунлар ичида шаҳар кўчаларини намойишчилардан тозалашини билдирган. Намойишчилар эса ўз талаблари бажарилмагунича, ҳеч қаерга кетмасликларини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG