Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:09

Исломобод НАТО таъминот йўлини ёпди


Халқаро кучлар вертолётлари ҳужуми оқибатида яна покистонлик ҳарбийлар ўлди.
Халқаро кучлар вертолётлари ҳужуми оқибатида яна покистонлик ҳарбийлар ўлди.

Покистон ҳукумати Афғонистонда уруш олиб бораётган НАТО кучларининг асосий таъминот йўлини ёпиб қўйди. Таъминот йўли ёпилишига халқаро кучлар ветролётларининг ҳаводан уюштирган ҳужуми оқибатида покистонлик уч аскар нобуд бўлгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Халқаро коалиция кучлари эълон қилган баёнотда билдирилишича, 30 сентябр куни Куррам минтақасида НАТОнинг икки вертолёти коалиция кучлари базасига Афғонистондаги позициядан ўт очган жанггариларни нишонга олган.

Покистон ҳудудидаги позициялардан ўзига қарата ўқ узилганидан кейин вертолётлар Покистон ҳудудига учиб ўтган ва жавоб ўтини очган. Баёнотда учувчилар “ўзини мудофаа қилгани” ва “бир неча қуролли шахсни йўқ қилгани” билдирилган.

Воқеадан бир неча соат ўтиб Пешавор шаҳри яқинидаги қабилалар яшайдиган Хайбар минтақасининг Тўрҳам чегара текширув пунктида Афғонистондаги халқаро коалиция кучларига мўлжалланган юклар ва ёнилғи олиб кетаётган машиналарнинг чегарадан ўтиши тўхтатилган.

Озодлик радиоси қошидаги Машъал радиоси бу маълумотни тасдиқлади.

АҚШ Давлат департаментининг матбуот вакили Филип Кроулей 30 сентябр куни содир бўлган воқеанинг аҳамиятини кичрайтириб кўрсатишга уринди.

- Халқаро коалиция кучлари бугун эрталаб содир бўлган воқеани ўрганиш учун Покистон ҳукумати билан бирга иш олиб боряпти. Биз Афғонистондаги кучларимизга кўп йўллар орқали таъминот етказиб беряпмиз. Биз битта дарвоза ёпилганидан хабардормиз ва бу масалани Покистон ҳукумати билан муҳокама қиляпмиз, - деди АҚШ Давлат департаменти расмийси.

Исломобод расмийларининг сабр-косаси тўлганини акс эттирган баёнотда Покистон ҳарбийлари “бу бир ҳафта ичида содир бўлган учинчи воқеа экани” билдирилган.

Пентагон матбуот вакили полковник Дэвид Лэпэнга кўра, Покистон эълон қилган баёнотда покистонлик аскарлар “қуролдан ўт очиб вертолётларни огоҳлантиргани” билдирилган.

Лэпен: "Агар сиз уруш бораётган минтақада вертолётларга қарата ўт очсангиз, одатда улар буни душман деб қабул қилади ва жавоб ўти очади", деди.

Пентагон матбуот вакили Тўрхам чегара пунктининг ёпиб қўйилгани Афғонистондаги халқаро коалиция кучлари таъминотига “дарҳол таъсир этмаслиги”ни аммо мазкур чегара пункти очилмаса, таъминотга таъсир этиши мумкинлигини айтди.

Эслатиш жоизки, Афғонистондаги НАТО етакчилигидаги халқаро кучларига зарур бўлган ноҳарбий юкларнинг асосий қисми Покистон ҳудуди орқали етказилади.
XS
SM
MD
LG