Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:30

Дунё Исроил қароридан ташвишда


Мораторий муддатининг узайтирилмагани Исроил-Фаластин тинчлик музокаралари истиқболларини савол остига қўйди.
Мораторий муддатининг узайтирилмагани Исроил-Фаластин тинчлик музокаралари истиқболларини савол остига қўйди.

Дунё лидерлари Исроил ҳукумати босиб олинган Фаластин ерларига яҳудийлар учун янги уйлар қуриш учун жорий қилган мораторий муддатини узайтирмаганидан таассуф ва афсусланиш билдирди. 10 ой давом этган мораторий муддати тугаганидан сўнг, 27 сентябр куни Ғарбий Соҳилнинг бир нечта жойида қурилиш ишлари бошланди.


БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Исроилнинг ҳаракатини “провокацион” дея атаб, хавотир билдирди.

Бу борада якдиллик билан ташвиш билдирган Европа лидерлари Исроилнинг қарори 20 ой тўхтаб қолганидан сўнг, шу ой бошида қайта бошланган тинчлик музокараларини муваффақиятсизликка етаклаши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғли Исроил тинчликка эришишни хоҳлаётганини ифодаловчи ишорани кўрсатмаётганини айтди.

Исроилнинг қароридан афсусланиш билдирган АҚШ Давлат департаменти вакили Филип Кроули эса, АҚШ тинчлик йўлидаги саъй- ҳаракатларни давом эттиришини айтди.

- Бизнинг хафсаламиз пир бўлди. Аммо биз узоқ муддатни кўзлаган мақсадимиз сари интиламиз. Биз томонлар билан Исроил қабул қилган қарорнинг оқибатлари тўғрисида гаплашамиз, - деди Филип Кроули.

Парижда Фаластин Президенти Маҳмуд Аббосни қабул қилган Франция президенти Николя Саркози ҳам Исроил янги уйлар қуриш учун жорий қилинган 10 ойлик мораторий муддатини узайтирмаганидан таассуфда эканини баён қилди.

- Исроил мораторий муддатини узайтириш ҳақидаги якдил чақириғимизни эшитмаганидан биз афсусланамиз. Бу мен учун ачинарли ҳол,- деди Франция раҳбари.

Ўз навбатида Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос 29 сентябр куни Рамаллоҳда фаластинлик музокарачилари ва 4 октябрда Қоҳирада Араб Лигаси билан маслаҳатлашганидан сўнг Исроил билан музокараларни давом эттириш ёҳуд тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилишини айтди.

Айни пайтда АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Филип Кроули Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос “оғир-босиқлик” кўрсатганини олқишлади.

- Биз икки томонни бундан кейинги ҳатти-ҳаракатларида конструктив бўлишга чақирдик. Албатта, ҳозирги вазиятда босиқлик мақсадга мувофиқ бўлади,- деди Филип Кроулей.

Айни пайтда АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Жорж Митчел тинчлик музокараларини сақлаб қолиш учун минтақага жўнаб кетмоқда.

27 сентябр куни АҚШ Сенатининг 87 аъзоси президент Барак Обамага мактуб йўллаб, ундан Исроил ва Фалатин раҳбарларини шу ой бошида бошланган тинчлик музокараларини тарк этмасликка чақиришни сўрадилар.

Эслатиш жоизки, Исроил 1967 йилда Фаластиндан босиб олган ҳудудларда 100дан ортиқ аҳоли пункти барпо этган ва унда қарийиб ярим миллион яҳудий яшамоқда.
XS
SM
MD
LG