Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:33

ЕИ расмийси: Афғонистон сайлов тизими демократияга тўсиқ


Вигодас Юсаккас Кобул расмийларини сайлов тизимини ислоҳ қилишга чақирди.
Вигодас Юсаккас Кобул расмийларини сайлов тизимини ислоҳ қилишга чақирди.

Европа Иттифоқининг Афғонистон бўйича махсус вакили Вигодас Юсаккас Афғонистоннинг сайлов тизимини кескин танқид қилиб, Кобул расмийларини бу йўналишда кенг миқёсли ислоҳотлар ўтказишга чақирди.

Европа парламентида нутқ сўзлашидан олдин Брюсселда бир гуруҳ журналистлар билан учрашган Вигодас Юсаккас (Vygaudas Usackas) Афғонистондаги сайлов тизимида жиддий ислоҳотлар ўтказилиши лозимлигини таъкидлади.

Европа Иттифоқи мулозими Афғонистоннинг амалдаги сайлов қонунлари мамлакатда кўп партиявий сайлов тизими ривожланишига тўсқинлик қилишини айтди.

- Амалдаги “бир марталик овоз бериш” тизими сиёсий партияларнинг ривожланишига ҳалақит беради. У фақат якка шахслар учун овоз беришни таъминлайди холос, - деди Европа Иттифоқи расмийси.

Вигодас Юсаккас Афғонистондаги сиёсий партияларга кенг имкониятлар яратиш учун сайлов тизимида ислоҳотлари ўтказилишини Европа Иттифоқи қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.

Европа Иттифоқи вакили сайлов тизимидаги муаммолар Афғонистон дуч келаётган жуда кўп муаммоларнинг бири эканини таъкидлади.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай июл ойида Кобулда ўтказилган анжумандан кейин 90 кун ичида сайлов тизимида ислоҳотлар ўтказишни ваъда қилган. Европа Иттифоқи расмийси ислоҳотлар Карзайнинг ана шу ваъдасига мувофиқ амалга оширилса, мақсадга мувофиқ бўлади деган фикр билдирди.

Айни пайтда Европа Иттифоқи расмийси сайловда қанча фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга эканини аниқлаш учун Афғонистонда қисқа фурсатда аҳолини рўйхатга олиш кераклигини айтди.

- Биз Афғонистонда қанча одам яшаётганини билмаймиз. Ҳозир мамлакатда 20 миллион одам яшаяптими ёки 40 миллион? Қанча одам сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга? Сайловчилар қайд этилган аниқ рўйхат йўқ, - дейди Европа Иттифоқи расмийси.

Вигодас Юсаккас 18 сентябр куни парламент қуйи палатаси аъзолиги учун ўтказилган сайловлар Афғонистон халқининг “ўз демократик ҳуқуқларидан фойдаланиш йўлидаги жасорати ва истагини намойиш қилганини” урғулади.

Европа Иттифоқи расмийси Афғонистонда ўтказилган парламент сайловлари жараёнида соҳтакорликка йўл қўйилганини, аммо “унинг кўламида ҳақида гапириш қийин экани”ни таъкидлади.

Вигодас Юсаккас Афғонистондаги сайловлар учун масъул бўлган Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси ва шикоятларни ўрганадиган Сайлов шикоятлари комиссиясига бўлган ишонч охирги сайлови жараёнида йўл қўйилган соҳтакорлик ҳақидаги шикоятлар қанчалар ҳолис ўрганилишига боғлиқ деган фикр билдирди.
XS
SM
MD
LG