Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:50

Тожикистонда собиқ бош прокурорнинг ўғли ушланди


Тожикистон собиқ бош прокурори Бобожон Бобохонов.
Тожикистон собиқ бош прокурори Бобожон Бобохонов.

Тожикистон собиқ бош прокурори Бобожон Бобохоновнинг ўғли, Ҳисор туман собиқ прокурори Файзулло Бобохонов 20 июл куни катта миқдорда пора олганликда гумонланиб қўлга олинди.

Бу борада Тожикистон президенти ҳузуридаги коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш агентлиги хабар тарқатди.

- Ҳисор туман прокурори Файзулло Бобохонов пора олганлик ва мансабини суистеъмол қилганликда айбланмоқда. У икки марта катта миқдорда пора олган - бир марта 6 минг ва иккинчи марта 2 минг АҚШ доллари миқдорида. Тергов жараёнида яна аниқланади, ҳозирча шу маълумотлар билан чекланамиз, дея маълум қилди Тожикистон президенти ҳузуридаги корупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш агентлиги раиси Фаттоҳ Саидов Озодликка берган интервюсида.

Фаттоҳ Саидовнинг айтишича, аввалроқ Ҳисор туман прокуратураси терговчиларидан бири 20 минг АҚШ доллари пора олганликда гумонланиб қўлга олинган. Тергов жараёнида у ўзига қўйилган айбларни тан олиб, пулни Файзулло Бобохонов билан бирга баҳам кўрганини айтган.

Саидовга кўра, Ҳисор собиқ прокурори Файзулло Бобохонов айнан ўша кўрсатмалар билан қўлга олинган.

Тожикистон Миллий университетининг ҳуқуқ факултети битирувчиси Файзулло Бобохонов 2005 йили отаси Бобожон Бобохонов Тожикистон бош прокурори вазифасида ишлаётган пайтда Ҳисор туман прокурори этиб тайинланган эди.

Аммо жорий йил баҳорида Бобожон Бобохонов бош прокурорлик вазифасидан олиниши ортидан унинг ўғли Файзулло ҳам ишдан бўшатилганди.

Ҳисор туман собиқ прокурорининг порахўрликда айбланиб ҳибсга олиниши жамоатчилик орасида турли баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Бир гуруҳ таҳлилчилар сўнгги пайтларда Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши агентлик мансабдор шахслар ва ўтмишда юқори лавозимларда ишлаган кишиларнинг порахўрлик билан боғлиқ қора қилмишларини жамоатчиликка ошкор этаётгани бу идора ходимларининг ўз вазифасини сидқидилдан бажараётганида, дея мулоҳаза билдирмоқдалар.

Аммо мустақил таҳлилчи Шокиржон Ҳакимов бундай фикрларга мутлақо қўшилмайди.

- Қонунчилигимизга мувофиқ, қариндошлар, ота-бола иш юзасидан бир-бирига ҳисобот берадиган ёки бир-бирига қарам бўладиган вазифаларни эгалламаслиги лозим. Аммо бош прокурор мансабдалиги чоғида қонунга хилоф тарзда фарзандини Ҳисор туман прокурори этиб тайинлади. Бугун эса ҳар иккиси ҳам вазифадан бўшатилганидан сўнг уларнинг пора олгани фош этилмоқда. Менимча, бу билан агентлик жамоатчиликни чалғитиб, мамлакатда порахўрликка қарши кураш олиб борилаётганини кўз-кўз қилмоқчи. Ваҳоланки, Бобожон Бобохонов ва унинг ўғли мунтазам пора олгани, ўз мансабларини суистеъмол қилганлари ўша даврда кўпчиликка маълум эди, жумладан, мазкур агентликка, дейди мустақил таҳлилчи Шокиржон Ҳакимов.

Таҳлилчи масаланинг бошқа жиҳатига ҳам эътибор қаратар экан, собиқ бош прокурорни рақиб ҳисоблаган ва бугун мансаб тепасида бўлган шахсларнинг ундан ўч олаётганини урғулайди.

Расмий маълумотларга кўра, Бобожон Бобохоновнинг яна икки фарзанди бугунги кунда ҳам республика прокуратураларида раҳбарлик лавозимида ишлаб келмоқда.
XS
SM
MD
LG