Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:09

Тожик қамоқхонасидан қочган икки маҳбус қўлга олинди


Қамоқдан қочган Зайдуллоҳ Азизов Тожикистон телеканали орқали ўз қилмишидан пушаймон эканини айтди.
Қамоқдан қочган Зайдуллоҳ Азизов Тожикистон телеканали орқали ўз қилмишидан пушаймон эканини айтди.

Тожикистонда қамоқдан қочган яна икки маҳбус қўлга олинди. Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси тарқатган хабарларга кўра, 10 сентябр куни Рудакий туманида ўтказилган қўшма амалиёт чоғида тожикистонлик Зайдуллоҳ Азизов ва Россия фуқароси Магомед Ахмедов қўлга олинган.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизмати бошлиғи Нозиржон Бўриевнинг Озодликка хабар қилишича, Зайдуллоҳ Азизов ва Магомед Ахмедов Рудакий туман аҳолиси кўмагида қўлга олинган.

- Қўлга олиш чоғида улар ходимларимизга қаршилик кўрсатишди. Лекин ҳеч қайси томондан қурбонлар бўлгани йўқ. Қўлга олинганлардан қуроллар ва ўқ дорилар мусодара қилинди. Ҳозирча улар қўлга олинган ҳудудда амалиётлар давом этаяпти. Шу сабабли қидирув ишларига халақит бермаслик учун бундан ортиқ тафсилотлар берилмайди, - дея маълум қилди хавфсизлик ходими Нозиржон Бўриев.

Зайдуллоҳ ва Магомед қўлга олинишидан бир кун аввал Рудакий туманининг Алибой қишлоғидаги хонадонларнинг бирига кириб, оила бекасидан нон ва пул талаб қилган.

Бу борада ўзини Ҳилол деб таништирган аёл мана шундай ҳикоя қилади:

- Кечки пайт ифтордан кейин дарвозамиз очиқ экан, беш киши кириб келди. Қўлларида арматура ва темирлар бор эди. Бизга “Ташқарига чиқинглар”, деб буюрди. Болаларим қўрқиб йиғлашди. “Овозларингни ўчиринглар, бизга нон, пул олиб келинглар”, дейишди. Биз овсинимнинг ҳовлисига қараб қочдик. Улар бизни қувишди. Ҳаммамиз қий-чув кўтарганимиздан кейин улар ортга чекиниб, ҳовлидан чиқиб кетишди,- дейди Рудакий туманлик 25 ёшлардаги Ҳилол.

Шу кеча бу борада маълумот олган Миллий хавфсизлик қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги тахминан 300 нафар ходимини Рудакий туманига қарашли Алибой қишлоғига сафарбар қилган. Ўша қишлоқ ва унинг атрофида икки кун давомида тинтув ўтказилиб, қишлоққа нон ва пул ахтариб кирган беш маҳбусдан икки нафари, яъни Зайдуллоҳ Азизов ва Магомед Ахмедов 11 сентябр тонгда қўлга олинган.

Айни дамда уларнинг уч шеригини тутиш бўйича амалиёт давом этмоқда.

Аснода қўлга олинганлар Тожикистон Давлат телевиденияси орқали намойиш қилиниб, уларни қўлга олишда давлат тегишли идораларига яқиндан кўмаклашган аҳолига миннатдорчилик билдирилди.

Қўлга олинган Зайдуллоҳ ва Магомед эса қилмишларидан пушаймон эканларини айтиб, қолган маҳбусларни ҳам таслим бўлишга даъват қилишди.

Эслатсак, шу йил 23 августига ўтар кечаси ўта хавфли саналган 25 нафар маҳбус Миллий хавфсизлик қўмитасининг Душанбе шаҳридаги вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасидан қочган эди.

Улар орасида Ўзбекистоннинг икки фуқароси, 23 ёшли Ҳамидулло Йўлдошев ва 35 ёшли Фурқат Холметов ҳам бор.

Ўтган вақт мобайнида қочқин маҳбусларнинг тўрт нафари яъни Иброҳим Насриддинов Ваҳдат туманида, Абдурасул Мирзоев Файзобод туманида ва Зайдуллоҳ Азизов ҳамда Магомед Ахмедов Рудакий туманида қўлга олинди.

Айни кунларда Тожикистонда яна 21 нафар ўта хавфли маҳбусни қўлга олиш бўйича амалиётлар давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG