Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:18

Тожикистонда бензин қимматлади


Тожикистонда шу кунда бензин нархи қарийб 1 долларга етди.
Тожикистонда шу кунда бензин нархи қарийб 1 долларга етди.

Сўнгги уч кун ичида Тожикистонда бензин нархи 35 фоизга ошиб, бир литр бензин баҳоси 1 АҚШ долларига етиб қолди. Тожикистонлик расмийлар бунинг сабаблари ҳақида аҳолига етарлича маълумот бермаётгани туфайли кўпчилик буни яна Ўзбекистонда вагонлар ушлаб қолиниши билан боғламоқда.

Давлат идоралари ва ёқилғи сотиш шаҳобчаларида бунга етарлича изоҳ берилмаётгани туфайли тожикистонлик ҳайдовчилар бензиннинг қимматлаб кетганини турлича талқин қилишмоқда.

Кўпчилик республика ёқилғи қўйиш шаҳобчаларида бензин нархининг кескин кўтарилиб кетишида Ўзбекистонни айбламоқда.

- Эрталаб заправка қилдим, бир литр бензин тўрт сомонийга чиққан, тозароқ бензинлар тўрт сомоний йигирма дирам (тақрибан 95 цент - таҳр.). Харажатларимиз қопламаяпти, лекин иложимиз қанча – мажбурмиз, тирикчилик учун қимирлаб турибмиз, дейди Ҳисор туманида яшовчи шахсий такси ҳайдовчиси Аслиддин Нуров.

“Сабабини билмадингизми, нега қимматлабди?” сўраймиз бошқа бир ҳайдовчидан.

- Мана, Ўзбекистонда қанчадан қанча вагонларимиз ушлаб турилибди-ку. Шофёрлар орасида шундай гапки, Россия Газпромининг Тожикистонга келаётган 290-296 та вагони ҳам Ўзбекистонда турибди. Агар ўшалар келса, сал арзон бўлади, дейишаяпти, дейди душанбелик Мурод ака.

“Бошқа сабаблари ҳам бормикин, эшитмадингизми? Россия ташқарига экспорт қиладиган бензин учун давлат солиғини кўтарган эмиш, эшитмадингизми бу борада?” дея саволга тутамиз суҳбатдошимизни.

- Йўқ, бундан хабарим йўқ. Бирорта расмий хабар берилгани ёки газеталарда бу борада ёзганини кўрмадим, дея жавоб берди Мурод ака.

Шундан сўнг Душанбе шаҳридаги бир нечта ёқилғи қўйиш шаҳобчаларига ҳам бош суқиб, масъул кишилардан бензиннинг қимматлашгани асл сабабларини ўзларидан эшитишга уриндик. Аммо, афсуски, бу борада улардан жўяли бир жавоб тополмадик.

Шаҳарнинг Исмоил Сомоний туманидаги ёқилғи қўйиш шаҳобчаларидан бирида ишлайдиган Олга исмли аёл ўзининг оддий ишчи эканини,бу борада ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтди.

Шу билан бирга у мазкур шаҳобча хўжайини билан телефон орқали боғланишимизга кўмаклашишдан ҳам бош тортди.

Аснода Тожикистон ҳукумат расмийлари бензин нархининг қимматлагани сабаблари оммага тушунтирилаётгани иддао қилмоқдалар.

Тожикистон Монополияга қарши кураш давлат агентлиги раиси Омонулло Ашуров бензин қимматлашгани сабабларини Россия томон жорий йил 1 майидан бензинга давлат солиғини тахминан 15 фоизга оширгани билан изоҳлади.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, Тожикистон Россиядан ташқари Ўзбекистон ва Туркманистондан ҳам бензин импорт қилади. Аммо бу мамлакатларда бензинга давлат солиғини ошириш борасида бирор ўзгариш кузатилмайди.

Омонулло Ашуров ёқилғи тақчиллиги ортидан мамлакатда бензин чайқовчилиги авж олиб кетмаслиги учун расмийлар турли чора-тадбирларни амалга ошираётганини ҳам қайд этди.

- Ҳозир ҳукумат қошидаги давлат моддий заҳиралари агентлиги ёқилғи давлат заҳираларини сотувга олиб чиқарган. Бу заҳиралар барча солиқ турларидан озод қилинган ва у тижоратчилар мамлакатга олиб кираётган бензин нархидан 30 фоиз арзонроқ сотилиши керак. Лекин, афсуски, жойларда айрим шахслар қулай фурсатдан фойдаланиб, бу заҳираларни ҳам ўша шахсий шаҳобчаларидаги нархда пуллашмоқда. Мен Тожикистон Ички ишлар вазирлиги, туманлардаги солиқ қўмиталари масъуллари бундай қонунбузарликнинг олдини олиш борасида чора-тадбирлар кўриши зарур, деб ўйлайман дея таъкидлади монополияга қарши кураш агентлик расмийси Ашуров.

Айни пайтда, мустақил кузатувчиларга кўра, Тожикистонда рўй бераётган воқеа ҳодисалар ҳақида - хоҳ у табиий офат бўлсин, хоҳ озиқ-овқат, ёқилғи ва бошқа шу каби маҳсулотларга нархларнинг ошиши бўлсин - давлат расмийлари кенг оммага ўз вақтида маълумот етказиб бермаётгани ортидан тожик жамиятида Ўзбекистон ҳукумати ва у юргизаётган сиёсатга нисбатан нафрат кучаяётгани кузатилмоқда.

Бундан манфаат кўраётган ташқи ёки учинчи кучлар, мустақил таҳлилчи Рашид Ғани Абдулло фикрича, халқ орасида турли ваҳимали гапларни тарқатиб, икки қўшни давлат муносабатларининг янада кескинлаштиришга уринмоқдалар.

Бундан уринишлар ортидан, таҳлилчига кўра, ўтган 15 кун давомида Бишкек, Душанбе ва ниҳоят Америкадага тожикистонликлар Ўзбекистон ҳукуматига эътироз билан чиқдилар.

Бошқа бир таҳлилчи Саймуддин Дўстов фикрича, 10 ва 11 июн кунлари Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Имомали Раҳмон ва Ислом Каримовнинг яккама-якка учрашуви чоғида президентлар ўзаро мавжуд муаммоларни муроса йўли билан ҳал қилиб олишлари зарур.

- Бу ҳар иккала томон учун жуда муҳим ва ҳал қилувчи фурсат, дея таъкидлайди Саймуддин Дўстов.
XS
SM
MD
LG