Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:16

Жириновский таклифи муҳокама қилинмоқда


Россия Давлат Думаси раис ўринбосари Владимир Жириновскийнинг Тожикистонни Россия таркибига қўшиб олиш ҳақидаги таклифига расмий Душанбе жавоб қайтарганича йўқ.
Россия Давлат Думаси раис ўринбосари Владимир Жириновскийнинг Тожикистонни Россия таркибига қўшиб олиш ҳақидаги таклифига расмий Душанбе жавоб қайтарганича йўқ.

Россия Давлат Думаси вице-спикери Владимир Жириновскийнинг Тожикистон ва Қирғизистонни Россия таркибига қўшиб олиш таклифи тожик жамиятида турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлaяпти.

Россия Давлат Думаси вице-спикерининг бу таклифи Россия маҳаллий радиоларидан бирида қилган жонли суҳбатида янгради.

- Тожикистон ва Қирғизистоннинг давлат сифатида келажаги йўқ. Келинглар, у ерда тўққизинчи федерал округ ташкил қилайлик. Бишкекда Рушайлони раис қилиб тайинлаймиз ва бу ҳудуд Россия Федерациясининг Марказий Осиёдаги федерал округи бўлади. Шу йўл билан муаммоларни ҳал қиламиз – ишчи кучи ҳам, мева ҳам, гўшт ҳам бўлади бизда, у ерда эса бирорта бемор бўлмайди, деди либерал-демократлар раҳбари Жириновский.

Унга кўра, шу йўл билан ҳозирда Россия тўқнаш келаётган яна битта муаммо – афғон наркотикларининг Россия олиб киритилиши ҳам ҳал бўлади.

- Наркотиклар Афғонистондан келаяпти ва улар буни тўхтата олмайди. Биз эса у ерга рус чегарачиларини қўямиз ва Афғонистон билан чегараларни бутунлай ёпамиз ва бизда наркотиклар бўлмайди, деди Россия Думаси вице-спикер.

Жириновский ҳозир Тожикистон хорижий мамлакат экани ва шунинг учун Россия бу мамлакат муаммоларига аралашолмаслигини таъкидлаш баробарида тожиклар туфайли Россияда фақат кулфат ортаётганини қистириб ўтди.

- Бизга бу нимага керак? Ё бизга қўшилинг ёки чегарани ёпамиз, деди Владимир Жириновский.

Россиялик сиёсатчининг таклифи Тожикистонда 6 ёшгача бўлган гўдаклар орасида полиомелит учриётган бир вақтга тўғри келди.

Аввалроқ Россия Бош эпидемиологи Геннадий Онишенко Тожикистондан қуруқ мева киритишни таъқиқлаб қўйган эди. Шунингдек, Россия ҳукумат мулозими 6 ёшгача бўлган тожикистонлик болаларнинг Россия ҳудудига киришини ҳам чеклаганди.

Бу, ўз навбатида, расмий Душанбе норозилигига сабаб бўлди ва Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Геннадий Онишенко қарори юзасидан Россия томонига расмий жавоб қайтарди.

Владимир Жириновскийнинг таклифи Онишенконикидан ошиб тушган бўлса-да, Тожикистон расмийлари бунга пинак бузмади.

Бироқ Жириновскийнинг таклифи оддий тожикистонликлар орасида баҳсларга сабаб бўлаётгани кузатилади.

Аксарият тожикистонликлар иқтисоди қашшоқ Тожикистон Россия таркибига қўшилса, аҳоли турмуш даражаси анча яхшиланиши мумкинлигини тахмин қилади.

- Россия бизни ўзига қўшиб олса, биз Россияда бемалол юрардик. Мана ҳозир сизда Россия паспорти бўлса, бемалол ишлаб яшашингиз мумкин. Биз келиб, жуда катта пулга документ қиламиз. Документсизни депортация қилиб ташлайди. Документсизлар қочиб-қочиб ишлашади, қўлга тушиб қолишса, қанча-қанча штраф қилади. Менимча, қўшилгани яхши, умуман халққаям яхши бўлади-да, дейди Қозон шаҳрида меҳнат қилаётган тожикистонлик Зумрад Ҳайдарова.

- Болаларимизнинг келажаги ҳам яхши бўлади. Мактаблар саводли муаллимлар билан таъминланади. Кейин одамларимизнинг онги ошади, тушунчаси бошқача бўлади. Мана ҳозир бир касаллик келган. Шу касалликнинг олдини олиш учун бизда мутахассислар йўқ. Россияга қўшилсак, шу касалликнинг олдини олишга ёрдамлашган бўларди. Менимча, росаям яхши бўлади, дейди Рудакий туманида яшовчи Саёҳатхон.

Бошқа бир гуруҳ тожикистонликлар эса “қайта русларга қул бўлиш номусдир” дея мулоҳаза билдирмоқдалар.

- Қўшилмаймиз, бошқа давлатга қул бўлиш кимга керак? Биз шунча йилдан бери орзу қилган мустақилликни қўлга киритдик. Ўз урф- одатларимиз бор. Жириновскийнинг фикри ҳеч қачон амалга ошмайди, дейди душанбелик Муродали исмли йигит.

Яна бир суҳбатдошимиз Ашраф Ғойипов Жириновский ашаддий миллатчи экани ва унинг бугунги таклифи ҳам фақат “руслар манфаатларини кўзлаган ҳолда ўртага ташланган”, дея фикр билдиради.

- Бу масаланинг сиёсий жиҳатини олиб қарайдиган бўлсак, биринчидан, бу бизнинг миллатимизга нисбатан ҳақорат мазмунида айтилган. Ўзи Жириновский масхарабоз сиёсатчи, ҳеч қачон унинг таклифи жиддий қабул қилинмаган. Лекин Тожикистонда ҳозирги ижтимоий ва сиёсий вазиятдан келиб чиқиб, бордию Жириновскийнинг таклифи қувватланса, у ҳолда биз миллат сифатида йўқ бўлиб кетишимиз хавфи ҳам йўқ эмас. Шуни назарга олган ҳолда, ҳукуматимиз баъзи масалаларда жиддийроқ бўлса яхши бўларди, дейди Ашраф.

Тожикистонлик мустақил таҳлилчилар фикрича, бу таклиф ортида Кремл турибди.

- Владимир Жириновскийнинг Марказий Осиё давлатларини, хусусан, Тожикистонни матбуот орқали ҳақоратлаётгани биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Бундай таҳдид ва ҳақоратлар давлатимиз ва у юргизаётган сиёсатга бир неча марта юқори минбарлардан ҳам айтилган. Менимча, бунга расмий Душанбе албатта жавоб қайтариши лозим. Бошқа томондан, Россия раҳбарияти Жириновский шахсидан шундай махсус талабу таклифларни омма орасида тарқатиш учун фойдаланади. Бу, ўз навбатида, жамоатчилик фикри, одамларнинг ватанпарварлик туйғуси ҳамда озодликка мойилликларини белгилаш, шунингдек, давлат эътиборини белгилаб бериш учун бир воситадир, дейди мустақил таҳлилчи Шокиржон Ҳакимов.

Таҳлилчи мулоҳазасига кўра, иқтидордаги ҳукумат ва у юргизаётган сиёсат, шунингдек, давлат идораларида порахўрликнинг илдиз отгани каби қатор негатив омиллар Тожикистон ва тожикистонликларнинг “катта акалар” томонидан давлат ва миллат сифатида менсимаслигига туртки бўлаётир.
XS
SM
MD
LG