Линклар

Шошилинч хабар
26 октябр 2021, Тошкент вақти: 03:19

Ўзбекистон хабарлари

Ўзбекистонда қарийиб ярим тонна афюн йўқ қилинди

Ўзбекистон расмийлари Афғонистонда ишлаб чиқарилган 700 килограммдан ортиқ ноқонуний гиёҳванд модда, жумладан, 497 килограмм героин Тошкент яқинидаги завод печкаларида ёндириб юборилганини маълум қилди.

Франс пресс ахборот агентлиги хабарига кўра, Европа “қора бозори”да қиймати 150 миллион доллар, деб бахоланган гиёҳванд моддаларни ёқиш маросимида дипломатлар ва журналистлар ҳам иштирок этган.

Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати матбуот котиби Олимжон Тўрақуловга кўра, ёндирилган накотиклар контрабандачилар устидан ўтказилган судларда уларга қарши ашёвий далил сифатида ишлатилган.

Тўрақулов ёқиб юборилган наркотиклар 2010 йил бошидан бери контрабандачиларидан мусодара қилинган 2 ярим тонна афғон наркотининг бир қисми эканини қўшимча қилди.

Кун янгиликлари

Импорт қилинган ва ишлаб чиқарувчилар томонидан сотиладиган газ акциздан озод қилинди

Адлия вазирлигининг билдиришича, президент 25 октябрь куни “Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини табиий ва суюлтирилган газ билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

Қарорга асосан, 2021 йил 1 октябрдан юридик шахслар томонидан Ўзбекистонга импорт қилинган табиий газни реализация қилишда акциз солиғининг ноль фоизлик ставкаси белгиланди.

2022 йил 1 январдан ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан сотиладиган суюлтирилган газга акциз солиғи солинмайди.

Тадбиркорларга табиий ва суюлтирилган газни Ўзбекистонга импорт қилишда ҚҚСни 120 кунгача муддатга фоизлар ҳисобланмаган ва унинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда, бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади.

Шавкат Мирзиёев сайловда 80,1 фоиз овоз олгани эълон қилинди

Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев 25 октябрь куни Тошкент вақти билан соат 16:00 да амалдаги президент Шавкат Мирзиёев 24 октябрда ўтган президентлик сайловида ғалаба қозонганини эълон қилди.

Низомхўжаевнинг билдиришича, сайловда 16 миллион 216 мингдан кўпроқ, яъни 80,4 фоиз сайловчи қатнашган.

Либерал демократик партия номзоди Шавкат Мирзиёевга сайловчиларнинг 80,1 фоизи овоз берган.

Қолган 20 фоизга яқин сайловчининг 6,6 фоизи Халқ демократик партияси номзоди Мақсуда Ворисовага, 5,5 фоизи “Миллий тикланиш” партияси номзоди Алишер Қодировга, 4,1 фоизи Экология партияси номзоди Нарзулла Обломурадовга, 3,4 фоизи “Адолат” партияси номзоди Баҳром Абдуҳалимовга овоз берган.

Путин ва Лукашенко сайлов натижалари расман эълон қилинмай туриб, Мирзиёевни табриклади

Россия президенти Владимир Путин 25 октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот қилди ва уни сайловда ишончли тарзда ғалабага эришгани билан табриклади. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати 25 октябрь куни Москва вақти билан соат 12 да хабар берди.

Суҳбат давомида икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Россия стратегик иттифоқчилигини ва ҳамкорлигини ривожлантириш ниятларида собит эканликларини билдиришди.

“Россия президенти, шунингдек, Шавкат Мирзиёевга табрик телеграммаси йўллади”, -дейилади хабарда.

Беларусь президенти Александр Лукашенко ҳам 25 октябрь куни ҳали овоз беришнинг расмий натижалари эълон қилинмай туриб Мирзиёевни телефон орқали ғалаба билан табриклади.

Аввалроқ Euronews телеканали 24 октябрда ўтган президентлик сайловида Шавкат Мирзиёев 90 фоиз овоз олгани тўғрисида хабар берган, бироқ Марказий сайлов комиссияси бу хабарга раддия берган эди.

Марказий сайлов комиссияси сайловнинг дастлабки натижалари 25 октябрь куни Тошкент вақти билан соат 16 да эълон қилинишини билдирган.

Путин Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси овоз бериш натижаларини расман эълон қилишидан бир неча соат олдин Мирзиёевни табриклади.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати ҳозирча бу борада сукут сақламоқда.

Тошкентда бир неча ойдан бери илк маротаба коронавирусга чалинганлар сони юз кишидан оз бўлди

Ўзбекистонда 24 октябрь куни 360 нафарга яқин кишида коронавирус инфекцияси аниқланиб, 9 та ҳудудда 265 нафар фуқаро касалликдан тўлиқ соғайди, деб хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Расман билдирилишича, бу билан коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 183 928 кишига етган. 24 октябрь куни яна 2 бемор вафот этган ҳамда касалликдан ўлганлар сони расман камида 1306 нафарга етди.

Бир неча ойдан бери биринчи марта Тошкент шаҳрида бир кун ичида коронавирусга чалинганлар сони юз кишидан озроқ бўлди.

24 октябрь ҳолатига кўра, коронавирус юқиши ҳолатлари бўйича биринчи учликни Тошкент вилояти (107 киши), Тошкент шаҳри (96 киши) ва Самарқанд вилояти (35 киши) эгаллади.

Касалликдан соғайганлар жами 179 487 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 98 фоизни ташкил этмоқда.

Марказий сайлов комиссияси Euronews хабарига раддия берди

Президент Шавкат Мирзиёев оила аъзолари билан сайлов участкасида.

Марказий сайлов комиссияси 24 октябрда ўтган президентлик сайловида Шавкат Мирзиёев 90 фоиз овоз олгани тўғрисида Euronews телеканали тарқатган хабарга раддия берди.

Мазкур хабар ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан кўчирилиб, тарқатила бошланган эди.

"Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг дастлабки натижалари эълон қилинганлиги ҳақида хабар тарқатилмоқда. Бу хабар ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди. Президент сайловининг дастлабки натижалари бугун Тошкент вақти билан соат 16.00 да Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев томонидан эълон қилинишини яна бир карра эслатиб ўтамиз”, - дейилади расмий баёнотда.

Аввалроқ Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев сайловда сайловчиларнинг 16 миллион 36 минг 914 нафарни ёки 80,8 фоизи овоз бергани тўғрисида билдирган эди.

Сайлов кодексининг 96-моддасига асосан сайловда сайловчиларнинг камида 33 фоизи овоз берган бўлса, сайлов бўлиб ўтган деб ҳисобланади.

Толиблар ваъдасига ишонган Тошкент Афғонистонга электр етказиб беришни “бир соатга ҳам” тўхтатмади

Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни “бир соатга ҳам тўхтатган эмас”, Кобул “ўз эҳтиёжига кўра электр энергиясини Ўзбекистондан тўла ҳажмда олмоқда”. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов 23 октябрь куни россиялик журналистларга маълум қилган.

ТАСС агентлиги хабарига кўра, ўзбек мулозими Афғонистонда “Толибон” томонидан шакллантирилган муваққат ҳукумат вакиллари электр энергияси бўйича Ўзбекистон олдидаги қарзни тўлалигича узиш мажбуриятини ўз зиммаларига олишганини айтган.

“Биз муҳокама ўтказдик, унда муваққат ҳукуматнинг энергетика йўналиши бўйича жавобгар бўлган вакиллари, “Афғонистон электр тармоқлари” (АЭТ) ширкати вакиллари бор эди. Вазият имкон бериши билан АЭТдаги ҳамкасблар мавжуд қарзни бутунлигича зудлик билан узишлари ҳақида келишувга эришилди, бугунги кунда эса Афғонистонда банк тизимининг фаолият юритиши ва муваққат ҳукуматнинг тан олиши билан боғлиқ муаммолар бор. Шунга қарамай, биз электр энергиясини етказиб беришда давом этяпмиз”, деган С. Умурзоқов.

Мулозим расмий Тошкентнинг бу қарорини “қийин пайтда қардош афғон халқига ёрдам бериш” истаги билан изоҳлаган.

Аввалроқ Озодлик Афғонистоннинг DABS энергетика ширкати қўшни давлатлардан сотиб олинган электр қуввати бўйича қарздорликни ёпиш учун БМТнинг Афғонистонга кўмак кўрсатиш миссияси – UNAMAдан 90 миллион доллар молиявий кўмак сўрагани ҳақида хабар қилган.

Қайд этилишича, Афғонистон электр энергияси учун Эрондан 25 миллион доллар, Тожикистондан 11,2 миллион доллар ва Ўзбекистондан 9,9 миллион доллар, Туркманистондан 5,1 миллион доллар қарз бўлиб қолган.

Вазирлик талабаларнинг уч ҳафталик таътилга чиқиши ҳақида тарқалган хабарларни рад этди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистонда талабаларнинг 25 октябрдан эътиборан уч ҳафтага таътилган чиқиши хусусида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни рад этди.

Вазирлик ахборот хизмати ушбу хабар ҳеч қандай асосга эга эмаслиги урғулаб, “ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини fake (ёлғон, асоссиз) хабарларга ишонмаслик”ка чақирган.

Айни пайтда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини ёлғон хабар тарқатиш мамлакат Жиноят кодексининг 244-6 моддасига (“Ёлғон ахборот тарқатиш”) биноан жавобгарликка сабаб бўлишидан огоҳлантирган.

Ўзбекистон ва ИҲТ мулозимлари ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди

Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ИҲТнинг бош котиби Хусрав Нозирий билан, Тошкент, 2021 йил 24 октябри

Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов 24 октябрь куни президент сайловининг халқаро кузатувчиси сифатида Ўзбекистонда бўлиб турган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) бош котиби Хусрав Нозирий билан учрашди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, учрашувда мулозимлар Ўзбекистон ва ИҲТ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни чуқурлаштириш истиқболларини муҳокама қилганлар.

“Хусусан, ИҲТ ҳудудида савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, минтақа ичида саноат кооперациясини кенгайтириш, ўзаро сайёҳлик оқимларини кўпайтириш ва маданий-гуманитар лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти иқтисодий, маданий, фан ва техникавий ҳамкорликни кўзда тутган ташкилот бўлиб, унинг қароргоҳи Эрон пойтахти Теҳронда жойлашган.

Даставвал Минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ташкилоти ўлароқ 1964 йилда Эрон, Покистон ва Туркия муассислигида қурилган мазкур бирлашма ўтган асрнинг 70-йилларида ички минтақавий савдо сусайиб кетгани ортидан ўз фаолиятини тўхтатган, 1985 йилдан эса Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти номи билан фаолиятини қайта бошлаган. Ўзбекистон 1992 йилда қўшилган мазкур ташкилотга бугунги кунда номлари юқорида зикр этилган мамлакатлардан ташқари Афғонистон, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистон каби давлатлар аъзо. Ташкилот БМТ ва Ислом конференцияси ташкилотида кузатувчи мақомига эга.

Мирзиёев президент сайлови куни ИИВнинг бир гуруҳ ходимига орден ва медаль улашди

Шавкат Мирзиёев 25 октябрь — Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ ходимга мукофот берди. Унинг ИИВ ходимларини мукофотлашга оид фармонини президент матбуот хизмати 24 октябрь, яъни президент сайлови куни ёйинлади.

Фармон матнидан келиб чиқилса, мазкур ходимлар “ички ишлар органларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, Ўзбекистонда жамоат хавфсизлиги, халқ осойишталигини таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги ибратли фаолияти, шарафли бурчини бажаришда мардлик ва жасорат намунасини кўрсатгани, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги алоҳида хизматлари учун, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ўттиз йиллиги муносабати билан” мукофотланган.

ИИВ ходимлари, жумладан, II даражали “Шон-шараф” ордени, “Мардлик” ордени, “Дўстлик” ордени, “Жасорат”, “Содиқ хизматлари учун”, “Шуҳрат” медаллари билан тақдирланишган.

Шу куни Ш. Мирзиёевнинг Ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларига табриги ҳам эълон қилинди.

МСК раиси давомат 80 фоиздан ошганини билдирди ва “сайлов бўлиб ўтган”ини яна таъкидлади

МСК раиси Зайниддин Низомхўжаев

Ўзбекистонда президент сайлови куни овоз бериш жараёнида иштирок этганлар сони 16 миллион 36 минг 914 нафарни ёки 80,8 фоизни ташкил этган. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси раиси Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев мамлакатдаги барча сайлов участкаларида овоз бериш якунланганидан кейин ўтказилган матбуот анжумани чоғида маълум қилди.

Сайлов кодексининг 96-моддасида, агар сайловда сайловчиларнинг камида 33 фоизи иштирок этган бўлса, у ҳақиқий деб ҳисобланиши белгиланганини қайд этган МСК раиси президент сайлови бўлиб ўтган ва ҳақиқий деб ҳисобланишини урғулаган.

Аслида сайлов кеча соат 11.00 ҳолатига кўраёқ “бўлиб ўтган”ини аввалроқ МСК раисининг ўринбосари Баҳром Қўчқоров эълон қилган эди.

Кейинроқ у МСК томонидан сайлов куни ўтказилган мониторинг натижалари баъзи сайлов участкаларида “оилавий” овоз бериш ҳолатлари қайд этилганини кўрсатаётганини эътироф этган.

“Таъкидлаш жоизки, кўрилган кенг тарғибот ва ташвиқот ишларига қарамасдан ушбу салбий амалиётдан ҳали-ҳануз тўлақонли воз кеча олмаганимизни кўрсатмоқда”, деган Б. Қўчқоров.

МСК раиси овоз бериш участкалари ёпилганидан сўнг ўтказилган брифинг чоғида ўтказилган президент сайловини “халқимизнинг улкан тарихий ютуғи” деб атаб, унинг дастлабки натижалари 25 октябрь куни соат 16:00 да эълон қилинишини билдирди.

Маълумотларга кўра, президент сайловини кузатган халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам овоз бериш кунига оид дастлабки хулосаларини душанба куни соат 10.00 дан бошлаб МСКда бўлиб ўтадиган матбуот анжуманларида тақдим эта бошлайдилар.

Президент учун овоз бериш жараёни якунланди

Шавкат Мирзиёев оиласи билан сайлов участкасига келган пайтда олинган сурат.

Ўзбекистонда президент сайловида овоз бериш жараёни 20:00 да якунланди.Марказий сайлов комиссияси ҳозирча дастлабки натижаларни эълон қилгани йўқ. Дастлабки расмий маълумотлар 25 октябрь куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Айни пайтда вақт тафовути туфайли хориж давлатлари, жумладан, Европа ва АҚШда ташкил этилган сайлов участкаларида овоз бериш давом этмоқда.

Марказий сайлов комиссияси соат 17:00 ҳолатига кўра, сайловчилардан 14 миллион 258 минг 780 нафари ёки 71.8 фоизи овоз берганини маълум қилган.

Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Бахром Қўчқоров овоз бериш жараёни бошланганидан уч соат ўтгач, яъни соат 11:00 да Ўзбекистон президентлигига сайлов бўлиб ўтгани тўғрисида баёнот берди.

Унга кўра, соат 11:00 гача рўйхатга олинган 19 миллион 859 минг 127 сайловчидан 6 миллион 669 минг 552 нафари ёки 33, 6 фоизи овоз берган.

Сайлов кодексининг 96 -моддасига мувофиқ, агар сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг 33 фоизи овоз беришда иштирок этган бўлса сайлов ўтган ҳисобланади.

Қамоқхоналардаги маҳбуслар ва маҳкумлар президентлик сайловида овоз берди

Ўзбекистондаги тергов изоляторларида ва қамоқхоналарда сақланаётган маҳбуслар ҳамда маҳкумлар 24 октябрда ўтган президентлик сайловларида овоз бериш ҳуқуқидан илк маротаба фойдаланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Марказий сайлов комиссиясида ўтган брифингда маълум қилди.

Унга кўра, тергов изоляторлари ва қамохонларда сақланаётганларнинг 8677 нафари овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган. Улар Жиноят кодексига асосан 3 йилгача ва эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этгани учун 5 ва ундан кўпроқ йилга қамалган шахслардир.

Сайловда овоз берганларнинг 6819 нафари тергов ҳибсхоналарида сақланаётган маҳбуслардир.

Маҳбуслар ва маҳкумлар овоз бериши учун тергов ҳибсхоналарида 12 та, жазони ижро этиш колонияларида 4 та ва манзил-колонияларида 2 та, жами 18 та сайлов участкаси ташкил этилди.

Маҳбуслар ва маҳкумларнинг овоз бериш ҳуқуқи қайта тикланиши тўғрисида президент Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 7 декабрида - Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган куннинг 26 йиллигига бағишланган анжумандаги чиқишида билдирган эди.

МСК Тошкент вақти билан соат 11 да президентлик сайлови бўлиб ўтгани тўғрисида баёнот берди

Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Бахром Қўчқоров Тошкент вақти билан соат 11:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистон президентлигига сайлов бўлиб ўтгани тўғрисида баёнот берди.

“Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 96 -моддасига мувофиқ, агар сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг 33 фоизи овоз беришда иштирок этган бўлса сайлов ўтган ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи Участка ва округ сайлов комиссияларидан олинган маълумотларга эътибор қаратсак соат 11- 00 га қадар сайловчиларнинг 6 миллион 669 минг 552 нафари ёки 33, 6 фоизи овоз берди. Демак жорий сайловлар ўтган деб ҳисобланади ва бу билан барча сайлов жараёни иштирокчиларини табриклаймиз”,-деди Бахром Қўчқоров Марказий сайлов комиссиясида ўтказилган брифинг чоғида.

Аввалроқ Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев президентлик сайловининг овоз бериш жараёнида қонунбузарлик ҳолатлари қайд этилмаганини ва сайлов “демократик тамойилларга асосланган ҳолда” ўтаётганини иддао қилди.

Марказий сайлов комиссияси 24 октябрь соат 9:00 гача рўйхатга олинган 19 миллион 859 минг 127 сайловчидан 2 миллион 439 минг 291 нафари, ёки 12,3 фоизи овоз берганини билдирган эди.

Президентлик сайловида соат 9:00 гача сайловчиларнинг 12,3 фоизи овоз берди

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг билдиришича, соат 9:00 гача сайловчиларнинг 12,3 фоизи овоз бериб бўлди.

Марказий сайлов комиссияси билдирувида таъкидланишича, рўйхатга олинган 19 миллион 859 минг 127 сайловчидан 2 миллион 439 минг 291 нафари, ёки 12,3 фоизи овоз берган.

Соат 9 гача сайловчиларнинг фаоллиги Фарғона вилоятида (16,9 фоиз) ва Андижон вилоятида (16,1 фоиз) кузатилди.

Энг оз кўрсаткич Тошкент шаҳрида (7,2 фоиз), Навоий вилоятида (8,1 фоиз) ва Тошкент вилоятида (8,6 фоиз).

МСК раиси сайлов “демократик тамойиллар асосида ўтаётгани”ни иддао қилди

Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев. МСК фотоси.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев президентлик сайловининг овоз бериш жараёнида шу соатгача қонунбузарлик ҳолатлари қайд этилмаганини ва сайлов “демократик тамойилларга асосланган ҳолда” ўтаётганини иддао қилди.

Маҳаллий матбуотнинг билдиришича, овоз бериш жараёнининг биринчи соатларидаги ҳолат юзасидан журналистларга ахборот берган Зайниддин Низомхўжаев сайловни 971 халқаро кузатувчи, партиялардан 53 700, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 10 700 кузатувчи кузатиб бораётганини, жараённи маҳаллий ва хорижий ОАВларнинг 1670 вакили ёритаётганини айтган.

24 октябрь куни эрталаб соат 8:00да мамлакатдаги 10 761 та сайлов участкасида сайлов бошланди. Бундан ташқари дунёнинг 37 та мамлакатида 54 та сайлов участкаси ташкил этилди.

“Токио ва Сеулда Тошкент вақти билан эрталаб соат 04:00 да бошланган овоз бериш жараёни 25 октябрь куни Тошкент вақти билан соат 06:00 да Нью-Йоркда якунланади”, — деди расмий.

Унга кўра, сайловчиларнинг умумий сони 19 миллион 859 минг 127 кишини ташкил этмоқда.

Тошкент – Москва “Агроэкспресс”и ноябрдан қатнай бошлайди. Лойиҳага Қозоғистон ҳам қўшилди

Тошкентдан Москвага “Агроэкспресс” поезди ноябрь ойининг ўрталаридан қатнай бошлайди. Мазкур лойиҳага Қозоғистон ҳам қўшилди. Бу ҳақда 23 октябрь куни Тошкентда ўтган матбуот анжуманида Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов маълум қилди.

Вазирнинг айтишича, биринчи поезд Москвага Ўзбекистондан сарҳил мева ва сабзавотларни элтиб беради.

Умрзоқов мазкур лойиҳага Қозоғистон ҳам қўшилганини, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари дастлаб Қозоғистонга ва Қозоғистондан Россияга етказиб берилишини таъкидлади.

Унга кўра, бундай тизим маҳсулотларнинг Россияга тез ва самарали етказилишини таъминлайди.

Айни пайтда “Агроэкспресс” Москвадан Тошкентга буғдой, ун ва гўшт маҳсулотларини олиб келади.

Сентябрнинг охирларида Россия Иқтисодий тараққиёт вазирлиги “Агроэкспресс” лойиҳаси ноябрь ойида синов қатновини амалга ошириши ва декабрь ойидан эса тўлиқ ишга туширилиши тўғрисида маълум қилганди.

Коронавирус юқтириш ҳолатлари бўйича Тошкент шаҳри олдинда бормоқда

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 183 569 кишига етди.

Ўзбекистонда 23 октябрь куни яна 380 киши коронавирусга чалинди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, Сурхондарё вилоятидан ташқари барча ҳудудларда коронавирусга чалиниш ҳолатлари қайд этилди.

Янги касалланиш ҳолатлари бўйича биринчи учликда Тошкент шаҳри (108 бемор), Тошкент вилояти (104 бемор) ва Самарқанд вилояти (36 бемор) бормоқда.

23 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 183 569 кишига етди.

Сўнгги бир сутка ичида 2 бемор вафот этди ва расман коронавирусдан ўлганлар сони камида 1304 кишини ташкил қилмоқда. Беморлардан 179 222 нафари соғайди.

Президент сайловида овоз бериш жараёни бошланди

Ўзбекистонда 24 октябрь куни соат 8:00 дан президент сайловлари бошланди. Барча сайлов участкаларида овоз бериш жараёни 20:00гача давом этади.

Сайловда беш номзод: Экология партиясидан Нарзулла Обломурадов, “Адолат” партиясидан Баҳром Абдуҳалимов, Либерал-демокрталар партиясидан Шавкат Мирзиёев, Халқ демократик партиясидан Мақсуда Ворисова ва “Миллий тикланиш” партиясидан Алишер Қодиров иштирок этмоқда.

Номзодларнинг барчаси жорий ҳукумат сиёсатини маъқуловчилардир.

Ўзбекистондаги президентлик сайловини кузатаётган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг кузатувчилар миссияси оралиқ ҳисоботида номзодлар ўртасида рақобат йўқ, юзма-юз мунозара кураши кўзга ташланмайди, деб билдирган.

Аввалроқ Марказий сайлов комиссияси 14–20 октябрь кунлари 421 618 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз бергани ҳақда маълум қилди.

Ўзбекистонда картошка бир ҳафтада 43 фоизга қимматлади

Мева ва сабзавот бозоридаги аҳволни кузатиб борадиган East Fruit нашри ўтган бир ҳафта ичида Ўзбекистонда картошканинг ўртача улгуржи нархи 43 фоизга ошгани ҳақда хабар қилди.

2021 йил 14 октябрдан 21 октябргача бўлган даврда Ўзбекистонда картошканинг ўртача улгуржи нархи 3500 дан 5000 сўмга кўтарилган.

Ҳозирги нархлар даражаси эса 2020 йилнинг худди шу санаси билан таққослаганда 39% ва 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 2, 2 баравар юқоридир.

Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари 19 октябрь куни озиқ -овқат нархининг кўтарилишини жиловлаш учун ҳукумат бир қатор озиқ -овқат маҳсулотлари, жумладан, картошка импорти ва сотилишига ҚҚСни бекор қилишни маъқуллаган эди.

Қуйи палата депутатлари томонидан қабул қилинган ҳужжатга мувофиқ, жорий йилнинг 10 октябридан 31 декабригача гўшт (мол гўшти, қўй гўшти, товуқ гўшти), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотлар, картошка ҳамда музлатилган балиқни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, шунингдек уларни реализация қилиш бўйича айланмалари ҚҚСдан озод қилинади.

Ўзбекистонда паловдан ташқари деярли барча таомлар картошка солиб пиширилади. Шу сабабдан унинг нархи кўтарилиши кўп оилаларни танг аҳволга солиб қўйиши тайин.

МСК: ярим миллионга яқин сайловчи муддатидан олдин овоз берган

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси 14–20 октябрь кунлари 421 618 нафар сайловчи Ўзбекистон президенти сайловида муддатидан олдин овоз бергани ҳақда маълум қилди.

Комиссиянинг билдириича, сайлов кодексининг 57-моддаси асосида сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар 14–20 октябрь кунлари давомида муддатидан олдин сайловда қатнашган.

Муддатидан олдин овоз берган 421 618 нафар сайловчидан 301 094 нафари Ўзбекистондаги сайлов участкаларида, 120 524 нафари эса чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналар ҳузурида тузилган сайлов участкаларида овоз беришган.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясига кўра, мамлакат бўйлаб 14та сайлов округларида 10 мингга яқин, шу жумладан Ўзбекистоннинг хорижий дипломатик ваколатхоналаридаги сайлов участкалари сайловчиларни қабул қилишга шай ҳолатга келтирилган.

24 октябр кунига белгиланган сайловларда Ўзбекистоннинг жорий президенти ҳамда мамлакатда расман қайддан ўтган яна тўрт сиёсий партиядан номзод қатнашади.

Номзодларнинг барчаси жорий ҳукумат сиёсатини маъқуловчилардир.

Ўзбекистондаги президентлик сайловини кузатаётган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг кузатувчилар миссияси оралиқ ҳисоботида номзодлар ўртасида рақобат йўқ, юзма-юз мунозара кураши кўзга ташланмайди, деб билдирган.

Ўзбекистонда сайловдан олдин “сукунат куни" эълон қилинди

23 октябрь куни Ўзбекистонда “сукунат куни” эълон қилинди. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, ушбу кунда номзодлар сайловолди ташвиқот тадбирларини тўхтатиши лозим. Бино, кўчаларга ўрнатилган плакат ёки баннерлар сайлов комиссияси вакиллари иштирокида ечиб олинади.

24 октябр кунига белгиланган сайловларда Ўзбекистоннинг жорий президенти ҳамда мамлакатда расман қайддан ўтган яна тўрт сиёсий партиядан номзод қатнашади.

Номзодларнинг барчаси жорий ҳукумат сиёсатини маъқуловчилардир.

Ўзбекистондаги президентлик сайловини кузатаётган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг кузатувчилар миссияси оралиқ ҳисоботида номзодлар ўртасида рақобат йўқ, юзма-юз мунозара кураши кўзга ташланмайди, деб билдирган.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясига кўра, мамлакат бўйлаб 14та сайлов округларида 10 мингга яқин, шу жумладан Ўзбекистоннинг хорижий дипломатик ваколатхоналаридаги сайлов участкалари сайловчиларни қабул қилишга шай ҳолатга келтирилган.

Мухолифатдаги "Эрк" партияси сайловни "амалдаги президентни ҳокимиятда қолиши учун уюштирилган томоша" деб атаб, уни бойкот қилишга чақирган.

МСК сайлов бюллетенини расмга олиб, тармоқларда тарқатишни тақиқлади

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси сайлов бюллетенини суратга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаш қатъиян тақиқланишини маълум қилди.

Комиссия баёнотига кўра, сайлов бюллетенини овоз бериб бўлгач суратга олиб ижтимоий тармоқларга жойлаштириш сайловнинг яширин овоз бериш принципини бузишни англатади.

МСК барча сайлов участкаларидаги овоз бериш кабиналарига суратга олишни тақиқлаш тўғрисидаги плакатлар жойлаштирилаётганини хабар қилган.

“Ҳурматли фуқаролар, сайловнинг яширин овоз бериш принципини сақлаган ҳолда, сайлов бюллетенини овоз бериб бўлгач, суратга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирмаслигингиз сўралади”, – дейилади Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси расмий ахборотида.

Президент сайлови 24 октябр, якшанба куни бўлиб ўтади.

ССВ: Коронавирус қурбонлари сони 1 минг 300 нафарга етди

Ўзбекистонда 21 октябрь куни коронавирусга чалинган беморлардан 3 нафари вафот этган, шу тариқа бу хасталикдан қурбон бўлганларнинг умумий сони 1 минг 300 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, кеча мамлакат бўйлаб 398 киши коронавирусга чалинган, вирус юқтириб олганларнинг умумий сони эса 182 минг 819 нафарни ташкил қилган.

Айни пайтда пайшанба куни Наманган шаҳридан ташқари барча ҳудудларда 376 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 178 минг 695 нафарга етган.

ССВ маълумотига кўра, ўтган кеча-кундузда яна 14 нафар кишида пневмония аниқланган, 5 июлдан бери эса 27 минг 602 киши пневмонияга чалинган. Булардан 26 минг 90 нафари соғайиб чиққан, 233 нафари эса вафот этган.

Марказий банк: Ўзбекистонда йиллик инфляция кўрсаткичи тақрибан 11 фоизга етди

Жорий йилнинг сентябрь ойи якунлари бўйича йиллик инфляция 10,8 фоизни ташкил этган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Марказий банк матбуот хизмати бунинг базавий сценарий доирасидаги прогноз кўрсаткичларидан бироз юқорилигини урғулаган.

Регулятор кўплаб давлатлар қатори Ўзбекистонда ҳам умумий инфляцияга нисбатан юқори даражаларда сақланиб қолаётганига эътибор қаратган.

МБ қайдича, биринчи навбатда, бу озиқ-овқат нархлари ва ёқилғи маҳсулотлари нархлари ўсишининг юқори суръатлари кузатилаётганлиги билан изоҳланади.

“Сентябрь ойи якунлари бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари йиллик ҳисобда 14,4 фоизга ўсган бўлса, ёқилғи маҳсулотлари 23,2 фоизга ўсди. Ушбу гуруҳ маҳсулотлари нархлари ўсиши умумий инфляциянинг пасайиш тенденциясига салбий таъсир кўрсатган асосий омиллардан ҳисобланади”, дейилган Марказий банк хабарномасида.

Фотиҳ Жалолов сатира театри директори лавозимига тайинланди

Фотиҳ Жалолов (Маданият вазирлиги фотоси)

Ўзбекистон хизмат кўрсатган артист Фотиҳ Жалолов Ўзбекистон давлат сатира театри директори этиб тайинланди.

Маданият вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, янги директорни театр жамоасига 19 октябрь куни маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов таништирган.

Кино ва театр актёри Фотиҳ Жалолов 1984 йилда Тошкент театр ва рассомлик институтинининг актёрлик факультетини тамомлаган.

Вазирлик қайдича, ўз меҳнат фаолиятини 1986 йили Тошкент театр ва рассомлик санъати институти “Қўғирчоқ актёри маҳорати” кафедрасида ўқитувчиликдан бошлаган Фотиҳ Жалолов бугунга қадар Маданият вазирлигининг тизим ташкилотларида турли вазифаларда фаолият юритган. Фаолияти давомида у бир муддат Маданият ва спорт ишлари бўйича вазирнинг биринчи ўринбосари вазифасида ҳам ишлаган ҳамда “Ўзбекфильм” бош директори вазифасини бажариб турган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG