Линклар

Шошилинч хабар
10 апрел 2021, Тошкент вақти: 16:57

Халқаро хабарлар

Жаҳон чемпионатига старт берилди


Бугун Жанубий Африка Республикасида футбол бўйича Жаҳон чемпионати баҳсларига старт берилди.

11 июндан 11 июлга қадар давом этадиган чемпионатда жами 32та миллий терма жамоа жаҳоннинг энг нуфузли мукофоти учун ўзар кураш олиб борадилар.

Жаҳон чемпионатининг дастлабки баҳси мезбон Жанубий Африка Республикаси ва Мексика терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтмоқда. Жаҳон чемпионатининг илк ўйинига ҳакамлик қилиш шарафи ўзбекистонлик рефери Равшан Эрматовга насиб қилди.

Бу футбол бўйича Африка қитъасида ўтаётган биринчи дунё чемпионатидир. Халқаро футбол федерациялари уюшмаси, FIFA президенти Сепп Блаттер бу чемпионат Африкани рағбатлантириши ва дунёга катта қувонч бағш этишига умид билдирди.

Кун янгиликлари

Арманистон Озарбайжонни сулҳ битимини бузишда айблади

Арманистон Озарбайжонни Россия воситачилигида имзоланган сулҳ битимининг муҳим шартини бузишда айблади.

Расмий Ереваннинг иддао қилишича, Боку ўтган йили Тоғли Қорабоғда содир бўлган тўқнашувлар давомида асир олинган арман аскарлари ва тинч аҳоли вакилларини озод қилиш ваъдасини бажармаяпти.

9 апрель куни бош вазир ўринбосари Тигран Авинян Facebookда «Афсуски, маҳбусларни қайтариш яна кечикмоқда», деб ёзди.

"Россия воситачилигидаги музокаралар давом этмоқда ва биз Озарбайжон томони 2020 йил ноябрида имзоланган сулҳ битимини ниҳоят ҳурмат қилиб, Тоғли Қорабоғ ва унинг атрофида Арманистон ва Озарбайжон кучлари ўртасида олти ҳафтадан бери давом этаётган жангларга чек қўяди, деб умид қиламиз", дея қўшимча қилди Авинян.

Озарбайжон расмийлари ҳали бу айбловни изоҳлагани йўқ.

Бундан бир кун олдин Арманистон ҳукумати вакиллари бир гуруҳ уруш асири ватанига қайтарилишини маълум қилган эди.

Москвада Навальний ҳимоясига ўтказилган митинг қатнашчиси 3 йилга қамалди

Москва суди 31 январь куни мухолифат раҳбари Алексей Навальний ҳимоясига ўтказилган митинг давомида полиция ходимига ҳужум қилганликда айбланган шахсни 3 йилга озодликдан маҳрум қилди.

9 апрель куни Мещанский туман суди Павел Грин-Романовни намойишчиларни тарқатиш пайтида полиция ходимига қарши қалампир пуркагич ишлатишда айбдор деб топди.

Грин-Романов «қисман айбдор» эканини тан олган. У қалампир пуркагични полицияга қарата пуркагани тан олган, аммо хотинини ҳимоя қилиш учун бундай қилганини айтган.

Прокуратура судланувчига саккиз йиллик қамоқ жазоси берилишини сўраган эди.

Грин-Романов сўнгги ҳафталарда Кремлнинг ашаддий танқидчиси Навальний ҳибсга олинишга қарши умуммиллий намойишлар пайтида полицияга ҳужум қилгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилинган бир неча россияликнинг биридир.

Навальний заҳарлангани ортидан муолажа олган Германиядан шу йил 17 январида Москвага қайтиб келиши биланоқ қўлга олинганди. 2 февраль куни Россия суди мухолифатчига нисбатан аввалроқ чиқарилган шартли жазони ҳақиқий қамоқ жазосига алмаштирди ва уни 2,5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Бишкекда никоҳ учун ўғирланган қиз ўлими ортидан ўнлаб милиция ходими жавобгарликка тортилди

Қирғизистон пойтахти Бишкекда 5 апрель куни куппа-кундуз никоҳ учун ўғирлаб кетилиб, икки кундан кейин ўлик ҳолда топилган Айзада Қанатбекова иши бўйича прокуратура расмий тергов ишини очди.

Ички ишлар вазирлиги эса Қанатбекова ўғирланиши ва ўлдирилиши бўйича дастлабки расмий текширув натижаларини маълум қилди. Вазирлик баёнотига кўра, ички ишлар идораларининг ўнлаб ходими лавозимидан четлатилган ёки ҳайфсан олган.

Хусусан, Ички ишлар вазирлигининг буйруғи билан Бишкек шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Бақит Матмусаев, унинг ўринбосари Эрлан Атантаев, Бишкек шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Тергов хизмати бошлиғи Нурлан Утемисов ва бошқалар ишдан бўшатилган.

27 ёшда бўлган Қанатбекованинг қариндошлари у ўғирлаб кетилганидан кейин милиция бепарво бўлганини айтмоқдалар.

Қанатбекова ва уни шериклари билан бирга ўғирлаб кетгани тахмин қилинаётган эркакнинг жасади икки кун ўтгач чўпон томонидан топилган.

NEXTA Live: Россия ҳарбийлари Украина билан чегарада лагер ташкил қилди

Донецк вилоятига қарашли Авдеевка шаҳри яқинидаги украин аскари - 5 апрель, 2021

Россия ҳарбийлари Воронеж вилоятининг Украина билан чегарага яқин ҳудудида лагер ташкил этган. Бу ҳақда NEXTA Live Telegram канали хабар қилди.

Хабарда айтилишича, маҳаллий аҳоли ҳарбийлар «турар-жой бинолари ёнидаги далада» ўрнашгани ҳамда «ўрмонни зирҳли транспортёрлар ва юк машиналари билан вайрон қилаётганидан» шикоят қилган.

NEXTA Live хабарига Россия ҳарбий техникаси акс этгани айтилаётган суратлар илова қилинди.

Россия ва Украина чегарасига қанча ҳарбий сафарбар қилингани номаълум. АҚШ манбаларига кўра, Россия ҳудудга тўрт мингга яқин ҳарбийни юборган. Украина армияси ҳисобларига кўра, чегара яқинидаги рус ҳарбийлари сони 5 мингга яқиндир.

Украина Бош штаби бошлиғи Руслан Хомчак Москвани «стратегик машғулотларга тайёргарлик ниқоби остида» Украина – Россия чегараси яқинида ҳарбий қўшинлари сонини оширишда айбламоқда. Унинг сўзларига кўра, Россия Ростов, Брянск ва Воронеж вилоятлари ҳамда Қримга ҳарбий қисмларни юборган.

Аввалроқ NEXTA Live канали Беларусь – Украина чегарасида Беларусь ҳарбийлари ва ҳарбий техникаси пайдо бўлгани ҳақида хабар берган эди.

Санкцияларга учраган Россия ва Беларусь валюталари кескин қадрсизланди

Россиялик аёл валюта айирбошлаш шаҳобчаси олдида - Москва, 9 март, 2021.

Бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлган Россия ва Беларусь валюталари бир-бирига боғлиқ бўлмаган сиёсий ва дипломатик муаммолар фонида кескин қадрсизланди.

7 апрель куни Россия рубли АҚШ долларига нисбатан беш ойда қайд этилган энг паст кўрсаткичга тушди.

Айни кунда Беларусь рубли ҳам антирекорд ўрнатди: 1 доллар нархи 2,66 рублга кўтарилди.

Ҳар икки мамлакат ўз раҳбарларининг авторитар сиёсатлари учун Ғарб давлатлари томонидан жорий қилинган санкциялар, қора рўйхат ва бошқа жазо чоралари туфайли иқтисодий қийинчиликларга юз тутган.

Россия президенти Владимир Путин мухолифат етакчиси Алексей Навальний заҳарлангани ва қамалгани учун халқаро босимга учради.

Беларусни 1994 йилдан буён бошқариб келаётган Александр Лукашенко эса ўтган йилнинг август ойида бўлиб ўтган баҳсли сайловлар ортидан бошланиб кетган намойишларни аёвсиз бостиргани учун кескин танқид ва санкцияларга йўлиққан.

Меркель Путинни украин чегараси яқинидан Россия қўшинларини олиб кетишга чақирди

Ангела Меркель ва Владимир Путин - Берлин, 9 январь, 2020.

Германия канцлери Ангела Меркель пайшанба куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатлашиб, уни Россия қўшинларини Украина чегараси яқинидан олиб кетишга чақирган. Бу ҳақда канцлер матбуот хизмати маълум қилди.

Расмий баёнотга кўра, икки раҳбар Босния, Ливия ва Суриядаги вазиятни ҳам муҳокама қилган. Шунингдек, суҳбат давомида айни дамда Владимир вилоятидаги колонияда очлик эълон қилган Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний масаласи ҳам кўтарилган.

Кремль ҳам учрашув ҳақида баёнот эълон қилди, аммо унда Россиянинг Украина билан чегарадош ҳудуддаги қўшинлари тилга олинмади.

Шундай бўлса-да, Кремль баёнотида Навальний исми тилга олинди. «Федерал канцлер томонидан кўрсатилган қизиқиш туфайли А. Навальний билан боғлиқ вазиятга тўхталиб ўтилди», дейилади Кремль баёнотида.

Британия қироличасининг турмуш ўртоғи шаҳзода Филипп оламдан ўтди

2020 йил ноябрида қиролича Елизавета ва Филипп турмуш қурганларининг 73 йиллигини нишонлашган эди.

Буюк Британия шаҳзодаси, Эдинбург герцоги Филипп 99 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда Букингем саройи хабар тарқатди. Филипп Буюк Британия қироличаси Елизавета II нинг турмуш ўртоғи ва валиаҳд шаҳзода Чарльзнинг отаси эди.

Шаҳзода Филипп Глугсбурглар династияси хонадонида дунёга келган, Греция ва Дания шаҳзодаси унвонига эга бўлган. У Греция қироли Георг I нинг ўғли ва қирол Константин I нинг жияни эди.

Елизавета II нинг турмуш ўртоғи Дания қироли Кристиан IX, Англия қироличаси Виктория ҳамда Чор императорининг рафиқаси Александра Фёдоровна ва император Николай I билан қариндошлик ришталари орқали боғланган.

Филипп Иккинчи жаҳон урушида қатнашган, Британия ҳарбий денгиз флоти таркибида жангларда, шунингдек, Япония капитуляцияси актининг имзоланишида иштирок этган эди. Ўзига тўртинчи авлод орқали сингил бўлган Елизавета билан у 1947 йилда турмуш қурган. Уйланишидан аввал ўзининг немисча фамилияси ҳамда православ динини ўзгартириб, Англикан черковига кирган.

Рафиқаси Британия тахтига ўтириши ортидан Филипп ҳарбий хизматни якунлаб, 2017 йилга қадар қироллик хонадонининг ишлари билан шуғулланган. У 22 йил давомида Халқаро от спорти федерацияси, 15 йил Бутунжаҳон ёввойи табиат жамғармаси президенти бўлган.

Британия шаҳзодаси сифатида у юзлаб дунё раҳбарлари, жумладан, Жон Кеннеди, Леонид Брежнев ва Борис Ельцин каби раҳбарлар билан учрашган. У Британия, Австралия, Янги Зеландия қўшинларининг юксак мартабали зобити эди. Қироллик оиласи мансуби сифатида юзлаб давлатларнинг юксак орденлари билан тақдирланган эди.

2020 йил ноябрида Елизавета ва Филипп турмуш қурганларининг 73 йиллигини нишонлашган эди. Шу йил бошида Филипп шифохонага ётқизилган ва бир ойга яқин муолажа олган эди. У 100 ёшга тўлишига икки ой қолганда оламдан ўтди.

Россия Словакиядан «Спутник V» вакциналарини қайтаришни талаб қилди

«Спутник V» вакцинаси

8 апрель куни «Спутник V» вакцинасини тарғиб қилувчи Россия Тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси (РФПИ) Словакияга юборилган вакцина дозалари қайтарилишини талаб қилди. Бунга Словакия Дори-дармонларни назорат қилиш идораси мамлакатга юборилган дозалар Европа Дори-дармон агентлиги кўриб чиқаётган вакцинадан фарқ қилишини маълум қилгани туртки бўлди.

Братислава ва Москва тортишуви рус вакцинасини Европа бўйлаб тарқатиш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар учун навбатдаги зарба бўлди.

«Спутник V» вакцинаси Европа дори-дармон агентлиги (EMA) томонидан маъқулланмаган бўлса-да, Словакия ва Венгрия рус вакцинаси билан аҳолини эмлашга қарор қилган. Бошқа бир қатор Европа Иттифоқига аъзо давлат ҳам рус вакцинасидан фойдаланишга изн бериш ҳақида ўйламоқда.

Словакия Дори-дармонларни назорат қилиш идораси рус вакцинаси самараси ва хавфсизлиги ҳақида саволлар борлигини, шунингдек, Словакияга юборилган дозалар Европа дори-дармон агентлигига текширув учун юборилган дозалардан фарқ қилишини билдирди.

Бунга жавобан Россия Тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси Словакияни «саботаж» ва «дезинформация кампаниясида» айблаб, юборилган вакциналарни қайтиб беришни талаб қилди.

Bloomberg: АҚШ россиялик дипломатларни бадарға қилишга ва янги санкция жорий қилишга ҳозирлик кўрмоқда

Вашингтон. Оқ Уй.

Москва Вашингтонга қарши амалга оширган хакерлик ҳужумлари ва АҚШ сайловларига аралашувига жавобан АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти россиялик дипломатларни мамлакатдан чиқариб юбориш ва янги санкцияларни жорий қилиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Bloomberg нашри ўз манбаларга таянган ҳолда хабар берди.

Агентлик маълумотларига кўра, Оқ уй Москванинг тахмин қилинаётган душманлик ҳаракатлари ва Solar Winds компанияси томонидан ишлаб чиқилган дастурий таъминот ёрдамида давлат идораларига қилган хакерлик ҳужуми тўғрисидаги маълумотларни ўрганиб чиққан.

Агентлик манбаларидан бири сўзларига кўра, АҚШнинг бу ҳаракатларга жавоби Владимир Путинга яқин шахсларга, шунингдек, сайловларга аралашув кампаниясига алоқадор амалдорларга қарши санкцияларни ўз ичига олиши мумкин. Бундан ташқари, манба Россиянинг «дипломатик ниқоб ортида ишлайдиган разведка ходимларини» бадарға қилиш чораси ҳам кўриб чиқилаётганини айтган.

Байден президентлик курсисига ўтириши биланоқ Россиянинг душманлик ҳаракатларини ўрганиб чиқишни буюрган эди. Тергов тўрт йўналишда олиб борилган: хакерлик ҳужуми, Афғонистондаги америкалик аскарларга қарши душманлик ҳаракатлари, сайловларга аралашув ва мухолифат раҳбари Алексей Навальнийнинг заҳарланиши.

Март ойининг ўрталарида АҚШ разведка агентликлари Россиянинг 2020 йилги АҚШ президентлик сайловларига аралашуви тўғрисида ҳисобот эълон қилганди.

Бунинг ортидан Байден ABC News телеканалига берган интервьюсида Путин президентлик сайловларига аралашгани учун «жавоб беришини» айтди.

Европа Дори-дармон агентлиги «Спутник V» вакцинаси клиник синовларини текширади

Россиянинг «Спутник V» вакцинаси.

Европа Дори-дармон агентлигини Россиянинг «Спутник V» вакцинаси бўйича ўтказилган клиник синовларни ва ушбу синовлар қоидаларга риоя қилинган ҳолда ўтказилгани ёки йўқлигини текширади. Бу ҳақда Financial Times газетаси хабар бермоқда.

7 апрель куни газета агентликнинг тасдиқлаш жараёни билан таниш бўлган манбаларга таянган ҳолда «Спутник V» умумий фойдаланиш учун маъқулланишидан олдин қай йўсинда синалгани ҳақида ахлоқий хавотирлар мавжудлигини хабар қилди.

Мақолада эътироф этилишича, вакцина Европа Иттифоқида тасдиқланиши қисман Россияда ўтказилган клиник синовлар GCP деб номланувчи стандартларга мос келиш-келмаслигига боғлиқдир.

«Спутник V» ўтган йилнинг август ойида барча вакциналар, шу жумладан, бошқа COVID-19 вакциналари ўтадиган тўлиқ синовлардан ўтмаганига қарамай, Россияда фойдаланиш учун тасдиқланган эди.

Февраль ойида Буюк Британияда чоп этиладиган нуфузли The Lancet журналида чоп этилган тадқиқотга кўра, рус вакцинаси коронавирусга қарши бошқа асосий вакциналардек самаралидир.

Толибон Афғонистондаги халқаро қўшинларга ҳужум уюштирганини иддао қилди

Толибон жангарилари.

Толибон жангари гуруҳи матбуот котиби ўз аъзолари Афғонистон жанубида халқаро қўшинлар жойлашган ҳаво базасига ҳужум қилганини иддао қилди.

Агар бу иддао тасдиқланса, мазкур ҳужум Толибон АҚШ билан 2020 йил февралида шартнома имзолагандан бери хорижий кучларга қарши амалга оширганини тан олган биринчи хуруж бўлади.

Толибон вакили Twitter платформасида 7 апрель куни НАТО миссияси доирасида сафарбар қилинган халқаро қўшинлар жойлаштирилган Қандаҳор ҳаво базаси «кўплаб ракета билан нишонга олингани» ҳақида ёзди.

«Ракеталар нишонларга бориб урилиб, ўлим ва моддий йўқотишларни келтириб чиқари», дея қўшимча қилди жангари гуруҳ вакили.

АҚШ ҳарбийлари ҳам, НАТО ҳам бу иддаони ҳали изоҳлагани йўқ.

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп маъмурияти даврида тузилган АҚШ – Толибон сулҳига биноан, жангари гуруҳ халқаро қўшинларга қарши ҳужумларни бутунлай тўхтатиши керак.

Шунингдек, барча хорижий қўшинлар жангари гуруҳ томонидан ваъда қилинган хавфсизлик кафолатлари эвазига Афғонистонни 1 майга қадар тарк этиши керак.

Байден АҚШдаги қурол зўравонлигига қарши чора кўрмоқчи

АҚШ президенти Жо Байден.

8 апрель куни АҚШ президенти Жо Байден ўз маъмурияти қурол зўравонлигини чеклаш бўйича кўришни режалаётган илк қадамларини эълон қилади.

Маъмурият кўрадиган чоралар орасида аҳоли ўзи ясайдиган ва кузатиб бўлмайдиган «арвоҳ қуроллар» тарқалишини чеклаш бўйича чора-тадбирлар бор.

Бундай қуроллар ҳозирда ўқотар қурол ўлароқ назорат қилмайди. Яъни, уларни харидор ўтмишини текширмай сотиш мумкин.

Шунингдек, судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига жамият учун хавф туғдирадиган шахслардан ўқотар қуролларни тортиб олиш имконини берадиган қонун жорий қилинади.

Қурол-яроғ назорати АҚШда мунозарали мавзу. Мамлакат Конституциясига киритилган иккинчи тузатишига биноан, барча фуқаролар қуролга эгалик қилиш ҳуқуқига эга.

Яқинда Жоржия ва Колорадо штатларида содир бўлган икки оммавий отишмада 18 киши нобуд бўлди.

АҚШ фаластинликларга 235 миллион доллар ёрдам ажратади

Фаластин ҳудудига Исроил ракетаси отилганидан кейинги манзара.

АҚШ фаластинликларга БМТ орқали 235 миллион доллар ёрдам беради. Собиқ президент Дональд Трамп даврида бундай ёрдам тўхтатилган эди.

АҚШ давлат котиби Антони Блинкен 7 апрель куни эълон қилган баёнотга кўра, Вашингтон БМТнинг Фаластин қочоқларига ёрдам ва Ишларни ташкил этиш бўйича Яқин Шарқ агентлигига (UNRWA) 150 миллион доллар ажратади.

Шунингдек, АҚШ иқтисодий ва ривожланиш соҳасини қўллаш учун 75 миллион доллар, тинчлик ўрнатиш дастурлари учун 10 миллион доллар маблағ ажратади.

Фаластинни озод қилиш ташкилоти Ижроия қўмитаси аъзоси Аҳмад Абу Ҳули АҚШ давлат департаментига ушбу «муҳим ёрдам» учун миннатдорчилик билдиришини айтди.

Исроилнинг АҚШдаги элчиси Гилад Эрдан эса UNRWA дастурини молиялаштириш қарори Фаластинда баъзи ислоҳотлар, шу жумладан, ўқув дастуридан антисемитизм олиб ташланмасидан қабул қилинганини айтиб, эътироз билдирди.

Forbes: Жефф Безос ва Илон Маск жаҳоннинг энг бой одамига айланди. Алишер Усмонов 99-ўринда

Жефф Безос бир йилда 64 миллиард доллар пул топди.

2021 йилда Amazon асосчиси Жефф Безос жаҳон бойлари рейтингида биринчи ўринни эгаллади. Forbes журналининг билдиришича, унинг бойлиги 177 миллиард долларни ташкил қилмоқда. У бир йил ичида 64 миллиард доллар даромад кўрган. Ўтган йили Forbes унинг бойлигини 113 миллиард долларга баҳолаган эди. 57 ёшли Жефф Безос 4 йилдан бери жаҳоннинг энг бой одамлари рўйхатида 1-ўринни эгаллаб келмоқда.

SpaceX ва Tesla ширкатлари асосчиси 49 ёшли Илон Маскнинг бойлиги эса бир йил ичида 24 миллиард долларга ўсган ва у 151 миллиард долларга эгалик қилаётган корчалон сифатида жаҳон бойлари рўйхатининг 2-поғонасини эгаллади.

Louis Vuitton Moët Hennessy компаниялар гуруҳи президенти 72 ёшли Бернард Арно эса 150 миллиард доллар билан учинчи ўринда бормоқда.Француз миллиардерининг бойлиги бир йилда 2 баробарга кўпайган.

Жаҳондаги энг бой одамлар ўнталигидан Microsoft асосчиси Билл Гейтс ( 65 ёшда, 124 млрд доллар), Facebook асосчиси Марк Цукерберг ( 36 ёшда, 97 млрд доллар), Berkshire Hathaway эгаси Уоррен Баффет ( 90 ёшда, 96 млрд доллар), Oracle раҳбари Ларри Эллисон ( 76 ёшда, 93 млрд доллар), Google асосчиси Ларри Пейдж ( 48 ёшда, 91,5 млрд доллар), Google ҳаммуассиси Сергей Брин ( 47 ёшда, 89 млрд доллар) ва Ҳиндистондаги Reliance Industries раҳбари Мукеш Амбани ( 63 ёшда, 84,5 млрд доллар) жой олди.

Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Алишер Усмонов жаҳон бойлари рўйхатининг 99-поғонасини эгаллади. У Россия бойлари орасида 7-ўринда. Усмоновнинг бойлиги 18,4 миллиард долларга баҳоланган. Ўтган йили унинг бойлиги 13,4 миллиард доллар деб қайд этилган эди.

Жаҳон бойлари рўйхатидан жами 2755 миллиардер жой олган. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 660 нафарга кўпдир. Жаҳон бойлари 2021 йилда 13 триллион доллардан кўпроқ бойликка эгалик қилмоқда. 2020 йилда уларнинг умумий бойлиги 5 триллион долларга баҳоланганди.

АҚШ Давлат котиби Россиянинг Озодлик радиосига босим кўрсатаётганидан ташвиш билдирди

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Озодлик радиоси рус хизматига нисбатан Россия ҳукумати “хориж агентлари” қонуни доирасида босим кўрсатаётганидан ташвиш билдирди. Бу ҳақда Давлат департаменти расмий вакили Нед Прайс маълум қилди.

Билдирилишича, Блинкен 6 апрель куни Глобал медиа бўйича АҚШ агентлиги – USAGM раҳбари вазифасини бажарувчи Келу Чао билан учрашган. Учрашувда мустақил халқаро нашрларнинг жаҳонда демократик принципларни олға суришдаги аҳамияти муҳокама қилинган.

Сўнгги ойларда Москва радионинг барча рус тилидаги материалларига “хорижий агент” белгиси қўйилишини талаб қилмоқда. Бу талабни бажармаганларга, жумладан, Америка овози ва Озодлик радиосининг Россиядаги мухбирларига жарима солиниши ёки жиноят иши қўзғатилиши мумкин.

“Бундай талабдан мақсад-мустақил журналистларнинг овозини ўчиришдир”,-дейилади Давлат департаменти расмий баёнотида.

Роскомнадзор сўнгги ойларда Озодлик радиоси рус хизматига мазкур талабни бажармагани учун бир миллион долларга яқин жарима солди.

Озод Европа-Озодлик радиоси раҳбарияти бир неча маротаба радио фаолиятига цензура ва сиёсий аралашув бўлишига йўл қўйилмаслигини билдирган.

AI раҳбари Путиндан Навальнийнинг олдига шифокорни киритишни илтимос қилди

Навальний қамоқхонада 31 март куни очлик эълон қилган.

Amnesty International халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти бош котиби Аньес Калламар Россия президенти Владимир Путинга қамоқдаги мухолифатчи Алексей Навальний олдига “ўзи ишонган шифокор”ни киритиш илтимоси билан мурожаат қилди. Калламар ўз мурожаатида Путинни Навальнийни зудликда қамоқдан озод қилишга чақирган.

Калламар Навальний асоссиз равишда қамалганини ва қамоқда унинг саломатлиги кескин ёмонлашганини алоҳида таъкидлади. Amnesty International раҳбари Россия ҳукумати мухолифатчи Навальнийни “секинлик билан ўлдирмоқда”, деб ҳисоблайди.

Бир неча кун олдин Владимир вилоятининг Покров шаҳрида 2-сонли қамоқхонада сақланаётган Алексей Навальний соғлиғи ёмонлашгани муносабати билан ўз олдига врачни киритишни талаб этиб очлик эълон қилгани айтилган эди.

Навальнийга кўра, унинг отрядидаги 15 кишидан уч киши сил ташҳиси билан касалхонага ётқизилган. Шифокорлар Навальнийнинг тана ҳарорати 38,1 градус эканини ва уни қаттиқ йўтал тутаётганини аниқлаганлар.

5 апрель куни кечқурун Жазони ўташ хизмати Навальний “ўткир респиратор касаллиги” ташҳиси билан қамоқхона касалхонасига ётқизилганини билдирди. Аммо Навальний очликни тўхтатган эмас.

Путин ўзининг яна икки марта президент бўлишига имконият яратувчи қонунни имзолади

Путин 1999 йилдан бери Россияни бошқариб келмоқда.

Россия раҳбари Владимир Путин 5 апрель куни ўзининг яна икки марта президент бўлишига имконият яратувчи қонунни имзолади.

Мазкур қонунга асосан Россия фуқароси икки мартадан ортиқ муддатга президент бўла олмайди. Қонун қабул қилиниши ортидан Путиннинг аввалги иккита президентлик муддати нолга тенглаштирилади ва у 2024 йилда ҳамда 2030 йилда ўтадиган президентлик сайловларида янги қонун асосида ўз номзодини президентликка кўрсатиши мумкин.

Путин айни пайтда иккинчи олти йиллик президентлик муддатини ўтамоқда. 2020 йилнинг январида Конституцияга 68 ёшли Путинни 2036 йилгача ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолишга имконият берувчи ўзгартишлар киритилганди.

Янги қонун Коснтитуцияга киритилган мазкур ўзгартириш доирасида ишлаб чиқилган ва Россия Думаси томонидан тасдиқланган.

Россия мухолифати мазкур ўзгартишга қарши Москвада қатор намойишларни ўтказган. Ҳукумат намойишларни куч ишлатар тузилмалар воситасида тарқатган.

Москвадаги “Левада-Центр” ижтимоий сўров ташкилоти томонидан ўтказилган сўров натижаларига қараганда, ўтган ойда Путиннинг рейтинги россияликлар ўртасида 41 фоизни ташкил қилган.

Қозоғистонда бир кунда коронавирус ва зотилжамдан 20 киши вафот этди

Олмаота манзараси.

Қозоғистонда сўнгги бир сутка ичида 1921 кишида коронавирус аниқланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги 5 апорель куни маълум қилди.

Расман билдирилишича, беморлардан 611 нафари Олмаотада, 368 нафари Нур-Султонда қолганлари эса бошқа вилоятларда аниқланган. Бир кун ичида коронавирусдан ва “коронавируснамо зотилжам”дан 20 киши вафот этган.

Вазирликнинг билдиришича, пандемия бошланган ўтган йилнинг мартидан то шу кунгача Қозоғистонда коронавирсга чалинганлар сони 255минг 28 кишига етди. Улардан 3 110 нафари вафот этди. Шунингдек, “ковиднамо зотилжам”дан 702 киши ўлган.

COVID-19га чалиниш бўйича мамлакат бўйлаб Олмаота етакчилик қилмоқда. Бу шаҳарда вакцуина етарли бўлмагани сабабли ҳозирча фақат чекланган миқдорда эмлаш жараёни ўтказилмоқда. Билдирилишича, икки кун ичида Олмаотада 17 минг одам эмланган.

5 апрель ҳолатига кўра, Қозоғистонда 174 минг 269 киши коронавирусга қарши эмланди.

Қирғизистон ҳукумати Афғонистон қирғизларини қишгача тарихий ватанига кўчириб келмоқчи

Норинга кўчириб келинган помирлик қирғизлар. 2017 йилда олинган сурат.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 4 апрель куни Ўш вилояти Олой туманидаги Талдисув қишлоғига Афғонистоннинг Помир тоғидан кўчириб келинган этник қирғизлар билан учрашди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, бу қишлоқда этник қирғизлар учун уйлар қурилмоқда. Шу кунгача 17 оила учун 11та уй қуриб битказилган.

Шунингдек, Олой туманининг Қашқасув қишлоғида ҳам уйлар қурилмоқда. Бу қишлоққа Афғонистон қирғизларининг қолган қисми кўчириб келиниши режалаштирилган.

Садир Жапаров Памир қирғизларининг барчаси жорий йилнинг қишигача Қирғизистонга кўчсириб олиб келиниши ва уй-жой билан таъминланишини ваъда қилди.

Айни пайтда ҳукумат Афғонистоннинг Помир тоғларидан қанча қирғиз кўчириб олиб келиниши ва бунинг учун бюджетдан қанча пул ажратилгани тўғрисидаги маълумотларни билдирган эмас.

Афғонистон қирғизларини тарихий ватанига кўчириш жараёни 2017 йилда бошланган эди. Ўшанда Норин вилоятига 50 нафар помирлик қирғиз кўчирилган. Ўшанда уларнинг кўпчилиги Қирғизистон фуқаролигини ва уй-жой оломагани ортидан афғонистонга қайтиб кетгани хабар қилинган.

Косово президенти лавозимига 38 ёшли аёл Вьоса Османи сайланди

Вьоса Османи учун 120 депутатдан 71 нафари овоз берди.

Косово президенти лавозимига 4 апрель куни 38 ёшли Вьоса Османи сайланди. Унинг номзоди учун парламентдаги 120 депутатдан 71 нафари овоз берди.

Османи ўтган йилнинг ноябрида Ҳаага суди томонидан ҳарбий жиноятларда айбланган Хашим Тачи истеъфо берганидан бери унинг ўрнига президент вазифасини бажариб келаётган эди.

Османи сайланганидан сўнг президент сифатида сўзлаган илк нутқида Сербия билан муносабатларни қайта тиклашга эътибор қаратишини билдирди.

Айни пайтда Османи Сербия Косова халқидан узр сўраши лозимлигини ва 1998-1999 йиллардаги урушда ҳарбий жиноятларни содир этганларни жазолаши шарт деб ҳисоблайди.

Мазкур урушдан сўнг Косово 2008 йилда Сербиядан мустақиллигини эълон қилган эди. Косово Европа жануби-шарқида жойлашган Болқон ярим оролидаги қисман тан олинган давлат. Унинг мустақиллигини дунёдаги 193 давлатдан 98таси тан олган. Косовода икки миллионга яқин аҳоли яшайди.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг машҳур журналистларидан бири вафот этди

Жарқин Суран қизи Темирбаева.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати – Азаттиқнинг собиқ мухбири Жарқин Суран қизи Темирбаева 3 апрель куни 66 ёшида вафот этди. У ўтган йилнинг октябрида юрагидан операция бўлган эди.

Жарқин Темирбаева собиқ постсовет ҳудудида қамоқда ётган мухолифат лидерларидан яширин йўллар билан интервью олган биринчи журналист эди.

Жарқин Темирбаева Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Ақаев даврида қамалган мухолифат лидерлари Топчубек Тургуналиев ва Феликс Қуловдан қамоқхонадан интервью олиб чиққан. У бунинг учун турли баҳоналар билан қамоқхона раҳбариятидан учрашув учун рухсат олган ва палов пишириб, унинг тагига микрофон ва диктофонни беркитиб, интервью олган.

1990 йилларнинг иккинчи ярмидан то 2010 йилгача Азаттиқ радиосида ишлаган Жарқин Темирбаева қамоқхонадаги аёл маҳбуслар, оддий қишлоқ одамлари, ижтимоий ҳимояланмаган фуқаролар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи мақолалари билан қирғиз жамоатчилигида кенг танилган.

Азаттиқ радиосидан пенсияга чиққан Жарқин Темирбаева Бишкекда “Зиндон” деган газетага асос солиб, гуноҳсиз судланганлар, ўлим жазосига ҳукм қилинганлар ҳуқуқига оид мақолаларни чоп қилиб келган.

Жарқин Темирбаева 2010 йилда “Қирғиз Республикаси маданият арбоби” унвонига сазовор бўлган.

У 1955 йилда Ўзган туманидаги Тўў-Дийқан қишлоғида туғилган. Меҳнат фаолиятини Ўзган туманидаги “Ўзган нури” газетасида мухбирликдан бошлаган ва кейинроқ мазкур газета бош муҳаррири бўлган. 1990 йилнинг ўрталарида у Азаттиқ радиоси мухбири сифатида иш бошлаган.

Жарқин Темирбаева 4 апрель куни она қишлоғи Тўў-Дийқанда дафн этилди. Шу муносабат билан Азаттиқ радиоси марҳумнинг яқинларига чуқур қайғу билан ҳамдардлик билдирди.

Туркманистон валютаси кескин қадрсизланди

Туркман манати йил бошидан бери 50 фоизга қадрсизланди.

Туркманистоннинг қадрсизланган валютаси янада арзонлади. Қора бозорда 1 АҚШ доллари курси 40 манатга етди. Бу кўрсаткич жорий йилнинг январь ойига таққослаганда 50 фоизга юқоридир.

Манат бир неча ойдан бери босим остида қолмоқда. Мутахассислар фикрига кўра, яқинда Туркманистон – Эрон чегараси очилгани манат қадрсизланишига ҳисса қўшган.

Шунингдек, Туркиядаги муҳожирлар ватанига юбораётган маблағнинг озайгани ҳам қисман сабабчи экани айтилмоқда.

Январь ойи ўрталарида қора бозорда 1 доллар нархи 27 – 28 манат атрофида бўлган.

Сўнгги ҳафталарда эса валюта курси кескин пастлади. 3 апрель куни пойтахт Ашхободдаги Озодлик мухбирлари 1 доллар курси тушга қадар 38 манатга, кун охирига бориб 40 манатга етганини хабар қилишди.

Туркманистон Марказий банки 2015 йилда 1 доллар расмий курсини 3,5 манат ўлароқ белгилаган ва ўшанда бери уни ўзгартиргани йўқ. Мамлакатда нақд пулни бошқа валютага алмаштириш 2016 йил январидан бери тақиқланган.

Россиянинг «Космос-2525» сунъий йўлдоши орбитадан чиқиб, қулаб тушди

"Космос-2546" коинотга "Союз"ракетаси томонидан Плесецк космодромидан 2020 йилнинг 22 майида олиб чиқилган эди.

Россиянинг Ерни масофадан зондлаш билан шуғулланиб келган «Космос-2525» ҳарбий сунъий йўлдоши орбитадан чиқиб, Тинч океанига қулаб тушди. Бу ҳақда 3 апрель куни Шимолий Америка аэрокосмик мудофаа қўмондонлиги (NORAD) маълум қилди.

2018 йилда Ер орбитасига чиқарилган сунъий йўлдош 1 апрель куни тахминан соат 8:00 да атмосферага кириб, Тинч океанининг жанубий қисмида қулаб тушган. Қулаш сабаби ҳозирча номаълум.

Кичик тоифадаги «Космос-2525» тажриба аппарати 2018 йил март ойида Плесецк космодромидан енгил юк ташувчи «Союз-2.1в» ракетаси бортида учирилган эди.

Йўлдоши «Роскосмос» корпорацияси таркибига кирувчи «ВНИИEМ» асбобсозлик корхонаси ишлаб чиқарган эди.

Иордания армияси собиқ валиаҳд шаҳзода тергов қилинаётганини тасдиқлади

Исроил-Иордания чегарасига ўрнатилган қирол Абдуллоҳ портрети.

Иордания Қироли Абдуллоҳнинг ўгай укаси ва собиқ валиаҳд шаҳзода Ҳамза бин Ҳусайн мамлакатда «хавфсизлик ва барқарорликка» зарар етказиши мумкин бўлган ҳаракатларни тўхтатишга чақирилган. Бу ҳақда 3 апрель куни мамлакат армияси маълум қилди.

Армия баёнотига кўра, хавфсизлик бўйича олиб борилаётган тергов доирасида собиқ вазир, қирол оиласи аъзоси ва исми ошкор этилмаган бошқа шахслар ҳибсга олинган.

Армия қўмондони Юсуф Хунейтининг айтишича, шаҳзода бин Ҳамзага «Иордания хавфсизлиги ва барқарорлигини нишонга олиш учун фойдаланилаётган фаолиятни тўхтатиш» буюрилган.

Хунейти Ҳамза айнан нимада айбланаётганига аниқлик киритмади.

41 ёшли Ҳамза бин Ҳусайн 2004 йилгача Иорданиянинг валиаҳд шаҳзодаси бўлган.

BBC агентлиги қўлига келиб тушган видеотасвирда Ҳамза унга ташқарига чиқиш ёки бошқалар билан мулоқот қилиш ва учрашиш ман этилганини айтгани акс этган.

Буюк Британияда AstraZeneca вакцинаси билан эмланган 30 кишида қон ивиши қайд этилди

24 мартгача Британияда 18,1 миллион доза AstraZeneca вакцинаси ишлатилган.

Британиянинг Дори-дармонлар ва соғлиқни сақлашни тартибга солиш агентлиги коронавирусга қарши AstraZeneca ширкати ишлаб чиққан вакцина билан эмланган 30 нафар шахсда қон ивиши аниқлаганини билдирди, аммо бир вақтнинг ўзида вакцина олишнинг фойдаси «ҳар қандай хавфдан устун туришини» таъкидлади.

Агентликка кўра, бундай қон ивиши хавфи «жуда кичик» бўлиб, аҳоли вакцинани қабул қилишда давом этиши керак.
24 мартгача Британияда 18,1 миллион доза AstraZeneca вакцинаси ишлатилган. BioNTech ва Pfizer Inc. ширкатлари вакцинасини олганлар орасида қон ивиши кузатилмаган.

AstraZeneca вакцинаси билан боғлиқ хавотирлар туфайли баъзи мамлакатлар, шу жумладан, Канада, Франция ва Германия кекса одамларни ушбу вакцина билан эмлашга чеков жорий қилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эса ҳукуматларни вакцинадан фойдаланишда давом этишга чорламоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG