Линклар

Шошилинч хабар
22 октябр 2021, Тошкент вақти: 10:58

Халқаро хабарлар

Ливанда Ҳизбуллоҳ диний раҳнамоси дафн қилинди

Бугун Ливан пойтахти Байрутда таниқли шиа уламоларидан бири Муҳаммад Ҳусайн Фадлаллоҳ дафн қилинди.


Ҳизбуллоҳ ҳаракатининг етакчи диний раҳнамоларидан бири ҳисобланган Фадлаллоҳнинг дафн маросимига бир неча минг киши тўпланди. Унинг ўлими муносабати билан мамлакат бўйлаб мотам куни деб эълон қилинди.


1979 йил Эронда амалга оширилган ислом инқилобини қўллаб-қувватлаган Фадлаллоҳ ўз чиқишларида бир неча бор АҚШ ва Исроил сиёсатини кескин танқид қилган.


1995 йилда эса АҚШнинг ўша даврдаги президенти Билл Клинтон Муҳаммад Ҳусайн Фадлаллоҳни терроризмни қўллаб-қувватловчи шахслар рўйхатига киритган эди.


75 яшар
Муҳаммад Ҳусайн Фадлаллоҳ якшанба куни Байрутда вафот этди.

Кун янгиликлари

НАТО мудофаа вазирлари Россия таҳдидидан ҳимояланиш режасини ўзаро мувофиқлаштиришди

НАТОга аъзо мамлакатларнинг мудофаа вазирлари 21 октябрь куни Брюсселда Россия томонидан бир неча жабҳа бўйлаб ҳар қанақа муҳтамал ҳужумдан ҳимояланиш бўйича янги бош режани мувофиқлаштириб олдилар.

Ҳужжатда, Хитойнинг хатти-ҳаракатига борган сари кўпроқ аҳамият қаратилаётган бўлса-да, Шимолий Атлантика альянсининг асосий мақсади Москвани тийиб туриш бўлиб ҳисобланиши урғуланган.

Конфиденциал характерга эга бўлган НАТО стратегияси ядровий қуролдан фойдаланилиши, компьютер тармоқларининг бузиб кирилиши ва коинотдаги ҳужумларни ўз ичига олиши мумкин бўлган Балтика ва Қора денгиз минтақаларидаги ҳар қандай синхрон ҳужумга тайёр туришга қаратилган, деб ёзган Reuters агентлиги.

“Биз энг яхши ва замонавийлаштирилган режалардан фойдаланган ҳолда ўз иттифоқимизни мустаҳкамлашда давом этяпмиз”, дея урғулаган НАТО бош котиби Йенс Столтенберг вазирлар учрашувидан сўнг. Учрашув иштирокчилари янги рақамли технологияларни ривожлантириш учун бир миллиард доллар ажратиш қарорини ҳам мувофиқлаштиришгани айтилмоқда.

Брюсселдаги учрашув олдидан Столтенберг Москва билан муносабатлар совуқ уруш даврида бери энг паст нуқтага тушганини билдирган.

“Бизда Россия билан ўзаро ҳамкорлик қилиш учун восита ва каналлар ҳали ҳам бор, бироқ биз НАТОнинг Москвадаги икки офисини ёпиш ва НАТОдаги Россия миссияси фаолиятини тўхтатиш ҳақида расмийлар томонидан олинган қарордан афсусдамиз”, дея қайд этган НАТО бош котиби.

Москва Ғарбга нисбатан агрессив режалари борлигини рад этиб, НАТОнинг ўзи ҳозирлик ҳаракатлари билан Европадаги вазиятни беқарорлаштириш учун замин яратаётганини иддао қилиб келади.

Путин “Толибон”ни террор ташкилотлари рўйхатидан ўчиртиришга уринилаётганини билдирди

Россия президенти Владимир Путин

Россия “Толибон” ҳаракатини тақиқланган террор ташкилотлари рўйхатидан ўчиртиришга уринмоқда. Бу ҳақда президент Владимир Путин 21 октябрь куни “Валдай” клубининг ялпи сессиясида қилган чиқишида билдирди. Айни пайтда Россия президенти бу ишни аввало БМТ Хавфсизлик кенгаши қилиши лозимлигини урғулади.

Дунёдаги кўплаб мамлакатда террор ташкилоти ўлароқ эътироф этилган “Толибон” радикал ҳаракати август ойи ўрталарида Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрини жангсиз эгаллаб олганди. Ўшанда президент Ашраф Ғани мамлакатни тарк этган ва бу ишни “йирик гуманитар инқироз келтириб чиқармаслик” истагида қилганини билдирган. Бунинг ортидан Афғонистон қарийб тўлалигича толиблар назорати остига ўтган.

Ғарб мамлакатлари Афғонистонда “Толибон” ҳокимиятини тан олмаяпти. Уни расман тан олмаган Россия расмийлари эса толиблар билан мунтазам учрашувлар ўтказиб турибдилар. Ана шундай учрашувлардан бири куни кеча Москвада ўтказилган – “Толибон” делегациясини Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров қабул қилган. У толибларнинг халқаро майдондаги мақоми қандай бўлишидан қатъи назар, “Афғонистоннинг янги расмийлари” билан ҳамкорлик қилиш зарурлигини қайд этган.

Толиблар Кобулдаги аёллар митингини ёритаётган журналистларга ҳужум қилди

"Толибон" вакили Кобулдаги аёллар акциясини ёритаётган журналистни туртмоқда, 2021 йил 30 сентябри

Толибон жангарилари Кобулда “иш, нон ва таълим” талаб қилаётган аёллар митингини ёритаётган бир неча журналистга ҳужум қилди.

21 октябрь куни йигирмага яқин афғон аёли ўз ҳуқуқларини талаб қилиб кўчага чиққан. Толиблар аралашгунга қадар намойишчилар “Таълимга сиёсатни аралаштирманг” дея қичқирганлар.

Норозилик акцияси давом этаётган вақтда толиблардан бири чет эллик фотографни милтиқ қўндоғи билан урган, кейин эса тепган. Бошқа жангари журналистга мушт туширган, дея хабар қилди “Франс-пресс”. Агентлик маълумотига кўра, намойишни ёритаётган яна камида икки журналист жангарилар ҳужумидан жабрланган.

“Толиблар ҳеч кимни ҳурмат қилмайди: на чет эллик ёки маҳаллий журналистларни, на аёлларни”, деган намойиш ташкилотчиларидан бири бўлмиш Заҳро Муҳаммадий.

Толибон мулозимлари вазият бўйича изоҳ беришганича йўқ.

Август ойи ўрталарида халқаро миқёсда тан олинган ҳукуматни ағдаришгандан сўнг толиблар қизлар ва аёлларга ўқиш, ишлаш ва спорт билан шуғулланишни тақиқлаб қўйган 1996–2001 йиллардаги биринчи бошқарув давридагидан фарқли ўлароқ, анча мўътадил сиёсат юритишга ваъда беришган эди.

БМТ ва инсон ҳақлари ташкилотлари янги афғон режимини ушбу ваъдаларини кенг кўламда бузаётганликда айблаб келади. Ҳозирга қадар мамлакатнинг 34 вилоятидан атиги бештасида қизларнинг мактабга қатнашига рухсат берилган, ишли аёлларнинг аксарияти эса толиблар буйруғига кўра уйда ўтиришга мажбур бўлмоқда.

ЖССТ “Спутник V” вакцинасини маъқуллаш жараёнини қайтадан бошлади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Россиянинг коронавирусга қарши “Спутник V” вакцинасини шошилинч қўллаш учун маъқуллаш жараёнини қайтадан бошлаган – ташкилот реестридаги маълумот шундан далолат бермоқда.

“Спутник V”нинг Twitter’даги расмий саҳифасида айтилишича, вакцинанинг қайта квалификация қилиниши жараёни “жадвалга мувофиқ равишда бормоқда ва якуний босқичга кирган”. ЖССТ инспекторлари гуруҳи зарур текширувларни ўтказиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш учун тез орада Россияга келиши кутилмоқда.

“Спутник V”ни чет элдаги харидорларга етказиб бериш билан шуғулланувчи Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди вакцина яқин бир неча ой ичида маъқулланишига умид қиляпти.

Сентябрь ойида ЖССТ “Спутник V”ни маъқуллаш ишини тўхтатиб туришга қарор қилгани очиқланган. Бунга вакцина ишлаб чиқариладиган заводлардан бирида иш тегишли талабларга мувофиқ тарзда ташкил этилмагани сабаб қилиб кўрсатилган.

“Спутник V” Россияда Гамалея номидаги марказнинг “Медгамал” фабрикасида, шунингдек “Биннофарм”, “Р-Фарм”, “Биокад”, “Генериум”, “Лекко” ва “Фармстандарт-УфаВИТА” фармацевтика корхоналарида ишлаб чиқарилади.

“Спутник V” вакцинасини ишлаб чиқариш Ўзбекистонда ҳам йўлга қўйилган бўлиб, бу иш билан Jurabek Laboratories қўшма корхонаси шуғулланмоқда.

Прокуратура: Саакашвили Грузияга сут маҳсулотлари ортилган машинада кирган

Михаил Саакашвили

Грузия прокуратураси мамлакатнинг собиқ президенти Михаил Саакашвилини давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда айблашга оид қарор чиқарди.

Идора маълумотига кўра, Саакашвили “Вильнюс” кемаси бортида Украинанинг Черноморск шаҳридан Грузиянинг Поти бандаргоҳига етиб келган. 29 сентябрга ўтар кечаси кема портга кирган, шундан сўнг у ердан сут маҳсулотлари ортилган тиркамали трейлер йўлга чиққан. Саакашвили ана шу трейлерда бўлган.

Прокуратуранинг урғулашича, Саакашвили трейлерда бўлганини унинг телефонида тикланган видеоёзувлар тасдиқлайди.

“РИА Новости” агентлигининг хабар қилишича, Саакашвили томонидан чегара ноқонуний кесиб ўтилиши иши доирасида уч киши – трейлер ҳайдовчиси Элгуже Цомае, шунингдек Поти бандаргоҳининг икки ходими қўлга олинган.

Михаил Саакашвили саккиз йиллик танаффусдан сўнг шу йилнинг 1 октябрида Грузияга қайтган эди. Грузия ҳуқуқ-тартибот идоралари уни чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда гумон қилиб, ҳибсга олган. Саакашвили ҳозирда Рустави шаҳридаги қамоқхонада сақланмоқда.

Россия Ички ишлар вазирлиги Любовь Соболни қидирувга берди

Любовь Соболь

Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари Алексей Навальнийнинг яқин сафдошларидан бири бўлган Любовь Соболга нисбатан қидирув эълон қилди – унинг номи ИИВнинг қидирувдаги шахслар базасига киритилди.

Август ойида Соболь “санитария иши” бўйича бир ярим йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган эди. Суд қарорига кўра, у махсус рухсатномасиз Москвани тарк этиш, кечки соат ўндан эрталаб олтигача уйдан ташқарига чиқиш ва оммавий тадбирларга бориш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Аммо кўп ўтмай Соболь Россиядан чиқиб кетгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган, унинг ўзи бу хусусда изоҳ берган эмас.

“Санитария иши”дан олдин Соболь “турар-жой дахлсизлигини бузиш” моддаси бўйича судланган. Судья унга Навальнийнинг заҳарланишида гумон қилинаётган ФХХ ходими Константин Кудрявцевнинг квартирасига киришга ва у билан гаплашишга урингани учун шартли равишда бир йиллик ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлаган.

Сентябрь ойи охирида Тергов қўмитаси Навальнийнинг энг яқин сафдошлари, жумладан Соболга қарши “экстремистик ташкилот тузиш ва унда иштирок этиш” айблови билан жиноят иши очган.

“Санитария иши” Алексей Навальнийни дастаклаш учун 23 ва 31 январь кунлари Россиянинг ўнлаб шаҳарларида ўтказилган норозилик чиқишларидан сўнг очилган. Иш доираси Навальнийнинг бир неча сафдоши, шунингдек сиёсий фаоллар “санитария-эпидемиология қоидаларини бузишга қасд қилиш” айблови билан қамоққа олиниб, аксарияти бир йилдан икки йилгача озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган.

Туркияда ўзбекистонлик дохил олти киши жосуслик айблови билан қўлга олинди

Туркиянинг Истанбул шаҳрида сиёсий ва ҳарбий жосусликда айбланган олти нафар хорижлик ҳибсга олинди. Улардан бири ўзбекистонлик, яна бири украиналик, тўрт нафари эса Россия фуқаросидир. Терговчилар мулоҳазасича, улар Туркияда яшаган чечен мухолифатчиларига ҳужум уюштиришга ҳозирланишган ва бунинг учун қурол-аслаҳа сотиб олишган.

Хорижликлар ҳибсга олингани ҳақида прокуратурадан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилган Hürriyet нашри уларнинг исмларини очиқлаган. Булар россиялик Абдула Абдулаев, Равшан Ахмедов, Беслан Расаев, Асланбек Абдулмуслимов, украиналик Игорь Ефрим ҳамда ўзбекистонлик Амир Юсуповлардир.

Sabah газетаси терговчилар ҳибсга олинган шахсларнинг Россия фойдасига ишлаган, деган фикрда эканини ёзган. Қўйилган айблов бўйича улар 15 йилдан 20 йилгача қамалишлари мумкин. Россия элчихонаси ва Ташқи ишлар вазирлиги ҳодиса юзасидан ҳали изоҳ берганича йўқ.

Аввалроқ Кавказ.Реалии таҳририяти маҳаллий чечен диаспораси вакилларидан олинган маълумотга таянган ҳолда қўлга олинганлар чеченистонлик блогер Ҳасан Халитов ҳамда Суриядаги чечен жиҳодчилари отрядларидан бирининг командири Рустам Ажиевга суиқасд уринишида гумонланаётгани ҳақида хабар қилган.

Алексей Навальний Европа парламенти томонидан Андрей Сахаров мукофотига лойиқ топилди

Европа парламенти Андрей Сахаров номидаги “Фикр эркинлиги учун” мукофотини россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийга топширишга қарор қилди. Бу ҳақда Озодликнинг рус хизмати ҳодисадан хабардор икки манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди. Ғолиб исмини расман очиқлаш маросими 20 октябрь оқшомида бўлиб ўтади.

Мазкур хабар ортидан мукофот Навальнийга берилиши ҳақида унинг номзодини кўрсатган Европарламент фракцияси ҳам баёнот берди.

Сахаров мукофоти Европа Иттифоқининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги асосий мукофоти бўлиб ҳисобланади. Россиялик мухолифатчининг номзоди бу мукофотга Европарламентнинг энг йирик фракцияси бўлмиш Европа халқ партияси ҳамда “Европани янгилаш” деб номланган либераллар фракцияси томонидан кўрсатилган.

Алексей Навальний йил бошидан буён Россиядаги қамоқхонада ўтирибди. У Германиядан даволаниб қайтиши биланоқ Москва аэропортида қўлга олинган. Мухолифатчининг қамоқ муддати 2023 йил кузида тугаши керак. Бироқ унга қарши яна бир нечта жиноят иши қўзғатилган.

Ўтган йили Сахаров мукофотини Беларусь мухолифати вакиллари олган. 2018 йилда эса мазкур мукофот Россия қамоқхонаси собиқ маҳбуси – украин режиссёри Олег Сенцовга топширилган.

Навальний жорий йилда Нобель тинчлик мукофотига ҳам номзод қилиб кўрсатилган эди, аммо пировардида мукофот икки журналист – филиппинлик Мария Ресса ҳамда россиялик Дмитрий Муратовга топширилган.

БМТ Хавфсизлик кенгаши Шимолий Кореядаги ракета синовлари ортидан ошиғич мажлис ўтказмоқчи

БМТ Хавфсизлик кенгаши Шимолий Корея 19 октябрь куни баллистик ракета синовини ўтказгани ортидан ошиғич мажлисга йиғиладиган бўлди. Мажлис Қўшма Штатлар, Буюк Британия ва Франция ташаббуси билан чақирилмоқда. Бу ҳақда Япониянинг NHK телерадиокомпанияси хабар қилди.

Ядровий ва ракетага оид ҳарбий дастурларни ривожлантираётгани учун Шимолий Кореяга қарши БМТ санкциялари жорий қилинган. Шунга қарамай, Пхенян атом қуролини ташувчи янги ракеталарни синовдан ўтказишда давом этмоқда. Давлатга қарашли Марказий телеграф агентлигининг баёнотига мувофиқ, 19 октябрь куни КХДР сувости кемасидан янги баллистик ракета отишни муваффақият билан амалга оширган.

Шимолий Корея дунёда сон жиҳатдан сувости кемалари энг кўп бўлган мамлакатлардан бири бўлиб ҳисобланади. Унинг тарассуфида, турли ҳисоб-китобларга кўра, 70 тадан 90 тагача дизель кемаси бор. Бу кемалардан бирини ядровий қурол билан жиҳозлаш имконияти минтақадаги вазиятни сезиларли даражада беқарорлаштириши мумкин.

19 октябрь кунги синов Шимолий Кореянинг бу йил ҳисобидан саккизинчи йирик ракета синови бўлди. 15 ва 28 сентябрда ўтказилган синовлардан кейин БМТ Хавфсизлик кенгаши мазкур синовлар бўйича қўшма баёнот ёйинлашга уринган. Бироқ Россия ва Хитой вакилларининг тутган мавқеи туфайли баёнот матнини мувофиқлаштириш муваффақ бўлинмаган.

Толибон вазири худкушларнинг оилаларига пул ва ер ваъда қилди

Сирожиддин Ҳаққоний худкуш террорчиларнинг яқинлари билан кўришмоқда, Кобул, 2021 йил 18 октябри

Толибон тузган ҳукуматда ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи, энг катта террорчилардан бири сифатида халқаро қидирувга берилган Сирожиддин Ҳаққоний худкушларни алқаб, уларнинг қариндошларига пул ва ер ваъда қилди.

Қўшма Штатлар томонидан террорчилар рўйхатига киритилган “Ҳаққоний тармоғи” гуруҳи етакчиси бўлмиш Сирожиддин Ҳаққонийнинг боши учун 10 миллион доллар мукофот ваъда қилинган.

18 октябрь куни Ҳаққоний Кобулдаги Intercontinental меҳмонхонасида бир неча террорчининг яқинлари билан учрашди, дея хабар қилган ИИВ вакили Саид Хустий.

Хустий ва Толибон тарафдорларининг Twitter’даги аккаунтларида Ҳаққоний дея тахмин қилинаётган кишининг учрашувда одамлар билан қучоқлашиб кўришаётгани акс этмиш фотосуратлар эълон қилинган. Суратларда унинг юзи хиралаштирилган ёки кадрга орқа ўгирган ҳолда тушган.

Баёнотда Ҳаққоний худкуш террорчилар оилаларини олқишлаб, ҳалок бўлганларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтиргани айтилган.

Афғонистоннинг RTA давлат телеканали Ҳаққоний ҳар бир оилага 125 доллардан пул ва томорқа беришни ваъда қилгани ҳақида хабар берган.

Толибонга алоқадор “Ҳаққоний тармоғи” жанговар гуруҳи АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция кучларига ва август ойида толиблар Кобулни эгаллаб олгани ортидан ағдарилган афғон ҳукуматига қарши ҳужумлар уюштириб, кўплаб ҳарбийларни ўлдирганликда айбланади.

Қирғизистон: “Дўстлик” чегара масканида ўзбекистонликлардан пора талаб қилган чегарачилар ушланди

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги “Дўстуқ-автодорожний” назорат-ўтказиш маскани

Ўзбек-қирғиз чегарасидаги “Дўстуқ-автодорожний” назорат-ўтказиш масканида мансабдор шахслар чегарадан ўтаётган фуқаролардан мунтазам равишда пул талаб қилиб келганлар. Бу ҳақда 24.kg ахборот агентлиги Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасидан (МХДҚ) олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, Чегара хизматининг айрим раҳбарлари ҳимоясида ҳаракатланган бу шахсларнинг асосан қурбонлари Ўзбекистон фуқаролари ҳамда юк ташийдиган машиналар ҳайдовчилари бўлган. Мазкур факт Қирғизистон Жиноят кодексининг “Бир гуруҳ шахслар томонидан пора олиниши” моддаси бўйича Жиноят ва қилмишлар ягона реестрида қайдга олинган.

МХДҚ хабарномасида 19 октябрь куни “Дўстуқ-автодорожний” НЎП бошлиғи А.Э., МХДҚ Чегара хизматининг Ўш вилояти бўйича бошқармаси раҳбари Ч.Н. ҳамда МХДҚ Чегара хизмати бош штаби раҳбари К.Б. қўлга олингани ва қўмитага қарашли Ўшдаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилгани билдирилган.

АҚШ: ФТБ россиялик олигарх Олег Дерипасканинг Вашингтондаги уйида тинтув ўтказди

Олег Дерипаска

АҚШ Федерал тергов бюроси (ФТБ) россиялик олигарх Олег Дерипасканинг Вашингтондаги уйида “тергов ҳаракатлари”ни олиб борди. Бу ҳақда ФТБ расмий вакили баёнот берган.

NBC News телеканали ўз мухбирлари ўша пайтда Олег Дерипасканинг уйи яқинида бўлганини, уйни ФТБ агентлари қуршаб олишганини хабар қилган.

ФТБ ходимлари рус олигархининг уйига киришган. Тинтув ўтказилиши сабаби очиқланганича йўқ.

Миллиардер ва нефть қироли Олег Дерипаска президент Владимир Путинга яқинлиги билан танилган. Олигарх 2018 йил апрелида АҚШ Молия вазирлиги томонидан санкциялар қўлланилган расмий шахслар ва тадбиркорлар рўйхатига киритилган.

Washington Post маълумотига кўра, Дерипасканинг Вашингтондаги уйи майдони 2100 квадрат метрдан ошади. У Россия элчихонасидан тахминан бир ярим чақирим нарида ва АҚШ Ҳарбий-денгиз обсерваторияси ёнида жойлашган. Уйда еттита ётоқхона мавжуд бўлиб, пол итальян мармаридан ишланган, залга осилган катта қандил эса бир пайтлар Париж опера театрини безаб турган.

Аввалроқ “Важние истории” нашри ҳамда мухолифатчи Алексей Навальний жамоаси Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг қариндошлари Олег Дерипасканинг хусусий учоқлари, уйлари ва меҳмонхоналаридан фойдаланишини, вазир эса бунинг эвазига Дерипасканинг бизнес манфаатларини ҳимоя қилишини аниқлашган эди.

Эрдўғон дунё II жаҳон урушининг “бир ҳовуч ғолиблари”га қарам бўлиб қолганини танқид қилди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ангола парламентида сўзлаган нутқида дунёнинг Иккинчи жаҳон уруши ғолиблари бўлмиш “бир ҳовуч мамлакат”га қарамлигини камайтириш зарурати ҳақида гапирди.

“Башарият тақдири Иккинчи жаҳон урушида ғолиб чиққан бир ҳовуч мамлакатнинг марҳаматига боғлиқ бўлиб қолиши мумкин эмас”, дея иқтибос келтирган ТАСС агентлиги Эрдўғон сўзларидан.

Туркия президентининг таъкидлашича, жаҳонда дипломатия, тижорат ва халқаро алоқалар ўзгараётган бир пайтда “глобал хавфсизлик архитектураси эски ҳолида қолиши ақлга сиғмайди”.

Эрдўғон глобал тизимда, хусусан БМТ Хавфсизлик кенгашида тенгсизлик мавжудлигини, “дунё беш мамлакат билан чекланмаслигини” айтган. Бу ерда гап БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари ва вето ҳуқуқига эга беш давлат – АҚШ, Буюк Британия, Россия, Франция ва Хитой ҳақида бормоқда. Улар Иккинчи жаҳон уруши ғолиблари сифатида кенгашга кирган.

Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилиш масаласи БМТ Бош ассамблеясининг 2021 йил сентябридаги йиғилишида ҳам кўтарилган эди. Хусусан, Япония бош вазири Ёсихидэ Суга ушбу орган замонавий дунё воқелигини акс эттириши лозимлигини айтган. Кенгашнинг доимий аъзолари сонини кўпайтириш ғоясини Франция ҳам қўлламоқда. Расмий Париж назарида Кенгашга Германия, Ҳиндистон, Япония ва Бразилия ҳам қабул қилиниши керак.

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод истеъфо берди

Залмай Халилзод

АҚШнинг Афғонистонда сулҳ тузиш масалалари бўйича махсус элчиси Залмай Халилзод истеъфога чиқди. Халилзод илгари толиблар билан музокараларда АҚШ делегациясига бошчилик қилган. Унинг истеъфоси ҳақида АҚШ ОАВлари Давлат департаментига таянган ҳолда хабар қилди.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 18 октябрь куни Залмай Халилзод ўрнига унинг ўринбосари Томас Уэст тайинланишини эълон қилган.

Блинкен Залмай Халилзодга миннатдорлик билдираркан, “Ўнлаб йиллар мобайнида Америка халқига хизмат қилгани учун ундан миннатдорман”, деб айтган.

Халилзод баёнотида ўзининг Афғонистондаги хатти-ҳаракатларини ҳимоя қилган, шу билан бирга, сўнгги миссиясини тўла-тўкис бажара олмаганини тан олган.

“Афғон ҳукумати билан Толибон ўртасидаги сиёсий битим режадагидек амалга ошмади. Бунинг сабаблари ниҳоятда мураккаб, мен бу борадаги фикрларимни давлат хизматидан кетганимдан сўнг тез орада билдираман”, деб ёзган Халилзод.

Пуштун миллатига мансуб бўлган Залмай Халилзод 71 ёшда бўлиб, у Афғонистонда туғилган, Байрутдаги (Ливан) Америка университетини тамомлаган. Чикаго университетида докторлик илмий даражасини ҳимоя қилганидан сўнг АҚШда қолиб кетган. Қўшма Штатларнинг Афғонистон, Ироқ ва БМТдаги элчиси бўлиб ишлаган.

2018 йилда Халилзод АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили этиб тайинланган ва Дохада бўлиб ўтган толиблар билан музокараларда АҚШ делегациясига раҳбарлик қилган. Музокаралар якуни бўйича 2020 йил 29 февраль куни имзоланган битимга кўра, хорижий давлатлар қўшинлари Афғонистонни тарк этиши, Толибон ва афғон ҳукумати тинчлик музокараларини ўтказиши лозим эди.

Аммо Қўшма Штатлар ўз қўшинини олиб чиқиб кетишни бошлаганидан сўнг вазият ўзгарган. Толиблар билан Ашраф Ғани ҳукумати ўртасидаги музокаралар барбод бўлган ва 15 августга қадар Толибон мамлакатнинг катта қисмини, жумладан пойтахт Кобулни эгаллаб олган.

Афғонистонда ва дунёда кўпчилик Залмай Халилзод фаолиятига танқидий қарайди. Уларнинг фикрича, пуштун миллатига мансуб Халилзоднинг толиблар билан музокаралари ушбу радикал гуруҳга бир қадар сиёсий легитимлик берган, айни чоғда Афғонистонда мустаҳкам тинчлик ўрнатилишига олиб келмаган.

Тожикистонда таниқли ҳуқуқ фаоли 9 йилга қамалди

Иззат Амон

Душанбе суди товламачиликда айбланган таниқли ҳуқуқбон Иззат Амонни 9 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Ҳукм 19 октябрь куни эълон қилинганини билдирган адвокат Сайбурхон Шарифов Озодликнинг тожик хизматига суд ҳукмини “ноқонуний” деб ҳисоблашини айтган. И. Амоннинг адвокати ўз мижози Тожикистон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан эълон қилинмиш амнистияга тушиши мумкинлигини қўшимча қилган. Шу билан бирга, адвокат суд ҳукми устидан аппеляция тартибида шикоят аризаси киритилишини маълум қилган.

Иззат Амон кўп йиллар мобайнида Москвадаги тожиклар марказига раҳбарлик қилган. У Россия фуқаролигидан маҳрум қилиниб, шу йил 25 мартида ҳуқуқ фаолини молиявий фирибгарликда айблаётган тожик расмийлари талабига кўра Россиядан бадарға қилинган. И. Амоннинг яқинлари ва тарафдорлари мазкур айбловни рад этишиб, ҳуқуқбон сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилинаётганини иддао қилишган.

Иззат Амон раҳбар бўлган нотижорат ташкилоти Москвада меҳнат муҳожирларига иш топиш, иш ва яшаш учун рухсатнома олишга кўмаклашиб келган ҳамда ҳуқуқий маслаҳатлар бериш билан шуғулланган.

Қирғизистонда коронавирусга қарши курашда қурбон бўлган тиббиётчиларга ҳайкал очилди

Коронавирусдан қурбон бўлган тиббиёт ходимлари учун ўрнатилган ҳайкалнинг очилишидан лавҳа, Бишкек, 2021 йил 19 октябри

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида 19 октябрь куни коронавирус инфекциясига қарши курашда қурбон бўлган тиббий ходимлар ва тиббиёт таълим масканларига ҳайкал очилди.

Ёдгорлик Қирғизистон давлат тиббиёт академияси асосий корпуси яқинидаги хиёбонда ўрнатилди. Маълумотларга кўра, ҳайкал ихтиёрий равишда йиғилган пуллар ҳисобига ҳозирланган.

Коронавирус пандемияси даврида Қирғизистонда олти мингдан зиёд тиббиёт ходими хасталикка чалинган. Улар орасидан 123 киши (79 нафар врач ва 44 нафар ўрта маълумотли тиббий ходим) вафот этган.

Мамлакатда шу кунгача коронавирусга чалинганлар сони 180 минг нафардан ошган. Пандемия бошидан бери, расмий маълумотларга кўра, COVID-19 важидан вафот этганлар сони 2 минг 638 кишига етган.

АҚШ мудофаа вазири: Россия Донбассда тинчлик ўрнатилишига қаршилик қилмоқда

АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин

Киевга келган АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Украина шарқида уруш бошлангани ва можаро ҳануз давом этаётгани учун жавобгарликни Россия зиммасига юклади.

“Бу урушни Россия бошлади ва унинг ўзи можарони тинч йўл билан ҳал қилишга тўсиқ бўлмоқда”, деган у Украина мудофаа вазири Андрей Таран билан музокаралардан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида.

Киевга келганидан сўнг “Твиттер”да пост қолдирган Остин ташрифдан мақсади Украинанинг ҳудудий яхлитлигини дастаклашга ва Россия хуружларини даф қилиш лаёқатини кучлантиришга ҳозирлигини билдириш эканини маълум қилган.

Украинанинг НАТОга кириши эҳтимоли ҳақида сўз очаркан, Остин ҳеч бир “учинчи мамлакат” бунга вето қўйиш ҳуқуқига эга эмаслигини айтган. НАТО расман ўз эшиклари Украина учун очиқлигини урғулайди, бироқ Киев Альянсга кириш учун зарур ҳаракатлар режасини ҳали олганича йўқ.

Россия Украинанинг НАТОга аъзо бўлишига кескин қаршилик қилмоқда, Кремлнинг матбуот котиби Песков яқинда, агар Украина аъзоликка яқинлашса, “фаол чоралар” кўрилишини айтиб, таҳдид қилган эди.

Украина мудофаа вазирига кўра, музокара чоғида икки мамлакатнинг ҳарбий соҳадаги ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича “йўл харитаси” ва Қора денгизда хавфсизликни таъминлаш масаласи муҳокама қилинган.

18 октябрь куни Украина АҚШдан тиббиёт моллари ва қурол-аслаҳадан иборат юкларнинг иккинчи партиясини қабул қилиб олгани хабар қилинган эди. Умумий қиймати 60 миллион долларлик ушбу юк Украина президентининг Вашингтонга ташрифи чоғида эришилган келишувга мувофиқ равишда етказиб берилмоқда.

Украина шарқида қуролли тўқнашувлар 2014 йил баҳорида - Россия томонидан Қрим яримороли аннексия қилинганидан кўп ўтмай бошланган.

Россия НАТОдаги ўз миссияси ҳамда НАТОнинг Москва шуъбаси фаолиятини тўхтатиб туради

Сергей Лавров НАТОнинг Брюсселдаги қароргоҳида (2012 йил)

Россия жорий йил 1 ноябридан ўзининг НАТО қароргоҳи қошидаги доимий ваколатхонаси ҳамда НАТОнинг Москвадаги ахборот шуъбаси фаолиятини вақтинча тўхтатади. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров маълум қилди.

Унинг айтишича, НАТО котибияти Россия томонининг режасидан хабардор. НАТОда Россияга нисбатан саволлар пайдо бўлган тақдирда альянс Россиянинг Бельгиядаги элчисига мурожаат қилиши мумкин. Россия ТИВ раҳбари миссиялар фаолиятининг эҳтимолий тикланиши шартларини очиқламаган.

Лавров мазкур хатти-ҳаракатни Брюсселдаги НАТО қароргоҳи ҳузуридаги Россия доимий ваколатхонасининг 8 ходими аккредитациядан маҳрум этилганига жавоб деб атаган. Ваколатхонадаги россиялик дипломатларнинг умумий сони 20 дан 10 нафарга қисқартирилган. Россия ҳукумати эса энди битта ҳам ходим қолдирмасликка қарор қилган.

Шимолий Атлантика иттифоқи ўз қарорини аккредитациядан маҳрум қилинган дипломатлар Россия махсус хизматлари ходимлари бўлиб, дўстона бўлмаган ишлар билан машғул бўлишгани билан изоҳлаган. Мазкур қарор 6 октябрь куни эълон қилинган, дипломатларга Брюсселни тарк этиш учун ой охиригача муҳлат берилган.

Кремлнинг матбуот котиби Дмитрий Песков ўшанда Москва НАТО билан муносабатлар нормаллашувига ҳамда ўзаро мулоқот қайтадан йўлга қўйилишига ортиқ умид қилмаслигини билдирган.

НАТО вакили эса бунга жавобан Альянс Россияга нисбатан мантиқий изчил сиёсат юритишда давом этишини таъкидлаган. “Биз Россиянинг агрессив ҳаракатларига қарши тийиб туриш ва ҳимояланиш чораларини кучайтирдик, шу билан бирга, конструктив мулоқот учун ҳамиша очиқмиз”, дея баёнот берган у.

Суриштирув: Туркманистон президентининг жиянлари Дубайда 16 та квартира сотиб олган

Иллюстратив сурат

Turkmen.news ва Gundogar мустақил туркман нашрлари Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ этиш лойиҳаси (OCCRP) билан ҳамкорликда “Пандора ҳужжатлари”ни ўрганиб, президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг жиянлари давлат корхоналари маҳсулотлари экспортидан катта бойлик орттирганини аниқлади.

Суриштирувга кўра, Туркманистоннинг давлатга қарашли “Гарабогазкарбамид” заводи маҳсулотлари Шотландияда рўйхатдан ўтган Caran Holdings LP. номли шубҳали ширкат (унинг ҳатто ўз вебсайти ҳам йўқ) орқали экспорт қилинади. Корхона бошқарувида президентнинг жияни Ҳожимурод Режепов муҳим роль ўйнайди. Қолаверса, расмий қайдларга кўра, у 2020 йил январь–ноябрь ойларида Шотландиядаги ширкатнинг соҳиби бўлган.

2018 йилда ўзини Caran ширкатининг вакили ўлароқ танитган бир одам туркман расмий нашрига интервью бериб, ширкат корхонанинг 1,2 миллион тонна маҳсулотини Грузия ва Россия портлари орқали экспорт қилиш бўйича шартнома имзолаганини маълум қилган. Журналистлар ушбу рақамни бошқа маълумотлар билан таққослаб, шотланд ширкати Туркманистонда ишлаб чиқарилган карбамиднинг ягона экспортчиси эканини аниқлашган.

Бундан ташқари, ширкат Туркманистонга минерал ўғитлар импорт қилиш билан ҳам шуғулланган. Хусусан, 2018 йилда Caran Holdings LP. Туркманистонга 20 минг тонна аммофос олиб келиш бўйича 11,4 миллион долларли шартномани қўлга киритган.

Шунингдек, суриштирувда Ҳожимуроднинг укаси Шомурод Туркманистонда ишлаб чиқариладиган нефть ва кимё маҳсулотларини экспорт қилиш билан шуғулланувчи Британияда қайд этилган Delanore ширкати соҳибларидан бири эканлиги фош қилинган.

Суриштирувда аниқланишича, президентнинг бу икки жияни Дубайнинг энг яхши жойларидан 16 та квартира сотиб олишган. Хусусан, Ҳожимурод тўққизта, Шомурод эса жами 5,5 млн долларлик еттита ҳашаматли квартира эгасига айланган.

Аввалроқ Ҳожимурод Режеповга оид ширкат Туркманистонга озиқ-овқат маҳсулотлари импорт қилиш орқали ўн миллионлаб доллар пул ишлагани ўртага чиққан эди.

АҚШ COVID-19 га қарши курашда ёрдам ўлароқ Қозоғистонга 2,4 миллион доллар ажратади

Иллюстратив сурат

Қўшма Штатлар COVID-19 га қарши курашда Қозоғистонга ёрдам сифатида АҚШнинг халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали 2,4 миллион доллар ажратишга қарор қилган. Бу ҳақда АҚШнинг Қозоғистондаги элчихонаси матбуот хизмати 18 октябрь куни маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, АҚШ пандемия бошидан бери Қозоғистонга жами 6,8 миллион доллардан кўпроқ қўшимча кўмак кўрсатган.

АҚШ элчихонаси маълумотига кўра, USAID коронавирус мавзуси бўйича беш мингдан зиёд тиббиёт ходимини ўқитган ҳамда “жамоатчилик хабардорлигини ошириш ва дезинформацияга қарши кураш учун ижтимоий гуруҳларни сафарбар қилиш орқали” 8,2 миллион нафардан кўпроқ кишини қамраб олган.

Хабарномада Қўшма Штатлар ўтган 20 йилдан кўпроқ вақт ичида Қозоғистонга икки миллиард доллар сармоя киритгани, бунинг 92,8 миллион доллари соғлиқни сақлаш дастурларини дастаклашга йўналтирилгани урғуланган.

Чехия президенти Земан соғлиғи ёмонлашгани сабабли ваколатларидан маҳрум этилиши мумкин

Милош Земан

Чехия президенти Милош Земан айни пайтда ўз мажбуриятларини бажаришга қодир эмас, унинг ишга қайтиши эҳтимоли жуда кам, дея маълумот тарқатган Марказий ҳарбий госпиталь. Президент Земан бир ҳафтадан бери ушбу касалхонанинг жонлантириш бўлимида ётибди.

Хабарномадан иқтибос келтирган Чехия Сенати (парламентининг юқори палатаси) раиси Милош Вистрчил мазкур вазиятда президент ваколатларини мамлакатнинг бошқа раҳбарларига беришдан бошқа йўл йўқлигини айтган.

Сенат раисига кўра, гап Земанни лавозимдан олиш ҳақида эмас, балки президент ўз вазифаларини бажара олмай қолгани муносабати билан конституцияда белгиланган тартибда унинг ваколатларини вақтинча топшириши ҳақида боряпти.

Земанга яқин мулозимлар президент, хасталигига қарамай, ҳали ишлаши мумкинлигини иддао қилиб, унинг сиёсий рақибларини Земандан қутулишга уринаётганликда айблашмоқда. Бошқа сиёсатчилар эса, ўз навбатида, уларни президентнинг беморлигидан манфаат излашда ва жамоатчиликни алдашда айблаб келади.

Милош Земан бир ойдан ортиқ вақтдан бери жамоатчиликка кўриниш бермаган.

Президент ваколатлари ундан фақат парламентнинг ҳар икки палатаси розилиги билан олиб қўйилади. У ҳолда ваколатлар бош вазир ҳамда парламентнинг қуйи палатаси раиси ўртасида тақсимланиши мумкин, шу билан бирга, янги бош вазирни қуйи палата раҳбари тайинлай олади.

Земаннинг ташхиси эълон қилинмаган – қонунга кўра, у фақат беморнинг розилиги билан очиқланиши мумкин. ОАВ турли манбаларга таянган ҳолда, 77 ёшли президент жигар энцефалопатияси хасталигига чалинганини хабар қилган. Ушбу хасталикда жигар оғир шикастланиши манзарасида мия функциялари бузилиши кузатилади.

Европалик депутатлар Саакашвилини қамоқдан озод этишга чақиришди

Михаил Саакашвили сақланаётган Руставидаги қамоқхонаси минорасида турган қўриқчи

Европа Иттифоқи мамлакатларидан бўлган ўнлаб депутат, собиқ ва амалдаги сиёсатчилар Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилини озод қилишга чақиришди.

Саакашвилининг октябрь ойи бошида Грузияга келиши биланоқ қўлга олиниши мамлакатда сиёсий муҳитнинг таранглашишига олиб келган.

“Саакашвилининг панжара ортида ўтириши адолатли юридик процедуралар амал қила бошлагунига қадар бекор қилиниши лозим. Грузия демократияси бугунги сиёсий инқироздан чиқиб кетиши керак”, дейилган мурожаатномада.

Европалик депутатларнинг 18 октябрь куни имзоланган қўшма очиқ хати Европа кенгаши, Европа комиссияси ва Европа парламенти раҳбарларига юборилган.

Мурожаатнома муаллифлари Грузияда суд тизимига жамоатчилик ишончи йўқ, деб ҳисоблайдилар, шу важдан ҳам улар мамлакат расмийларини сиёсий сабабларга асосланган судловга барҳам беришга чақиришган.

Россия: Пермь ўлкасида мактабда ўқ узган ўсмир қўлга олинди

Иллюстратив сурат

Россиянинг Пермь шаҳри яқинидаги Сарс посёлкасида 12 яшар ўсмир мактабга ов милтиғи олиб келиб, шифт ва деворларга қарата ўқ узди. Минтақавий ИИВ матбуот хизматига кўра, ўсмирни қўлга олинган, ҳодиса чоғида зарар кўрганлар йўқ.

Олтинчи синф ўқувчиси милтиқдан ўқ узган пайтда ҳали дарслар бошланмаган, мактабда 300 дан ортиқ ўқувчи ва 30 нафар педагог бўлган. Уларнинг барчаси мустақил равишда бинони тарк этишган.

РБКнинг хабар беришича, ўсмирни мактаб директори қуролсизлантирган. У ўқувчини ўз хонасига таклиф қилиб, гаплашгани ва милтиқни топширишга кўндиргани айтилмоқда.

Дастлабки тахминларга кўра, ўсмирнинг ҳаракатларига бошқа ўқувчиларнинг унга салбий муносабати сабаб бўлган бўлиши мумкин. “Интерфакс” манбаси ўсмир ўзини ғалати тутганини, осмонга ўқ узаётиб узуқ-юлуқ гапирганини, қўлга олинаётган пайтда эса “худонинг амри билан” шундай қилганини айтиб бақирганини маълум қилган.

Ўқувчи болалар психиатрия марказига юборилади. ТАСС маълумотига кўра, у жиноий жавобгарликка тортилмайди.

Ўсмир ўқ узган қурол – “Сайга” русумли ов милтиғи отасига тегишли бўлгани ва расмий қайдда бўлгани айтилмоқда.

Беларусда давлат газетаси свастикали карикатура чоп этди, ИИВ буни ҳуқуқбузарлик деб ҳисобламаяпти

Минскдаги газета дўконларидан бири (иллюстратив сурат)

Беларусда давлатга қарашли “Минская правда” газетаси 7 сентябрь сонида тўрт нафар католик руҳонийси тасвирланган карикатура чоп этди, ундаги руҳонийлардан иккитаси бўйнига хоч ўрнига свастика осиб олганди.

Бунинг ортидан “Удобний город” сайти суриштирув ўтказиш ва қонунбузарлик аниқланган тақдирда нашрни жавобгарликка тортиш талаби билан петиция эълон қилган. Мурожаатда свастика белгиси экстремистик материаллар сирасига киритилгани ва Беларусдаги ОАВ тўғрисидаги қонунда экстремистик фаолиятни тарғиб қилишга қаратилган ахборотни тарқатиш ман этилганлиги айтилган.

Беларусь Ахборот вазирлиги карикатура динлараро адоватга олиб келиши мумкинлигини тан олиб, газета таҳририятидан бу каби материаллар чоп этилишига йўл қўймаслик чораларини кўриш талаб этилганини маълум қилган.

Аммо Беларусь милицияси карикатурани қонунбузарлик деб ҳисобламаяпти. Минск вилояти ижроия қўмитаси ИИБ бошлиғи ўринбосари Виталий Козлов имзоси билан 29 сентябрь куни эълон қилинган расмий жавоб хатида “ўтказилган текширув чоғида “Минская правда” газетаси томонидан амалдаги қонунчилик бузилгани аниқланмаган”и билдирилган.

Беларусь католик черкови матбуот котиби Юрий Санько ўзининг “Фейсбук”даги саҳифасида карикатурани “миллионлаб католиклар юзига тупуриш” деб атаган.

2020 йил декабрида католик руҳонийси Вячеслав Барок “нацизм рамзларини тарғиб қилгани учун” 10 суткага қамалган эди. У ижтимоий тармоқда рассом Владимир Цеслернинг Беларусь расмий байроғи ва гербидан “ясалган” гитлерчилар свастикаси тасвирланган “Лукашизм, тўхта!” номли плакатини илова қилган ҳолда хабар қолдирган.

Пентагон янглиш йўлланган ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлган афғонларнинг яқинларига пул бермоқчи

АҚШ Мудофаа вазирлиги август ойида Кобулда янглиш йўлланган ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлган 10 кишининг қариндошларига товон пули тўламоқчи. Бу ҳақда “Америка овози” хабар қилди.

Аввал-бошда зарбалардан мақсад Кобул аэропортида 169 нафар афғонистонлик ва 13 нафар америкалик аскарнинг ўлимига сабаб бўлган террористик ҳужум ташкилотчиларини йўқ қилиш бўлгани маълум қилинганди.

Пентагон расмий вакили Жон Кирби вазирлик Давлат департменти билан бирга, ҳалок бўлган афғонларнинг оилаларини АҚШга кўчириб келиш устида ишлаётганини айтган.

29 август куни америкалик ҳарбийлар Замерай Аҳмадий бошқарувидаги автомашинага, у оиласи истиқомат қиладиган уй ёнига келиб тўхтагани заҳоти Hellfire ракетаси билан зарба берган эди. Зарба натижасида оиланинг 10 аъзоси, жумладан етти нафар бола ҳалок бўлган.

Бир неча ҳафта ўтиб, АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Фрэнк Маккензи ушбу зарбани “фожиавий хато” деб атаб, у айбсиз тинч аҳолининг ўлимига сабаб бўлганини тан олган.

Америкалик ҳарбийлар дастлаб ҳужум “Ислом давлати-Хуросон” гуруҳи “воситачиси”га қаратилганини ҳамда жангариларни АҚШ ва НАТО қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетаётган пайтда терактлар содир этиш имконидан маҳрум этганини иддао қилиб, ўз хатти-ҳаракатини оқлаган.

Аммо Пентагон тасвирлаган зарба нишони билан ҳақиқий аҳвол ўртасида ўзаро номувофиқлик борлиги тезда маълум бўлган. “Ассошиэйтед Пресс” агентлиги ва бошқа медиа ракета зарбаси натижасида портлаган машина ҳайдовчиси кўп йиллар АҚШнинг гуманитар ташкилотида ишлаганини аниқлашган.

Шунингдек, Пентагоннинг гўё автомобилга портловчи моддалар жойлангани ҳақидаги иддаоларини тасдиқловчи далиллар ҳам топилмаган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG