Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:51

Барака топкурлар даври


Сарвар Усмон
Сарвар Усмон

Ўзбекистон ЭРТАГА ҳуқуқий давлат бўлади. Ҳуқуқий давлатга айланиши биланоқ Қонундан бошқа нарсадан қўрқмайдиган таҳлилчилар пайдо бўлади.


Қўрқмас таҳлилчилар БУГУНГАЧА бўлган вазият таҳлилига киришади.

Улар орасида "айбсизлик презумпцияси" принципини биладиганлар ҳам бўлади.

Бундайлар БУГУНГАЧА ўша принцип қўпол бузилганини эътироф этадилар.

Улар ўз фикрларини исботлаш учун келтирадиган далиллар кўп бўлади.

Далиллардан бири яқинда 6 йилга қамалган тошкентлик журналист Хайрулло Ҳамидову ундан бир ярим ой олдин қамалган жиззахлик йигитларга боғлиқ бўлади ва улар таҳлилчиларни хайрон қолдиради.

Таҳлилчилар чунонам ҳайрон бўладиларки, боиси қуйидаги фактлар замиридадир.

Биринчи факт:

Хайрулло Ҳамидов устидан суд ҳукми 2010 йилнинг 27 майида чиқди.

Ўша куни Тошкент вилоят Жиноят ишлари бўйича суди Хайрулло Ҳамидовни "Жиҳодчилар" диний экстремистик гуруҳига алоқадорликда айблаб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Демак, Ҳамидов 2010 йилнинг 27 майигача айбсиз эди.

(Суд ҳукмининг одил ёхуд одил эмаслиги бошқа масала)

Иккинчи факт:

Хайрулло қамалишидан бир ярим ой муқаддам, 2010 йил апрели ўрталарида Жиззахда 25 киши озодликдан маҳрум этилди.

Жиззахлик маҳкумлар устидан чиқарилган айблов хулосасида уларнинг ихтиёрларида муаллифи Хайрулло Ҳамидов бўлган "Холислик сари" диски бўлгани тўғрисида ёзилади.

Маҳкумларнинг шу ва шунга ўхшаш кўрсатмалари уларни озодликдан маҳрум қилишга асос бўлди.

Бу икки фактни ўрганар экан, ЭРТАГА пайдо бўладиган, Қонундан бошқа ҳеч нарсадан қўрқмайдиган ўзбекистонлик Янги Таҳлилчилар "ахир жиззахлик 25 йигитни қамаш учун қандай қилиб Хайрулло Ҳамидову унинг "Холислик сари" эшиттириши асос бўлсин, ахир апрелнинг ўртасида Хайрулло расман айбсиз эди-ку?!" деб ҳайқирадилар, бошларини тошларга урадилар, бошлари билан тошларни ёрадилар.

"Айбсизлик презумпцияси қаерда эди?!" деб қон йиғлашади.

*

Шу ўринда бир латифа:

Тошкентнинг Отчопар бозорига текин киришни тўхтатишибди.

Кириш ҳақи - тепки.

Эшикбонлар бозорга кирадиган ҳар бир харидорнинг кетига бир мартадан тепармиш.

Бозорга 6 та эшикдан кирилар, лекин 3 тагина эшикдан чиқилармиш.

Бунинг устига киришда думбанинг бир томонига бир мартадан тепар бўлсалар, чиқишда икки мартадан – думбанинг ҳар икки палласига тепармишлар.

Табиийки, бундай вазиятда эшиклар олдида одам кўпаяди.

Ғала-ғовур, тўполон-тўс, иссиқдан одамларнинг кўнгли кетаяпти...

"Бозорим битганига 3 соат бўлди, ҳалиям чиқолмаяпман", деб зорланса бир жувон олдинга интилар экан, бошқаси "Шошилманг, ейсиз ўша тепкини думбачангизга, тепкиталаб бўлмай ордона қолсин", деворибди.

Бўпти жанжал, бўпти жанжал...

Жанжал каттайиб умумбозор миқёсига чиқай, деб турган сонияда давангирдай бир тошкентлик оқсоқол бошидан духоба дўпписини ўнг қўли билан олиб, уни сўл қўлига "тарс" уриб қоқдида, эшитса қўрққанидан айиқ сийиб қўядиган овоз билан эшикбонларга қараб ҳайқирди:

- Э, кўтлар...

Шу сўз оғзидан чиқиб кетиши биланоқ оқсоқолнинг тили бир сонияга тутилди. Бир зумлик бу тутилишни на эшикбонлар, на тепкисини кутиб турган тумонат одам илғади.

Одатда, бир сония вақт, вақт эмасдек кўринади. Лекин ўша биргина сония ичида:

она чинқираб йиғлаётган чақалоғини оғзига мамма солиб юпатишга;

бўйдоқ туз сўраб чиққан қўшни қизнинг нақш олма ёноғидан битта ўпич узиб олишга;

овчи ўлжасини мўлжаллаб милтиғининг тепкисини босишга улгуради.

Бир сониягина вақт ичида дафъатан уйғонган Исённи ўша сониянинг ўзидаёқ сўндиришга улгуриш мумкин.

Оқсоқол ҳам улгурди юрагини ўйнатиб, тиззаларини қалтиратиб, иликларини бўшаштириб юборган Исёнини сўндиришга ва бир сония, биргина сония аввал бошлаган ҳайқириғини овозини янада даҳшатлироқ оҳанглар билан безаб давом этттирди:

...га тепарларни кўпайтириб қўйсангла бўмийдими, барака топкурлар?!

Бутун Отчопар бирдан сув қуйгандай жимиб қолди.

Ва яна бирдан бутун Отчопар ўнг қўлини мушт қилиб кўтарди ва ҳайқира бошлади: "Тепарларни кўпайтир!
Тепарларнини кўпайтир! Те-пар-лар-ни кў-пай-тир!"...

*
Латифамиз бош қаҳрамонининг ҳам, Отчопар аҳлининг ҳам на Хайруллонинг ишидан, на жиззахлик 25 йигитнинг кўргиликларидан хабари бор.

Агар хабари бўлганида эди, тошкентлик оқсоқол оппоқ соқолини силаб туриб айтган бўларди:

- Барака топкурлар, халқ душманларини тергов-пергов, суд-пуд деб, мелисалару прокурорлару судларнинг қимматли вақтини олиб, давлатнинг пулини кўкка совуриб ўтирасанларми, Сталин бовадай тройка тузгинда, кес-қўй!

Бутун Отчопар ҳам оқсоқолни қўллаб-қувватлаган бўларди.

Лекин ҳукумат анойи эмас. Бундай провокацияларга учмайди, алданмайди.

Қонунни бузганлар фақат ва фақат Суд қилиниши керак.

Чунки Ҳукумат Ҳуқуқий Давлат қурмоқчи.

Мана, 18 йил, 9 ой, 8 кундан бери тинмай қуриб келаяпти Ҳуқуқий Давлатни.

ЭРТАГА қуриб битказадилар.

Фақат "ЭРТАГА"ни ушбу матнни ўқиётганингиз куннинг эртаси, деб тушунманг.

Зеро "ЭРТАГА" – кенг тушунча.

Ҳар бир Куннинг ўз Эртаси бор.

Худонинг Эртаси кўп.
XS
SM
MD
LG