Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:33

Жовтис қамоқхонадаги ҳақсизликдан шикоят қилмоқда


Уст-Каменогорскдаги колонияда сақланаётган ҳуқуқ фаоли Жовтис Қозоғистон ЕХҲТ ташкилотига раислик қилаётган йили мамлакатда сиёсий қатағонлар кўлами кенгайиб кетгани, нуфузли халқаро ташкилот эса мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонун устиворли
Уст-Каменогорскдаги колонияда сақланаётган ҳуқуқ фаоли Жовтис Қозоғистон ЕХҲТ ташкилотига раислик қилаётган йили мамлакатда сиёсий қатағонлар кўлами кенгайиб кетгани, нуфузли халқаро ташкилот эса мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонун устиворли

Бундан роппа-роса бир йил аввал Олмаота вилоятида одам уриб юборганликда айбланиб, кейинчалик тўрт йилга озодликдан маҳрум қилинган қозоғистонлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Евгений Жовтис қамоқхонада ўз ҳақ-ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаётганини таъкидлайди.

- Мен сақланаётган колония ярим ёпиқ турдаги муассаса бўлиб, бу ердаги маҳбуслар колония ташқарисида ишлаш, иш жойларига ўзлари мустақил равишда бориб келиш ҳуқуқларига эгалар. Эрталаб ишга кетиб, кечки пайт ўз вақтида қайтишлари керак. Шунингдек, уларга шанба-якшанба кунлари колониядан ташқарига чикиш учун рухсатнома берилади. Улар ташқарига чиқиб, у-бу нарса ҳарид қилишлари мумкин, ўз оилалари билан биргаликда колония хорижида яшашлари мумкин. Ярим ёпиқ турдаги колония шуниси билан қаттиқ ва умумий режимдаги колониялардан фарқ қилади. Мен эса бу имтиёзларнинг барчасидан маҳрумман. Менга колония ходими назоратисиз ташқарига чиқишга рухсат беришмайди. Колония ходимлари бунинг сабабларини очиқ-ойдин айтишмаса-да, бу ҳақда сўраган пайтингизда кўзлари билан юқорига ишора қилишиб, бу масалаларни ҳал қилиш маҳаллий раҳбарият ваколатига кирмаслигини айтган бўлишади, дейди Евгений Жовтис.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг айтишича, у ҳатто бетоб бўлган пайтда ҳам колония раҳбарияти унинг олдига шифокорни ўз вақтида киритиш масаласига совуққонлик билан ёндошган.

Айни пайтда, Евгений Жовтиснинг айтишича, Қозоғистон Адлия вазирлиги буйруғига мувофиқ, ҳуқуқ ҳимоячисининг олдига журналистларнинг кириши ҳам буткул маън этиб қўйилган.

- Бу менинг алоқаларимни чеклашга қаратилган қадамдир. Агар бирор-бир журналист мен сақланаётган колонияга кирмоқчи бўлса, бунинг учун у ё Остона, ё Уст-Каменогорскдаги жиноий-ижроия тизими комитетидан рухсатнома олиши керак бўлади. Фақат шундагина уни колония ҳудудига киритишлари мумкин. Ваҳоланки, мен турган колонияда сақланаётган бошқа маҳбуслар истаган киши билан учрашиш ҳуқуқига эга, дейди Евгений Жовтис.

Қозоғистонлик ҳуқуқ фаоли қамалганидан буён унинг ёнига фақат икки нафар маҳаллий журналист киритилгани маълум. Аммо жорий йил май ойида Олмаотага ташриф буюрган Ню Йоркдаги “Журналистларни ҳимоя қилиш” ташкилоти вакиласи Нина Огняновага қозоқ расмийлари Евгений Жовтис билан учрашишга рухсат бермаганлар, айни пайтда бу борада улар томонидан бирор изоҳ ҳам берилмаган.

Евгений Жовтис ўз адвокатлари ҳуқуқ ҳимоячисига нисбатан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар юзасидан тегишли ташкилотларга қатор шикоят аризалари ёзганларига қарамай, маҳаллий расмийлар бу аризаларга мутлақо эътибор қаратмаётганларини таъкидлайди.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, сўнгги бир йил ичида Қозоғистонда сиёсий эркинликлар билан боғлиқ вазият тобора ёмонлашиб бормоқда. Жумладан, мамлакатда ўзгача фикрловчи кишилар, диндорлар ва сиёсий мухолифатни таъқиб қилиш сезиларли даражада кучайгани ҳам айтилмоқда. “Бу ишларнинг барчаси нима учун айнан Қозоғистон Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислик қилаётган йилда содир бўлаётибди?” деган саволга ҳуқуқ ҳимоячиси Евгений Жовтис қуйидагича изоҳ бериб ўтди.

- ЕХҲТ ҳеч қачон инсон ҳуқуқларига риоя қилиш нуқтаи назаридан эффектив ташкилот бўлган эмас. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди ташкил этилиб, самарали фаолият юрита бошламагунича Европа Иттифоқи ҳам самарали тузилма бўлмаган. Шунинг учун ҳам ЕХҲТ ўз аморфлиги билан, қарор қабул қилишда консенсус йўлини тутиши билан геосиёсий, иқтисодий манфаатлар борлигини ҳамда аъзо мамлакатда инсон ҳуқуқларига риоя қилишлари учун уни тартибга чақириб қўйиш бўйича босим воситалари ёки самарали усуллари йўқлигини кўрсатиб қўйди. ЕХҲТ бу ишни уддалай олмаслигини намойиш қилаяпти ва аста-секинлик билан аъзо давлатлар бир-бирови учун оғриқсиз, бир-бирининг манфаатларига дахл қилмайдиган тарзда масалаларни ҳал қиладиган ташкилотга айланиб бораяпти. Биз моҳиятан Совет иттифоқи ЕХҲТ аъзоси бўлган даврга қайтиб келдик. Тўғри, Ғарб 1975 йилдан буён Совет Иттифоқини инсон ҳуқуқлари бузилиши борасида танқид қилиб келган, бироқ бу ўша йиллари диссидентларни қамоққа тиқишга ҳам халақит беролган эмас. Ҳозир ҳам худди шундай бўлаяпти, дейди Евгений Жовтис.

Эслатиб ўтамиз, келаси йили Қозоғистонда мамлакат мустақиллигининг 20 йиллиги нишонланади. Кузатувчилар мазкур сана муносабати билан Қозоғистонда беш йилдан бери кузатилмаган амнистия эълон қилиниши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар. Озодлик мухбири билан телефон орқали суҳбатлашган ҳуқуқ фаоли Евгений Жовтис ҳам ана шу амнистия туфайли белгиланган муддатдан аввалроқ озод қилинишига умид боғлаётганини айтди.
XS
SM
MD
LG