Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:43

Қирғизистондаги хунрезлик айбдорлари халқаро судга тортилиши лозим


Ўш ва Жалолободдаги қирғинда ҳукумат қўшинларининг алоқаси борлиги ўз тасдиғини топса¸ бундай далиллар жиноят айбдорларини геноцид ва миллий тозалаш учун халқаро судга тортишга имкон беради.
Ўш ва Жалолободдаги қирғинда ҳукумат қўшинларининг алоқаси борлиги ўз тасдиғини топса¸ бундай далиллар жиноят айбдорларини геноцид ва миллий тозалаш учун халқаро судга тортишга имкон беради.

“Қирғизистон жанубида рўй берган хунрезликлар юзасидан халқаро тергов ўтказилиши керак” ¸ дейди БМТнинг қийноқлар бўйича собиқ маърузачиси Тео ван Бовен.


Қирғизистон муваққат ҳукумати мамлакат жанубида рўй берган зўравонликлар юзасидан тергов ўтказилишини ваъда қилаётган бўлса-да, бунга қўшимча тарзда ишончли халқаро идора томонидан халқаро текширув ҳам ўтказилиши лозим, деди 18 июн куни Бишкекка борган Роберт Блэйк.

- Халқаро текширув келгусида қандай қилиб бундай зўравонликларнинг олдини олиш мумкинлигини тушуниб олишимизга ёрдам беради. Шунингдек, халқаро тергов Ўзбекистонда қолаётган 110 минг қочқин ҳамда Қирғизистон ичкарисидаги ўз жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлган 300 мингга яқин одамнинг ўз жойларига қайта олишлари учун хавфсизлик чораларининг кўрилишига имкон беради, деди АҚШ Давлат департаменти мулозим.

БМТнинг қийноқлар бўйича собиқ махсус маърузачиси, ҳозирда Маастрихт университетининг халқаро қонунлар бўйича фахрий профессори Тео ван Бовен Озодлик билан суҳбатда БМТ ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти каби гуруҳларнинг рўй берган ва рўй бераётган ваҳшийликлар юзасидан халқаро тергов ўтказиш ваколати бор ва бу ташкилотлар бундай терговни ўтказишлари шарт, дея таъкидлади.

- Принципда, БМТ юзага келган вазият ўта таҳликали бўлгани учун халқаро тергов ўтказиш имконига эга. БМТда “ҳамоя қилиш масъулияти”, деб аталувчи янгича концепция бор. Бу БМТ ёки Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ва минтақавий тузилмалар рўй бераётган ваҳшийликлар давом этиши олдини олиш учун тегишли чоралар, хусусан халқаро текширув ўтказиши шарт, деганидир¸ дейди Тео ван Бовен.

Шунинг учун, дея давом этади халқаро ҳуқуқшунослик бўйича профессор ван Бовен, БМТ Бош котиби ёки Хавфсизлик кенгаши мустақил терговни ўтказа оладиган комиссия тузиши лозим.

- Бундай прецедентлар кўп ва менимча, БМТда ишончли мустақил тергов ўтказиш лаёқати бор. Бунда мутасадди ҳукуматлар, бу ҳолда Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукуматларининг ҳамкорлиги мақсадга мувофиқ бўларди. Лекин ҳукумат ҳамкорлик қилишдан бош тортадиган тақдирда ҳам бу халқаро тергов ўтказилишига тўсиқ бўла олмайди. Албатта, бу ҳолда терговчиларнинг мамлакат ҳудудига кира олиши чекланади, лекин тергов учун керакли бўлган маълумотларни мамлакатни тарк этган қочқинлар ёки бошқа манбалардан олиш имкони сақланиб қолади. Яна қайтараман, БМТнинг мустақил тергов ўтказишга лаёқати бор ва бундай текширув ўтказилишини олқишлаган бўлардим, дейди халқаро ҳуқуқшунос.

Айни пайтда, Ҳюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ва бошқа ташаббускор гуруҳлар ҳам Қирғизистон жанубидаги хунрезликка оид далилларни тўплаш билан шуғулланмоқда. Ўтган ҳафта бундай гуруҳлардан бири Ўш ва Жалолободда рўй берган зўравонликларга оид ҳужжатларни Ҳаагадаги Халқаро жиноят судига топширди.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг гуманитар бўҳронлар бўйича етакчи тадқиқотчиси Анна Нейстат айни кунларда Ўш ва Жалолободда фожиа қурбонлари билан суҳбатлашиб, ҳисобот тайёрлаш билан машғул.

- Биз тергов ўтказмоқдамиз, албатта, лекин вақти келиб БМТ ҳомийлигида халқаро текширув ўтказилишига умид қилаяпмиз, чунки БМТ ўтказадиган терговнинг мавқеи анча юқорироқ бўлади. Шунинг учун Қирғизистон расмийлари ва халқаро вакиллар ҳамкорлигида тергов ўтказилиши лозим, деб ҳисоблаймиз. Биз ўтказаётган терговга келсак, 10 июндан 15 июнгача бўлган вақт оралиғида тинч аҳолига нисбатан кенг кўламли зўравонликлар содир этилганини ҳужжатлаштирдик. Биз тўплаган маълумотларда жуда кўп уйлар ёқиб юборилгани, хусусан 200тадан, 400тадан уйларнинг кули кўкка совурилганини ўз кўзимиз билан кўрдик, шунингдек, қурбонлар расмийлар кетирган рақамлардан кўра, анча кўпроқлигини тасдиқловчи ҳужжатларимиз бор, дейди Ҳюман Райтс Уотч тадқиқотчиси.

Тергов якунлангач, унинг натижалари халқаро ҳамжамият ҳукмига ҳавола қилинади, дея қўшимча қилади Анна Нейстат.

Профессор ван Бовен хунрезликлар ортида турган жиноятчиларни Қирғизистонда суд қилиш энг тўғри йўл бўларди дейди. Лекин Қирғизистон ҳукумати бунга мойиллик кўрсатмаса, уларни Ҳаага трибуналига тортиш мехнизмлари ҳам мавжуд, дея қўшимча қилади таниқли ҳуқуқшунос.

- Албатта, бундай судлов Қирғизистон давлати томонидан ўтказилса¸ мақсадга мувофиқ бўлади. Лекин Қирғизистон ҳукумати бунга истак кўрсатмаса ёки қўлидан келмаса, жиноятчиларни Ҳаагадаги жиноятлар судига олиб бориш имконияти сақланиб қолади. Қирғизистон халқаро трибунал тўғрисидаги низомга қўшилмаган бўлса-да, қирғин ортида турганларни, БМТ Хавфсизлик кенгаши сўровига кўра, Ҳаага судига тортиш мумкин. Албатта, бунда Хавфсизлик кенгашининг қарори талаб қилинади ва масалан, вето ваколатига эга Россия мазкур масалада қандай позицияни тутишига кўп нарса боғлиқ бўлади. Лекин, яна қайтараман, халқаро қонунлар доирасида минглаб одамларнинг ёстиғини қуритган жиноят сабачиларини топиш ва жазолашнинг кўплаб имконлари бор, дейди БМТнинг қийноқлар бўйича собиқ собиқ махсус маърузачиси, ҳозирда Маастрихт университетининг халқаро қонунлар бўйича фахрий профессори Тео ван Бовен.
XS
SM
MD
LG