Линклар

Шошилинч хабар
24 июн 2025, Тошкент вақти: 09:35

Ўзбек маҳаллаларидаги ҳибсга олишлар қўрқувни кучайтирмоқда


Ўшнинг Отхонасидаги зачистка.
Ўшнинг Отхонасидаги зачистка.

Ўш ва Жалолободнинг асосан ўзбеклар яшовчи қисмида бир неча кун давомида тўхтамаган қирғин ва зўравонликлар чоғида ўз уйи ва маҳалласини ҳимоя қилишга уринган ëш йигитларнинг ҳибсга олиниб¸ қийноққа солинаëтгани ҳақида улар яқинлари хабар қилмоқда.


22 июн куни Сузоқ туманида яшовчи 1976 йилда туғилган Қаҳрамон Мамажоновни ҳибсга олишган.Унинг онаси Озода опа Озодлик билан суҳбатда ўғлининг ҳибсхонада қийноққа солинаëтганини айтади:

-Ўғлимни ҳозир бориб кўриб келдим. Милицияхонанинг ичида подвалда экан, менга кўрсатишди. Чап кўзининг таги кўкариб кетибди. Уришибди. “Биз тегмаяпмиз¸ урмаяпмиз” дейди. Уриб кўкартириб ташлашибди боламни. Узоқдан кўрдим. Яқиндан кўрсам¸ боламнинг қўллари қанақа бўлди¸ нима бўлди билмайман.

Озодлик: Ўзи бирор нима дедими сизга?

- Йўқ¸ гапиртирмади. Милиция турди олдимда. Узоқдан кўрсатди. “Бўлдими¸ кўрдингми болангни?” деди. “Кўрдим” дедим. “Қандай экан?” деди¸ “Яхши экан” дедим. Чап кўзининг паст томони кўкариб кетибди. Ўғлимга роса кўп нарсаларни юклабди. “Сен одамларни куйдирибсан. Отибсан одамларни. Видеога олиниб қолган” деб кўп нарсаларни юклаяпти экан. Болам бизни ташлагани Бекобод чегарасига кетган эди. Роса ўт чиқиб кетганда болам “Бўлинглар тез-тез. Уруш бўлаяпти экан” деди. Шу билан кетдик. Ўзбекистон томонга ўтишнинг иложи йўқ экан. Ëпиб қўйган экан чегараларни.

Озодлик: Қўйилаëтган айбларни тан олаяптими?

- Болам тан олмаяпти. “Мен унақа одамларни кўрганим ҳам йўқ¸ мен уларни урганим ҳам йўқ” деяпти. Қирғизларнинг ўзлари келиб битта қора машинада отиб-отиб кетибди. Энди менинг болмадан кўришаяпти. Ҳеч ҳам бўлмаган ваҳшиëна айбловларни қўйишаяпти, деди сузоқлик Озода опа.

Айни пайтда маълумотларга кўра, биргина Сузоқ туманида ўнлаб ўзбек йигитлари ҳибсга олинган. Уларга Ўш ва Жалолобод қирғинини уюштирганлик, иштирок этганлик каби айблар қўйилмоқда.

Жалолобод яқинидаги Ларгардон қишлоғида ҳам 16 ёшли Азизбек Хайдаров қамоққа олинган. Унинг онаси Ибодатхон Ҳайдарова ўғлининг бегуноҳлигини айтиб йиғлайди:

- Болам секин қулоғимга келиб “Буви қўрқaяпман. Мен нима деганимни билмаяпман. Мени олиб чиқиб кетинг” деб йиғлади. Кейин “чиқиб кетинг” деб мени чиқариб ташлашди.

Озодлик: Азизбекка нима айблов қўйишаяпти?

- Биринчи нима қилганда “Идишга ëғ қуйиб олган экан” дейишди. Эртасига борсам “Ҳамма ëқдан ўқ келса¸ милтиқни ушлаб ëтиб олган боланг” дейди. Унинг эртасига маҳалланинг оқсоқолини олиб борсам¸ осмонга ўқ отган¸ дейишаяпти. Бугун оқловчи олиб киргизсам¸ “Болангиз ҳеч нарса қилмаган экан” дейди. Оқловчи “Эртага соат 9 да келинг. Сизнинг ëнингизда болангизни тергов қиламиз” деди. Қўйишмаяпти. Ҳеч нарсага тушунмаяпман. Кимга дод дейишимни билмаяпман. Болам ҳам “Мен ҳеч нарса қилмадим” деб йиғлаяпти. Нима қилишимни билмаяпман. Отаси йўқ. Ëлғиз ўша боламдан бошқа ҳеч кимим йўқ менинг.

Озодлик: Ўғлингиз биттами?

- Ҳа. Ундан бошқа ҳеч ким йўқ.

Озодлик: Ўғлингизни нимага ташлаб кетдингиз?

- Унамадида. “Мен ҳам ўғил боламан. Мен ҳам маҳалла билан қоламан” деб унамай қўйди.

Озодлик: Ҳозир ўғлингиз қатори нечта одамни олиб кириб қўйишган? Ëки битта сизнинг ўғлингизни олиб кириб қўйдими?

- Менинг боламни олиб кетганидан уч кун ўтгач яна битта қўшнимни олиб кетиб уни ҳам қамаб қўйди. Маҳалламиздан иккита.

Озодлик: Ўғлингиздан ташқарими ëки ўғлингиз биланми?

- Менинг ўғлим билан иккита, дейди Жалолобод яқинидаги Ларгардон қишлоғида яшовчи Ибодатхон Ҳайдарова.

Ўшлик ҳуқуқ фаоли, журналист Равшан Гапиров ўзбек маҳаллаларида бораëтган бу каби ҳибслар одамлар орасидаги қўрқувни янада кучайтираётганлигини тасдиқлади:

- Бу ҳолатни одамлардан эшитаяпмиз. Шахсан мен фамилия, исмлари билан мен нима қилолмаяпман. Лекин шунақа гапки, ҳибсга ёшлардан, эркаклардан олиб кириб қўйишаяпти¸ бир нарсани солиб қўйишиб. Шунинг учун шаҳарга ҳам тушишмаяпти чекка ердан эркаклар. Бориб тирикчилигини бошлаша олмаяпти экан, деди ўшлик ҳуқуқ фаоли ва журналист Равшан Гапиров

Айни пайтда ҳибсга олинганларнинг яқинлари уларга нисбатан қийноқлар қўлланилаётганлигини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG