Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:40

Ҳюман Райтс Уотч қирғиз ҳукуматини қирғинни тўхтатмаганликда айблади


Қирғизистон жанубида хону мони куйганларнинг аксари ўзбеклардир¸ дейди Ҳюман Райст Уотчнинг Ўшдаги кузатувчилари.
Қирғизистон жанубида хону мони куйганларнинг аксари ўзбеклардир¸ дейди Ҳюман Райст Уотчнинг Ўшдаги кузатувчилари.

“Вақтли ҳукуматнинг вазият барқарорлашмоқда деган баëнотига зид тарзда ўшликлар ҳамон шафқатсиз тажовуз¸ калтаклаш ва жинсий зўрлашлардан азоб чекмоқда.”

Ҳюман Райтс Уотчнинг 17 июндаги баëноти ана шундай бошланади.

Ташкилотнинг Ўшда кузатув олиб бораëтган ходими Оле Солванг Озодлик билан суҳбатда қирғиз мунтазам армияси кийимидаги ҳарбийларнинг Нодира исмли ўзбек қизни зўрлаганини айтиб берди.

- 19 яшар Нодира қўлида беш ойлик чақалоғи билан ўзи яшайдиган “Кирпичный завод”, мавзеига уйи ва яқинларидан хабар олиш учун бораëтганида¸ тўрт нафар ҳарбий кийим кийганлар тарафидан зўрланган¸ дейди Оле Солванг.

Оле Солванг билан суҳбатда Нодира ҳарбийлар тарафидан бир неча бор зўрлангани ва аëвсиз калтакланганини айтган. Калтаклаш ва зўрлаш пайтида Нодира ҳушидан кетган. Ўзига келганида у йўл четидаги ариқда ëтган бўлган. Беш ойлик фарзанди эса уни ëнида йўқ эди...

- Бизнинг ходимларимиз Нодира билан суҳбатлашганида¸ унинг қоши устидаги ярадан қон оқар ва унинг бутун кийимлари қонга ботган эди¸ дейди Ҳюман Райтс Уотчнинг Ўшдаги вазиятни кузатаëтган ходими.

18 июн куни пешинда суҳбатлашаëтганимиз пайтда Оле Солванг Ўш марказида машинада кетаëтган эди.

Оле Солванг: Ўш маркази зоҳиран сокин кўринса-да¸ аслида вазият қалтислигича қолмоқда. Қирғизлар ва ўзбеклар би-бирларидан айри-айри яшамоқдалар. Ўзбеклар ўз маҳаллаларида ҳимоя мақомида муқим туришибди. Бугун мен ўзбек чегарасига яқин Суратош деган жойга бориб келдим. У ерда жуда кўп ўзбекларнинг Ўзбекистонга қараб кетаëтганини кўрдим. Улар ўзларини хавфсиз ҳис қилмагани учун ҳам ўз шаҳрини ташлаб кетишмоқда

Озодлик: Ўш мэри шаҳарнинг 70 фоизи куйиб кулга айланганини айтмоқда. Бу куйдирилган уйлар кимларга оид ва Ўшдаги фалокатнинг сиз кўраëтган манзараси қандай?

Оле Солванг: Қанча фоиз ëнганини билмайман¸ аммо менинг кўрганим шуки¸ Ўшда жуда кўп уйлар ëндирилган. Ëнган уйларнинг аксари ўзбекларникидир.

Озодлик: Кейинги 7 кун ичида Ўш ва Жалолободдаги сиз кузатган зўравонликларни қандай малакалаш мумкин? Бу этник тозалашми¸ сиëсий фитнами ë геноцидми?

......

Суҳбатдош бу савол жавоби учун оғиз жуфтлагани ҳамоно у кетаëтган машина йўлдаги ҳарбийлар тарафидан тўхтатилди. Суҳбатдошим қирғиз ҳарбийлари тарафидан текширилганидан кейин суҳбатимиз яна давом этди.

Оле Солванг: Текширишяпти. Энди сизнинг саволингизга келсак¸ бу вазиятни турлича баҳолаш мумкин¸ аммо энг муҳими Қирғизистоннинг бу бўлгасида ўзбеклар жабр кўрди. Ўзбекларнинг вазияти илгаригидай хавфли ва қалтис бўлиб қолмоқда. Давлат кучлари вазиятни 100 фоиз назорат қилмаяпти. Бу аниқ. Биз учун энг муҳим савол ҳукумат кучларининг бу тажовузда иштирок қилгани юзасидандир.

Озодлик: Бизга ҳам қизиғи Ўш ва Жалолободдаги этник зўравонликда қирғиз ҳукумати ва армиясининг қанчалик иштирок қилгани.

- Ҳа¸ биз ҳозир жуда кўп далиллар тўпладик. Бу далилларга кўра ўзбек маҳаллаларига ҳужум қилганлар қирғиз армиясининг ҳарбий формасида бўлишган. Босқинчиларда БМП ва БТР каби зирҳли ҳарбий машиналар бўлган. Ўз-ўзидан савол туғилади. Ким бу техникаларни бошқарди ва ким улар? Бу нарса тергов қилиниши ва суриштирилиши лозим бўлган асосий ҳолатдир.

Бу ўринда "Ҳукуматнинг қайси бўғини босқинни мувофиқлаштирди? Ҳарбийларнинг қайси қисмлари босқинда иштирок этди?" деган савол муҳим.

Яна биз учун катта ва муҳим савол. Бу тажовузни тўхтатиш учун қирғиз давлат тизимлари¸ армия ва милицияси нима қилди? Босқин ва тажовуз бошланганида ҳукумат тизимлари буни тўхтатиш учун нима қила олди?

Афсуски¸ бизда шундай тасаввур ҳосил бўлдики¸ улар бу тажовузни тўхтатиш учун кўпроқ иш қилиши мумкин эди¸ аммо улар буни қилишмади.

Ўш вақт-соати етиб портлайдиган бомбани эслатмоқда. Агар одамларни тажовуздан ҳимоя қилмас эканмиз¸ улар учун ниҳоятда зарур бўлган гуманитар ва тиббий ëрдамдан ҳам мосуво қолишади¸ дейди суҳбат сўнгида Ҳюман Райтс Уотчнинг Ўшда кузатув олиб бораëтган ходими Оле Солванг.
XS
SM
MD
LG