Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:30

Ҳелсинки комиссиясида Қирғизистон масаласи муҳокама қилинди


Вашингтонда чиқиш қилган АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк аввалроқ Қирғизистон жанубидаги вазият билан шахсан танишиб кетган эди.
Вашингтонда чиқиш қилган АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк аввалроқ Қирғизистон жанубидаги вазият билан шахсан танишиб кетган эди.

АҚШ Ҳелсинки комиссиясида ўтказилган “Қирғизистондаги беқарор вазият: Халқаро ҳамжамият жавоби” мавзуидаги йиғинда Қирғизистондаги вазиятни бевосита ўрганган Америка дипломатлари чиқиш қилди.


Йиғилишда сўзлаган АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиë бўйича ëрдамчиси Роберт Блейк ҳозирда Қўшма Штатлар асосий эътиборни Қирғизистонда содир бўлган зўравонликлар сабабли ўз уйини ташлаб, бошқа жойларга кўчишга мажбур бўлган аҳолига гуманитар ёрдам етказишга қаратганини айтди.

Блейкка кўра, ҳозир Қирғизистонда ўз уйини ташлаб, бошқа жойларга кўчишга мажбур бўлган 75 минг аҳоли бор.

Ўтган ой Қирғизистон жанубидаги Ўш ва Жалолободда июн ойида ўзбек ва қирғиз миллатига мансуб фуқаролар ўртасида содир бўлган қонли низолар оқибатида 2 000 дан ортиқ одам нобуд бўлгани тахмин қилинмоқда. Қирғизистон расмийлари эса¸ зўравонлик оқибатида 316 киши ўлганини маълум қилган.

Вашингтонда бўлиб ўтган Ҳелсинки комиссияси йиғилишида сўзлаган Роберт Блейк тартибсизликлар пайтида Ўзбекистондан бошпана топган ўзбек қочқинлари тез фурсатда қайтишга мажбур бўлганларини айтди.

- Ўзбекистондаги вақтинча кўчиб келган шахслар лагерларида уларни мажбуран ортга қайтариб юбориш ҳоллари ҳақида маълумотлар олинмади. Аммо руҳий босим, уларнинг фуқаролиги бекор қилиниши мумкинлиги, 27 июн кунги референдумда қатнашиш борасида босим ўтказилгани, Қирғизистонда қолган яқинларидан хавотирда бўлганлари каби омиллар уларнинг Қирғизистонга тезда қайтишига сабаб бўлди, деди Роберт Блейк.

Вашингтонда АҚШнинг Ҳелсинки комиссияси йиғилишида чиқиш қилган АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиë бўйича ëрдамчиси Қирғизистонга қайтган ўзбек қочқинлари маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан таъқиб қилинаётганини айтди.

- Ўшда инсон ҳуқуқлари фаоллари, ўзбекларнинг кўзга кўринган лидерлари қўлга олингани ва ҳибсда улар нисбатан қийноқлар қўлланилгани ва ҳуқуқлари поймол қилингани тўғрисида мен кўплаб маълумотлар олдим. Мен, шунингдек, Ўш ҳокими ҳамма фуқароларга бир хил муносабатда бўлмай, миллатчилик мақсадини олға сураётгани ҳақидаги шикоятларни эшитдим. Мен бу хусусидаги хавотиримни ҳукумат расмийларига етказдим ва уларни бу муаммоларни тезда ҳал қилишга чақирдим, деди Роберт Блейк.

Айни пайтда АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиë бўйича ëрдамчиси Афғонистондаги жанггарилар Қирғизистонда юзага келган вазиятдан фойдаланиб, жанубдан мамлакат ҳудудига кириб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

- Менимча, Тожикистон билан бўлган жанубий чегара хусусида жиддий хавотир бор. Чунки Афғонистондаги жанггарилар Қирғизистонда юзага келган вазиятдан фойдаланиб жанубий чегара орқали мамлакатга кириб келиши мумкин, деди Роберт Блейк.

Вашингтондаги Қирғизистон элчихонасининг муваққат раҳбари Аслан Анарбаев “жанубда исломий радикализм учун қулай вазият мавжуд" эканини айтди.

Ўтган ҳафта Қирғизистонда бўлиб қайтган Роберт Блейк чегара хавфсизлиги бўйича айрим масалаларида Қирғизистонга Россия ёрдам бериши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

Айни пайтда Халқаро донорлар Қирғизистонга 1 миллиард доллардан ортиқ ёрдам кўрсатишни ваъда қилди. Бу маблағ сиёсий бўҳрон ва этник зўравонликлар юз берган Қирғизистонга 30 ой давомида берилиши назарда тутилган.

Донор давлатларнинг 27 июл куни Бишкекда бўлиб ўтган анжуманида Жаҳон банки расмийси Теодор Ахлерс банк 2010 йил охирига қадар Қирғизистонга 600 миллион доллар беришини маълум қилди.

Аммо донор давлатлар берадиган маблағнинг Ўш ва Жалолободдаги хунрезликлардан шундоқ ҳам энг кўп зарар кўргани айтилаëтган ўзбеклар ҳовлилари ўрнида кўп қаватлик уйлар қурилишига ишлатилиш эҳтимоли халқаро ҳамжамиятни ташвишга солмоқда. БМТ нинг Қирғизистон Ўтиш даври президенти Роза Ўтунбаевага йўллаган мактубида тилга олинган айни хавотирни Роберт Блейк ҳам тилга олди:

- Қирғизистон ҳукуматининг ўзбек маҳалларида ёндирилган ва вайрон қилинган хонадонлар ўрнига турли миллатлар яшовчи замонавий уйлар қуриши мумкинлиги тўғрисидаги хабарлар фуқароларнинг овоз бериш ҳуқуқидан мусуво бўлиши ҳамда янгидан зўравонликлар бошланиши мумкинлигидаги хавотирларни кучайтирмоқда, деди Ҳелсинки комиссияси йиғинида Роберт Блейк.

Собиқ президент Қурмонбек Бакиев ҳокимиятдан четлатилганидан икки ой ўтиб, яъни июн ойида ўзбек ва қирғиз миллатига мансуб фуқаролар ўртасида мамлакат жанубида содир бўлган қонли низолар оқибатида¸ Бишкек расмийларига кўра¸ 316 киши ўлган, юз минглаб одам юртни ташлаб чиқишга мажбур бўлган.

Бу воқеалар шусиз ҳам заифлашиб қолган Қирғизистон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатган. Хусусан, бу йил Қирғизистонда иқтисодий кўрсаткичларнинг 5 фоизга камайиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG