Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:42

Қозоғистонда интернетга тўсиқлар қўйилмоқда


Олмаотадаги "Эркин интернет учун" ҳаракати аъзоси Евгения Плахинага кўра, қозоқ расмийлари уларнинг мурожаатларини эътиборсиз қолдирмоқда.
Олмаотадаги "Эркин интернет учун" ҳаракати аъзоси Евгения Плахинага кўра, қозоқ расмийлари уларнинг мурожаатларини эътиборсиз қолдирмоқда.

Сўнгги бир ой давомида 121 нафар қозоғистонлик мамлакат Ахборот ва алоқа вазирлигини мухолифатдаги ва мустақил интернет нашрларни тўсиб қўяётган провайдерларга чора кўрмаётганликда айблаб, судга мурожаат қилди. Аммо судлар бу аризаларни эътиборсиз қолдирмоқда.

Интернет фойдаланувчиларнинг айтишича, улар уч ҳафтадан буён мухолифатдаги “Республика” интернет портали, бир ярим йилдан буён “Лайф жорнал”, ҳамда ярим йилдан бери “Блогпост” сайтларига кириш имконидан маҳрумдирлар.

Уларга кўра, Қозоғистонда ушбу сайтлар “Қозоқтелеком” миллий компанияси томонидан тўсиб қўйилмоқда.

- Биз Қозоғистондаги барча провайдерларга хат орқали мурожаат қилдик. Аммо афсуски, бизнинг бу ҳаракатларимиз ҳеч қандай самара бермади. Провайдерлар, хусусан “Қозоқтелеком” ҳам бизнинг хатларимизга жавоб бермади, - деди “Эркин интернет учун” ҳаракати аъзоси Евгения Плахина.

Шу боис интернет фойдаланувчилар Ахборот ва алоқа вазирлиги интернет сайтларига тўсиқ қўйилаётгани ҳолатини назорат қилмаётгани ва бу ишга бефарқ ёндошаётгани туфайли судга мурожаат қилганларини айтишмоқда.

Айни пайтда судлар бу аризаларини қабул қилишда бюрократик тўсиқлар қўяётгани ҳамда Интернет фойдаланувчиларининг ўзларини жавобгарликка тортаётганлари маълум бўлмоқда.

Куни кеча “Қозоқтелеком” компанияси биноси олдида норозилик акцияси ўтказиб, интернетга тўсиқ қўйишни тўхтатишни талаб қилган бир неча киши маъмурий жавобгарликка тортилди.

Улардан бири - мухолифатдаги журналист Жанна Байтелова Олмаота шаҳри Олмалиқ туман суди томонидан 20500 минг танга, қарийб 150 доллар миқдорида жаримага тортилгани ҳақида гапириб берди.
- У ерда Олмалиқ туман ҳокимияти вакиллари ва прокурор бор эди. Прокурор ёнимизга келиб, ҳаракатларимиз ноқонуний экани бўйича огоҳлантиргач, биз акциямизни тўҳтатиб, тарқалиб кетдик.

Аммо эртаси куни мени полицияга чақириб, норозилик акцияси пайтида “Қозоқтелеком” компанияси раҳбарининг суратини ушлаб турганим учун жавобгарликка тортилишим ҳақида айтишди.

Эртаси куни суд бўлди. Суд 20500 танга миқдорида жаримага тортилишим ҳақида ҳукм чиқарди. Мен апеляция аризасини берсам ҳам, суд буни инобатга олмади, - дейди журналист.

Биз Қозоғистондаги бир қанча мухолифатдаги ва мустақил интернет сайтлари тўсилаётганига аниқлик киритиш мақсадида Ахборот ва алоқа вазирлиги билан боғландик.

- Саволларингизни факс орқали бизга ёзма равишда юборинг. Биз уч-тўрт кун давомида сизга жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Биз журналистларнинг саволларига телефон орқали жавоб бермаймиз, - деди вазирлик матбуот хизмати раҳбари Сауле Мукашева.

Эслатиб ўтсак, Қозоғистонда сўнгги икки-уч йил давомида мухолифатдаги ва мустақил Интернет сайтлари блокировка қилинаётгани ҳақида бундан аввал ҳам хабар қилгандик.

Қозоғистон жорий йил Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислик қилиб келаётган бўлса-да, ушбу ташкилотнинг ОАВ лари эркинлиги масалалари бўйича бўлими томонидан мамлакатда сўз эркинлиги таъминламаётгани боис, қаттиқ танқид ҳам учраган эди.
XS
SM
MD
LG