Линклар

Шошилинч хабар
18 октябр 2021, Тошкент вақти: 12:24

Халқаро хабарлар

Путин украиналик ҳамкасби Азаровни қабул қилди

Россия Бош вазири Владимир Путин бугун украиналик ҳамкасби Николай Азаров билан учрашиб, энергетика соҳасидаги алоқалар истиқболига оид масалаларни муҳокама қилди.

Хабарларга кўра, Владимир Путин ва Николай Азаров учрашуви Москва яқинидаги ҳукумат қароргоҳларидан бирида бўлиб ўтган.

Владимир Путин учрашув чоғида жорий йилнинг тўрт ойи давомида икки давлат ўртасидаги савдо-сотиқ кўлами молиявий бўҳрондан аввалги даражага етганини маълум қилди.

Айни пайтда Россия Бош вазири ўринбосари Игор Сечин сўзларига кўра, расмий Москва нефт транзити борасидаги ҳукуматлараро янги келишув лойиҳасини Киевга юборган.

Кун янгиликлари

Беларусда давлат газетаси свастикали карикатура чоп этди, ИИВ буни ҳуқуқбузарлик деб ҳисобламаяпти

Минскдаги газета дўконларидан бири (иллюстратив сурат)

Беларусда давлатга қарашли “Минская правда” газетаси 7 сентябрь сонида тўрт нафар католик руҳонийси тасвирланган карикатура чоп этди, ундаги руҳонийлардан иккитаси бўйнига хоч ўрнига свастика осиб олганди.

Бунинг ортидан “Удобний город” сайти суриштирув ўтказиш ва қонунбузарлик аниқланган тақдирда нашрни жавобгарликка тортиш талаби билан петиция эълон қилган. Мурожаатда свастика белгиси экстремистик материаллар сирасига киритилгани ва Беларусдаги ОАВ тўғрисидаги қонунда экстремистик фаолиятни тарғиб қилишга қаратилган ахборотни тарқатиш ман этилганлиги айтилган.

Беларусь Ахборот вазирлиги карикатура динлараро адоватга олиб келиши мумкинлигини тан олиб, газета таҳририятидан бу каби материаллар чоп этилишига йўл қўймаслик чораларини кўриш талаб этилганини маълум қилган.

Аммо Беларусь милицияси карикатурани қонунбузарлик деб ҳисобламаяпти. Минск вилояти ижроия қўмитаси ИИБ бошлиғи ўринбосари Виталий Козлов имзоси билан 29 сентябрь куни эълон қилинган расмий жавоб хатида “ўтказилган текширув чоғида “Минская правда” газетаси томонидан амалдаги қонунчилик бузилгани аниқланмаган”и билдирилган.

Беларусь католик черкови матбуот котиби Юрий Санько ўзининг “Фейсбук”даги саҳифасида карикатурани “миллионлаб католиклар юзига тупуриш” деб атаган.

2020 йил декабрида католик руҳонийси Вячеслав Барок “нацизм рамзларини тарғиб қилгани учун” 10 суткага қамалган эди. У ижтимоий тармоқда рассом Владимир Цеслернинг Беларусь расмий байроғи ва гербидан “ясалган” гитлерчилар свастикаси тасвирланган “Лукашизм, тўхта!” номли плакатини илова қилган ҳолда хабар қолдирган.

Пентагон янглиш йўлланган ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлган афғонларнинг яқинларига пул бермоқчи

АҚШ Мудофаа вазирлиги август ойида Кобулда янглиш йўлланган ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлган 10 кишининг қариндошларига товон пули тўламоқчи. Бу ҳақда “Америка овози” хабар қилди.

Аввал-бошда зарбалардан мақсад Кобул аэропортида 169 нафар афғонистонлик ва 13 нафар америкалик аскарнинг ўлимига сабаб бўлган террористик ҳужум ташкилотчиларини йўқ қилиш бўлгани маълум қилинганди.

Пентагон расмий вакили Жон Кирби вазирлик Давлат департменти билан бирга, ҳалок бўлган афғонларнинг оилаларини АҚШга кўчириб келиш устида ишлаётганини айтган.

29 август куни америкалик ҳарбийлар Замерай Аҳмадий бошқарувидаги автомашинага, у оиласи истиқомат қиладиган уй ёнига келиб тўхтагани заҳоти Hellfire ракетаси билан зарба берган эди. Зарба натижасида оиланинг 10 аъзоси, жумладан етти нафар бола ҳалок бўлган.

Бир неча ҳафта ўтиб, АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Фрэнк Маккензи ушбу зарбани “фожиавий хато” деб атаб, у айбсиз тинч аҳолининг ўлимига сабаб бўлганини тан олган.

Америкалик ҳарбийлар дастлаб ҳужум “Ислом давлати-Хуросон” гуруҳи “воситачиси”га қаратилганини ҳамда жангариларни АҚШ ва НАТО қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетаётган пайтда терактлар содир этиш имконидан маҳрум этганини иддао қилиб, ўз хатти-ҳаракатини оқлаган.

Аммо Пентагон тасвирлаган зарба нишони билан ҳақиқий аҳвол ўртасида ўзаро номувофиқлик борлиги тезда маълум бўлган. “Ассошиэйтед Пресс” агентлиги ва бошқа медиа ракета зарбаси натижасида портлаган машина ҳайдовчиси кўп йиллар АҚШнинг гуманитар ташкилотида ишлаганини аниқлашган.

Шунингдек, Пентагоннинг гўё автомобилга портловчи моддалар жойлангани ҳақидаги иддаоларини тасдиқловчи далиллар ҳам топилмаган.

Россия Давлат думаси раиси Нобель тинчлик мукофотини қайтариб олиш тартибини жорий этишни таклиф қилди

Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володин (чапда) Россия президенти Владимир Путин билан

Нобель тинчлик мукофоти ўз мамлакатининг парчаланишига йўл қўйган, можаро ва урушлар чиқарган сиёсатчиларга бериш билан обрўсизлантирилган. Мукофотга ишончни тиклаш учун уни янглиш берилган одамлардан қайтариб олиш тартибини жорий этиш мумкин. Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володин ўз телеграм-каналида шундай фикр билдирган. Бу ҳақда ТАСС агентлиги хабар қилди.

Фундаментал фанлар соҳасидаги Нобель мукофотига эътироз йўқ – у реал ютуқлар учун бериляпти, деб ҳисоблайди Володин. Бироқ, унинг фикрича, бугунги кунда дунёда Нобель тинчлик мукофоти совриндорларини баҳолашнинг аниқ мезонлари мавжуд эмас.

Володин сўнгги йилларда СССРнинг собиқ президенти, “ХХ асрдаги энг йирик геосиёсий ҳалокат – СССР парчаланишига олиб келган” Михаил Горбачёв, роҳинжа мусулмонларини қирғин қилишда айбланган Мьянма ҳукумати раҳбари Аун Сан Су Чжи ҳамда бошқаруви даврида “араб баҳори” юз берган ва Сурия уруши бошланган Барак Обама ушбу мукофот билан тақдирланганини эслатди.

Давлат думаси раисига кўра, ушбу сиёсатчилар катта хатоларга йўл қўйиб, урушлар чиқаришгача боришган, аммо мазкур ҳолатлардан ҳеч бирида Нобель қўмитаси тинчлик мукофотини қайтариб олган эмас.

“Мутлақо аёнки, бундай қарорлар Нобель тинчлик мукофотини обрўсизлантирди. Аммо жиноятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилиши фактлари аниқланган ҳолларда мукофотни қайтариб олиш тартиби жорий этилса, эҳтимол, унга нисбатан ишончни тиклаш мумкин бўлар”, деб ёзган Володин.

Унинг фикрича, “даҳшатли жиноятларга алоқадор одамлар” тақдирланиб, чинакам муносиб одамлар эса ушбу мукофотдан бенасиб қолаётгани “ножоиз”дир.

ЕИ билан муносабатлар ёмонлашиши манзарасида Франция элчиси Беларусдан бадарға қилинди

Франциянинг Беларусдаги элчиси Николя де Лакост

Авторитар лидер Александр Лукашенконинг бошқарув сиёсати туфайли Европа Иттифоқи билан муносабатлар ёмонлашгани манзарасида Минск расмийлари Франция элчиси Николя де Лакостни Беларусдан бадарға қилишди.

Ўтган йили лавозимга киришган элчи 17 октябрь куни ТИВ талабига кўра Беларусь ҳудудини тарк этишга мажбур бўлди. Бу маълумотни Озодликнинг беларус хизматига Франциянинг Беларусдаги элчихонаси вакиллари тасдиқлаганлар.

Де Лакост 2020 йил августида ўтган президент сайлови ортидан Беларусда бошланган тинч намойишлар бостирилганидан кейин Лукашенко билан мулоқотдан қочиб юрган.

Сўнгги 14 ой ичида Беларусь полицияси минглаб одамни қамаган, юзлаб одам Лукашенко сиёсатидан норози бўлгани туфайли қийноққа тутилган, бу эса Европа Иттифоқи томонидан Минскка нисбатан кескин санкциялар жорий этилишига сабаб бўлганди.

Франция элчихонаси маълумотига кўра, 18 октябрь куни элчининг беларус халқига видо мурожаати эълон қилинади.

Россияда бир суткада қарийб 34 ярим минг одам коронавирусга чалинди, 1000 одам ўлгани қайд этилди

Ҳарбийга чақирув қисмида антиген тестини топшираётган йигит, Свердловск, Россия, 20 апрель, 2021

Ўтган бир сутка ичида Россияда, шунингдек, аннексия қилиб олинган Қрим ҳам қўшиб ҳисобланганда, коронавирусга чалинган 34 минг 303 янги бемор аниқланди.

"Интерфакс" агентлигининг қайд этишича, бу пандемия бошланганидан буён қайд этилган навбатдаги анти-рекорддир. Касалликнинг тарқалиши барча минтақаларда бирдек ошиб бормоқда.

Ўтган бир суткада касалланган 997 киши ўлди.

Пандемия бошланганидан бери Россияда вирусни юқтириб олганлар сони 8 миллионга яқинлади - 7 992 687 нафарга етди.

Қозоғистон "савдо-иқтисодий алоқаларни тиклаш" учун Кобулга делегация юборди

Қозоғистон президентининг халқаро ҳамкорлик бўйича махсус вакили Ержан Қазиханов.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги, 17 октябрь куни ҳукумат делегацияси Кобулга борганини маълум қилди.

Баёнотга кўра, делегацияга президентнинг халқаро ҳамкорлик бўйича махсус вакили Ержан Қазиханов раҳбарлик қилган.

"Сафар доирасида Афғонистон халқига Қозоғистон томонидан гуманитар ёрдам кўрсатиш, шунингдек савдо-иқтисодий алоқаларни тиклаш масалалари муҳокама қилинади", дейилди пресс-релизда.

Қозоғистоннинг Афғонистондаги элчиси Алимхан Эсенгелдиев 26 сентябрь куни Кобулда Толибон ҳукуматида ташқи ишлар вазири лавозимини бажарувчи Амир Хон Муттақий билан учрашганди. Қозоғистон матбуотининг билдиришича, бу олий даражадаги қозоқ расмийсининг Толибон ҳукумати вакили билан илк учрашуви бўлди.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз билдирувида Толибон номини тилга олмади. Расмий баёнотда Муттақий Афғонистондаги муваққат ҳукуматнинг ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи” сифатида тақдим этилди.

Айни пайтда, Қозоғистон ҳам БМТнинг Афғонистон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш кампаниясига қўшилиши кутилмоқда.

Марказий Осиё давлатлари орасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон Толибон билан мулоқот ўрнатиш зарур деган нуқтаи назарда эканини билдирган.

Тожикистон ҳукумати эса Толибон ҳукуматини тан олмаслигини билдириб келмоқда.

Қандаҳорда шиа масжидига ҳужум учун масъулиятни "Ислом давлати" террорчи гуруҳи зиммасига олди

Қандаҳорда ўтган оммавий дафн маросими

Қандаҳорда масжидга уюштирилган ҳужумда қурбон бўлганлар 16 октябрь куни оммавий дафн этилди.

Шиа мусулмонларига оид масжидга 15 октябрь куни уюштирилган ҳужум учун масъулиятни "Ислом давлати-Хуросон" террорчи гуруҳи ўз зиммасига олди.

Гуруҳ тарқатган баёнотга кўра, икки худкуш ҳужумчи масжиднинг икки нуқтасида туриб, ўзини портлатган.

Вилоятдаги маҳаллий расмийларга кўра, 16 октябрга келиб ҳужумда ўлганлар сони 41 киши, жароҳатланганлар эса 70 нафарга етган.

Reuters агентлигига маълумот берган расмийлардан бирига кўра, яраланганлардан айримларининг аҳволи оғир ва уларни Кобулга жўнатишга уринишмоқда.

Бундан бир ҳафта аввал Қундуздаги шиалар масжидига ҳам ҳужум уюштирилган, унда ҳам 100 дан ортиқ одам қурбон бўлганди.

У ҳужум учун ҳам масъулиятни "Ислом давлати-Хуросон" террорчи гуруҳи ўз зиммасига олган.

Фильм суратга олиш учун космосга учирилган россиялик киночилар Ерга қайтди

Актриса Юлия Пересильд

“Ю.А.Гагарин” (Союз МС-18) фазовий кемасининг тушириб қўювчи аппарати космонавтлар Олег Новицкий, актриса Юлия Пересильд ҳамда режиссёр Клим Шипенколар билан Қозоғистон чўлларига қўнди. Қўниш жараёни “Роскосмос” сайтида жонли намойиш этилди.

Пересильд ва Шипенко 5 октябрдан, Новицкий эса 9 апрелдан бери орбитада эди, деб хабар берган ТАСС.

“Роскосмос” бош директори Дмитрий Рогозин “Первий канал”даги чиқишида космосда экипажнинг бошқа аъзоларига нисбатан кўпроқ бўлган Новицкийнинг аҳволи қониқарли эканини маълум қилди. Тиббиёт ходимлари космонавтни текширувдан ўтказганлар.

“У атиги 12 сутка космосда бўлганларга қараганда анча узоқ реабилитация даврини бошидан кечиради”, деди Рогозин.

Пересильд ва Шипенко дунёда биринчи марта космосда бадиий фильмни суратга олишди. “Чорлов” номли ушбу фильм драма жанрида бўлиб, унда космонавтнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун орбитага учган шифокор қиз ҳақида ҳикоя қилинади.

Фильм “Роскосмос”, “Первий канал” ҳамда “Yellow, Black and White” студиясининг қўшма лойиҳасидир. Тасвирга олиш жараёнида россиялик космонавтлар – Антон Шкаплеров, Олег Новицкий ва Петр Дубров ҳам иштирок этди.

Орбитада фильм экран вақтининг жами 35-40 дақиқаси суратга олиниши керак эди.

Британия полицияси депутат Девид Эмесснинг ўлдирилишини теракт деб ҳисобламоқда  

Британия полицияси депутат Девид Эмесснинг ўлдирилишини террорчилик ҳаракати деб ҳисобламоқда.

Полицияга кўра, қотилнинг мақсади исломий экстремизм билан боғлиқ бўлиши мумкин. У ёлғиз ҳаракат қилган деб тахмин қилинади.

Буюк Британия Консерватив партиясининг депутати Дэвид Эмесс сайловчилар билан учрашув чоғида бир неча марта пичоқланди.

Ҳодиса Эссекс графлигида Ли-он-Си черковида жума куни юз берди.

Эссекс полициясининг айтишича, шифокорлар икки соат давомида унинг ҳаётини сақлаб қолишга уринган, бироқ у касалхонада вафот этган.

Ҳужумчининг исми ҳозирча айтилмаяпти, фақат унинг 25 ёшда эканлиги маълум.

Гумонланувчи, дастлабки маълумотларга кўра, келиб чиқиши Сомалидан бўлган Буюк Британия фуқаросидир.

Эмесснинг ўлими муносабати билан ҳукумат раҳбари ва молия вазирининг қароргоҳлари жойлашган Даунинг-стритда Британия байроқлари туширилди. Марҳум депутатнинг ортидан унинг рафиқаси ва беш фарзанди қолган.

YouTube Туркманистон давлат ОАВ шикоятлари ортидан Eurasianet хабар агентлиги каналини блоклади

Eurasianet сайтининг маълум қилишича, Google ширкатига тегишли YouTube жорий ҳафтада бир неча нечта огоҳлантириш юборган, сўнгра канални бутунлай блоклаган.

YouTube Туркманистон давлат оммавий ахборот воситалари муаллифлик ҳуқуқлари бузилгани ҳақида шикоят қилиши ортидан Марказий Осиё, Кавказ ва Россиядаги ҳодисаларни ёритиб келаётган таниқли Eurasianet АҚШ ахборот ташкилотига тегишли канални четлади.

Eurasianet сайтининг маълум қилишича, Google ширкатига тегишли YouTube жорий ҳафтада бир неча нечта огоҳлантириш юборган, сўнгра канални бутунлай блоклаган.

YouTube муаллифлик ҳуқуқлари бузилгани ҳақидаги шикоятларни Туркманистон Телевидение, радиоэшиттириш ва кинематография давлат қўмитасига тегишли Watan Habarlary расмий телеканали юборганини билдирган.

Eurasianet бош муҳаррири Дэвид Триллинг сайт қарор устидан шикоят қилиш учун YouTube ходимлари билан алоқага чиқа олмаётганини айтди. Триллинг асосан инглиз ва рус тилларида материал чоп этиладиган Eurasianet веб-сайти, шунингдек, YouTube платформаси Туркманистонда блокланганини қўшимча қилди.

«Бошқа барча ижтимоий тармоқлар каби, [YouTube] Туркманистонда блокланганини эътиборга олсак, бу кулгили ҳолат», деди у Озодликка берган интервьюсида.

Триллингнинг сўзларига кўра, нашрнинг YouTube каналида бир неча минг обуначи бўлган. Каналда Туркманистон давлат телеканалининг тунги янгиликларидан олинган қисқа лавҳалар улашилган. Сўнгра бу видеолар Туркманистон ҳақидаги веб-мақолаларга жойлаштирилган. Нашр видеолавҳаларни инсофли фойдаланиш тўғрисидаги қонунлар асосида YouTubeга юклаган. Қолаверса, Eurasianet лавҳаларга изоҳ бериб, уларни бойитган.

Озодлик Туркманистоннинг Вашингтондаги элчихонасига юборган электрон почта хабарига жавоб олмади. Озодлик YouTube шикоятлар электрон почта манзилига юборган хабар ҳам жавобсиз қолди.

Eurasianet YouTube томонидан муаллифлик ҳуқуқларини бузишда айбланган Туркманистондаги ҳодисаларни ёритиб келган илк хорижий нашр эмас. Май ойида Австрияда туриб фаолият юритадиган мухолифат гуруҳига тегишли «Хроника Туркменистана» нашрининг YouTube канали ҳам Туркманистон давлат матбуотининг шикоятлари ортидан блокланганди.

Дунёнинг энг ёпиқ давлатларидан бири бўлган Туркманистонда барча оммавий ахборот воситалари қаттиқ назорат қилинади. Интернетдан фойдаланишга кескин чекловлар қўйилган. Давлат оммавий ахборот воситалари асосан мамлакат президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳақида контент ҳозирлайди.

Триллинг Eurasianet нашри YouTube ўрнига Vimeo платформасига ўтишни режалаётганини билдирди.

Кейинги пайтда АҚШ технология ва ижтимоий медиа ширкатларининг қудрати ҳақида саволлар ортиб бормоқда.

Танқидчилар айрим йирик технология компаниялари, масалан, Facebook, Twitter, Google ва Apple авторитар ҳукуматларнинг талабларига бўйсунаётганини айтишмоқда. Хусусан, бу ширкатлар ҳукуматни шарманда қилиши мумкин бўлган маълумотларни цензура қилишга ҳозирлигини кўрсатган.

Ўтган ой Россия парламентининг қуйи палатасига сайловлар арафасида мухолифатчи Алексей Навальнийнинг «Умное голосование» иловаси Apple ва Google Интернет-дўконларидан ғойиб бўлди. Telegram мессенжери ҳам сайлов олдидан Навальний билан боғлиқ баъзи маълумотларни ўчириб ташлади.

Apple ва Google ширкатларининг Россия ҳудудида маҳаллий ходимлари бор. Россия расмийлари агар ширкатлар Навальний иловасини ўчирмаса, уларнинг Россиядаги ходимлари жавобгарликка тортилишини айтиб, таҳдид солишди.

Туркия ва Ҳиндистон сингари бошқа давлатлар ҳам баъзи сиёсий нутқларни ўчиришга ёки цензура қилишга чорлаб, технология ширкатларига босим ўтказиб келади.

Колумбия университети қошидаги Ҳарриман институтида очилган Eurasianet нодавлат, нотижорат ташкилот бўлиб, «Очиқ жамият жамғармаси», «Демократия учун миллий жамғарма» ҳамда Британия Хорижий ҳамдўстлик ва тараққиёт бюроси грантлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Россия "Росбалт" ва Republic нашрларини "хорижий агентлар" рўйхатига киритди

Россия Адлия вазирлиги "Republic" нашри таъсисчиси "Москоу Диджитал Медиа" ва "Росбалт" нашри таъсисчиси бўлган PC-Балт ширкатларини "хорижий агентлар" реестрига киритди.

"Republic" ёпиқ обуна моделида ишлайди - материалларнинг тўлиқ матнлари фақат пулли обуна орқали мавжуд.

Нашр бош муҳаррири Дмитрий Колезев ўз Телеграм каналида "Republic" чет элдан молиялаштирилмаслиги ҳақида ёзди.

Унга кўра, нашр фақат абонентларнинг пуллари ҳисобидан фаолият юритади.

"Росбалт" бош директори Лариса Афонина ҳам ўз нашри чет элдан ҳеч қандай маблағ олмаслигини айтди.

"Росбалт"нинг адвокатлари нашр "хорижий агент" деб тан олишининг сабабларини тушунтириб беришни сўраб Россия Адлия вазирлигига мурожаат қилишган.

Афонинанинг айтишича, "Росбалт" Адлия вазирлиги талабларини бажаради ва ўз ишини давом эттиради.

Ҳозирги вақтда "чет эл агентлари" ОАВ рўйхатига 85 киши ва ташкилот киритилган, 2021 йил бошидан бери рўйхат 68 бандга ошган.

Ўтган ҳафта Россия Адлия вазирлиги "Озодлик" радиоси рус хизмати ва "Север. Реалии" сайти билан ҳамкорликда ишлайдиган журналистлар Татяна Волцкая, Екатерина Клепиковская ва Елена Соловёвани "хорижий оммавий ахборот агентлари" реестрига киритганди.

Шунингдек, рўйхатда "Bellingcut" тергов лойиҳаси бор.

Лавров аралаш никоҳдан туғилган болаларга Россия фуқаролигини беришни таклиф қилди

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров чет элда яшовчи россиялик ватандошларнинг VII жаҳон конгрессидаги чиқишида Россия ҳукумати аралаш никоҳдан туғилган болаларга автоматик равишда рус фуқаролигини беришни режалаштираётганини айтди.

"Биз аминмизки, қаерда аралаш оила яшаса, қаерда аралаш никоҳдан бола туғилса, хоҳ Россия ҳудудида бўлсин хоҳ чет давлат ҳудудида - у Конституцияга мувофиқ автоматик равишда фуқароликни олиши шарт" деди Лавров.

Давлат Думаси раисининг ўринбосари Анна Кузнецова Лавровнинг ташаббусини қўллаб -қувватлади.

Унинг фикрича, Россия фуқаролигини автоматик равишда олиш "кўплаб оилалар учун фойдали бўлади ва уларга ҳаётдаги турли муаммоларни осонроқ ҳал қилишга ёрдам беради".

"Бола вояга этгач, қайси давлат фуқароси бўлишини мустақил ҳал қила олади", - дейди у.

Федерация Кенгашининг Халқаро ишлар бўйича қўмитаси аъзоси Сергей Цеков қонунларга бундай ўзгартиришлар ҳукумат томонидан киритилишини таклиф қилди.

Шунингдек, у ватандошлар, шу жумладан Украина ва Белорусда яшовчи фуқароларнинг фуқаролигини олишини соддалаштириш керак, деб ҳисоблайди.

Ҳозирда мамлакат қонунчилигига кўра, аралаш никоҳдан туғилган бола Россия ҳудудида дунёга келса, автоматик равишда Россия фуқаролигини олади. Бола хорижда дунёга келган тақдирда Россия фуқаролиги автоматик равишда эмас, балки ота-онанинг танловига кўра олинади. Бунинг учун Россия фуқароси бўлган ота ёки онанинг аризаси ва унинг хорижлик турмуш ўртоғининг розилиги лозим бўлади.

Қандаҳордаги масжидда юз берган портлашда 30 дан ортиқ одам ҳалок бўлди

Портлаш юз берган Қандаҳордаги шиалар масжиди. Афғонистон, 15 октябрь, 2021

15 октябрь куни Қандаҳордаги шиалар масжидида юз берган портлашда камида 35 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одам яраланган. Бу ҳақда Reuters агентлиги шифохонадаги манбаларга таяниб хабар бермоқда. Маҳаллий ҳокимият вакилларига кўра, худкуш ҳужумчи ўзини портлатган.

Афғонистонни назорат қилаётган Толибон ҳаракати вакилининг сўзларига кўра, хавфсизлик хизмати ходимлари вазиятни ўрганиш ва ҳужумчини топиш учун ҳодиса жойига етиб борган. Портлаш учун масъулиятни ҳозирча ҳеч ким зиммасига олмаган.

Исми очиқланишини истамаган гувоҳлардан бирининг Франс- Пресс агентлигига айтишича, масжид ва атрофида учта портлаш овози эшитилган.

Агентликнинг хабар беришича, портлаш мамлакат шимоли-шарқида жойлашган Қундуз вилоятидаги ҳужумдан бир ҳафта ўтиб содир бўлмоқда. 8 октябрь куни Қундуз вилоятидаги шиалар масжидида худкуш ҳужумчининг ўзини портлатиб юбориши оқибатида 100 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган эди. Ҳужум учун масъулиятни "Исломий давлат" террорчи гуруҳи ўз зиммасига олган.

Қозоғистон: Олмаотадаги Хитой консуллиги олдида норозилик акцияси 249 кундан бери давом этмоқда

Хитойда тутқун бўлган яқинларини озод қилишни талаб қилаётган этник қозоқлар, Олмаота, 2021 йил 14 октябри

Қариндошлари Хитойда таъқиб этилаётган шинжонлик этник қозоқлар яна Хитойнинг Олмаотадаги консулхонаси олдида тўпланишмоқда. Норозилар гуруҳи икки ҳафта Нур-Султонда бўлиб, ҳукумат идораларига ёзма мурожаат қолдирган эди.

Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, яқинларини қидираётган беш нафар қозоқ 14 октябрь куни яна консуллик биноси олдига келган. Улар ўз рафиқалари, ака-укалари ва ўғилларининг суратларини кўтариб турганлар. Акцияни полиция ва фуқаро кийимидаги бир одам кузатган. Хитой дипломатлари, одатдагидек, норозилар ҳузурига чиқишмаган.

Акция иштирокчиларидан бири – Алмақан Мирзан мурожаатларини пойтахтдаги барча идоралар қабул қилганини айтган. Фақат Хитой элчихонаси ҳеч қандай муносабат билдирмаган.

“Яқинларимиз озод қилинмагунча норозиликни тўхтатмаймиз. Хитой ҳукумати элчиси Чжан Сяо қаршимизга чиқиб, саволларимизга жавоб берсин”, деган Мирзан.

Нур-Султонда улар 10 киши бўлиб Хитой элчихонаси олдида пикет қилишганида икки марта, жами 1 миллион 950 минг тенге жаримага тортилган. Ушбу жаримани тўлаш учун ҳамдард ватандошлардан пул йиғилмоқда, ҳозиргача 900 минг тенге пул тўпланган.

Норозилардан бири бўлмиш Ақиқат Қалиоллага кўра, маъмурий жазолар уларни тўхтатиб қола олмайди, қолаверса элчихона қаршисида туриш билан ҳеч бир қонунни бузишмаётганига унинг ишончи комил.

“Яқинларимизни қидириш, уларнинг тақдири ҳақида сўраш – қонуний ҳаққимиз. Буни на Хитой қонунлари, на бизнинг қонунчилигимиз тақиқлайди”, деган у.

Халқаро ҳамжамият Пекинни Шинжон мухтор вилоятида яшовчи уйғурлар, қозоқлар, қирғизлар ва бошқа мусулмон халқларга нисбатан геноцид сиёсатини юритаётганликда айблайди. Хитой ҳукумати барча айбловларни рад этиб, таъқибларни эса “экстремизм ва терроризмга қарши кураш” деб атаб келади.

АҚШ сенатори “Шимолий оқим-2” қувури туфайли ўнлаб элчининг тасдиқланишини кечиктирмоқда

Сенатор Тед Круз

Америкалик республикачи сенатор Тед Круз Жо Байден маъмурияти томонидан Давлат департаментидаги турли мансаблар ва чет мамлакатлардаги элчилик лавозимларига таклиф қилинган номзодларнинг Сенатда тасдиқланишига бир неча ойдан бери қаршилик қилиб келмоқда.

Сенатор бу хатти-ҳаракатлари билан “Шимолий оқим-2” газ қувурига нисбатан санкциялар жорий этилишига эришмоқчи.

Politico нашрининг ёзишича, Крузнинг ўжарлиги туфайли Байден маъмурияти таклиф қилган элчиликка номзод ўнлаб дипломат Сенатдан ўтолмай турибди. Одатда элчиликка номзодларга эътироз билдирилмайди ва улар тезлаштирилган тартиб-таомил бўйича кўриб чиқилади. Бироқ Круз жараённи имкон қадар чўзишга ҳаракат қилмоқда, натижада Сенат ўтган 10 ойда атиги 2 нафар элчи номзодини тасдиқлай олган.

Politico иқтибос келтирган мулозимга кўра, элчилар тайинланмай қолаётгани “АҚШнинг халқаро майдондаги имижига путур етказа бошлаган”.

Круз “Шимолий оқим-2” газ қувурининг энг изчил танқидчиларидан биридир. У қувур ётқизувчи кемаларга нисбатан санкция қўллаш ташаббускорларидан бири эди, шу туфайли газ қувури қурилиши бир ярим йилга кечиккан. Эндиликда у нафақат қувур ётқизувчиларга, балки газ қувурининг ўзига санкция жорий этишни талаб қилмоқда.

Байден маъмурияти “Шимолий оқим-2” ширкатига қарши расман санкциялар жорий этган, лекин кўп ўтмай уларни тўхтатиб туришга қарор қилган. Оқ уй ҳамон газ қувурига қаршилигини, уни Москванинг ЕИ ва Украина билан муносабатларда шантаж қуроли деб ҳисоблашини айтган. Бироқ айни пайтда Вашингтон Германия билан ораси бузилишини ҳам истамайди.

Politico нашрининг ёзишича, август ойида президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Крузни фикридан қайтаришга уринган, аммо кўндира олмаган. Ўша суҳбатда маъмурият вакили Байден президентлиги даврида қўшимча санкциялар жорий этилмаслигига шама қилган.

Тбилисида минглаб одам Саакашвилини озод этишни талаб қилиб намойишга чиқди

Саакашвилини озод этиш талаби билан Тбилисида ўтказилган намойишдан лавҳа, 2021 йил 14 октябри

Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилини озод этиш талаби билан 14 октябрь куни Тбилиси марказидаги Озодлик майдони ва шаҳарнинг энг катта кўчаси бўлмиш Руставели проспектида минглаб одам тўпланди.

Грузия байроқларини кўтариб олган намойишчилар “Мишага озодлик”, дея қичқиришган.

Телеканаллар орқали эфирга узатилган кадрларда намойиш бўлаётган парламент биноси ёнига полиция махсус бўлинмаси автобуслари келиб тўхтаганини акс этган.

53 ёшли Саакашвили 1 октябрь куни ҳибсга олиниб, Рустави шаҳридаги ҳибсхонага ташланганидан сўнг очлик эълон қилган. Саккиз йил олдин мамлакатдан чиқиб кетган собиқ президент Грузияга қайтиб келганини маълум қилганидан бир неча соат ўтиб қўлга олинган.

Саакашвили ватанида 2018 йилда сиртдан қамоққа ҳукм қилинган бўлиб, сўнгги йилларда Украинада яшаётганди.

Ўтган ойда у қамоққа олиниши хавфи борлигига қарамай, 2 октябрга белгиланган умуммиллий маҳаллий сайлов муносабати билан, “мамлакатни қутқаришда кўмаклашиш учун” Грузияга қайтишини эълон қилган.

Сайловда Саакашвили асос солган мухолифатдаги “Ягона миллий ҳаракат” иқтидордаги “Грузия орзуси” партиясига ютқазган. Бироқ ҳукмрон партия номзодлари энг йирик шаҳарларда 50 фоизли тўсиқдан ўта олмагани сабабли 30 октябрь куни сайловнинг иккинчи тури ўтказилади.

Саакашвилининг шифокори Николоз Кипшидзе 10 октябрь куни беморнинг соғлиғи ёмонлашаётгани туфайли уни касалхонага кўчириш зарурлигини маълум қилган.

Кейинроқ Адлия вазирлиги “Саакашвилининг саломатлиги қониқарли даражада”, дея баёнот берган.

Алексей Навальний Сахаров мукофотига номзод этиб кўрсатилди

Алексей Навальний

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний Европарламент таъсис этган Андрей Сахаров номидаги мукофотга талабгорлар қисқа рўйхатига кирди. Бу ҳақда “Немис тўлқини” радиоси хабар қилди.

Рўйхатни Европарламентнинг икки қўмитаси раислари эълон қилишган. Мукофотга Навальнийдан ташқари, 11 нафар афғон аёли ҳамда собиқ Боливия президенти вазифасини бажарувчи, ҳозирда ҳибсда сақланаётган Жанин Аньес талабгорлик қилишмоқда.

“Фикр эркинлиги учун” бериладиган ушбу мукофот совриндори 21 октябрь куни эълон қилинади.

Навальний номзоди Европарламентдаги энг йирик фракция – Европа халқ партияси, шунингдек депутатлар сони бўйича учинчи ўринда турувчи “Европани янгилаш” либераллар фракцияси томонидан “эркинлик, демократия ва инсон ҳуқуқлари учун курашдаги жасоратини тақдирлаш мақсадида” илгари сурилган.

Депутатлар Навальнийни Россия президенти Владимир Путиннинг “бош сиёсий мухолифи” деб атаб, унинг коррупция ва қатағонларга қарши чиқишларини эътироф этганлар.

Европарламентдаги сўл кучлар (социал-демократлар ва “яшиллар”) ўз мамлакатида инсон ҳуқуқлари учун курашаётган афғон аёлларини номзод қилиб кўрсатишган.

Андрей Сахаров номидаги “Фикр эркинлиги учун” мукофоти инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилишда ўзини кўрсатган одамлар ёки ташкилотларга берилади. Ўтган йили ушбу мукофотни Беларусь мухолифати вакиллари олган. 2018 йилда эса мазкур мукофот Россия қамоқхонаси собиқ маҳбуси – украин режиссёри Олег Сенцовга топширилган.

Навальний жорий йилда Нобель тинчлик мукофотига ҳам номзод қилиб кўрсатилган эди, аммо пировардида мукофот икки журналист – филиппинлик Мария Ресса ҳамда россиялик Дмитрий Муратовга топширилди.

Толибон ҳукумати ташқи ишлар вазири Анқарага борди

НАТО аъзоси бўлган Туркия Қатар билан ҳамкорликда Кобул аэропорти хавфсизлигини сақламоқда.

Толибон ҳукуматининг ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий раҳбарлигидаги делегация 14 октябрь куни Туркия пойтахти Анқарага келди. Улар Анқарада Туркия ҳукуматининг қатор вакиллари, жумладан, ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли билан учрашади.

Толибон матбуот котиби Абдул Қаҳҳор Балҳий учрашувда Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш, миграция, ҳаво қатновини тиклаш ва савдо-сотиқни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинишини айтди.

Толибон 15 августда Афғонистон ҳукуматини босиб олгани ортидан халқаро ҳамжамият бу мамлакатга молиявий ва иқтисодий ёрдам кўрсатишни тўхтатган эди.

НАТО аъзоси бўлган Туркия Қобулдаги элчихонасини ёпмаган ва Қатар билан ҳамкорликда Кобул аэропорти хавфсизлигини сақламоқда.

Бир неча кун аввал Толибон делегацияси Доҳада АҚШ ва кейинроқ Европа Иттифоқи расмийлари билан учрашган эди.

Норвегияда 5 кишини камондан отиб ўлдирган шахс ислом динини қабул қилгани айтилди

Ҳужум 30 мингга яқин аҳоли яшайдиган Конгсберг шаҳри марказида содир бўлган.

Норвегияда беш кишини камондан ўқ узиб ўлдирган 37 ёшдаги даниялик шахс ислом динини қабул қилган. Бу ҳақда матбуотга полиция расмий вакили билдирди.

Норвегиянинг Конгсберг шаҳрида камон билан қуролланган номаълум шахс 13 октябрь оқшомида одамларга ҳужум қилган эди. Ҳодисада беш киши ҳалок бўлган ва икки киши яралангани хабар қилинган. Полиция ўша куниёқ ҳужумчини қўлга олган.

Ҳужум 30 мингга яқин аҳоли яшайдиган Конгсберг шаҳри марказида содир бўлган. Расмий маълумотларга кўра, ҳужумчи якка ўзи ҳаракатланган.

Бу воқеадан сўнг одатда қуролсиз юрадиган полициячиларга қуролланиш топшириғи берилди. Ҳужумчининг адвокати ўз ҳимоясидаги одам тергов билан ҳамкорлик қилаётганини айтди.

2011 йилнинг июлида Андерс Беринг Брейвик исмли ультра миллатчи шахс Норвегияда 77 киши ўлимига сабаб бўлган эди. Дастлаб у Ослодаги ҳукумат биноси олдида портлаш уюштирган ва бунинг оқибатида саккиз киши нобуд бўлган.

Сўнгра Брейвик полициячи кийимини кийиб, Утойя оролидаги Лейбористлар партиясининг ёшлар лагерида яна 69 одамни отиб ўлдирган. Ҳужумчи 2012 йилнинг август ойида қамоқ муддатини узайтириш шарти билан 21 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Тайвандаги кўп қаватли уйда чиққан ёнғин оқибатида 50 киши ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Тайваннинг Гаосюн шаҳридаги 13 қаватли уйда чиққан ёнғин оқибатида камида 50 киши ҳалок бўлди. Яна 60 киши турли жароҳатлар билан касалхонага ётқизилди. Кўп қаватли уйдаги ёнғин пайшанбага ўтар кечаси кўпчилик ухлаб ётганида юз берган. Ёнғинни ўчиришга 160 ўт ўчирувчи жалб қилинди.

Маҳаллий телеканаллар қутқарувчилар ёнаётган уйдан одамларни олиб чиқаётгани тўғрисидаги видеоларни эълон қилди. Билдирилишича, мазкур уй 40 йил олдин қурилган бўлиб, 120 хонадонга эга бўлган.

Дастлабки маълумотларга қараганда ёнғин уйнинг биринчи қаватидаги тижорат учун ишлатиладиган бинолардан чиққан. Бу уйда юздан ортиқ одам яшаган. Уларнинг кўпчилиги кексалар.

Ёнғин эрталаб соат еттиларда ўчирилган. Қутқарувчилар тирик қолганларни излашда давом этмоқда. Ёнғин сабаблари ҳозирча номаълум.

Жаҳонда COVID-19 га чалинганлар сони 238,5 миллион кишидан ошди

Сўнгги бир сутка ичида 364 373 киши коронавирусга чалинган, улардан 5707 нафари ўлди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг билдиришича, дунёда коронавирус юқтирганлар сони 238 миллион 521 мингдан ортди. 4 миллион 863 мингдан зиёд киши вафот этди.

Сўнгги бир сутка ичида 364 373 киши коронавирусга чалинган, улардан 5707 нафари ўлди.

Жонс Хопкинс университети эса жаҳон миқёсида камида 239 миллион 157 минг киши коронавирус бўлганини, беиморлардан камида 4 миллион 874 мингдан ортиғи вафот этганини хабар қилмоқда.

Касалланиш бўйича биринчи бешликда АҚШ (44,194 миллиондан ортиқ), Ҳиндистон (34,001 миллиондан ортиқ), Бразилия (21,582 миллиондан ортиқ), Буюк Британия (8,231 миллиондан ортиқ) ва Россия (7,861 миллиондан ортиқ) бормоқда.

Жонс Хопкинс университетига кўра, дунёда 6 миллиард 536 миллион дозадан ортиқ вакцина қўлланилди.

Қирғизистон Афғонистондаги этник қирғизларнинг хавфсиз яшаши масаласида толиблар билан келишди

Помирда яшовчи этник қирғиз аёл (иллюстратив сурат)

Қирғизистон 13 октябрь куни Афғонистоннинг Катта ва Кичик Помирида яшаётган этник қирғизларга навбатдаги гуманитар ёрдам партиясини етказиб берди.

Қирғизистон ТИВ хабарномасига мувофиқ, 95 тонна бирламчи эҳтиёж маҳсулотлари мамлакатнинг Кобулдаги элчихонаси орқали етказилган. Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, мазкур ёрдам Афғонистондаги этник қирғизларга кўмаклашиш давлат дастури доирасида кўрсатилмоқда.

ТИВ хабарномасида томонлар “Афғонистондаги этник қирғизларнинг хавфсиз яшаши ва мамлакат ҳудуди бўйлаб эркин ҳаракатланиши масаласида келишувга эришган”и қайд этилган.

Помир қирғизлари 1575 йилдан 1930 йилгача бўлган даврда Афғонистонга кўчиб бориб, ўша ерда яшаб қолган қирғизларнинг авлодларидир. Улар Катта ва Кичик Помир ҳудудида, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларисиз, оғир шароитда турмуш кечиришади. 2003 йилда улар сони 5 минг нафарга етганди, бироқ ҳозирда улар тахминан 1,5-2 минг кишини ташкил этади.

2019 йил охирида Қирғизистоннинг Олой туманидаги Сари Мўғул қишлоғига Афғонистондан 50 жондан иборат 11 оила келиб ўрнашган. 2017 йилда эса Норинга 50 киши кўчиб келган. Кейинроқ уларнинг айримлари Афғонистонга жўнаб кетган ва қайтмаган. 2021 йил баҳорида президент Садир Жапаров Афғонистонда қолган барча этник қирғизларни мамлакатга кўчириб келмоқчи эканини маълум қилган.

Тожик мухолифати тарафдорлари Э. Раҳмоннинг Европага ташрифига қарши акциялар ўтказишди

Тожик мухолифати тарафдорлари Варшавадаги норозилик акцияси чоғида, 2021 йил 13 октябри

Тожик мухолифати тарафдорларидан бир гуруҳи 13 октябрь куни ЕИнинг Варшавадаги ваколатхонаси биноси олдида президент Эмомали Раҳмоннинг Бельгия ва Францияга ташрифига қарши норозилик акцияси ўтказди. Тожикистон раҳбари 11 октябрдан бери расмий ташриф билан Европада бўлиб турибди.

Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, акция иштирокчилари Э. Раҳмон “диктатор” ва “мустабид давлат раҳбари” деб аталган плакатларни кўтариб чиқишган. Мухолифат тарафдорлари Тожикистон ҳукуматини қийноқларни тўхтатишга ва барча сиёсий маҳкумларни озод этишга ҳам чақирганлар.

Бир кун олдин шу каби норозилик чиқиши Тожикистон ҳукумати мухолифлари бошпана топган Литва пойтахти Вильнюсда ҳам бўлиб ўтганди.

Эмомали Раҳмон Бельгияга расмий ташрифини тугатгач, 13 октябрь куни Парижда Франция президенти Эммануэль Макрон билан учрашган. Тожикистон президентининг матбуот хизмати хабарига кўра, учрашувда Афғонистондаги оғир сиёсий ва гуманитар вазиятга алоҳида эътибор қаратилган.

Э. Раҳмоннинг Европа мамлакатларига расмий ташрифи 14 октябргача давом этади.

Президентнинг Брюссель ва Парижга ташрифи арафасида Тожикистондаги сиёсий гаровдагилар ва тутқунларни ҳимоя қилиш фуқаровий қўмитаси тожик ҳукумати мухолифларининг олти талабини Тожикистон президентига бериб қўйишни сўраб Европарламент раҳбариятига мурожаат қилган.

Ҳуқуқбонлар ЕИ ва Франциядан Раҳмонни сиёсий мухолифлари ва уларнинг оилаларини жиноий таъқиб қилишни тўхтатишга, сиёсий маҳкумларни қамоқдан чиқаришга, мамлакатдаги барча сиёсий партиялар, гуруҳлар ва ҳаракатларнинг эркин фаолият юритишига рухсат беришга, шунингдек афғон-тожик чегарасида тўпланиб қолган афғон қочқинларини мамлакатга киритишга чақиришни илтимос қилишган.

Беларусь: Мухолифат телеграм-каналларига обуна бўлганлар жиноий жавобгарликка тортилади

Беларусь ИИВ фуқароларни мамлакатда экстремистик деб топилган телеграм-канал ва чатларга обуна бўлгани учун жиноий жавобгарликка тортишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда вазирликнинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бош бошқармаси (УЖвКҚКББ) канали орқали маълумот тарқатилган.

Беларусда суд томонидан экстремистик деб топилган аксар каналлар мухолифатга тегишли.

УЖвКҚКББ хабарномасида янги чора Беларусь ҳукуматининг 12 октябрдаги “Экстремизмга ва нацизм реабилитациясига қарши кураш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан боғланган. ИИВга кўра, ҳужжат мессенжер ва ижтимоий тармоқлардаги гуруҳларни фуқароларнинг экстремистик фаолият юритувчи норасмий гуруҳи деб баҳолаш имконини беради. Бунинг учун фуқаролар етти йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Февраль ойида Бош бошқарма экстремистик деб топилган чат ва каналларга обуна бўлиш маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди. Ўшанда адвокатлар амалдаги қонунчиликка кўра бундай қилиб бўлмаслигини айтганлар. Аммо милиция барибир каналларнинг обуначиларини жарима торта бошлаган.

Экстремистик деб топилган каналлар орасида нафақат мухолифат гуруҳлари, балки медиа ҳам бор. 2020 йил октябрида Минск суди 990 минг обуначиси бўлган NEXTA телеграм-каналини экстремистик деб топган. Август ойида эса нуфузли янгиликлар портали бўлмиш Tut.by телеграм-каналларига нисбатан ҳам шу каби чора кўрилган.

Беларусь ҳукумати 2020 йил августидаги президент сайловидан сўнг бошланган оммавий норозилик ортидан мухолифат вакиллари ва уларга хайрихоҳ фуқароларни аёвсиз таъқиб қилишда давом этмоқда.

Алексей Навальний қамоқдан ўз сафдошларига мактуб йўллади

Алексей Навальнийнинг колонияда туширилган сурати

Қамоқ жазосини ўтаётган россиялик мухолифатчи Алексей Навальний Владимир вилоятидаги колониядан ўз ходимлари ва сафдошларига мактуб чиқарди. Қўлда ёзилган хат матни “Медуза” нашри томонидан эълон қилинди.

Сиёсатчи ўз тарафдорларини мақола ва суриштирувларни эълон қиларкан, бундан унга зарар етиши мумкинлиги ҳақида ўйламасликка чақирган. “Чоп қилаверинг. Дийдаси қаттиқ бўлинг. Ўнгу сўлга боқмасдан ишлайверинг. Биз одамларни гаровга олган террорчилар билан музокара олиб бормаймиз”, деб ёзган Навальний.

Мухолифатчи бўлиб ўтган сайловга ва, ўз таъбирича, “Единая Россия” партиясини “жонидан тўйдирган” “Ақлли овоз бериш” стратегиясига ҳам баҳо берган. Навальний “Ақлли овоз бериш”ни йўқ қилиш учун Россия ҳукумати барча имкониятларини ишга солганини ва “қарийб ниятига етган”ини тан олган. Бироқ, сиёсатчига кўра, бу Кремлга жуда қимматга тушади. Расмий статистикага кўра, сайловда “Ақлли овоз бериш” стратегияси тавсия қилган 15 нафар номзод депутатликка сайланган.

“Ривожланишдан умидимиз буткул кесилди. Энди на технологиялар бўлади, на ЯИМ ўсади, на даромадлар ошади, на таълим ва на тиббиёт бўлади. Деградация. Қолоқлик. Қимматчилик. Яқин йилларда сиёсий кун тартибимизда мана шулар бўлади”, деб ёзган Навальний.

Сиёсатчига кўра, унинг тарафдорлари ва сафдошлари “Ақлли овоз бериш” ёрдамида “катта шаҳарларнинг барча асосий округларида ҳокимият партиясини мағлуб этган”.

Навальний Леонид Волков, Иван Жданов, Любовь Соболь, Мария Певчих ва бошқаларга, шунча босимларга қарамай, жамоа инфратузилмасини сақлаб қолишгани учун раҳмат айтган. Шунингдек, у Россияни тарк этишга мажбур бўлган тарафдорларидан ўзларини “чет элдаги мухолифат” деб ўйламасликни ва мамлакат равнақи учун ишлашни илтимос қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG