Линклар

Шошилинч хабар
20 октябр 2021, Тошкент вақти: 11:20

Халқаро хабарлар

Корея Кореяга қарши

Шимолий Корея Жанубий Корея билан тўла аниқланмаган денгиз чегараси бўйича аввал имзоланган шартномасини бекор қилади.

Пхеняннинг бу баёноти Жанубий Корея ўзининг ғарбий соҳилида ҳарбий-денгиз машқлари ўтказганидан сўнг пайдо бўлди.

Ўтган ҳафтада халқаро мустақил комиссия Жанубий Кореяга қарашли Чхонан кемаси 26 март куни Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган торпеда тегиб, ҳалокатга учрагани тўғрисида хулоса чиқарган эди. Ўшанда 46 денгизчи ҳалок бўлган эди.

Шимолий Корея айбини тан олмаяпти ва ўзига қарши санкциялар қўлланиладиган бўлса, Жанубий Кореяга уруш очажагидан огоҳлантираяпти.

Кун янгиликлари

АҚШ: ФТБ россиялик олигарх Олег Дерипасканинг Вашингтондаги уйида тинтув ўтказди

Олег Дерипаска

АҚШ Федерал тергов бюроси (ФТБ) россиялик олигарх Олег Дерипасканинг Вашингтондаги уйида “тергов ҳаракатлари”ни олиб борди. Бу ҳақда ФТБ расмий вакили баёнот берган.

NBC News телеканали ўз мухбирлари ўша пайтда Олег Дерипасканинг уйи яқинида бўлганини, уйни ФТБ агентлари қуршаб олишганини хабар қилган.

ФТБ ходимлари рус олигархининг уйига киришган. Тинтув ўтказилиши сабаби очиқланганича йўқ.

Миллиардер ва нефть қироли Олег Дерипаска президент Владимир Путинга яқинлиги билан танилган. Олигарх 2018 йил апрелида АҚШ Молия вазирлиги томонидан санкциялар қўлланилган расмий шахслар ва тадбиркорлар рўйхатига киритилган.

Washington Post маълумотига кўра, Дерипасканинг Вашингтондаги уйи майдони 2100 квадрат метрдан ошади. У Россия элчихонасидан тахминан бир ярим чақирим нарида ва АҚШ Ҳарбий-денгиз обсерваторияси ёнида жойлашган. Уйда еттита ётоқхона мавжуд бўлиб, пол итальян мармаридан ишланган, залга осилган катта қандил эса бир пайтлар Париж опера театрини безаб турган.

Аввалроқ “Важние истории” нашри ҳамда мухолифатчи Алексей Навальний жамоаси Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг қариндошлари Олег Дерипасканинг хусусий учоқлари, уйлари ва меҳмонхоналаридан фойдаланишини, вазир эса бунинг эвазига Дерипасканинг бизнес манфаатларини ҳимоя қилишини аниқлашган эди.

Эрдўғон дунё II жаҳон урушининг “бир ҳовуч ғолиблари”га қарам бўлиб қолганини танқид қилди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ангола парламентида сўзлаган нутқида дунёнинг Иккинчи жаҳон уруши ғолиблари бўлмиш “бир ҳовуч мамлакат”га қарамлигини камайтириш зарурати ҳақида гапирди.

“Башарият тақдири Иккинчи жаҳон урушида ғолиб чиққан бир ҳовуч мамлакатнинг марҳаматига боғлиқ бўлиб қолиши мумкин эмас”, дея иқтибос келтирган ТАСС агентлиги Эрдўғон сўзларидан.

Туркия президентининг таъкидлашича, жаҳонда дипломатия, тижорат ва халқаро алоқалар ўзгараётган бир пайтда “глобал хавфсизлик архитектураси эски ҳолида қолиши ақлга сиғмайди”.

Эрдўғон глобал тизимда, хусусан БМТ Хавфсизлик кенгашида тенгсизлик мавжудлигини, “дунё беш мамлакат билан чекланмаслигини” айтган. Бу ерда гап БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари ва вето ҳуқуқига эга беш давлат – АҚШ, Буюк Британия, Россия, Франция ва Хитой ҳақида бормоқда. Улар Иккинчи жаҳон уруши ғолиблари сифатида кенгашга кирган.

Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилиш масаласи БМТ Бош ассамблеясининг 2021 йил сентябридаги йиғилишида ҳам кўтарилган эди. Хусусан, Япония бош вазири Ёсихидэ Суга ушбу орган замонавий дунё воқелигини акс эттириши лозимлигини айтган. Кенгашнинг доимий аъзолари сонини кўпайтириш ғоясини Франция ҳам қўлламоқда. Расмий Париж назарида Кенгашга Германия, Ҳиндистон, Япония ва Бразилия ҳам қабул қилиниши керак.

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод истеъфо берди

Залмай Халилзод

АҚШнинг Афғонистонда сулҳ тузиш масалалари бўйича махсус элчиси Залмай Халилзод истеъфога чиқди. Халилзод илгари толиблар билан музокараларда АҚШ делегациясига бошчилик қилган. Унинг истеъфоси ҳақида АҚШ ОАВлари Давлат департаментига таянган ҳолда хабар қилди.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 18 октябрь куни Залмай Халилзод ўрнига унинг ўринбосари Томас Уэст тайинланишини эълон қилган.

Блинкен Залмай Халилзодга миннатдорлик билдираркан, “Ўнлаб йиллар мобайнида Америка халқига хизмат қилгани учун ундан миннатдорман”, деб айтган.

Халилзод баёнотида ўзининг Афғонистондаги хатти-ҳаракатларини ҳимоя қилган, шу билан бирга, сўнгги миссиясини тўла-тўкис бажара олмаганини тан олган.

“Афғон ҳукумати билан Толибон ўртасидаги сиёсий битим режадагидек амалга ошмади. Бунинг сабаблари ниҳоятда мураккаб, мен бу борадаги фикрларимни давлат хизматидан кетганимдан сўнг тез орада билдираман”, деб ёзган Халилзод.

Пуштун миллатига мансуб бўлган Залмай Халилзод 71 ёшда бўлиб, у Афғонистонда туғилган, Байрутдаги (Ливан) Америка университетини тамомлаган. Чикаго университетида докторлик илмий даражасини ҳимоя қилганидан сўнг АҚШда қолиб кетган. Қўшма Штатларнинг Афғонистон, Ироқ ва БМТдаги элчиси бўлиб ишлаган.

2018 йилда Халилзод АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили этиб тайинланган ва Дохада бўлиб ўтган толиблар билан музокараларда АҚШ делегациясига раҳбарлик қилган. Музокаралар якуни бўйича 2020 йил 29 февраль куни имзоланган битимга кўра, хорижий давлатлар қўшинлари Афғонистонни тарк этиши, Толибон ва афғон ҳукумати тинчлик музокараларини ўтказиши лозим эди.

Аммо Қўшма Штатлар ўз қўшинини олиб чиқиб кетишни бошлаганидан сўнг вазият ўзгарган. Толиблар билан Ашраф Ғани ҳукумати ўртасидаги музокаралар барбод бўлган ва 15 августга қадар Толибон мамлакатнинг катта қисмини, жумладан пойтахт Кобулни эгаллаб олган.

Афғонистонда ва дунёда кўпчилик Залмай Халилзод фаолиятига танқидий қарайди. Уларнинг фикрича, пуштун миллатига мансуб Халилзоднинг толиблар билан музокаралари ушбу радикал гуруҳга бир қадар сиёсий легитимлик берган, айни чоғда Афғонистонда мустаҳкам тинчлик ўрнатилишига олиб келмаган.

Тожикистонда таниқли ҳуқуқ фаоли 9 йилга қамалди

Иззат Амон

Душанбе суди товламачиликда айбланган таниқли ҳуқуқбон Иззат Амонни 9 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Ҳукм 19 октябрь куни эълон қилинганини билдирган адвокат Сайбурхон Шарифов Озодликнинг тожик хизматига суд ҳукмини “ноқонуний” деб ҳисоблашини айтган. И. Амоннинг адвокати ўз мижози Тожикистон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан эълон қилинмиш амнистияга тушиши мумкинлигини қўшимча қилган. Шу билан бирга, адвокат суд ҳукми устидан аппеляция тартибида шикоят аризаси киритилишини маълум қилган.

Иззат Амон кўп йиллар мобайнида Москвадаги тожиклар марказига раҳбарлик қилган. У Россия фуқаролигидан маҳрум қилиниб, шу йил 25 мартида ҳуқуқ фаолини молиявий фирибгарликда айблаётган тожик расмийлари талабига кўра Россиядан бадарға қилинган. И. Амоннинг яқинлари ва тарафдорлари мазкур айбловни рад этишиб, ҳуқуқбон сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилинаётганини иддао қилишган.

Иззат Амон раҳбар бўлган нотижорат ташкилоти Москвада меҳнат муҳожирларига иш топиш, иш ва яшаш учун рухсатнома олишга кўмаклашиб келган ҳамда ҳуқуқий маслаҳатлар бериш билан шуғулланган.

Қирғизистонда коронавирусга қарши курашда қурбон бўлган тиббиётчиларга ҳайкал очилди

Коронавирусдан қурбон бўлган тиббиёт ходимлари учун ўрнатилган ҳайкалнинг очилишидан лавҳа, Бишкек, 2021 йил 19 октябри

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида 19 октябрь куни коронавирус инфекциясига қарши курашда қурбон бўлган тиббий ходимлар ва тиббиёт таълим масканларига ҳайкал очилди.

Ёдгорлик Қирғизистон давлат тиббиёт академияси асосий корпуси яқинидаги хиёбонда ўрнатилди. Маълумотларга кўра, ҳайкал ихтиёрий равишда йиғилган пуллар ҳисобига ҳозирланган.

Коронавирус пандемияси даврида Қирғизистонда олти мингдан зиёд тиббиёт ходими хасталикка чалинган. Улар орасидан 123 киши (79 нафар врач ва 44 нафар ўрта маълумотли тиббий ходим) вафот этган.

Мамлакатда шу кунгача коронавирусга чалинганлар сони 180 минг нафардан ошган. Пандемия бошидан бери, расмий маълумотларга кўра, COVID-19 важидан вафот этганлар сони 2 минг 638 кишига етган.

АҚШ мудофаа вазири: Россия Донбассда тинчлик ўрнатилишига қаршилик қилмоқда

АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин

Киевга келган АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Украина шарқида уруш бошлангани ва можаро ҳануз давом этаётгани учун жавобгарликни Россия зиммасига юклади.

“Бу урушни Россия бошлади ва унинг ўзи можарони тинч йўл билан ҳал қилишга тўсиқ бўлмоқда”, деган у Украина мудофаа вазири Андрей Таран билан музокаралардан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида.

Киевга келганидан сўнг “Твиттер”да пост қолдирган Остин ташрифдан мақсади Украинанинг ҳудудий яхлитлигини дастаклашга ва Россия хуружларини даф қилиш лаёқатини кучлантиришга ҳозирлигини билдириш эканини маълум қилган.

Украинанинг НАТОга кириши эҳтимоли ҳақида сўз очаркан, Остин ҳеч бир “учинчи мамлакат” бунга вето қўйиш ҳуқуқига эга эмаслигини айтган. НАТО расман ўз эшиклари Украина учун очиқлигини урғулайди, бироқ Киев Альянсга кириш учун зарур ҳаракатлар режасини ҳали олганича йўқ.

Россия Украинанинг НАТОга аъзо бўлишига кескин қаршилик қилмоқда, Кремлнинг матбуот котиби Песков яқинда, агар Украина аъзоликка яқинлашса, “фаол чоралар” кўрилишини айтиб, таҳдид қилган эди.

Украина мудофаа вазирига кўра, музокара чоғида икки мамлакатнинг ҳарбий соҳадаги ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича “йўл харитаси” ва Қора денгизда хавфсизликни таъминлаш масаласи муҳокама қилинган.

18 октябрь куни Украина АҚШдан тиббиёт моллари ва қурол-аслаҳадан иборат юкларнинг иккинчи партиясини қабул қилиб олгани хабар қилинган эди. Умумий қиймати 60 миллион долларлик ушбу юк Украина президентининг Вашингтонга ташрифи чоғида эришилган келишувга мувофиқ равишда етказиб берилмоқда.

Украина шарқида қуролли тўқнашувлар 2014 йил баҳорида - Россия томонидан Қрим яримороли аннексия қилинганидан кўп ўтмай бошланган.

Россия НАТОдаги ўз миссияси ҳамда НАТОнинг Москва шуъбаси фаолиятини тўхтатиб туради

Сергей Лавров НАТОнинг Брюсселдаги қароргоҳида (2012 йил)

Россия жорий йил 1 ноябридан ўзининг НАТО қароргоҳи қошидаги доимий ваколатхонаси ҳамда НАТОнинг Москвадаги ахборот шуъбаси фаолиятини вақтинча тўхтатади. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров маълум қилди.

Унинг айтишича, НАТО котибияти Россия томонининг режасидан хабардор. НАТОда Россияга нисбатан саволлар пайдо бўлган тақдирда альянс Россиянинг Бельгиядаги элчисига мурожаат қилиши мумкин. Россия ТИВ раҳбари миссиялар фаолиятининг эҳтимолий тикланиши шартларини очиқламаган.

Лавров мазкур хатти-ҳаракатни Брюсселдаги НАТО қароргоҳи ҳузуридаги Россия доимий ваколатхонасининг 8 ходими аккредитациядан маҳрум этилганига жавоб деб атаган. Ваколатхонадаги россиялик дипломатларнинг умумий сони 20 дан 10 нафарга қисқартирилган. Россия ҳукумати эса энди битта ҳам ходим қолдирмасликка қарор қилган.

Шимолий Атлантика иттифоқи ўз қарорини аккредитациядан маҳрум қилинган дипломатлар Россия махсус хизматлари ходимлари бўлиб, дўстона бўлмаган ишлар билан машғул бўлишгани билан изоҳлаган. Мазкур қарор 6 октябрь куни эълон қилинган, дипломатларга Брюсселни тарк этиш учун ой охиригача муҳлат берилган.

Кремлнинг матбуот котиби Дмитрий Песков ўшанда Москва НАТО билан муносабатлар нормаллашувига ҳамда ўзаро мулоқот қайтадан йўлга қўйилишига ортиқ умид қилмаслигини билдирган.

НАТО вакили эса бунга жавобан Альянс Россияга нисбатан мантиқий изчил сиёсат юритишда давом этишини таъкидлаган. “Биз Россиянинг агрессив ҳаракатларига қарши тийиб туриш ва ҳимояланиш чораларини кучайтирдик, шу билан бирга, конструктив мулоқот учун ҳамиша очиқмиз”, дея баёнот берган у.

Суриштирув: Туркманистон президентининг жиянлари Дубайда 16 та квартира сотиб олган

Иллюстратив сурат

Turkmen.news ва Gundogar мустақил туркман нашрлари Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ этиш лойиҳаси (OCCRP) билан ҳамкорликда “Пандора ҳужжатлари”ни ўрганиб, президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг жиянлари давлат корхоналари маҳсулотлари экспортидан катта бойлик орттирганини аниқлади.

Суриштирувга кўра, Туркманистоннинг давлатга қарашли “Гарабогазкарбамид” заводи маҳсулотлари Шотландияда рўйхатдан ўтган Caran Holdings LP. номли шубҳали ширкат (унинг ҳатто ўз вебсайти ҳам йўқ) орқали экспорт қилинади. Корхона бошқарувида президентнинг жияни Ҳожимурод Режепов муҳим роль ўйнайди. Қолаверса, расмий қайдларга кўра, у 2020 йил январь–ноябрь ойларида Шотландиядаги ширкатнинг соҳиби бўлган.

2018 йилда ўзини Caran ширкатининг вакили ўлароқ танитган бир одам туркман расмий нашрига интервью бериб, ширкат корхонанинг 1,2 миллион тонна маҳсулотини Грузия ва Россия портлари орқали экспорт қилиш бўйича шартнома имзолаганини маълум қилган. Журналистлар ушбу рақамни бошқа маълумотлар билан таққослаб, шотланд ширкати Туркманистонда ишлаб чиқарилган карбамиднинг ягона экспортчиси эканини аниқлашган.

Бундан ташқари, ширкат Туркманистонга минерал ўғитлар импорт қилиш билан ҳам шуғулланган. Хусусан, 2018 йилда Caran Holdings LP. Туркманистонга 20 минг тонна аммофос олиб келиш бўйича 11,4 миллион долларли шартномани қўлга киритган.

Шунингдек, суриштирувда Ҳожимуроднинг укаси Шомурод Туркманистонда ишлаб чиқариладиган нефть ва кимё маҳсулотларини экспорт қилиш билан шуғулланувчи Британияда қайд этилган Delanore ширкати соҳибларидан бири эканлиги фош қилинган.

Суриштирувда аниқланишича, президентнинг бу икки жияни Дубайнинг энг яхши жойларидан 16 та квартира сотиб олишган. Хусусан, Ҳожимурод тўққизта, Шомурод эса жами 5,5 млн долларлик еттита ҳашаматли квартира эгасига айланган.

Аввалроқ Ҳожимурод Режеповга оид ширкат Туркманистонга озиқ-овқат маҳсулотлари импорт қилиш орқали ўн миллионлаб доллар пул ишлагани ўртага чиққан эди.

АҚШ COVID-19 га қарши курашда ёрдам ўлароқ Қозоғистонга 2,4 миллион доллар ажратади

Иллюстратив сурат

Қўшма Штатлар COVID-19 га қарши курашда Қозоғистонга ёрдам сифатида АҚШнинг халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали 2,4 миллион доллар ажратишга қарор қилган. Бу ҳақда АҚШнинг Қозоғистондаги элчихонаси матбуот хизмати 18 октябрь куни маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, АҚШ пандемия бошидан бери Қозоғистонга жами 6,8 миллион доллардан кўпроқ қўшимча кўмак кўрсатган.

АҚШ элчихонаси маълумотига кўра, USAID коронавирус мавзуси бўйича беш мингдан зиёд тиббиёт ходимини ўқитган ҳамда “жамоатчилик хабардорлигини ошириш ва дезинформацияга қарши кураш учун ижтимоий гуруҳларни сафарбар қилиш орқали” 8,2 миллион нафардан кўпроқ кишини қамраб олган.

Хабарномада Қўшма Штатлар ўтган 20 йилдан кўпроқ вақт ичида Қозоғистонга икки миллиард доллар сармоя киритгани, бунинг 92,8 миллион доллари соғлиқни сақлаш дастурларини дастаклашга йўналтирилгани урғуланган.

Чехия президенти Земан соғлиғи ёмонлашгани сабабли ваколатларидан маҳрум этилиши мумкин

Милош Земан

Чехия президенти Милош Земан айни пайтда ўз мажбуриятларини бажаришга қодир эмас, унинг ишга қайтиши эҳтимоли жуда кам, дея маълумот тарқатган Марказий ҳарбий госпиталь. Президент Земан бир ҳафтадан бери ушбу касалхонанинг жонлантириш бўлимида ётибди.

Хабарномадан иқтибос келтирган Чехия Сенати (парламентининг юқори палатаси) раиси Милош Вистрчил мазкур вазиятда президент ваколатларини мамлакатнинг бошқа раҳбарларига беришдан бошқа йўл йўқлигини айтган.

Сенат раисига кўра, гап Земанни лавозимдан олиш ҳақида эмас, балки президент ўз вазифаларини бажара олмай қолгани муносабати билан конституцияда белгиланган тартибда унинг ваколатларини вақтинча топшириши ҳақида боряпти.

Земанга яқин мулозимлар президент, хасталигига қарамай, ҳали ишлаши мумкинлигини иддао қилиб, унинг сиёсий рақибларини Земандан қутулишга уринаётганликда айблашмоқда. Бошқа сиёсатчилар эса, ўз навбатида, уларни президентнинг беморлигидан манфаат излашда ва жамоатчиликни алдашда айблаб келади.

Милош Земан бир ойдан ортиқ вақтдан бери жамоатчиликка кўриниш бермаган.

Президент ваколатлари ундан фақат парламентнинг ҳар икки палатаси розилиги билан олиб қўйилади. У ҳолда ваколатлар бош вазир ҳамда парламентнинг қуйи палатаси раиси ўртасида тақсимланиши мумкин, шу билан бирга, янги бош вазирни қуйи палата раҳбари тайинлай олади.

Земаннинг ташхиси эълон қилинмаган – қонунга кўра, у фақат беморнинг розилиги билан очиқланиши мумкин. ОАВ турли манбаларга таянган ҳолда, 77 ёшли президент жигар энцефалопатияси хасталигига чалинганини хабар қилган. Ушбу хасталикда жигар оғир шикастланиши манзарасида мия функциялари бузилиши кузатилади.

Европалик депутатлар Саакашвилини қамоқдан озод этишга чақиришди

Михаил Саакашвили сақланаётган Руставидаги қамоқхонаси минорасида турган қўриқчи

Европа Иттифоқи мамлакатларидан бўлган ўнлаб депутат, собиқ ва амалдаги сиёсатчилар Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилини озод қилишга чақиришди.

Саакашвилининг октябрь ойи бошида Грузияга келиши биланоқ қўлга олиниши мамлакатда сиёсий муҳитнинг таранглашишига олиб келган.

“Саакашвилининг панжара ортида ўтириши адолатли юридик процедуралар амал қила бошлагунига қадар бекор қилиниши лозим. Грузия демократияси бугунги сиёсий инқироздан чиқиб кетиши керак”, дейилган мурожаатномада.

Европалик депутатларнинг 18 октябрь куни имзоланган қўшма очиқ хати Европа кенгаши, Европа комиссияси ва Европа парламенти раҳбарларига юборилган.

Мурожаатнома муаллифлари Грузияда суд тизимига жамоатчилик ишончи йўқ, деб ҳисоблайдилар, шу важдан ҳам улар мамлакат расмийларини сиёсий сабабларга асосланган судловга барҳам беришга чақиришган.

Россия: Пермь ўлкасида мактабда ўқ узган ўсмир қўлга олинди

Иллюстратив сурат

Россиянинг Пермь шаҳри яқинидаги Сарс посёлкасида 12 яшар ўсмир мактабга ов милтиғи олиб келиб, шифт ва деворларга қарата ўқ узди. Минтақавий ИИВ матбуот хизматига кўра, ўсмирни қўлга олинган, ҳодиса чоғида зарар кўрганлар йўқ.

Олтинчи синф ўқувчиси милтиқдан ўқ узган пайтда ҳали дарслар бошланмаган, мактабда 300 дан ортиқ ўқувчи ва 30 нафар педагог бўлган. Уларнинг барчаси мустақил равишда бинони тарк этишган.

РБКнинг хабар беришича, ўсмирни мактаб директори қуролсизлантирган. У ўқувчини ўз хонасига таклиф қилиб, гаплашгани ва милтиқни топширишга кўндиргани айтилмоқда.

Дастлабки тахминларга кўра, ўсмирнинг ҳаракатларига бошқа ўқувчиларнинг унга салбий муносабати сабаб бўлган бўлиши мумкин. “Интерфакс” манбаси ўсмир ўзини ғалати тутганини, осмонга ўқ узаётиб узуқ-юлуқ гапирганини, қўлга олинаётган пайтда эса “худонинг амри билан” шундай қилганини айтиб бақирганини маълум қилган.

Ўқувчи болалар психиатрия марказига юборилади. ТАСС маълумотига кўра, у жиноий жавобгарликка тортилмайди.

Ўсмир ўқ узган қурол – “Сайга” русумли ов милтиғи отасига тегишли бўлгани ва расмий қайдда бўлгани айтилмоқда.

Беларусда давлат газетаси свастикали карикатура чоп этди, ИИВ буни ҳуқуқбузарлик деб ҳисобламаяпти

Минскдаги газета дўконларидан бири (иллюстратив сурат)

Беларусда давлатга қарашли “Минская правда” газетаси 7 сентябрь сонида тўрт нафар католик руҳонийси тасвирланган карикатура чоп этди, ундаги руҳонийлардан иккитаси бўйнига хоч ўрнига свастика осиб олганди.

Бунинг ортидан “Удобний город” сайти суриштирув ўтказиш ва қонунбузарлик аниқланган тақдирда нашрни жавобгарликка тортиш талаби билан петиция эълон қилган. Мурожаатда свастика белгиси экстремистик материаллар сирасига киритилгани ва Беларусдаги ОАВ тўғрисидаги қонунда экстремистик фаолиятни тарғиб қилишга қаратилган ахборотни тарқатиш ман этилганлиги айтилган.

Беларусь Ахборот вазирлиги карикатура динлараро адоватга олиб келиши мумкинлигини тан олиб, газета таҳририятидан бу каби материаллар чоп этилишига йўл қўймаслик чораларини кўриш талаб этилганини маълум қилган.

Аммо Беларусь милицияси карикатурани қонунбузарлик деб ҳисобламаяпти. Минск вилояти ижроия қўмитаси ИИБ бошлиғи ўринбосари Виталий Козлов имзоси билан 29 сентябрь куни эълон қилинган расмий жавоб хатида “ўтказилган текширув чоғида “Минская правда” газетаси томонидан амалдаги қонунчилик бузилгани аниқланмаган”и билдирилган.

Беларусь католик черкови матбуот котиби Юрий Санько ўзининг “Фейсбук”даги саҳифасида карикатурани “миллионлаб католиклар юзига тупуриш” деб атаган.

2020 йил декабрида католик руҳонийси Вячеслав Барок “нацизм рамзларини тарғиб қилгани учун” 10 суткага қамалган эди. У ижтимоий тармоқда рассом Владимир Цеслернинг Беларусь расмий байроғи ва гербидан “ясалган” гитлерчилар свастикаси тасвирланган “Лукашизм, тўхта!” номли плакатини илова қилган ҳолда хабар қолдирган.

Пентагон янглиш йўлланган ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлган афғонларнинг яқинларига пул бермоқчи

АҚШ Мудофаа вазирлиги август ойида Кобулда янглиш йўлланган ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлган 10 кишининг қариндошларига товон пули тўламоқчи. Бу ҳақда “Америка овози” хабар қилди.

Аввал-бошда зарбалардан мақсад Кобул аэропортида 169 нафар афғонистонлик ва 13 нафар америкалик аскарнинг ўлимига сабаб бўлган террористик ҳужум ташкилотчиларини йўқ қилиш бўлгани маълум қилинганди.

Пентагон расмий вакили Жон Кирби вазирлик Давлат департменти билан бирга, ҳалок бўлган афғонларнинг оилаларини АҚШга кўчириб келиш устида ишлаётганини айтган.

29 август куни америкалик ҳарбийлар Замерай Аҳмадий бошқарувидаги автомашинага, у оиласи истиқомат қиладиган уй ёнига келиб тўхтагани заҳоти Hellfire ракетаси билан зарба берган эди. Зарба натижасида оиланинг 10 аъзоси, жумладан етти нафар бола ҳалок бўлган.

Бир неча ҳафта ўтиб, АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Фрэнк Маккензи ушбу зарбани “фожиавий хато” деб атаб, у айбсиз тинч аҳолининг ўлимига сабаб бўлганини тан олган.

Америкалик ҳарбийлар дастлаб ҳужум “Ислом давлати-Хуросон” гуруҳи “воситачиси”га қаратилганини ҳамда жангариларни АҚШ ва НАТО қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетаётган пайтда терактлар содир этиш имконидан маҳрум этганини иддао қилиб, ўз хатти-ҳаракатини оқлаган.

Аммо Пентагон тасвирлаган зарба нишони билан ҳақиқий аҳвол ўртасида ўзаро номувофиқлик борлиги тезда маълум бўлган. “Ассошиэйтед Пресс” агентлиги ва бошқа медиа ракета зарбаси натижасида портлаган машина ҳайдовчиси кўп йиллар АҚШнинг гуманитар ташкилотида ишлаганини аниқлашган.

Шунингдек, Пентагоннинг гўё автомобилга портловчи моддалар жойлангани ҳақидаги иддаоларини тасдиқловчи далиллар ҳам топилмаган.

Россия Давлат думаси раиси Нобель тинчлик мукофотини қайтариб олиш тартибини жорий этишни таклиф қилди

Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володин (чапда) Россия президенти Владимир Путин билан

Нобель тинчлик мукофоти ўз мамлакатининг парчаланишига йўл қўйган, можаро ва урушлар чиқарган сиёсатчиларга бериш билан обрўсизлантирилган. Мукофотга ишончни тиклаш учун уни янглиш берилган одамлардан қайтариб олиш тартибини жорий этиш мумкин. Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володин ўз телеграм-каналида шундай фикр билдирган. Бу ҳақда ТАСС агентлиги хабар қилди.

Фундаментал фанлар соҳасидаги Нобель мукофотига эътироз йўқ – у реал ютуқлар учун бериляпти, деб ҳисоблайди Володин. Бироқ, унинг фикрича, бугунги кунда дунёда Нобель тинчлик мукофоти совриндорларини баҳолашнинг аниқ мезонлари мавжуд эмас.

Володин сўнгги йилларда СССРнинг собиқ президенти, “ХХ асрдаги энг йирик геосиёсий ҳалокат – СССР парчаланишига олиб келган” Михаил Горбачёв, роҳинжа мусулмонларини қирғин қилишда айбланган Мьянма ҳукумати раҳбари Аун Сан Су Чжи ҳамда бошқаруви даврида “араб баҳори” юз берган ва Сурия уруши бошланган Барак Обама ушбу мукофот билан тақдирланганини эслатди.

Давлат думаси раисига кўра, ушбу сиёсатчилар катта хатоларга йўл қўйиб, урушлар чиқаришгача боришган, аммо мазкур ҳолатлардан ҳеч бирида Нобель қўмитаси тинчлик мукофотини қайтариб олган эмас.

“Мутлақо аёнки, бундай қарорлар Нобель тинчлик мукофотини обрўсизлантирди. Аммо жиноятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилиши фактлари аниқланган ҳолларда мукофотни қайтариб олиш тартиби жорий этилса, эҳтимол, унга нисбатан ишончни тиклаш мумкин бўлар”, деб ёзган Володин.

Унинг фикрича, “даҳшатли жиноятларга алоқадор одамлар” тақдирланиб, чинакам муносиб одамлар эса ушбу мукофотдан бенасиб қолаётгани “ножоиз”дир.

ЕИ билан муносабатлар ёмонлашиши манзарасида Франция элчиси Беларусдан бадарға қилинди

Франциянинг Беларусдаги элчиси Николя де Лакост

Авторитар лидер Александр Лукашенконинг бошқарув сиёсати туфайли Европа Иттифоқи билан муносабатлар ёмонлашгани манзарасида Минск расмийлари Франция элчиси Николя де Лакостни Беларусдан бадарға қилишди.

Ўтган йили лавозимга киришган элчи 17 октябрь куни ТИВ талабига кўра Беларусь ҳудудини тарк этишга мажбур бўлди. Бу маълумотни Озодликнинг беларус хизматига Франциянинг Беларусдаги элчихонаси вакиллари тасдиқлаганлар.

Де Лакост 2020 йил августида ўтган президент сайлови ортидан Беларусда бошланган тинч намойишлар бостирилганидан кейин Лукашенко билан мулоқотдан қочиб юрган.

Сўнгги 14 ой ичида Беларусь полицияси минглаб одамни қамаган, юзлаб одам Лукашенко сиёсатидан норози бўлгани туфайли қийноққа тутилган, бу эса Европа Иттифоқи томонидан Минскка нисбатан кескин санкциялар жорий этилишига сабаб бўлганди.

Франция элчихонаси маълумотига кўра, 18 октябрь куни элчининг беларус халқига видо мурожаати эълон қилинади.

Россияда бир суткада қарийб 34 ярим минг одам коронавирусга чалинди, 1000 одам ўлгани қайд этилди

Ҳарбийга чақирув қисмида антиген тестини топшираётган йигит, Свердловск, Россия, 20 апрель, 2021

Ўтган бир сутка ичида Россияда, шунингдек, аннексия қилиб олинган Қрим ҳам қўшиб ҳисобланганда, коронавирусга чалинган 34 минг 303 янги бемор аниқланди.

"Интерфакс" агентлигининг қайд этишича, бу пандемия бошланганидан буён қайд этилган навбатдаги анти-рекорддир. Касалликнинг тарқалиши барча минтақаларда бирдек ошиб бормоқда.

Ўтган бир суткада касалланган 997 киши ўлди.

Пандемия бошланганидан бери Россияда вирусни юқтириб олганлар сони 8 миллионга яқинлади - 7 992 687 нафарга етди.

Қозоғистон "савдо-иқтисодий алоқаларни тиклаш" учун Кобулга делегация юборди

Қозоғистон президентининг халқаро ҳамкорлик бўйича махсус вакили Ержан Қазиханов.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги, 17 октябрь куни ҳукумат делегацияси Кобулга борганини маълум қилди.

Баёнотга кўра, делегацияга президентнинг халқаро ҳамкорлик бўйича махсус вакили Ержан Қазиханов раҳбарлик қилган.

"Сафар доирасида Афғонистон халқига Қозоғистон томонидан гуманитар ёрдам кўрсатиш, шунингдек савдо-иқтисодий алоқаларни тиклаш масалалари муҳокама қилинади", дейилди пресс-релизда.

Қозоғистоннинг Афғонистондаги элчиси Алимхан Эсенгелдиев 26 сентябрь куни Кобулда Толибон ҳукуматида ташқи ишлар вазири лавозимини бажарувчи Амир Хон Муттақий билан учрашганди. Қозоғистон матбуотининг билдиришича, бу олий даражадаги қозоқ расмийсининг Толибон ҳукумати вакили билан илк учрашуви бўлди.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз билдирувида Толибон номини тилга олмади. Расмий баёнотда Муттақий Афғонистондаги муваққат ҳукуматнинг ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи” сифатида тақдим этилди.

Айни пайтда, Қозоғистон ҳам БМТнинг Афғонистон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш кампаниясига қўшилиши кутилмоқда.

Марказий Осиё давлатлари орасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон Толибон билан мулоқот ўрнатиш зарур деган нуқтаи назарда эканини билдирган.

Тожикистон ҳукумати эса Толибон ҳукуматини тан олмаслигини билдириб келмоқда.

Қандаҳорда шиа масжидига ҳужум учун масъулиятни "Ислом давлати" террорчи гуруҳи зиммасига олди

Қандаҳорда ўтган оммавий дафн маросими

Қандаҳорда масжидга уюштирилган ҳужумда қурбон бўлганлар 16 октябрь куни оммавий дафн этилди.

Шиа мусулмонларига оид масжидга 15 октябрь куни уюштирилган ҳужум учун масъулиятни "Ислом давлати-Хуросон" террорчи гуруҳи ўз зиммасига олди.

Гуруҳ тарқатган баёнотга кўра, икки худкуш ҳужумчи масжиднинг икки нуқтасида туриб, ўзини портлатган.

Вилоятдаги маҳаллий расмийларга кўра, 16 октябрга келиб ҳужумда ўлганлар сони 41 киши, жароҳатланганлар эса 70 нафарга етган.

Reuters агентлигига маълумот берган расмийлардан бирига кўра, яраланганлардан айримларининг аҳволи оғир ва уларни Кобулга жўнатишга уринишмоқда.

Бундан бир ҳафта аввал Қундуздаги шиалар масжидига ҳам ҳужум уюштирилган, унда ҳам 100 дан ортиқ одам қурбон бўлганди.

У ҳужум учун ҳам масъулиятни "Ислом давлати-Хуросон" террорчи гуруҳи ўз зиммасига олган.

Фильм суратга олиш учун космосга учирилган россиялик киночилар Ерга қайтди

Актриса Юлия Пересильд

“Ю.А.Гагарин” (Союз МС-18) фазовий кемасининг тушириб қўювчи аппарати космонавтлар Олег Новицкий, актриса Юлия Пересильд ҳамда режиссёр Клим Шипенколар билан Қозоғистон чўлларига қўнди. Қўниш жараёни “Роскосмос” сайтида жонли намойиш этилди.

Пересильд ва Шипенко 5 октябрдан, Новицкий эса 9 апрелдан бери орбитада эди, деб хабар берган ТАСС.

“Роскосмос” бош директори Дмитрий Рогозин “Первий канал”даги чиқишида космосда экипажнинг бошқа аъзоларига нисбатан кўпроқ бўлган Новицкийнинг аҳволи қониқарли эканини маълум қилди. Тиббиёт ходимлари космонавтни текширувдан ўтказганлар.

“У атиги 12 сутка космосда бўлганларга қараганда анча узоқ реабилитация даврини бошидан кечиради”, деди Рогозин.

Пересильд ва Шипенко дунёда биринчи марта космосда бадиий фильмни суратга олишди. “Чорлов” номли ушбу фильм драма жанрида бўлиб, унда космонавтнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун орбитага учган шифокор қиз ҳақида ҳикоя қилинади.

Фильм “Роскосмос”, “Первий канал” ҳамда “Yellow, Black and White” студиясининг қўшма лойиҳасидир. Тасвирга олиш жараёнида россиялик космонавтлар – Антон Шкаплеров, Олег Новицкий ва Петр Дубров ҳам иштирок этди.

Орбитада фильм экран вақтининг жами 35-40 дақиқаси суратга олиниши керак эди.

Британия полицияси депутат Девид Эмесснинг ўлдирилишини теракт деб ҳисобламоқда  

Британия полицияси депутат Девид Эмесснинг ўлдирилишини террорчилик ҳаракати деб ҳисобламоқда.

Полицияга кўра, қотилнинг мақсади исломий экстремизм билан боғлиқ бўлиши мумкин. У ёлғиз ҳаракат қилган деб тахмин қилинади.

Буюк Британия Консерватив партиясининг депутати Дэвид Эмесс сайловчилар билан учрашув чоғида бир неча марта пичоқланди.

Ҳодиса Эссекс графлигида Ли-он-Си черковида жума куни юз берди.

Эссекс полициясининг айтишича, шифокорлар икки соат давомида унинг ҳаётини сақлаб қолишга уринган, бироқ у касалхонада вафот этган.

Ҳужумчининг исми ҳозирча айтилмаяпти, фақат унинг 25 ёшда эканлиги маълум.

Гумонланувчи, дастлабки маълумотларга кўра, келиб чиқиши Сомалидан бўлган Буюк Британия фуқаросидир.

Эмесснинг ўлими муносабати билан ҳукумат раҳбари ва молия вазирининг қароргоҳлари жойлашган Даунинг-стритда Британия байроқлари туширилди. Марҳум депутатнинг ортидан унинг рафиқаси ва беш фарзанди қолган.

YouTube Туркманистон давлат ОАВ шикоятлари ортидан Eurasianet хабар агентлиги каналини блоклади

Eurasianet сайтининг маълум қилишича, Google ширкатига тегишли YouTube жорий ҳафтада бир неча нечта огоҳлантириш юборган, сўнгра канални бутунлай блоклаган.

YouTube Туркманистон давлат оммавий ахборот воситалари муаллифлик ҳуқуқлари бузилгани ҳақида шикоят қилиши ортидан Марказий Осиё, Кавказ ва Россиядаги ҳодисаларни ёритиб келаётган таниқли Eurasianet АҚШ ахборот ташкилотига тегишли канални четлади.

Eurasianet сайтининг маълум қилишича, Google ширкатига тегишли YouTube жорий ҳафтада бир неча нечта огоҳлантириш юборган, сўнгра канални бутунлай блоклаган.

YouTube муаллифлик ҳуқуқлари бузилгани ҳақидаги шикоятларни Туркманистон Телевидение, радиоэшиттириш ва кинематография давлат қўмитасига тегишли Watan Habarlary расмий телеканали юборганини билдирган.

Eurasianet бош муҳаррири Дэвид Триллинг сайт қарор устидан шикоят қилиш учун YouTube ходимлари билан алоқага чиқа олмаётганини айтди. Триллинг асосан инглиз ва рус тилларида материал чоп этиладиган Eurasianet веб-сайти, шунингдек, YouTube платформаси Туркманистонда блокланганини қўшимча қилди.

«Бошқа барча ижтимоий тармоқлар каби, [YouTube] Туркманистонда блокланганини эътиборга олсак, бу кулгили ҳолат», деди у Озодликка берган интервьюсида.

Триллингнинг сўзларига кўра, нашрнинг YouTube каналида бир неча минг обуначи бўлган. Каналда Туркманистон давлат телеканалининг тунги янгиликларидан олинган қисқа лавҳалар улашилган. Сўнгра бу видеолар Туркманистон ҳақидаги веб-мақолаларга жойлаштирилган. Нашр видеолавҳаларни инсофли фойдаланиш тўғрисидаги қонунлар асосида YouTubeга юклаган. Қолаверса, Eurasianet лавҳаларга изоҳ бериб, уларни бойитган.

Озодлик Туркманистоннинг Вашингтондаги элчихонасига юборган электрон почта хабарига жавоб олмади. Озодлик YouTube шикоятлар электрон почта манзилига юборган хабар ҳам жавобсиз қолди.

Eurasianet YouTube томонидан муаллифлик ҳуқуқларини бузишда айбланган Туркманистондаги ҳодисаларни ёритиб келган илк хорижий нашр эмас. Май ойида Австрияда туриб фаолият юритадиган мухолифат гуруҳига тегишли «Хроника Туркменистана» нашрининг YouTube канали ҳам Туркманистон давлат матбуотининг шикоятлари ортидан блокланганди.

Дунёнинг энг ёпиқ давлатларидан бири бўлган Туркманистонда барча оммавий ахборот воситалари қаттиқ назорат қилинади. Интернетдан фойдаланишга кескин чекловлар қўйилган. Давлат оммавий ахборот воситалари асосан мамлакат президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳақида контент ҳозирлайди.

Триллинг Eurasianet нашри YouTube ўрнига Vimeo платформасига ўтишни режалаётганини билдирди.

Кейинги пайтда АҚШ технология ва ижтимоий медиа ширкатларининг қудрати ҳақида саволлар ортиб бормоқда.

Танқидчилар айрим йирик технология компаниялари, масалан, Facebook, Twitter, Google ва Apple авторитар ҳукуматларнинг талабларига бўйсунаётганини айтишмоқда. Хусусан, бу ширкатлар ҳукуматни шарманда қилиши мумкин бўлган маълумотларни цензура қилишга ҳозирлигини кўрсатган.

Ўтган ой Россия парламентининг қуйи палатасига сайловлар арафасида мухолифатчи Алексей Навальнийнинг «Умное голосование» иловаси Apple ва Google Интернет-дўконларидан ғойиб бўлди. Telegram мессенжери ҳам сайлов олдидан Навальний билан боғлиқ баъзи маълумотларни ўчириб ташлади.

Apple ва Google ширкатларининг Россия ҳудудида маҳаллий ходимлари бор. Россия расмийлари агар ширкатлар Навальний иловасини ўчирмаса, уларнинг Россиядаги ходимлари жавобгарликка тортилишини айтиб, таҳдид солишди.

Туркия ва Ҳиндистон сингари бошқа давлатлар ҳам баъзи сиёсий нутқларни ўчиришга ёки цензура қилишга чорлаб, технология ширкатларига босим ўтказиб келади.

Колумбия университети қошидаги Ҳарриман институтида очилган Eurasianet нодавлат, нотижорат ташкилот бўлиб, «Очиқ жамият жамғармаси», «Демократия учун миллий жамғарма» ҳамда Британия Хорижий ҳамдўстлик ва тараққиёт бюроси грантлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Россия "Росбалт" ва Republic нашрларини "хорижий агентлар" рўйхатига киритди

Россия Адлия вазирлиги "Republic" нашри таъсисчиси "Москоу Диджитал Медиа" ва "Росбалт" нашри таъсисчиси бўлган PC-Балт ширкатларини "хорижий агентлар" реестрига киритди.

"Republic" ёпиқ обуна моделида ишлайди - материалларнинг тўлиқ матнлари фақат пулли обуна орқали мавжуд.

Нашр бош муҳаррири Дмитрий Колезев ўз Телеграм каналида "Republic" чет элдан молиялаштирилмаслиги ҳақида ёзди.

Унга кўра, нашр фақат абонентларнинг пуллари ҳисобидан фаолият юритади.

"Росбалт" бош директори Лариса Афонина ҳам ўз нашри чет элдан ҳеч қандай маблағ олмаслигини айтди.

"Росбалт"нинг адвокатлари нашр "хорижий агент" деб тан олишининг сабабларини тушунтириб беришни сўраб Россия Адлия вазирлигига мурожаат қилишган.

Афонинанинг айтишича, "Росбалт" Адлия вазирлиги талабларини бажаради ва ўз ишини давом эттиради.

Ҳозирги вақтда "чет эл агентлари" ОАВ рўйхатига 85 киши ва ташкилот киритилган, 2021 йил бошидан бери рўйхат 68 бандга ошган.

Ўтган ҳафта Россия Адлия вазирлиги "Озодлик" радиоси рус хизмати ва "Север. Реалии" сайти билан ҳамкорликда ишлайдиган журналистлар Татяна Волцкая, Екатерина Клепиковская ва Елена Соловёвани "хорижий оммавий ахборот агентлари" реестрига киритганди.

Шунингдек, рўйхатда "Bellingcut" тергов лойиҳаси бор.

Лавров аралаш никоҳдан туғилган болаларга Россия фуқаролигини беришни таклиф қилди

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров чет элда яшовчи россиялик ватандошларнинг VII жаҳон конгрессидаги чиқишида Россия ҳукумати аралаш никоҳдан туғилган болаларга автоматик равишда рус фуқаролигини беришни режалаштираётганини айтди.

"Биз аминмизки, қаерда аралаш оила яшаса, қаерда аралаш никоҳдан бола туғилса, хоҳ Россия ҳудудида бўлсин хоҳ чет давлат ҳудудида - у Конституцияга мувофиқ автоматик равишда фуқароликни олиши шарт" деди Лавров.

Давлат Думаси раисининг ўринбосари Анна Кузнецова Лавровнинг ташаббусини қўллаб -қувватлади.

Унинг фикрича, Россия фуқаролигини автоматик равишда олиш "кўплаб оилалар учун фойдали бўлади ва уларга ҳаётдаги турли муаммоларни осонроқ ҳал қилишга ёрдам беради".

"Бола вояга этгач, қайси давлат фуқароси бўлишини мустақил ҳал қила олади", - дейди у.

Федерация Кенгашининг Халқаро ишлар бўйича қўмитаси аъзоси Сергей Цеков қонунларга бундай ўзгартиришлар ҳукумат томонидан киритилишини таклиф қилди.

Шунингдек, у ватандошлар, шу жумладан Украина ва Белорусда яшовчи фуқароларнинг фуқаролигини олишини соддалаштириш керак, деб ҳисоблайди.

Ҳозирда мамлакат қонунчилигига кўра, аралаш никоҳдан туғилган бола Россия ҳудудида дунёга келса, автоматик равишда Россия фуқаролигини олади. Бола хорижда дунёга келган тақдирда Россия фуқаролиги автоматик равишда эмас, балки ота-онанинг танловига кўра олинади. Бунинг учун Россия фуқароси бўлган ота ёки онанинг аризаси ва унинг хорижлик турмуш ўртоғининг розилиги лозим бўлади.

Қандаҳордаги масжидда юз берган портлашда 30 дан ортиқ одам ҳалок бўлди

Портлаш юз берган Қандаҳордаги шиалар масжиди. Афғонистон, 15 октябрь, 2021

15 октябрь куни Қандаҳордаги шиалар масжидида юз берган портлашда камида 35 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одам яраланган. Бу ҳақда Reuters агентлиги шифохонадаги манбаларга таяниб хабар бермоқда. Маҳаллий ҳокимият вакилларига кўра, худкуш ҳужумчи ўзини портлатган.

Афғонистонни назорат қилаётган Толибон ҳаракати вакилининг сўзларига кўра, хавфсизлик хизмати ходимлари вазиятни ўрганиш ва ҳужумчини топиш учун ҳодиса жойига етиб борган. Портлаш учун масъулиятни ҳозирча ҳеч ким зиммасига олмаган.

Исми очиқланишини истамаган гувоҳлардан бирининг Франс- Пресс агентлигига айтишича, масжид ва атрофида учта портлаш овози эшитилган.

Агентликнинг хабар беришича, портлаш мамлакат шимоли-шарқида жойлашган Қундуз вилоятидаги ҳужумдан бир ҳафта ўтиб содир бўлмоқда. 8 октябрь куни Қундуз вилоятидаги шиалар масжидида худкуш ҳужумчининг ўзини портлатиб юбориши оқибатида 100 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган эди. Ҳужум учун масъулиятни "Исломий давлат" террорчи гуруҳи ўз зиммасига олган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG