Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:37

Чақалоқ сотган шифокор қамалди


Сўғд вилоятида янги туғилган чақалоқларни сотиш ҳолатлари кузатиляпти.
Сўғд вилоятида янги туғилган чақалоқларни сотиш ҳолатлари кузатиляпти.

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида янги туғилган чақалоқни сотишга ҳаракат қилган шифокор ҳибсга олинди. Сўғд вилоят Ички ишлар бошқармасига кўра, вилоят касалхонаси гинекология бўлими раҳбари Раъно Турсунова чақалоқларни 3 минг АҚШ долларидан сотиш билан шуғулланган.

Сўғд вилоят Ички ишлар бошқармаси тарқатган маълумотда айтилишича, Хўжанд шаҳридаги вилоят касалхонаси гинекология бўлими рахбари Раъно Турсунова янги туғилган чақалоқни сотиш жараёнида қўлга олинган.

Тергов ишини олиб бораётган Тожикистон президенти қошидаги коррупцияга қарши кураш агентлигининг вилоятдаги бўлими раҳбари Жуманазар Рахматовнинг айтишича, Раъно Турсунова ва Хўжанд шаҳрида истиқомат қилувчи Зебо Эшонхўжаева ўзаро тил бириктириб, бола савдосига қўл урганлар.

Раъно Турсунова Ашт туманида яшовчи аёл туққан болани 12 минг сомоний, яъни 3 минг АҚШ долларига сотишга азм қилган. Болафуруш ва харидор айни пайтда Хўжанд Ички ишлар бўлими ҳибсхонасида сақланмоқда.

- Жорий йил феврал ойида Раъно Турсуновага нисбатан пора олиш ва ўз вазифасини суистеъмол қилиш каби моддалар бўйича жинойи очилган эди.

Бироқ Тожикистон президенти 2009 йилда куч ишлатар тизимлари вакиллари билан учрашув пайтида иқтисодий жиноят содир этган одамларни қамамасликни таклиф қилди. Бунинг ўрнига жиноят содир этганлар давлатга етказган зиённи тўлаши керак.

Президентнинг мана шу таклифи ва врач етакчи мутахассис бўлганлиги инобатга олиниб, у вақтинчалик сақлаш изоляторига қамалмади. Бу иш юзасидан тергов давом эттирилди, - деди Жуманазар Рахматов.

Терговчининг айтишича, Раъно Турсунова қонун асосида яшашни афзал кўрмаган. Янги жиноятларга қўл урган. Раъно Турсунова хомиладор аёлни “Фарзандингиз нобуд бўлди”, дея алдаган ва туғилган болани уйига олиб кетган.

Чақалоқни сотиб олмоқчи бўлган Зебо Эшонхўжаеванинг қўшниси Маърифатнинг айтишича, бу оила неча йиллардирки фарзанд тирноғига зор бўлган.

- Бу оилани ҳаёт синовлари анча қийнади. Зебонинг эри Абдусалом оиласи яхши яшаши учун қайғурадиган инсон. Афсуски парвардигор уларга фарзанд ато қилмади. Шунинг учун улар уйида тез - тез жанжал чиқиб турарди. Назаримда мана шу ҳолат Зебони чақалоқни ноқонуний йўл билан сотиб олишга ундаган, - дейди Маърифат.

Сўғд вилоят Ички ишлар бошқармаси маълумотларига мувофиқ, жорий йилда фарзанд сотиш билан боғлиқ ҳолат биринчи марта қайдга олинган.

Маҳаллий кузатувчи Абдурасул Мамадалиевнинг айтишича, бундай салбий иллатларнинг кўпайишига кўпроқ мамлакатдаги ижтимоий аҳволнинг оғирлиги сабаб бўлмоқда.

- Мана шундай даҳшатли воқеалар мамлакат аҳолисининг иқтисодий аҳволи нечоғли эканини кўрсатиб турибди. Бундай воқеани эшитиб, даҳшатга тушади одам. Чунки ўша одамнинг руҳини ҳам, қалбини ҳам ва маънавий оламини ҳам иқтисодий қийинчиликлар кемириб ташлаган. Унинг кўзига чақалоқ, мурғак эмас, балки яшаш учун керак бўлган восита кўринаяпти, холос, - дейди Абдурасул Мамадалиев.

Жиноятга қўл урган одам албатта қонун бўйича жазоланиши ва жиноятчи қамоқда ўтириши керак, деган респондентлар ҳам кам эмас.

- Мен адолат ва шафқат тарафдориман. Қинғир йўлга кириб кетганлар тузалиши учун имкон бериш керак, албатта. Лекин жиноят жазоланмаса, у иккинчи жинояга қўл уради. Айтайлик, врачга жазо сифатида катта жарима қўйилди. Ойлиги атиги 120-150 сомон (27- 34 АҚШ доллари)ни ташкил этадиган врач 10000 АҚШ доллари миқдоридаги жаримани қандай тўлайди. Йўли фақат битта, пора миқдорини кўпайтиради, мўмай пул топишнинг янги йўлларини қидиради, - дейди таҳлилчи Мирзоумар Мирзоев.

Маҳаллий таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, мамлакатда оналик ва болаликни ҳимоя қилиш каби дастурлар ўтмишда қолиб кетган. Республика ҳукуматининг 2009 йил феврал ойида қабул қилган қарорига биноан кўп болали ва янги туғилган болаларга бериладиган моддий ёрдам миқдори қисқартирилган. Эндиликда кам таъминланган ва кўп болали оилаларга ҳар ойда илгариги 80 сомоний (20 АҚШ доллари) ўрнига, 20 сомоний (5 АҚШ доллари) миқдорида моддий ёрдам берилади холос.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили вилоятда бола сотиш билан боғлиқ олтита жиноят содир этилган. Сотилаётган болаларнинг икки нафари бир ҳафталик чақалоқлар бўлган.
XS
SM
MD
LG