Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:55

Тожикистон Қирғизистондаги референдумни эътироф этди


Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Давлат Назрийга кўра, Тожикистон 27 июн куни Қирғизистонда бўлиб ўтган референдум натижаларини тан олишини билдирди.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Давлат Назрийга кўра, Тожикистон 27 июн куни Қирғизистонда бўлиб ўтган референдум натижаларини тан олишини билдирди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Давлат Назрий Қирғизистон Тожикистонга дўст ва ҳамкор давлат эканини ва ўз давлати бу мамлакатдаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий турмуш тезроқ изга тушиб кетиши тарафдори эканини таъкидлади.

Давлат Назрий Тожикистон Қирғизистонда 27 июн куни бўлиб ўтган референдумни эътироф этишини маълум қилди.

- Қирғизистонда янги сиёсий тизим ўрнатиш ва ўзи тан олган ҳукуматни сайлаш бу мамлакат аҳолисининг ҳаққидир. Ўз навбатида, Тожикистон ҳукумати қирғизистонликлар овоз берган кечаги референдумни тан олади, дея таъкидлади бугун Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган бир тадбирда тожикистонлик дипломат Давлат Назрий.

Аснода Марказий Осиёда Қирғизистон тажрибаси ортидан илк бор кузатилаётган янги сиёсий тизим, яъни яккаҳокимликка барҳам берилиб, парламент бошқарувига асос солиниши тожик жамиятидаги сиёсий партиялар ҳамда мустақил таҳлилчилар орасида баҳсу мунозараларига сабаб бўлаяпти.

Тожикистон қуйи палатаси депутати Шоди Шабдолов фикрича, Қирғизистон ҳукуматининг парламент бошқарувига ўтиб олиши қирғиз жамиятида демократик тамойилларнинг тўла тантана қилганини англатмайди ва у бошқа қўшни давлатлар учун жуда аҳамиятли саналмайди ҳам.

- Қирғизистон аҳолиси мамлакатда президентлик барҳам топиб, ҳокимиятни парламент бошқарсин, дея талаб қилгани йўқ эди. Улар мамлакатдаги иқтисодий ва ижтимоий ҳаёт тузатилишини талаб қилган эди, ҳокимият алоҳида бир тўда учун хизмат қилишига барҳам берилишини сўраган эди. Бугун бу мамлакат янги сийёсий тизимга ўтиши билан эски ижтимоий тизим аввал қандай бўлса, шундайлигича сақланиб қолса, бундан бир яхши натижа чиқишига умид қилиш мантиқсизликдир. Эртага қирғизистонликлар шу тизимга ҳам қарши бош кўтармаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди, дейди Тожикистон Коммунистик партияси раиси Шоди Шабдолов.

Тожикистонлик депутат фикрича, Марказий Осиё мамлакатларида миллатчилик, маҳаллийчилик мафкураси анъаналари кучли бўлгани сабабли ҳукуматни парламент ихтиёрига қўйиб бериш билан бирор нарса ўзгармайди.

Мустақил таҳлилчи Нўъмонжон Фахриддинов Қирғизистон ҳукумати янги тизимга ўз ихтиёри билан эмас, балки ташқи кучлар таъсирида ўтган, дея мулоҳаза билдиради.

- Менимча, Қирғизистон бу тадбирни зўрма-зўраки қабул қилиб юборди. Бу республикада “Давлатни мен бошқараман, бутун аҳволни ўнглайман” деб баралла айта оладиган шахс йўқлиги учун шундай қарорга келинди, дейди мустақил таҳлилчи Фахриддинов.

Таҳлилчи Тожикистон ва унга қўшни Ўзбекистонда бу яқин йилларда парламент бошқарувига асос солинишига кўзи етмаслигини айтади.

Аммо бошқа бир таҳлилчи Ҳикматулло Сайфуллозода эса бу фикрларга қўшилмайди.

- Тарихдан маълумки, азалдан тожик миллати бир кишига бўйсунишни хуш кўрмаган. Гарчи айрим доиралар Тожикистонда президентлик барҳам топишини ҳечам истамаса-да, мен ўйлайманки, бир кун келиб биз ҳам қирғизлар тутган йўлдан борамиз. Ҳукумат жилови парламент қўлида бўлса, жамиятда албатта демократия тантана қилади, дейди Ҳикматулло Сайфуллозода.

Бошқа бир гуруҳ кузатувчилар ва соҳа бўйича таҳлилчилар эса Қирғизистондаги муваққат ҳукумат ҳам ва унга “маслаҳатчи” айрим йирик давлатлар ҳам ҳозирча бу мамлакатда тинчлик ўрнатилиши ва жамиятни тинчлантириш мақсадида айни қарорга келган бўлиши мумкинлигини эътибордан соқит қилмайдилар. Улар Марказий Осиёнинг бир бўлаги бўлган Қирғизистонда янги шаклланган ҳукумат бир кун келиб президентлик тизимига қайтишига шубҳа қилмайдилар.
XS
SM
MD
LG