Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:57

Роғун атрофида яшовчи аҳоли тожик расмийлари ҳаракатидан норози


Халқаро ташкилотлар талабларига қарамай, Тожикистон расмийлари Роғун сув омбори атрофидаги қишлоқларда яшовчи оилаларни республиканинг бошқа жойларига кўчириш тадбирларини бошлаб юбордилар.

Шу йил апрел ўрталарида Душанбега иш сафари билан келган Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича вице-президенти Филип Ле Уэйру президент Имомали Раҳмон билан юзма-юз учрашуви чоғида халқаро экспертиза натижалари эълон қилингунга қадар, Роғун қурилиши билан боғлиқ реконструкция ва қурилиш ишлари тўхтатиб турилишини сўраган эди.

Аммо, айрим расмий ва норасмий хабарларга кўра, Роғун майдонида халқаро экспертлар мониторинг ўтказаётган бир пайтда ГЭС қурилиши билан боғлиқ баъзи тадбирлар ҳам давом эттирилаётир.

Тожикистон меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлигининг ўтган ҳафтада тарқатган маълумотларига кўра, ҳозирда ГЭС сув омбори атрофидаги қишлоқлар аҳолисини хавфсиз ҳудудларга кўчириш ишлари бошлаб юборилган.

- Ўша ҳудуддаги учта қишлоқдан 6536 кишидан иборат 1509 оила хавфсиз жойларга кўчирилиши режалаштирилган. Шу кунгача 453 оила республиканинг турли ҳудудларига кўчирилди. Айни пайтда яна мингта оилани кўчириш учун турли чоралар кўрилмоқда. Бу оилаларни турар-жой билан таъминлаш учун учун давлат бюджетидан 1 миллион 300 минг сомоний миқдорида узоқ муддатли кредит ажратилган, дея билдирди Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги расмийси.

Мавзу юзасидан яшаш жойларидан кўчирилаётган тожикистонликлар билан ҳам суҳбатлашдик. Ўзини Мукаррама деб таништирган Чинор қишлоғида яшовчи аёл ГЭС атрофида истиқомат қилган кишилар асосан Сўғд, Хатлон ва Бадахшон вилоятларига кўчирилаётганини айтди.

Мукаррамага кўра, мажбурий тарзда кўчирилаётган кишиларга ҳатто уй қуриб олишлари учун ваъда қилинган молиявий ёрдам кечиктирилаётган экан.

- Чинор қишлоғидан 250 та оила Душанбе шаҳри яқинидаги “Тепаи Самарқанд” маҳалласига кўчирилди. Яна Нуробод ва Роғун маҳаллаларидаги кишилар Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Турсунзода туманига кўчирилди. Баъзи оилаларга уй-жой қуриб олиш учун 3000 минг сомоний (675 АҚШ доллари – таҳр.) ажратилди. Лекин кўпчиликка бу пул ҳам берилгани йўқ. Менимча, шунча оилага молиявий ёрдам кўрсатиш учун давлатда бундай имконият йўқ, дейди Мукаррама.

Бошқа суҳбатдошларимиз ҳам давлат томонидан ажратилиши айтилаётган 675 долларга уй қуриш имконсизлиги ва бу йилги қишда бошпанасиз қолиб кетишлари мумкинлигидан ташвиш билдирдилар.

Мустақил таҳлилчиларга кўра, гарчи бир қатор халқаро ташкилотлар қаторида қўшни Ўзбекистон ҳам Тожикистон ҳукуматидан Роғун ГЭСи лойиҳаси халқаро экспертизадан ўтказилмасдан туриб, бу гидроиншоот қурилиши билан боғлиқ тадбирларни тўхтатилишиини сўраётган эса-да, расмий Душанбе ўз билганидан қолмаётир. Бу эса, таҳлилчилар фикрича, Тошкент ва Душанбе алоқаларини боши берк кўчага солиб қўйиши табиий.

Бошқа бир мустақил таҳлилчи Парвиз Муллажонов эса Роғун ГЭСи майдони атрофида бошланган тадбирлар ортидан Тожикистон томони ўз қарорида қатъийлигини халқаро ҳамжамиятга кўрсатиб қўймоқчи бўлаётганини айтади.

- Тожикистон томони бу ҳаракати билан ҳар қандай ҳолатда ҳам, яъни ГЭС лойиҳаси халқаро экспертизадан ўтадими, йўқми - барибир Роғунни қуражагини халқаро ҳамжамиятга, халқаро ташкилотларга кўрсатмоқчи. Бугун аҳолини кўчириш билан боғлиқ тадбир, менимча, шундай маънони англатади, дейди Парвиз Муллажонов.

Эслатиб ўтамиз, Роғун ГЭСи лойиҳасини халқаро экспертизадан ўтказиш учун эълон қилинган тендерда қатнашиш учун дунёнинг турли мамлакатларидан ўнта халқаро ташкилот вакиллари Душанбега келган эди.

Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, июл ўрталарида ўша тендернинг биринчи босқичи ниҳоясига етган ва унда тўртта халқаро ташкилот ғолибликни қўлга киритган.

Ҳозирча номлари эълон қилинмаётган ғолиб ташкилотлар эндиликда иккинчи босқичга тайёргарлик кўрмоқда экан.

Айтилишича, Роғун лойиҳаси халқаро экспертизасида атиги иккита эксперт ташкилот қатнашади.

Келгуси 18 ой давомида улардан бири молиявий, яна бири эса экологик экспертиза ўтказиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG