Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:40

ҲРУ: Ўшга халқаро полиция кучлари киритилиши зарур


Ўшлик ўзбек милиция дубинкасидан қолган қийноқ изларини Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти вакилига кўрсатар экан, ҳануз тинмаган тазйиқлар боис юзини обективдан яширди.
Ўшлик ўзбек милиция дубинкасидан қолган қийноқ изларини Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти вакилига кўрсатар экан, ҳануз тинмаган тазйиқлар боис юзини обективдан яширди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи нуфузли халқаро ташкилот – Ҳюман Райт Уотч Қирғизистон жанубидаги вазият бўйича ўз ҳисоботини эълон қилди. Мазкур ҳисоботда Ўш воқеаларида айбдор деб топилиб, ҳисбга олинганларга нисбатан 30 дан ортиқ ноқонуний ҳолатлар қайд этилган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи нуфузли халқаро ташкилот – Ҳюман Райт Уотч Қирғизистон жанубидаги вазият бўйича ўз ҳисоботини эълон қилди.

Ҳисоботнинг аввалидаёқ “Қирғизистон ҳукумати мамлакат жанубидаги июн ойида юз берган зўравонликларга алоқадорлик, унда иштирок этганликда гумонланаётган ўзбекларни оғир қийноқларга солиш ва бошбошдоқлик билан қўлга олишни тўхтатиш керак”лиги тилга олинган.

Иккинчи муҳим чақириқ эса, "бу ҳудудга Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотнинг халқаро полиция кучларининг киритилиши зарур"лигидир.

Ҳюман Райтс Уот ташкилотининг Қирғизистон жанубига оид ҳисоботида айтилишича, шу кунларда Қирғизистон қуролли кучлари июн ойида содир бўлган қонли низо юзасидан олиб бораётган амалиётлар чоғида фуқароларга нисбатан ноқоуний муносабатлар, жумладан, қийноқлар қўлланилганига оид 30 дан ортиқ ҳолат қайд этилган.

Ташкилотнинг шу кунларда Ўшда бўлган вакиласи Анна Нейстатга кўра, бу ҳолатларнинг деярли барчасида Қирғизистоннинг ўзбек миллатига мансуб фуқаролари жабрланган.

Шу боис ташкилот ўз ҳисоботининг аввалидаёқ Қирғизистон ҳукуматини гумонланаётган ўзбекларга нисбатан бу тахлит зўравон қийноқлар ва ўзбошимча ҳибсларни тўхтатишга чақирган.

Анна Нейстат Озодлик билан суҳбат аввалида мамлакат жанубида бўлган қонли воқеалар айбдорларини топиш учун Қирғизистон қуролли кучлари томонидан олиб борилаётган амалиётларнинг асл кўлами ҳамда бу амалиётлар чоғида ҳибсга олинаётган шахслар сонини аниқлаш жуда мушкул эканини урғулади.

- Бу амалиётлар чоғида айнан қанча жиноий иш очилган ва қанча одам ҳибсга олиниб, сўроққа тортилаётганини аниқ айтиш жуда мушкул. Чунки жуда кўп ҳолларда қўлга олинаётган ва ноқонуний муносабатга дуч келаётган фуқароларнинг яқинлари бу ҳақда нафақат давлат расмийлари, ҳатто биз каби халқаро ва маҳаллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари вакилларига ҳам гапиришдан қўрқмоқдалар, дейди Анна Нейстат.

Шунга қарамасдан, ташкилот вакиллари кейинги бир неча кун ичида ҳибсда сақлаш жараёнида ноқонуний муносабат бўлган ва қийноқлар қўлланилгани исботланган 30 дан ортиқ ҳолатни ҳужжатлаштиришга эришган.

- Аммо биз ҳужжатлаштирган ҳолатларнинг ҳаммаси этник ўзбекларга тегишлидир. Шу боис қуролли кучлар амалиёти чоғида айнан этник ўзбекларнинг нишонга олинаётганидан қаттиқ хавотирдамиз.

Албатта, бу ерда қўлга олинган қирғизлар йўқ, деган маълумот йўқ. Аммо, бизга келаётган маълумотларга кўра, ҳибсга олинаётган ва қийноққа солинаётган фуқароларнинг асосий қисми ўзбеклардир, дея оламиз, дейди ҲРУ ташкилотининг Қирғизистондаги вакиласи Анна Нейстат.

Ташкилот ҳисоботида ҳибсга олинаётган аксарияти ўзбек миллатига мансуб Қирғизистон фуқароларининг қийноққа солинаётгани, ҳақоратланаётганига оид фактлар ҳам кўп қайд этилган.

Ҳужжатлаштирилган 30 дан ортиқ ҳолатнинг 6 тасида ташкилот вакиллари ҳибсдан чиққан ўзбеклар билан суҳбатлашишга муваффақ бўлган. Бу суҳбатлар чоғида озод этилганлар ҳибсда сақлаш чоғида бир неча бор калтаклангани, бўғилгани ва сигарет донаси билан куйдирилганини сўзлаб берган.

Яна кўплаб ҳолатларда ҳибсга олинганларнинг яқинлари қийноқлар излари акс этган суратларни тақдим этган. Бундан ташқари, ҲРУ ҳисоботида Қирғизистон хавфсизлик кучлари амалиёти чоғида уларнинг қўлида қурбон бўлган бир ўзбек шахси аниқланган.

Ташкилот ҳисоботида, шунингдек, таркиби моноэтник бўлган қирғиз қуролли кучлари маҳаллий ўзбекларни мунтазам равишда ҳақорат қилиш ва уларга нисбатан муносабатда зўравонлик қўллашга оид ҳолатлар қайд этилгани келтирилган.

Буни Озодлик билан суҳбатда ҳам қайд этган Анна Нейстат қонли низо оқибатларини бартараф этишга сафарбар қилинган Қирғизистон қуролли кучлари таркибида, албатта, халқаро кучлар ҳам бўлиши шарт, деган хулосани тилга олди.

- Июн вақтидаги зўравонликлар чоғида қирғиз полициячилари ҳам ҳужумга учраган ва ўлдирилган эди. Шундай экан, ҳозирда бу низо айбдорларини топиш билан шуғулланаётган қирғиз қуролли кучлари ва милициясининг бу ишда холис бўлишини кутиш мушкуллигини ҳис қилиб турибмиз. Шу боис бу воқеалар суриштируви билан шуғулланаётган текширув гуруҳи таркибида халқаро кучлар бўлиши шарт, деган фикрдамиз. Бу тергов-текширув ишларининг холис бораётгани ва умуман, бу жараённинг адолатли бўлишини таъминлаган бўлар эди. Шу важдан биз Қирғизистон жанубига халқаро полиция кучлари киритилиши зарур, деган фикрдамиз¸ дейди ҲРУ ташкилотининг Қирғизистон жанубида юрган вакиласи Анна Нейстат.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти ҳисоботида ўрганилган ва ҳужжатлаштирилган 30 дан ортиқ ҳолатдан баъзилари кенг тафсилотлари билан тақдим этилган.

Жумладан, Ўш шаҳри ички ишлар бошқармасида қийноқларга тутилган ва 11 июл куни шифохонада жон берган 20 ёшли Хайрулло Омонбоев, Ўш вилояти туманларидан бирида ҳибсга олинган ва қийноқларга солинган, муттасил тазйиқлар туфайли шарт исм берилган Муҳаммаджон, Акрамжон ҳикоялари, бундан ташқари, маҳаллий ўзбекларга адвокатлик қилгани учун ҳуқуқ-тартибот идоралари таъқибига учраган қорасувлик, ўшлик адвокатларнинг ҳикоялари ҳисоботда келтирилган.

Айни пайтда ҲРУ кейинги йиллар давомида инсон ҳуқуқлари ҳимояси соҳасидаги фаолияти билан Қирғизистон жанубида танилган ва ҳозирда ҳибсда сақланаётган инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаров тақдиридан ҳам чуқур хавотир билдирган.

ҲРУ ташкилотининг Қирғизистон ҳукуматига йўллаган чақириқлари эса мамлакат Ўтиш даври ҳукумати расмийлари томонидан тамомила хавотирли жавоб билан қаршиланди.

Қирғизистон Ички ишлар вазири ўринбосари Мелис Турганбоев ташкилотнинг мамлакат қуролли кучларига қўйган айбловларини инкор қилар экан, бу каби ҳисоботлар "вазиятни ёмонлаштиради", деди.

"Биз масжидлар ва қишлоқ маъмуриятлари идораларида ярашув учрашувларини ўтказаяпмиз. Аҳолининг еаткчилари ва катталарини йиғаяпмиз. Улар бизга бунақа гапларни, бу каби нотўғри ахборотларни тўхтатинг, деяпти. Бу каби ахборотлар икки этник гуруҳни ғазабга солаяпти", деди Мелис Турганбоев Озодлик мухбирига.

Шундай дер экан, мамлакат расмийси, баъзилар айнан шу каби ахборотлардан сўнг ғазабга миниши ва бизнинг миллатдан кўпроқ одам ўлган эканда, деган ваҳимага тушиши мумкин, деган огоҳлантирувни ҳам илова қилиб қўйди.

Аммо, Қирғизистон жанубидаги вазият бобида ҲРУ ташкилоти тарқатган ҳисоботни бу ерда фаолият олиб борган маҳаллий инсон ҳуққларини ҳимоя қилиш ташкилотлари тўлиқ қувватламоқда. Бу ташкилот вакиллари тўплаган маълумотлар, айни пайтда ҳисоботида келтирилган жабрдийдаларнинг ҳикоялари каби ҳикояларни Озодлик дастурларида деярли ҳам куни тақдим этиб келмоқдамиз.

Жумладан, Ташкилотнинг ҳисоботи эълон қилинган 14 июл кунида ҳам Озодлик таҳририятига ана шу мазмундаги бир неча мурожаат бўлди. Биз қуйида ана шундай мурожаатлардан навбатдагиси — Қирғизистон қуролли кучлари томонидан ҳибс қилинган ва ҳибсхонада қаттиқ қийноқларга тутилган 25 ёшли ўшлик ўзбек йигити ҳикоясини ҲРУ ҳисоботига илова ўлароқ эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз.

XS
SM
MD
LG