Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:03

Яқин Шарқ тинчлик музокаралари давом этмоқда


АҚШ Исроил-Фаластин музокаралари муроса билан якуналинишига умид қилмоқда.
АҚШ Исроил-Фаластин музокаралари муроса билан якуналинишига умид қилмоқда.

Қуддусда Исроил-Фаластин ўртасидаги бевосита музокаралар давом этмоқда. 14 сентябр куни АҚШ расмийлари қайта бошланган юзма-юз сўзлашувларга катта умидлар билан қарамоқда. Бироқ Ғарбий Соҳилга яҳудийлар учун янги турар жой бинолари қуриш муаммоси тинчлик музокаралрига жиддий путур етказиши мумкин.


АҚШ расмийлари Исроил ва Фаластин етакчилари ўртасида қайта бошланган бевосита тинчлик музокараларига умидворлик билан қарамоқда.

Музокараларга воситачилик қилаётган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон 15 сентябр куни Қуддус шаҳрида икки томон “ишга киришгани” ва муаммолар муҳокама қилинаётганини баён қилди.

- Биз бу икки халқнинг қонуний хоҳиш-иродаси бир бирига зид эмаслигига ишончимиз комил бўлгани учун бу ерга йиғилдик. Шунингдек, икки томон тинчликка эририши кераклиги ва бунинг имкони борлиги ҳамда бу фурсатни қўлдан бой бермаслик лозимлигига ҳам ишончимиз комилдир,- деди АҚШ Давлат котиби.

Ҳиллари Клинтонга ҳамроҳлик қилаётган АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Жорж Митчел 14 сентябр куни Мисрнинг Шарм аш-Шайх шаҳрида бошланган музокараларнинг иккинчи давраси томонларнинг “мақсади жиддий экани”ни ҳам намойиш этишини таъкидлади.

- Бугун томонлар асосий масалалар хусусида жиддий муҳокамаларни бошлади. Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос ва Исроил Бош вазири Беньямин Нетаняҳу ҳам бу музокараларга яхши ният ва жиддий мақсад билан ёндашиш ниятида эканларини яна бир бор изҳор қилдилар,- деди Жорж Митчел.

Бироқ икки томон ўртасидаги асосий масалалардан бири бўлган Фаластинга қарашли Ғарбий Соҳилга яҳудийлар учун янги турар жой биноларининг қурилиши муаммоси сўзлашувларга жиддий путур етказиши мумкин.

Исроил ҳукумати янги бинолар қурилиши учун жорий қилган мораторий шу ой охирида тугайди.

Фаластин томони агар 10 ой давом этган мораторийнинг муддати узайтирилмаса, тинчлик музокараларини тарк этишидан огоҳлантириб келмоқда.

Аммо мораторийнинг айрим чекловлари ўз кучида қолиши мумкинлигини таъкидлаган Нетаняҳу Исроил ҳукумати Ғарбий Соҳилга аллақачон кўчиб келганлар “ҳаётини музлатиб қўйиш” ниятида эмаслигини айтган.

Мораторий муддатининг узайтирилиши муҳим чора эканини таъкидлаётган АҚШ Исроилга бу масала юзасидан босим ўтказиб келмоқда.

Айни пайтда Нетаняҳу етакчилигидаги коалицион ҳукуматга кирувчи ўнг-қанот сиёсатчилар бош вазирни мораторий муддатини узайтирмасликдан огоҳлантириб, акс ҳолда ҳукуматдан чиқиш билан таҳдид қилган.

Клинтоннинг Қуддус музокаралри пайтида яҳудий маҳаллаларга оид муаммо бўйича томонларнинг муросага эришиш масаласини кўтариши кутилмоқда.

Музокаралар кун тартибидан шунингдек Исроил хавфсизлиги, бўлажак Фаластин давлатининг чегаралари, фаластинлик қочқинлар тақдири ва Қуддус шаҳри келажакдаги мақоми каби муҳим масалалар ўрин олган.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон сентябр ойи бошида Вашингтонда Исроил ва Фаластин ўртасида анчадан бери тўхтаб қолган бевосита музокараларни қайта бошлаб берган эди. Расмийларга кўра, ушбу сўзлашувлардан мақсад бир йил ичида энг мухим масалалар бўйича келишувга эришишдан иборат.
XS
SM
MD
LG