Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:06

Душанбе амри маъруфларни тартибга солмоқчи


Савдогарларга кўра¸ Душанбе дўконларидан айнан ҳукумат сиëсатини кўп ҳам қўлламайдиган диндорлар дисклари олиб ташланмоқда.
Савдогарларга кўра¸ Душанбе дўконларидан айнан ҳукумат сиëсатини кўп ҳам қўлламайдиган диндорлар дисклари олиб ташланмоқда.

Душанбе шаҳридаги савдо дўконларидан айрим имомларнинг амри маъруфлари ёзилган аудио, СД дисклар йўқ қилинмоқда. Тожикистон Давлат телевидениeси ва радио қўмитаси томонидан амалга оширилаётган бу тадбир айрим шаҳарликлар норозилигига сабаб бўлмоқда.


Тожикистон Давлат телевидение ва радио қўмитаси расмийлари айрим исломий аудио ва видео дискларни йўқотиш тадбирининг пойтахтликлар шикоятлари асосида амалга оширилаётганини маълум қилдилар.

- Пойтахт аҳолиси идорамиз номига шикоят ёзиб, шаҳар кўчаларида, бозорларда мусиқа, амри маъруфларни жуда баланд қилиб қўяётган дўконлар тартибга солинишини талаб қилишган. Ана ўша таклифу талаблар асосида биз келгуси икки ҳафта давомида марказдаги барча савдо дўконларини текшириб, шу маҳсулотларни сотаётган тужжорлардан тушунтириш хатлари оламиз. Лозим бўлса, маъмурий чоралар ҳам кўрамиз, дея билдирди мазкур идора расмийси Хайриддин Зайниддинов.

Cавдо дўкони аллақачон текширилган душанбелик Азиз исмли суҳбатдошимизнинг айтишича, ҳукумат комиссияси фақат диний мазмундаги аудио ва СД дисклар ҳамда видео тасмалар сотилаётган дўконларнигина текширмоқда экан¸ холос.

- Бизнинг дўконларимизни текшириш ҳаққига эгаликлари борасида бирор ордер ёки рухсатнома кўрсатишмай¸ истаганларича тинтув қилишди ҳамма ёқни. Иккинчидан¸ амри маъруфлар ёзилган дискларни йўқ қилишдан аввал улар экспертиза қилиниши лозим эди. Лекин дўконимизни текширган кишилар ҳамма дискларни йиғиб олиб кетишди ва бирор хил изоҳ ҳам беришмади, дейди Азиз.

Бошқа бир суҳбатдошимиз Мирзо исмли тужжор эса ҳукумат комиссияси аъзоларининг ўзи билан одоб доирасидан ташқарисида муомала қилганидан норози.

Мирзонинг фикрларини қувватлаган ва ўз исмини ошкор қилмаган бошқа бир тожир йигит ҳукумат комиссияси аъзолари тожик жамиятида Эшони Нуриддин номи билан танилган таниқли дин уламоси амри маъруфлари ёзилган дискларни сотмасликни буюрганини айтди.

- Дўконимизга келганлар Эшони Нуриддиннинг дискларини сотманглар¸ деб унинг овози ёзилган барча дискларни йиғиб кетишди. Сабаби¸ у давлат сиёсатига зид гапираётганида экан, дейди исмини айтмаган бу суҳбатдошимиз.

Душанбе шаҳар савдо дўконларидан амри маъруфлари ёзилган дискларнинг йўқ қилинаётгани бу хабардан огоҳ бўлганларнинг кўпчилигинининг норозилигига сабаб бўлмоқда.

- Маънавий озуқадан қолаётган ёшларимиз ҳар қандай ҳаром ишга боради. Ўғирлик, зинокорлик, ичкилик кўпаяди. Жамият бузилади-да.¸ дейди Душанбелик Муҳаммаджон ака.

- Менимча айнан амри маъруф бизга диний қадриятларимизни танитди. Шўро замонларида мусулмончиликдан анча хабарсиз бўлиб қолган эдик. Мана шу амри маъруфлар бизни анча тарбиялади. Тожикистон халқининг аксарияти мусулмон, шунинг учун бундай амал нотўғридир, дейди Озодлик респондентларидан бири Олмахон Раҳимова.

Тожикистонлик сиёсатшунос Абдуғани Мамадазимов иқтидордаги ҳукумат жамиятнинг исломийлашувидан қўрқиб айни тадбирларни амалга ошираётир¸ дея мулоҳаза юритади.

-Ҳукумат бу масалага ижобий ёндашиш ўрнига зўрлик ва босим ўтказиш йўли билан масалани ҳал қилишга уринмоқдаки, бу хатодир. Бу менинг фикрим. Ўйлайманки ҳукумат тутган йўл ҳечам ижобий жиҳатга эга эмас, дейди сиёсий таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов.

Аммо бошқа бир кузатувчи, Қодири Рустам тожик жамиятида исломийлашиш эмас, балки унинг акси¸ яъни хурофотлашиш кучлилиги кузатилмоқда¸ дея фикр билдиради.

- Менинг кузатувларимга кўра, дин уламоларимиз қилаётган амри маъруфлар жамиятни орқага,яъни 14 ва 15-асрларга олиб бормоқда. Чунки улардан кўпчилигининг диний билим даражаси ўша даврга мос. Бугунги кун талабига тўғри келмайди. Шуни назарга олган ҳолда жамиятимиз кундан кунга исломийлашиш ўрнига хурофотлашмоқда десам хато бўлмас, дейди таҳлилчи Қодири Рустам.

Таҳлилчи фикрича, бугун бозор расталарида турли мазмундаги диний даъватларни тартибга солиш ва фақат одамлар, хусусан ёшларга етарли диний маълумотлар бера оладиганларинигина жамиятга тақдим этиш вақти етган.
XS
SM
MD
LG