Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:18

МезонТВ тасвирчиси Қорасув ички ишлар бўлимида ушлаб турилибди


Абдуқаҳҳоров яқинларига кўра¸ телеоператорнинг ўз камерасига туширган тасвирлари қирғиз расмийларини ташвишга солган бўлиши мумкин.
Абдуқаҳҳоров яқинларига кўра¸ телеоператорнинг ўз камерасига туширган тасвирлари қирғиз расмийларини ташвишга солган бўлиши мумкин.

16 июл куни Ўшдаги “Мезон ТВ” телевидениесининг бош оператори Илҳом Абдуқаҳҳоров Ўш вилояти Қорасув туман Ички ишлар бўлинмасига "суҳбатлашиш" учун чақиртирилган. Абдуқаҳҳоров яқинларининг Озодликка айтишича¸ маҳаллий вақт билан тунги соат 10 да ҳам у уйига қайтмаган.



Жума кун давомида Қорасув туманидаги Ички ишлар бўлимида ушланиб турилган “Мезон ТВ”ни оператори Илҳом Абдуқаҳҳоровнинг хавфсизлик нуқтаи-назаридан ўз исмини айтишга чўчиган яқинларидан бири Озодлик билан суҳбатда ўзбек операторининг милиция ходимлари томонидан турли баҳоналар билан қўйиб юборилмаëтганини айтади:

-Улар юқори ташкилотдан одамлар келиши керак¸ деди. “Юқори ташкилотдан одамлар келгандан кейин улар суҳбатлашади. Агар ҳеч қандай гуноҳи бўлмаса¸ қўйиб юборамиз” деди. “Аниқ айтинглар. Бола қоладими ëки йўқми?” деб сўрадик. “Уни сизларга аниқ айта олмаймиз. Юқори ташкилотдан одам келса¸ ўша одам суҳбатлашади. Кейин қўйиб юборамиз. Қўйиб юбориладиган бўлса¸ биз уйига ўзимиз кузатиб қўямиз” деб ҳозир кафолат берди, деди Қорасув Ички ишлар бўлимида ушланиб турилган “Мезон ТВ” тасвирчиси Илҳом Абдуқаҳҳоров яқинларидан бири.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Раҳматилло Аҳмедов Озодлик билан суҳбатда Абдуқаҳҳоровнинг ҳибсга олинмагани¸ фақат тергов учун зарур айрим маълумотларни ўрганиш мақсадида чақиртирилганини айтди:

-Уни ҳеч ким олиб кетгани йўқ, уни баъзи ҳолатни аниқлаштириш учун бўлинмага таклиф этишди. Айни пайтда қайси иш бўйича таклиф этилганлигини айта олмайман.У билан хозир суҳбат қилинмоқда. Суҳбат тугаганидан сўнг сизга айта оламан.Уни повестка билан чақиришмаган, балким уни кутиб олишиб, Ички ишлар бўлимига таклиф этишган, деди Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Раҳматилло Аҳмедов.

Абдуқаҳҳоров яқинларининг¸ тунги соат 10 - комендантлик вақти бошланганидан бир неча соат ўтиб ҳам унинг уйтга қайтмагани билан боғлиқ хавотирларига жавобан Ички ишлар вазирлиги расмийси¸ телеоператорнинг Қорасув бўлинмасида узоқ ушлаб турилиши тафсилотларини ўрганиб¸ Озодликка маълум қилажагини билдирди. Маҳаллий вақт билан тунги соат 11 да ҳам Бишкек расмийсидан бу борада хабар олишнинг имкони бўлмади.

Ўшда бир неча мустақил хусусий телекомпания бўлиб, улар орасида иккитаси - ЎшТВ ва МезонТВ ўзбек тилида ҳам кўрсатувлар олиб борар эди. Ҳар иккала компаниянинг фаолияти 11 июн воқеалари бошланиши биланоқ Ўш шаҳар мэри фармойиши билан тўхтатиб қўйилган эди.

9 июл куни “Ўш ТВ”да 20 йил раҳбарлик қилган Халил Худойбердиев¸ ҳамкасбларининг билдиришича кучли босим остида истеъфо ҳақидаги ҳужжатга қўл қўйган ва унинг ўрнига Комил Сиддиқов тайинланган. Халил Худойбердиевнинг ҳозирда хавфсизлик боисидан оиласи билан Ўшни тарк этгани айтилмоқда.

Ҳозирги кунда “Мезон ТВ” умуман эфирга чиқмаяпти. “Ўш ТВ” эса ўзбекча кўрсатувларини тўхтатди.
XS
SM
MD
LG