Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:49

Тожикистоннинг Рашт водийсида яна нотинчлик


Рашт водийсида ҳукумат кучлари ҳужумга учрагандан кейин минтақага қўшимча аскарлар ташланди.
Рашт водийсида ҳукумат кучлари ҳужумга учрагандан кейин минтақага қўшимча аскарлар ташланди.

Тожикистон расмийлари Рашт туманида ҳукумат қўшинларига қилинган ҳужум ортида Бирлашган тожик мухолифати турганини айтмоқда. 19 сентябр куни маҳаллий соат 12.30ларда Тожикистон ҳукмат аскарлари қуролланган гуруҳ томонидан ўққа тутилди. Отишмада 23 аскар ҳалок бўлди.


Раштдаги воқеадан кейин Душанбеда ўтказилган фавқулодда мажлисда қатнашган Мудофаа вазирлиги вакиллари ҳужум ортида Бирлашган тожик мухолифати аъзолари турганини таъкидлади. Бу ҳужумлар, деди вазирлик расмийси, Аловуддин Давлатов (лақаби Али Бедак) ва Абдулло Раҳимов (лақаби Мулло Абдулло) бошлиқ гуруҳ томонидан содир этилди.

Расмийларга кўра, 19 сентябр куни маҳаллий вақт билан соат 12.30ларда Рашт туманининг Навобод ва Камароб мавзеларини туташтирувчи довонда Тожикистон ҳукумат қўшинларига пистирмадан ҳужум қилган жангарилар орасида Афғонистон, Покистон ва Чеченистонда ёлланган жанггарилар ҳам бўлган. Ҳарбийларга қарашли “Урал” русумли иккита автомашинада етмиш беш аскар бўлган. Қуролланган гуруҳ аввалига машиналарни гранатомётлардан ўққа тутган. Бир неча соат давом этган отишма натижасида хукумат қўшинларидан 23 аскар ҳалок бўлган ва кўпи яраланган.

Бундан ташқари, яна 25 аскарнинг бедарак кетганига оид тасдиқланмаган хабарлар ҳам бор.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати вакили Маҳмадулло Асадуллоевнинг айтишича, Рашт водийсида Миллий хавфсизлик қўмитасининг Душанбедаги изоляторидан қочган маҳбусларни тутиш амалиёти бошланган кундан буён бу ерда вазият жиддий кескинлашган.

Мана шундай вазиятда, ўтган ҳафта Тожикистоннинг куч ишлатар идоралари раҳбарлари республика президенти Имомали Раҳмон топшириғи билан шошилинч равишда Рашт туманига боришди.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси вакили Саидумар Ҳусайн ҳукумат расмийлари Рашт водийсида яшириниб юрган жанггариларни қўлга олишда собиқ дала қўмондонларидан кўмак сўрашганидан хабадорлигини айтади.

- У ерда улар Бирлашган тожик мухолифати аъзолари, дала қўмондонлари Мирзохўжа Аҳмадов ва Шоҳ Искандаровлар билан учрашиб, бир неча соат давомида мулоқот қилган эдилар. Музокара давомида вазирлар собиқ қўмондонлар билан учрашган ва Рашт водийсида яшириниб юрган Мулло Абдулло ва унинг гуруҳини қўлга олишга кўмаклашишни сўраган. Бунинг эвазига ҳукумат вакиллари собиқ қўмондонлар хавфсизлиги тўла таъминланишини ваъда қилган. Бундан ташқари, Рашт туманига биз ҳам сафар қилдик. Сафар давомида маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашдик. Террорчиларга ёрдам бермасликка чақирдик, деди Тожикистон Ислом уйғониш партияси вакили Саидумар Ҳусайн.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ой охирларида Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинча сақлаш изолятори ва Душанбедаги Тергов изоляторидан турли жиноятларда айбланиб, узоқ йилларга қамалган 25 маҳбус қочган эди. Шу пайтгача уларнинг етти нафари Ваҳдат, Файзобод, Рудаки ва Абдураҳмони Жомий туманларида қўлга олинган эди.

Лекин қочганларнинг асосий қисми айнан Рашт водийсида эканлиги айтилмоқда. Шу боис бу минтақага Мудофаа вазирлигининг катта миқдордаги кучлари ташланмоқда. Бироқ ғармликларнинг айтишларича, қочоқ маҳбуслар бу водийга келмаганлар.

- Рости гап, Камаробда жанг бўлганини биз кечроқ эшитдик. Лекин ўтган ҳафтада ҳамма қишлоқларга ҳар куни 200 га яқин аскарлар киритилаётгани хақида гаплар қулоққа чалинди. Туман маркази, қишлоқлардаги масжидлар, тоғ ёнбағирлари аскарларга тўлиб кетган, дейишди таниш-билишлар. Бугун эса, аскарлар сони янада кўпайганини ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз. Ахир қочган маҳбуслар орасида бирорта ғармлик йўқ. Бу ерга нимага ҳам келишади. Ҳозир яна халққа жабр бўлмоқда, ахолининг тинчи бузилган, дейди номини эшиттирмаслик шарти билан гапирган ғармлик бу одам.

Бугун 20 сентябр куни эрта билан Рашт туманида истиқомат қилувчи маданият-маърифат соҳаси вакиллари, маҳаллий хукумат расмийларидан иборат бир гуруҳ одамлар бутун водий аҳолисига мурожаатнома қабул қилишди. Марожаатномада, ҳарбийларга қуролли ҳужум қилган номаълум шахсларни қўлга олишда республика куч ишлатиш салоҳиятига эга тизимларга ёрдам беришга, “Бу хоин ва сотқин қотилларга қарши бош кўтаришга” даъват қилинган.

Раштдаги қуролли хужумдан ҳалок бўлган биринчи қурбон, республика Мудофаа вазирлиги ҳарбийси, 19 ёшли оддий аскар Алишери Умарали ўз ватанида, Рўдакий туманида дафн этилди.
XS
SM
MD
LG