Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:10

Хамас Ғазода янги зўравонликлар масъулиятини Фатҳга юклади


Ғарбий Соҳилда яҳудий маҳаллаларни қуришга жорий қилинган мораторийнинг тугаши АҚШ воситачилигида бошланган Исроил-Фаластин музокаралари истиқболлларини шубҳа остига қўймоқда.
Ғарбий Соҳилда яҳудий маҳаллаларни қуришга жорий қилинган мораторийнинг тугаши АҚШ воситачилигида бошланган Исроил-Фаластин музокаралари истиқболлларини шубҳа остига қўймоқда.

Ғарбий Соҳилдаги қурилишларга жорий этилган мораторий муддати тугаши муносабати билан яҳудий кўчманчилар янги уйларни қуриш ҳаракатларини бошлади. Музокараларни тарк этиш билан таҳдид қилиб келган Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос ҳозирча бу ҳақдаги якуний қарорни 4 октябрга қолдирди.


Аббосни қоралаган ХАМАС ҳаракати бундан буёнги воқеаларнинг ривожи қандай бўлишидан қатъи назар бунга иқтидордаги Фатҳ ҳаракати масъулдир, деб баёнот берди.

Ғарбий Соҳилда яҳудийлар учун аҳоли пунктларини кенгайтириш ҳаракатлари 10 ойлик мораторий муддати якунига етган куниёқ бошланди.

Яҳудий кўчманчилар янги уйлар қуриш учун бошланган дастлабки ҳаракатлар ва умуман, мораторий муддати битганини нишонлаб, тадбирлар ҳам ўтказди. Ушбу тадбирларни уюштирганлар сафида эса, Бош вазир Нетаняҳуни Фаластин билан тинчлик музокараларини бошлагани учун кескин танқид қилаётган муҳолифатдаги Ликуд партияси фаоллари ҳам бўлди.

АҚШ президенти ва Яқин Шарқда тинчлик сулҳидан манфаатдор бўлган давлат етакчиларининг эътирозларига қарамай, мораторий муддатини узайтирмасликка қарор қилган Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу бу муддат якунига етганидан бир дақиқа ўтиб, 26 сентябрдан 27 сентябрга ўтар кечаси ярим тунда бир йил ичида тинчлик келишувига эришиш мақсадида олиб борилаётган музокараларни тарк этмаслигини сўраб, Фаластин Президенти Маҳмуд Аббосга мурожаат қилди.

Нетаняҳу ўз мурожаатида сентябр ойи аввалида бошланган икки томонлама музокараларни “тезкор ва ҳаққоний сўзлашувлар”, деб атади.

Нетаняҳунинг Маҳмуд Аббосга мурожаати муҳимлигини урғулаган Исроил Ташқи ишлар вазири Марк Регев ҳам фақат шу сўзлашувлар йўли билан тинчликка эришиш мумкинлигини таъкидлади.

- Уч ҳафта муқаддам бир йил ичида тарихий тинчлик келишувига эришиш мақсадида Вашингтонда Исроил ва Фаластин расмийлари ўртасидаги юзма-юз мулоқотни бошлаган эдик. Ҳозир биз шу жараён муваффақиятли тугашини истаймиз. Шунинг учун Бош вазир Нетаняҳу президент Аббосни сўзлашувларни давом эттиришга чақирди. Фақат изчил, юзма-юз ва жиддий музокаралар орқалигина биз исроил ва фаластинликлар учун ёрқин келажак қуришга эришишимиз мумкин, деди Исроил ташқи ишлар вазири.

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос мораторий бекор қилинса, музокараларни тарк этишидан огоҳлантириб келаётган эди. Бироқ, 26 сентябр куни Парижда қтлган чиқишида у мораторий бекор қилиниши билан юзага келган эндиги вазиятни 4 октябр куни араб давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан муҳокма қилишини айтди.

Яъни, Фаластин томони ҳозирча музокараларни тарк этиши ҳақида баёнот бергани йўқ.

Фаластин ва Исроил ўртасидаги музокараларга воситачилик қилаётган АҚШ ҳукумати эса гарчи Исроил етакчиси АҚШ президенти Барак Обаманинг чақириғини рад этган бўлса-да, ҳар икки томонни музокараларни охирига етказишга ундашда давом этишини таъкидлади.

Воқеаларнинг бу таҳлит ривожини эса Хамас ҳаракати кескин қоралади ва бунинг ортидан кўрфазда яна янги зўравонликлар ҳаракати бошланиб кетишига, гўёки, бир ишорат тарзида Исроилни танқид қилиб баёнот берди.

Хамас ҳаракати сўзчиси Абу Зуҳрий Рейтер агентлигига берган интервюсида Исроилнинг музокаралардан асл мақсади Ғарбий соҳилдаги қурилишларни легитимлаштириб олиш эди, деди.

- Хамас ҳаракати яҳудий уй-жойлари қурлишининг давом эттирилиши ва кўчманчилар тантана маросимлари тинчлик музокараларидан асл мақсад яҳудий пунктларининг қурилишини легитимлаштириш экани тасдиғи, деб ҳисоблади. Ҳаракат бу жараёнга қарши туриш ва кўчманчиларнинг ғарбий соҳилдаги жиноятларини тўхтатишни давом эттириш зарур эканини тасдиқлайди, деди Хамас сўзчиси.

Айни пайтда у кўрфазда бундан буён вазиятнинг кескинлашишига Фатҳ ҳаракати масъул эканини ҳам таъкидлади.

- Биз бу музокараларни юритаётган ва уларни қабул қилган Фатҳ ҳаракати муҳим синов остида қолди, деб ҳисоблаймиз ва у бу музокараларни рад этиши лозим. Акс ҳолда, Фатҳ бундан буён бу вазиятнинг фаластинликлар, араблар ва ислом миллати бошига келиши мумкин бўлган барча оқибатлари учун масъулдир, деди Хамас сўзчиси.

Айни пайтда Иордан ғарбий соҳилида янги яҳудий уй-жойлари учун ғишт қалашга шай турган кўчманчилар илк муаммоларга дуч келмоқда. Эфрат аҳоли пункти ҳокими Обед Ревиви банклар ва қурилиш компаниялари бу кетишда қурилишлар яна тўхтаб қолиши мумкинлигидан хавотир қилиб, сармоя киритишга чўчиётганини айтди.
XS
SM
MD
LG