Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:42

Ўзбекистон НАТО юкларини ушлаб турибди


Ўзбекистонда туриб қолган Тожикистон юклари ëнига НАТО вагонлари ҳам қўшилди.
Ўзбекистонда туриб қолган Тожикистон юклари ëнига НАТО вагонлари ҳам қўшилди.

“Ўзбекистон Афғонистондаги НАТО кучларига зарур бўлган юкларнинг транзит ўтишига тўсқинлик қилмоқда”¸ деяа бaëнот берган Тожикистон темир йўллари ширкати маъсулига кўра¸ ҳозир Ўзбекистон ҳудудида Афғонистонга аталган 300дан ортиқ вагон тўпланиб қолган.


Тожикистон темир йўллари ширкати раҳбарининг биринчи ўринбосари Владимир Собкаловга кўра¸ Ўзбекистонда тўпланиб қолган юклар¸ асосан¸ Афғонистондаги халқаро кучларга аталган ёнилғи мойлаш материаллари¸ хусусан авиация ёнилғисидан иборат.

Озодлик билан суҳбатда Собкалов¸ вагонларнинг Ўзбекистонда тўхтаб қолгани ҳақида Европа ва бошқа давлатлар расмийларига маълум қилинганини айтади.

- Бу маълумотлар Европа иттифоқи парламенти аъзоларига етказилди. Демак, у ерда Афғонистонга мўлжалланган 132 та вагонда реактив ёнилғи турибди. 97 та вагонда газ-энергетик, 231 та вагонда дизел ёнилғиси турибди. Ҳозир олдимда аниқ рақамлар йўқ, аммо бу 300тадан ортиқ вагон бўлади. Жами 960та вагон тўхтаб қолган, дейди Владимир Собкалов.

Тожикистон расмийсига кўра, бу масалани ҳал қилиш учун Тожикистон темир йўллари АҚШнинг Душанбедаги элчихонаси ва Европа иттифоқи ваколатхоналарига мурожаат қилган, аммо масала ҳозирча ҳал этилмаган.

Душанбедаги АҚШ элчихонаси матбуот вакили Дамиан Вамплер Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигидан Ўзбекистон ҳудудида вагонлар тўхтаб қолгани ҳақида маълумот олганини айта туриб¸ бу жараëнга оид тафсилотларни ўрганиш учун бевосита НАТОга қўнғироқ қилишни маслаҳат берди.

Афғонистонга жойлаштирилган НАТО етакчилигидаги халқаро кучларнинг Кобулдаги матбуот вакили подполковник Гоетц Хасске Ройтер ахборот агентлигига НАТО юкларининг бир қисми Ўзбекистонда тўхтаб қолгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.

- Биз қанча вагон эканини аниқ билмаймиз. Аммо бу фаолиятимизга таъсир этмайди. Биз юк ташишда бир нечта текширув пунктларидан фойдаланишимиз мумкин. Биз баъзи юкларни бошқа йўллар орқали олиб келишимиз мумкин, деди НАТО расмийси.

Озодликнинг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Брюс Панниэр фикрича, Афғонистондаги НАТО кучларига мўлжалланган юкларининг Ўзбекистонда тўхтаб қолгани ҳақида баёнот бериш орқали Тожикистон расмийси ўз манфаатини кўзламоқда. Шу орқали у ўз мамлакатига тегишли юзлаб вагонларнинг Ўзбекистонда ушлаб турилганига халқаро ҳамжамият эътиборини қаратишга уринмоқда¸ дейди Панниэр.

- Тожикистон Ўзбекистон ҳудуди орқали юк олиб келишда муаммога учрамоқда. Икки ойдан бери Тожикистонга тегишли юклар Ўзбекистонда тўхтаб қолган. Тожикистон ҳукуматининг чегарани очиш борасида Ўзбекистонга босим ўтказиш уринишлари натижасиз бўлмоқда. Ўз сафига НАТОни жалб этса, Тожикистон Ўзбекистонга босим кўрсатишда иттифоқчига эга бўлади. НАТО юклари ўтказиб юборилса, Тожикистон ҳам ўзига тегишли юклар ўтказиб юборилишига умид қилаётган бўлиши мумкин, дейди Брюс Панниэр.

Афғонистондаги НАТО кучларига зарур бўлган юкларнинг транзит ўтишига Ўзбекистон тўсқинлик қилаётгани ҳақидаги Собкаловнинг баёнотига изоҳ беришни сўраб “Ўзбекистон темир йўллари” Давлат акциядорлик ширкатига қилган қўнғироқларимиз натижасиз қолди.

Айни пайтда Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрини Ўзбекистон чегараси билан боғловчи 75 километрлик темир йўлнинг бир қисми 25 май куни фойдаланишга топширилди. Тантанали маросимда Афғонистон расмийлари, ўзбекистонлик мутахассислар билан бирга мазкур лойиҳани молиялаштираётган Осиё тараққиёт банки президенти Харухико Курода ҳам иштирок этди.

Осиё тараққиёт банкининг Афғонистон бўйича раҳбари Крейг Стеффенсон Афғонистонни Ўзбекистон билан боғловчи темир йўл линияси Афғонистон учун муҳим аҳамиятга эга эканини айтди.

- Мазкур темир йўл лойиҳаси Афғонистон шимолидаги асосий савдо марказлари ҳисобланган Ҳайратон ва Мозори Шарифни Ўзбекистон билан боғлайди. Бу Марказий Осиё ва Форс Кўрфази ўртасида қуриладиган темир йўл линиясининг дастлабки қисми бўлиб унинг узунлиги 75 километрни ташкил қилади. Бу Афғонистон тарихида илк темир йўл лойиҳасидир. Бу йўл орқали Европадан инсонпарварлик ва ҳаёт учун муҳим бўлган бошқа юклар Афғонистонга олиб келиниши режаланган. Кейинчалик, Мозори Шарифни Афғонистон жануби-ғарбий қисмидаги Ҳирот, мамлакат жанубдаги Қандаҳор билан боғловчи темир йўл линиялари қуриш режаланган, дейди Осиё тараққиёт банкининг Афғонистон бўйича раҳбари Крейг Стеффенсон.

Эслатиш жоизки, Осиё тараққиёт банки Афғонистондаги ушбу темир йўл лойиҳасини амалга ошириш учун 165 миллион доллар грант ажратган. Лойиҳанинг асосий пудратчиси эса “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG