Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:30

Ғарб Туркия референдумини олқишлади


Бош вазир Эрдўғон ҳукумати таклиф қилган конституциявий ўзгартишларни халқ маъқуллади.
Бош вазир Эрдўғон ҳукумати таклиф қилган конституциявий ўзгартишларни халқ маъқуллади.

Европа Иттифоқи ва АҚШ Туркия референдуми натижасини олқишлади. Якшанба кунги референдумнинг дастлабки натижаларига кўра, сайловчиларнинг 58 фоизи конституцияга киритилиши таклиф қилинган 26та ўзгартишни маъқуллаган. Бу ўзгартишлар Туркияда ҳарбийлар ваколатини қисқартириб, адлия тизимининг ислоҳ қилинишига йўл очиб беради.


12 сентябр куни Туркияда ўтган референдумда мамлакат конституциясига киритиш таклиф қилинган 26та ўзгартиш мамлакат бош қомусининг Европа талабларига мос ҳужжатга айланишини кўзда тутиши айтилган эди.

Туркия Олий Сайлов комиссиясининг сайловнинг якуний натижаларини тез орада эълон қилиши кутилмоқда. Аммо, дастлабки натижаларга кўра, референдумда сайловчиларнинг 77 фоизни иштирок этган ва уларнинг 58 фоизи таклиф этилган ўзгартишлар маъқуллаган.

Бундай натижаларни олқишлаган Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон бу билан Туркияда демократия ғалаба қозонганини айтди.

- Референдумни ёқлаб “ҳа”, дея берилган овозлар халқнинг демократия томон интилиши ифодасидир. Адолат ва Тараққиёт партияси вакили сифатида мен буни мамлакатдаги вазиятни ўзгартириш ҳамда демократиялаштириш мақсадининг халқ томонидан кенг кўламда қўлланиши, деб тушунмоқдаман, деди Туркия Бош вазири.

Халқаро жамоатчилик ҳам Туркия референдумини олқишламоқда. Оқ уй маъмурияти АҚШ Президенти Барак Обама Эрдўғонни қутлаб, унга сим қоққанини маълум қилди.

Европа Иттифоқи расмийси Стефан Фюэл томонидан эълон қилинган баёнотда эса, бу референдумнинг Туркия келажаги томон тўғри йўналишдаги қадам экани таъкидланган. Айни пайтда у бундай сиёсий тадбир фундаментал инсон ҳуқуқлари, жумладан, фикр ва эътиқод эркинлиги каби соҳалардаги яна зарур бошқа ислоҳотлар билан давом этиши кераклигини қўшимча қилиб ўтган.

Германия Ташқи ишлар вазири Гвидо Вестервелле ҳам референдум муваффақиятини олқишлаб, конституциявий ислоҳотлар Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзолиги йўлида ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини урғулади.

Туркиянинг ҳозирги конституцияси бундан 30 йил муқаддам — 1980 йилнинг 12 сентябрида ҳокимиятга келган ҳарбий хунта етакчилари томонидан тузилган эди.

Туркия Бош вазири Эрдўғон 12 сентябр кунги референдум мамлакатнинг ўшандан буён давом этиб келаётган йўналишини мутлақо ўзгартиришини айтди.

- 12 сентябр Туркия демократияси тарихидаги бир бурилиш нуқта сифатида тарихда қолади. Сиз буни ҳамиша ёдда сақлайсиз, биз буни ҳамиша ёдда сақлаймиз. Давлат тўнтариши орқали ҳокимиятга келганлар жорий қилган конституция доғлаган 12 сентябр санаси энди демократия томон ёрқин бир саҳифа ўлароқ, тарихга киради, деди Туркия Бош вазири.

Айни пайтда Туркия муҳолифати конституцияга киритилаётган ўзгартишлар Эрдўғон етакчилигидаги партия ҳокимиятини мустаҳкамлашидан хавотир билдирмоқда.

Конституцияга киритилган ўзгартишлар натижасида Туркияда ҳарбийлар ваколати қисқариб, адлия тизимининг ислоҳ қилиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG