Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:04

Тожикистонда исломий партия масжиди ёпилади


Тожикистон Ислом уйғониш партиясига тегишли бу масжидда жума кунлари 2000 чоғли намозхон йиғиларди.
Тожикистон Ислом уйғониш партиясига тегишли бу масжидда жума кунлари 2000 чоғли намозхон йиғиларди.

Тожикистон ҳукумати қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита Рамазон арафасида бу мамлакатдаги Ислом уйғониш партиясига тегишли масжидни ноқонуний, деб эълон қилди.

Бу борада Тожикистон ҳукумати қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Мавлон Мухторов маълум қилди.

- Биздаги маълумотларга кўра, Ислом уйғониш партияси расман ўз масжидига эга эмас. Сиёсий партия ўз масжидига эга бўлиши қонунларимизга тўғри келмайди. Шу нуқтаи назардан, бу партия қароргоҳида фаолият кўрсатаётган масжид ноқонунийдир, деди ҳукумат мулозими Мухтор Мавлонов.

Расмий ўз идорасининг янги қарори мамлакатда 2009 йил баҳорида қонун кучига кирган “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун талаби асосида қабул қилинганини билдирди.

Айни пайтда Ислом уйғониш партияси раис ўринбосари, парламент қуйи палатаси аъзоси Сайидумар Ҳусайний ҳукумат қарори айни Рамазон арафасида қабул қилиниб, намозхонлар ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилинаётганидан шикоят қилди.

- Бизнинг партиямиз Адлия вазирлигида қайдга олинган. Ва низомномамизда мақсад ва вазифаларимиз белгилаб қўйилган. Фуқароларимизга маънавий тарбия бериш ва жамиятда диний қадриятларимизни юксалтириш бу бизнинг асосий мақсадимиз. Ана шу мақсадларимиз ифода этилган низомномамиз эса давлат қайдидан ўтган. Биз бу мақсадларимизни амалга ошириш баробарида бизга фарз қилинган намозимизни ҳам шу ерда ўқиймиз. Аммо бугун айни Рамазон арафасида бизни намоз ўқишдан маҳрум қилишмоқда, деди Ислом уйғониш партияси расмийси Ҳусайний.

Душанбе шаҳрининг Борбад кўчасида жойлашган Ислом уйғониш партияси қароргоҳидаги масжид, партия масъулларининг айтишича, бундан 10 йил аввал ташкил қилинган. Унда фақат партия ходимлари намоз ўқишади. Аммо ҳафта жума кунлари тахминан икки мингдан ортиқ киши шу масжидда Жумъа намозини ўқийди. Уларнинг бир қисмини аёллар ташкил қилади.


- Тожикистонда эркаклар ва аёллар тенг ҳуқуқлилиги даъво қилинади. Аммо муслималарнинг республика масжидларидан бирортасида намоз ўқишига рухсат берилмайди. Аёл ва эркакнинг тенг ҳуқуқлилигини бизнинг партиямиз таъминлаган,, десам муболаға бўлмайди. Чунки бизнинг партиямиз аёлларимизнинг ибодат қилишлари учун шароит ҳозирлаб берган, дейди партия раис ўринбосари Ҳусайний.

Суҳбатдошимиз “сўнгги йилларда тожик жамиятида Ислом уйғониш партияси тарафдорлари кўпайиб бораётибди ва бу партия обрўсининг ошиб бораётгани айрим сиёсий доираларга хуш келмаяпти”, деган фикрда.

Ҳусайний жаноблари 10 август куни ўзи билан бирга партия масъулларидан яна бир киши ҳукумат қошидаги Дин ишлари бўйича қўмитага чақирилганини билдирди. Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик қўмитаси масъул кишилари иштирокида дин қўмитаси идорасида ўтказилган учрашувда Ҳусайний билан унинг шериги бу идоралар ходимлари томонидан огоҳлантирилган.

Мустақил таҳлилчилар Ислом уйғониш партиясига тегишли масжид фаолиятининг айни Рамазонда тўхтатилиши ички сиёсий тарангликнинг кучайишига туртки бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

Аммо бошқа бир таҳлилчи Саймуддин Дустов Ислом уйғониш партиясига тегишли масжиднинг ёпилиши жамиятда бирор-бир сиёсий бурилиш ясай олмайди, деган ишончда.

- Дин қўмитаси ва давлат айрим идоралари бу қарори билан Имомали Раҳмон ҳукуматининг диний масалаларда нўноқлигини намойиш қилади, холос. Албатта бу масжиднинг ёпилиши жамиятда ҳеч қандай сиёсий тўполон чиқармайди. Аммо қонундан амалда нотўғри фойдаланган ҳукумат мулозимлари аксинча Ислом уйғониш партиясининг обрўсини янада оширади, дея мулоҳаза билдиради Саймуддин Дустов.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистонда масжидлар эшигига қулф солиш тадбири бундан икки йил аввал бошланган эди. Ўтган шу давр ичида расмий маълумотларга кўра, 5 та масжид бузиб ташланиб,, яна 300 га яқин масжид фаолияти тўхтатилган эди.

Расмийлар буни масжидларнинг давлат қайдидан ўтмагани билан боғлагандилар. Аммо Тожикистондаги дин уламолари эса ҳукуматнинг бу чора-тадбирларини “намозхонларга нисбатан эълон қилинмаган уруш” ўлароқ баҳолашмоқда.
XS
SM
MD
LG