Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:02

Тошкентда ШҲТ саммити бошланди


2010 йилнинг 10-11 июн кунлари Ўзбекистон пойтахтида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг саммити бўлиб ўтади. ШҲТ лидерлари анжуманининг асосий мавзуси Евросиё қитъасидаги хавфсизлик масаласи бўлиши кутилмоқда.

Тошкент саммитида асосий эътибор, хусусан, Афғонистон ва Қирғизистондаги вазиятга қаратилади. Бу ҳақда ШҲТ бош котиби Муратбек Иманалиев Хитойнинг Синхуа агентлигига билдирган.

- ШҲТ минтақадаги хавфсизликни таъминлашда катта рол ўйнаган, ўйнаяпти ва бундан буён ҳам ўйнайди, деди Муратбек Иманалиев.

2001 йилда НАТОга муқобил ташкилот ўлароқ тузилган ШҲТга Россия, Тожикистон, Хитой, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон аъзо бўлиб ҳисобланади. Мўғулистон, Покистон, Эрон ва Ҳиндистон ШҲТда кузатувчи мақомига эга.

2010 йилда ШҲТга Ўзбекистон раислик қилаётгани учун ташкилотга аъзо мамлакатлар лидерларининг ўнинчи саммити бу гал Тошкентда ўтади. Унга ШҲТга аъзо ва ташкилотда кузатувчи мақомига эга давлат раҳбарлари ва делегацияларидан ташқари Афғонистон ва Туркманистон президентлари ҳамда БМТ, МДҲ, Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари ассоциацияси, КҲШТ, Евросиё иқтисодий ҳамкорлиги каби ШҲТга ҳамкор ташкилотлар вакиллари меҳмон сифатида қатнашиши кутилмоқда.

Жаҳон ахборот агентлигининг хабар қилишича, Тошкент саммити якунида бир қатор муҳим ҳужжатлар, жумладан, “ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг ўнинчи йиғилиши декларацияси, Ташкилотга янги аъзоларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом ва ШҲТ процедуралари қоидалари қабул қилиниши режалаштирилмоқда”.

- Биз ШҲТга кирмоқчи бўлган мамлакатлар ташкилотимизни ҳар томонлама, айниқса, хавфсизлик, барқарорлик, иқтисодий ва маданий тараққиётни таъминлаш каби мураккаб йўналишларда мустаҳкамлашини истардик, бу биз учун ўта муҳим, деди ШҲТ бош котиби Муратбек Иманалиев.

Тошкент саммитига Қирғизистон делегацияси мамлакат ташқи ишлар вазири Руслан Қазақбаев бошчилигида келадиган бўлди. Яна хабар қилинишича, саммитда Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод ҳам қатнашмайди.

Аснода Тошкент саммитининг юқори даражадаги меҳмонлари бирин-кетин Ўзбекистон пойтахтига келмоқдалар. Хусусан, ШҲТ саммити ва давлат ташрифлари доирасида 9 июн куни Тошкентга Хитой Халқ Республикаси раиси Ху Цзинтао ҳамда Мўғулистон Республикаси президенти Цахиагийн Элбэгдорж келди.

Икки кун давом этадиган ШҲТнинг навбатдаги саммитини 300 га яқин чет эллик, 200 чоғли маҳаллий журналистлар ёритиши хабар қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG