Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:52

Тожикистонлик меҳнат муҳожирлари Арабистонга юборилади


Шу кунларда тожикистонлик меҳнат муҳожирлари Саудия Арабистонига кетишга тайёргарлик кўриш билан машғул.
Шу кунларда тожикистонлик меҳнат муҳожирлари Саудия Арабистонига кетишга тайёргарлик кўриш билан машғул.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг муҳожират хизмати маълумотларига кўра, шу йил июн ойи ўрталарида тахминан 600 нафар тожикистонлик Саудия Арабистонига жўнаб кетади. Маълум бўлишича, уларга 140 мутахассислик бўйича иш таклиф қилинган.

Арабистонда ишлашни истаган тожикистонликлар ўз ҳужжатларини Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг Муҳожират хизмати лицензиясига эга бўлган “Замони Юнус” меҳнат муҳожирлари билан ишлаш ширкатида расмийлаштириши мумкин.

Мазкур ширкат раиси Насрулло Замоновнинг билдиришича, тожикистонлик фуқароларнинг Арабистонда ишлашлари икки ёқлама шартнома асосида амалга оширилмоқда.

- Араблар томонидан тахминан 140 мутахассислик бўйича иш таклиф қилинган. Булар шифокор, ҳайдовчи, ошпаз, энага, араб ва рус тили ўқитувчилари каби мутахассислардир. Албатта Арабистонда ишлашни истайдиганлар жуда кўпчилик. Ҳозирга қадар ширкатимизга тахминан 3,5 минг киши ариза билан мурожаат қилган, дея билдирди Насрулло Замонов.

Лекин, “Замони Юнус” раҳбарига кўра, жорий йилда ариза билан мурожаат қилганларнинг фақат 1200 нафари Арабистонга юборилади.

- Россиядаги меҳнат муҳожирларимизнинг кўплаб муаммоларга дуч келишидаги асосий омиллардан бири уларнинг рус тилини билмасликлари ва ҳуқуқий саводсизликларидир. Арабистонга кетаётганларда ҳам шундай муаммолар бўлмаслиги учун биз уларнинг ҳар бири билан бир кунда 8 соат араб тили, ҳуқуқий масалалар, араблар тарихи, урф-одатлари бўйича дарс ўтказмоқдамиз. Айни пайтда шундай қисқа муддатли курсларни 600 киши битирди. Улар июн ойи ўрталарида Арабистонда фаолият қила бошлайдилар, дея билдирди Насрулло Замонов.

Унинг гапига қараганда, Арабистондаги иш берувчи ишга таклиф қилинган ҳар бир меҳнат муҳожири учун давлатга солиқ пулини ўз ширкати ҳисобидан тўлайди. Ваъда қилинаётган иш ҳақи эса 3000 дан 8000 АҚШ долларигача экан. Шартномага мувофиқ, тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг хавфсизлиги ҳам таъминланиши лозим.

Кўпчилик Россияда иш ўринларининг қисқараётгани ортидан ватанига қайтиб келаётган бир пайтда тожикистонликлар Тожикистон ва Саудия Арабистони ўртасида шундай бир ҳамкорлик шартномасининг имзоланиб ишга солиниши кўп оилаларни оғир вазиятдан қутқаради, деган умиддалар.

- Мен ҳам Арабистонда ишлаш учун ҳужжатларимни шу ширкатга топширдим. Касбим шифокор, ҳайдовчилик ҳам қила оламан. Тожикистонда иш бор, лекин ойлиги жуда оз. Россияда эса ҳозир ишлатиб, ҳақ бермай ҳайдаш ҳоллари кўпайган, кейин марказий осиёликларни одам ўрнида кўрмай, ўлдириб ташлаётгани ҳолларини эшитиб турибмиз. Шунинг учун Арабистонга бориб ишлашга қарор қилдим, дейди июн ойида Арабистонга жўнаб кетаётган 30 ёшлик Амирхон исмли суҳбатдошимиз.

“Замони Юнус” ширкати раиси Насрулло Замонов бу йил Арабистонга кетаётган меҳнат муҳожирлари орасида аёлларга озчиликни ташкил қилишини айтар экан, бунинг сабабини изоҳламади.

Тожикистонлик аёллар мамлакатда ишсизликдан қийналиб яшагандан кўра, Арабистонда ишлаб қайтишга бажонидил рози эканларини, бироқ хавфсизлик масаласида бир оз шубҳаланаётганларини айтишди.

- Агар бораётган аёллар хавфсизлигини тўла таъминлашса, мен ҳам борган бўлар эдим. Чунки шу кеча-кундузда олаётган маошимиз энг зарур нарсаларга ҳам етмаяпти. Менинг эшитишимча, у ерда 10 минг, 15 минг долларгача маош бераркан. Бу биз учун жуда катта пул. Уйсиз юрган аёлларимиз, ёшларимиз кўпчилик. Агар барча шароитлар яратилсаю, аёлларимиз бориб ишлаб келишса, жуда кўп муаммоларимиз ҳал бўлган бўларди, дейди ўзини Муборакхон деб таништирган суҳбатдошимиз.

Аснода соҳа бўйича мустақил таҳлилчилар Саудия Арабистонига 35 ёшдан юқори бўлган фуқаролар юборилиши жамият учун фойдадан холи эмас, дея мулоҳаза билдиришмода.

Чунки, таҳлилчиларга кўра, ҳаётда кам тажрибага эга бўлган ёшларни мусулмон давлатларда турли диний-экстримистик гуруҳлар домига тортиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
XS
SM
MD
LG