Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:04

Беқарорликка қарамай Бишкек референдум ўтказмоқчи



Қирғизистондаги муваққат ҳукумат янги конституция бўйича референдумни беқарорликка қарамай ўтказмоқчи.

Қирғизистон муваққат ҳукумати раҳбари Роза Ўтунбаева юз минглаб одам мамлакатда бошпанасиз қолгани, қочқинликка юз тутгани ва аҳоли хавфсизлиги билан боғлиқ хавотирларга қарамай янги Конституция бўйича референдум ушбу якшанба куни ўтказилишини билдирди.

Жалалободга сафари давомида Ўтунбаева референдумнинг чўзилиши мамлакатни яна ҳам беқарорликларга етаклаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

- Бу референдумни ўтказишимиз зарур, чунки қонуний шароит яратишимиз керак. Агар уни яна кечиктирсак, вазият янада беқарорлашиши таҳдиди мавжуд, деди Ўтунбаева.

Қирғиз ҳукумати Бош вазирга кўпроқ ваколат берувчи конституцион ислоҳотлар бўйича референдум якшанба куни ўтказилади.

Баъзи расмийлар тартибсизликлардан жабр чеккан вилоятларда бу тадбирни ўтказиш қийин бўлиши эҳтимолидан хавотир билдириб, референдумни кечиктиришни таклиф қилишган эди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Қирғизистонда 27 июн кунги референдумни кузатиши керак бўлган 300 кузатувчисини чақиртириб олмоқда. Ташкилот мамлакатда хавфсизлик чоралари таъминланмагани учун шундай қарорга келди.
XS
SM
MD
LG