Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:17

Талкога оид аудит натижалари очиқланмаётир


Халқаро валюта жамғармаси Тожикистон томони Талко алюминий ишлаб чиқариш заводи молиявий фаолиятига доир аудит натижаларини эълон қилмаётганидан ташвиш билдирмоқда.

Халқаро валюта жамғармасининг Тожикистондаги ваколатхонаси расмийси Люк Моерснинг билдиришича, 2009 йил бошида ХВЖ билан Тожикистон ҳукумати ўртасида имзоланган келишувга мувофиқ, Талко молиявий фаолияти уч ой давомида халқаро экспертизадан ўтказилиб, натижалари 2009 йил сўнгида расман эълон қилиниши лозим эди.

- Бироқ, Тожикистон ҳукуматига бир неча бор мурожаат қилганимизга қарамай, бу йирик ширкат молиявий фаолиятига оид халқаро аудит натижалари ҳанузгача эълон қилинмай қолмоқда, дея маълум қилди Люк Моерс жаноблари.

Халқаро валюта жамғармаси расмийси фикрича, тожикистонликлар Талко экспертизаси натижаларидан хабардор бўлишга ҳақли.

Жаноб Моерснинг айтишича, Талкони экспертиза қилган халқаро ширкат икки ёқлама шартнома асосида натижаларни фақат Тожикистон ҳукуматига тақдим этиш мажбуриятини олган.

Шу ўринда эслатиб ўтсак, Тожикистондаги икки йирик ширкат - Талко ва “Барқи тожик” молиявий фаолиятини халқаро экспертизадан ўтказиш таклифи ўтган йили Халқаро валюта жамғармаси томонидан ўртага ташланган эди.

Бунга эса 2007 йилда Тожикистонда мамлакат Миллий банки ташаббуси билан Халқаро валюта жамғармасидан ёлғон маълумотлар асосида 47 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз олгани фош этилгани ҳамда давлат ширкатлари молиявий фаолиятининг шаффофлигига шубҳалар пайдо бўла бошлагани сабаб бўлганди.

Аснода Тожикистон ҳукумат расмийлари ҳам, Талко масъуллари ҳам Халқаро валюта жамғармаси баёнотига муносабат билдирмаётир.

Жумладан, бугун мавзу юзасидан биз билан суҳбатлашган Талко расмийси Саёҳат Қодирова аудит натижалари бўйича жавоб беришдан тийилишини ва шу яқин кунларда бу борада ўз ширкати баёнот эълон қилинишини билдирди.

Тожикистонлик мустақил таҳлилчилар эса Такло молиявий фаолиятининг халқаро экспертиза натижалари эълон қилинмагани борасида турлича фикрдалар.

Мустақил таҳлилчи, иқтисодчи Давлат Усмон фикрича, бунга глобал иқтисодий бўҳрон сабаб бўлган бўлиши мумкин.

- Бу ширкат нафақат Тожикистон, балки минтақадаги энг йирик ширкатлардан бири саналади. У ўзининг узоқ йиллик фаолиятида бундай экспертизани илк бор ўтказмоқда. Иккинчи томондан, юзага келган глобал иқтисодий бўҳрон ҳам бу ширкат масъулларини гангитиб қўйди. Менимча, мана шу сабабли халқаро аудит натижасининг эълон қилиниши кечиктирилаётган бўлса керак, дейди Давлат Усмон.

Аммо мустақил таҳлилчи Парвиз Муллажонов бу фикрларга умуман қўшилмаслигини айтади.

- Талко молиявий фаолиятини халқаро аудит қилишдан мақсад унинг молиявий фаолияти шаффофлигини аниқлашдан иборат эди. Биринчидан, Талко фаолияти аввал бошидан шаффоф бўлмаган ва бу ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун аудит ҳам ёпиқ тарзда ўтказилди. Одатда, бундай аудит натижалари жамоатчиликдан сир сақланади. Иккинчидан, Талко фаолиятининг шаффофлиги фақат Тожикистонгагина боғлиқ эмас. Талко учун хом ашё асосан Лондондан олиб келинади ва ишлаб чиқарилган алюминийнинг аксарият қисми ҳам Буюк Британия бозорларида сотилади. Яъни бу ерда “толлинг” схемасида иш юритилади, демоқчиман. Талко фаолиятидан камидан учта ширкат манфаатдор, турли манфаатлар мавжуд. Шунинг учун унинг молиявий фаолиятини ўрганиш имконсиздир, дейди мустақил таҳлилчи Парвиз Муллажанов.

Бошқа бир таҳлилчи Нўмонжон Фахриддинов бу фикрларни қисман қувватлар экан, “Талко алюминий ишлаб чиқариш корхонаси президентнинг хусусий корхонаси бўлиб ҳисобланади, шу боис унга тегишли маълумотлар махфийдир”, дея мулоҳаза билдиради.

- Тожикистон алюминий заводи, ҳозирги Талко ширкати бу президентнинг хусусийлаштирилган корхонаси. Бу миллиардлаб долларлар эътиборга олинган ҳолда амалга ошириладиган ишлар. Бу борада ҳеч бир хорижий ва маҳаллий ташкилот аниқ маълумот ола олмайди, дер экан мустақил таҳлилчи халқаро аудит қоғоздагина ўтказилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.

Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиёдаги алюминий ишлаб чиқарувчи ягона йирик корхона ҳисобланмиш Талко заводи маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича дунёда учинчи ўринда туради.
XS
SM
MD
LG