Линклар

Шошилинч хабар
26 октябр 2021, Тошкент вақти: 04:23

Халқаро хабарлар

Нобел мукофоти британиялик олимга бериладиган бўлди

Нобел мукофотлари қўмитаси Тиббиёт бўйича бу йилги мукофотни экстракорпорал уруғлантириш соҳасидаги тадқиқотлари учун британиялик физиолог, 85 га кирган Роберт Эдвардсга беришга қарор қилди.

1978 йилдан буён сунъий уруғлантириш йўли билан туғдирилган болалар сони 4 миллион нафарга етди.

Рим католик черкови Нобел қўмитаси қарорини танқид қилди. Рим Папаси академияси президенти кардинал Игнасио Карраско де Паула Эдвардснинг тадқиқотлари жонзотлар урчиши жараёнини ўрганишда муҳим босқич бўлганини тан олар экан, лекин барибир бепуштлик муаммоси ҳал бўлмаганини айтиб ўтди.

Кун янгиликлари

Пикассонинг 11 та сурати Лас-Вегас аукционида деярли 109 миллион долларга сотилди

Пабло Пикассо. 1971 йилнинг 13 октябрида олинган фотосурат.

Пабло Пикассонинг 140 йиллиги муносабати билан АҚШнинг Лас -Вегас шаҳрида уюштирилган кимошди савдосида машҳур рассом мўйқаламига мансуб 11 асар 108 миллион 900 минг долларга сотилди.

23 октябрда ўтган кимошдида энг қиммат сотилган сурат Femme au Beret Rouge-Orange (Алвон-норанж бош киймли аёл) бўлди. Мазкур асарнинг бошланғич нархи 20 миллион долларга баҳоланган эди. Аукционда у 40,5 миллион долларга сотилди.

1938 йилда ёзилган бу картинада таниқли рассом Мари Тереза Вальтер тасвирланган. Пикассо 17 ёшли Мари билан ишқий муносабатда бўлган.

Бундан аввал картина 1980 йилда ўтган аукционда 900 минг долларга сотилган эди. Уни бир нечта казино хўжайини бўлган Стив Винн харид қилган ва 1998 йилда картина MGM Resorts ширкатининг мулкига айланганди.

1959 йилда ёзилган икки метрли Homme Et Enfant картинаси эса 24 миллион 400 минг долларга сотилди. Мазкур картина Пикассо ижодидаги муҳим асарлардан бири ҳисобланади.

1881 йилнинг 25 октябрида Испаниянинг Малага шаҳрида туғилиб, 1973 йилнинг 8 апрелида Франциянинг Муженида 91 ёшида вафот этган Пабло Пикассо ХХ асрнинг энг машҳур рассомларидан биридир.

Татаристон депутатлари Москва ишлаб чиққан қонун лойиҳасига қарши овоз берди

Татаристон президенти Рустам Минниханов.

Татаристон парламенти Россия Давлат думаси томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасига қарши овоз берди. Мазкур қонунда Татаристонда президент лавозимини бекор қилиш назарда тутилган.

Ўтган ойнинг охирида Давлат думаси томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида Россия таркибига кирувчи ҳудудларда президент ва маҳаллий ҳокимият раҳбарларининг мақомини ўзгартириш ҳамда уларни “бошлиқ” деб аташ белгиланган.

2010 йилда қабул қилинган ҳудди шунга ўхшаш қонунга асосан Россия таркибига кирувчи миллий республикаларда президент лавозимлари бекор қилинган эди. Фақат Татаристондагина президент лавозими сақлаб қолинган.

Татаристон Давлат кенгаши аъзоси Альберт Хабибуллин 25 октябрда мазкур қонунга қарши парламентнинг 82 депутати овоз берганини билдирди. Депутатларга кўра, мазкур қонун лойиҳаси Россия Конституциясига зид келади.

Кобулда очликдан ўлган 8 нафар боланинг жасади топилди

Кобул манзараси.

Афғонистондаги этник ҳазарлар лидери ва парламентнинг собиқ депутати Муҳаммад Мўҳақиқ ўзининг Facebook саҳифасида Кобул ғарбидаги 13-округда 8 нафар чин етим бола очликдан ўлгани тўғрисида маълум қилди.

Унга кўра, очликдан ўлган болаларнинг жасадлари бундан уч ҳафта олдин топилган. Улар ўша ҳудуддаги қабристонга маҳаллий аҳоли томонидан дафн этилган.

Маҳаллий имом Муҳаммад Али Бамиани очликдан ўлган болалар ҳақида батафсил гапириб берди. Имомнинг айтишича, ўлган болаларнинг энг каттаси 8 ёшда, энг кичиги эса 1,5 ёшда бўлган.

“Улар чин етим бўлганлар. Уларнинг ота-онаси ўлиб кетган, яқин қариндошлари ҳам йўқ эди”,- деди етимларнинг жасадини топган имом.

Толибон ҳукумати ҳозирча мазкур хабар юзасидан муносабат билдирмади. Аввалроқ БМТ халқаро ҳамжамиятни Афғонистон жиддий гуманитар инқирозга юз тутаётгани ва оч қолаётган аҳоли сони кўпайиб бораётганидан огоҳлантирган эди.

Таниқли ўзбек журналисти Алишер Соиповнинг отиб кетилганига 14 йил бўлди

Қирғизистонлик таниқли ўзбек журналисти Алишер Соипов Ўш шаҳрининг марказий кўчаларидан бирида номаълум шахс томонидан намойишкорона отиб ўлдирилганига 14 йил тўлди.

26 ёшли Алишер Соиповга 2007 йилнинг 24 октябрида Ўш шаҳрининг Масалиев кўчасида ўқ отилган эди. Орадан 14 йил ўтган бўлса-да, жиноятчилар ҳамон топилган эмас. Гувоҳлар Алишер Соиповга ўқ отган шахсни мобил телефонга суратга олишга улгуришган. Расмийлар Алишерга ўқ узган шахс Қирғизистон фуқароси бўлмаганини айтиб келади.

Тергов ҳужжатларида Алишер Сойипов журналистик фаолияти ортидан отиб ўлдирилгани тўғрисидаги таҳминлар қайд этилган.

2009 йилда собиқ ички ишлар вазири Мўлдўмуса Қўғантиев журналистга ўқ отган шахснинг кимлиги аниқлангани ва у террор гуруҳи аъзоси эканини билдирган. Бироқ 2010 йилда Алишернинг ўлимида айбланиб 20 йилга қамалган фуқаро айбсиз экани аниқланиб, озод этилган.

2019 йилда Алишер Соиповнинг қотилини излаб топиш бўйича жиноят иши қайта қўзғатилди. Бироқ шу кунгача ҳеч қандай натижаларга эришилмади.

Алишер Соипов Америка Овози, Озодлик, ВВС, Maшҳад радиолари, “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги билан ҳамкорлик қилиб, Фарғона водийсидаги сиёсий, диний, хавфсизлик, инсон ҳуқуқлари мавзусидаги воқеаларни ёритиб келган.

Таҳлилчилар Алишернинг ўлимини унинг касбий фаолияти билан боғлашади. Буюртма қотиллик изи қўшни Ўзбекистонга бориб тақалиши мумкинлигини Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам рад этган эмас.

Суданда яна давлат тўнтариши юз берди, бир неча вазир ҳибсга олинди

Суданда жорий йил октябрида бўлиб ўтган норозилик чиқишларидан лавҳа

Судан ахборот вазирлиги бир неча вазир ҳамда иқтидордаги Суверен кенгаш аъзолари ҳибсга олинганини тасдиқлади. Уларнинг қаердалиги номаълум. Reuters агентлиги Суданда юз бераётган воқеаларни “давлат тўнтаришига уриниш” деб атаган.

Судандаги ҳарбийлар ҳокимиятига мухолиф бўлмиш “Касаба уюшмалари иттифоқи” мамлакат аҳолисини кўчаларга чиқишга ва “ҳарбий тўнтариш”га қаршилик кўрсатишга чақирган.

Турли ОАВ хабарларига кўра, Судан бош вазири Абдулла Ҳамдок, шунингдек тўрт вазир ҳамда Суверен кенгашнинг фуқаровий вакили Муҳаммад Фекилар ҳибсга олинган, бош вазир уй қамоғида сақланмоқда.

Судан пойтахти Хартумнинг айрим туманларида интернет ўчирилган.

Суданда бундан олдинги ҳарбий тўнтариш 2019 йил апрель ойида юз берган: ўшанда ҳарбийлар мамлакатда ҳокимият улар тузган Кенгаш қўлига ўтганини, президент ал-Башир қамоққа олинганини маълум қилишган.

Шундан сўнг мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиниб, Конституциянинг амал қилиши тўхтатилган, ҳаво ҳудуди ва аэропортлар, чегаралар ёпилган. Ҳарбийлар икки йиллик ўтиш даврида Суданни улар тузган Кенгаш идора қилишини, сўнгра сайлов ўтказилишини эълон қилишган.

Суданликлар дастлаб давлат тўнтаришини ижобий қабул қилишган эди. Бироқ, икки ярим йилдан ортиқ вақт ўтганига қарамай, ҳарбийлар ҳокимиятни фуқаровий ҳукуматга қайтаришга шошилмаяпти. Судан ўтиш даври Суверен кенгашининг ваколатлари тугаганидан сўнг ҳокимият ҳарбийлардан фуқаровий сиёсатчиларга берилишини талаб қилиб, қатор шаҳарларда норозилик намойишлари ўтказилган.

Судан 1956 йилда мустақиллик эълон қилган бўлса, ўшандан бери мамлакатда олти марта ҳокимият ҳарбий тўнтариш натижасида алмашган. Шундан фақат икки мартасида ҳокимият тинч йўл билан топширилган. Ҳар бир тўнтариш чуқур иқтисодий таназзул ва сиёсий гуруҳларнинг ўзаро ихтилофлари манзарасида рўй берган.

АҚШ Давлат департаменти россияликларни “уйсиз миллатлар” тоифасига киритди

АҚШ Давлат департаменти иммиграция визаси олишга ариза берувчи россияликларни “уйсиз миллатлар” (homeless nations) сирасига қўшди. Ушбу тоифага Қўшма Штатлар билан консуллик алоқаларига эга бўлмаган, сиёсий вазият унчалик барқарор бўлмаган ёки IV тоифали виза бериш учун етарли консуллик таркиби бўлмаган мамлакатлар киради.

Мазкур рўйхатда Куба, Эритрея, Венесуэла, Эрон, Ливия, Сомали, Жанубий Судан, Сурия ва Ямандан иммиграция қилувчилар ҳам бор.

АҚШ россияликларни “уйсиз миллатлар” рўйхатига тиркаш билан бирга, Россиядан иммиграцияга кетишни хоҳловчиларга ҳужжатларни Польшадаги консуллик бўлими орқали беришни тавсия этган.

Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова ўз телеграм-каналида АҚШ Давлат департаменти қарорини “Американинг ўз озодлик идеалларини яксон қилиши” деб атаган.

2021 йил баҳорида Россия АҚШ ва Чехияни Россияга нисбатан “дўстона бўлмаган хатти-ҳаракатлар”ни амалга оширувчи мамлакатлар рўйхатига киритиб, уларга ўз дипломатик миссияларида ишлаш учун россияликларни ёллашни таъқиқлаган эди. Бунинг ортидан АҚШнинг Россиядаги консулхонаси ходимлари сони қарийб 200 кишига қисқарган.

Американинг Россиядаги элчиси Жон Салливан ходимлар сони кескин камайгани туфайли АҚШ Россияда консуллик хизматлари кўрсатишни батамом тўхтатиши мумкинлигини айтган.

Россия ўз фуқаролари ва учинчи мамлакатлар фуқароларини консуллик хизматларига ёллашни тақиқлашидан олдин ўн нафар америкалик дипломатни бадарға қилган ва саккиз нафар олий мартабали мулозимга РФга келишни ман этган. Бу АҚШнинг киберҳужумлар учун Россияга нисбатан санкцияларни кенгайтиришига қарши жавоб чораси сифатида қўлланган.

Элчи: АҚШдан Ўзбекистонга яна қарийб 274 минг доза Pfizer вакцинаси олиб келиниши кутиляпти

Қўшма Штатлардан Ўзбекистонга 25 октябрь куни Pfizer вакцинасидан яна 273 минг 780 доза етказиб берилади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов Твиттердаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Мазкур вакцина партияси Кентуккидан йўлга чиқажагини билдирган ўзбек дипломати июль ойидан бери АҚШ Ўзбекистонга беғараз ёрдам ўлароқ 5 миллион доза вакцина йўллаганини қайд этган.

Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги бугунги кунда Ўзбекистонда вакцина захираси қарийб 35 миллион дозага етгани, бунинг 25 миллион дозадан кўпроғи эмлаш жараёнида қўллаб бўлингани ҳақида маълумот тарқатган.

Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш жараёни жорий йилнинг апрель ойидан бошланган. Эмлаш жараёнида олти хил препарат қўлланилмоқда. Булар ZF-UZ-VAC2001 (Хитой), AstraZeneca (Британия), Спутник V (Россия), Moderna (АҚШ), Pfizer/BioNTech (АҚШ/Германия) ҳамда Sinovac (Хитой) вакциналаридир.

Германияда қарийб 70 та касб бўйича мутахассис етишмаяпти

Германиянинг Меҳнат бўйича федерал агентлиги мамлакатда тақрибан 70 та касб бўйича мутахассис етишмаётганидан огоҳлантирди. Агентлик раҳбарига кўра, бугунги кунда Германияда миллиондан зиёд ишчига эҳтиёж бор. Бу ҳақда “Немис тўлқини” хабар қилди.

“Умумий ҳисобда ҳозирги пайтда 1,2 миллион нафар ишчига талаб бор, уларнинг учдан иккисини мутахассислар ташкил этади”, деган Германиянинг Меҳнат бўйича федерал агентлиги раҳбари Детлеф Шеле Welt am Sonntag нашрига берган интервьюсида.

Германия Иқтисодиёт институти маълумотига кўра, бугунги кунда мамлакатда энг кўп ижтимоий педагоглар, қариялар ва касалларга қарайдиган ходимлар (18 000 та вакансия) етишмаяпти. Шунингдек, мамлакатда қурувчи муҳандислар (15 500 та вакансия), сантехника ва иситиш қурилмалари бўйича мутахассислар (13 200 та вакансия), юк машина ҳайдовчилари ( 6700 та вакансия) ва бошқа касб эгаларига катта эҳтиёж сезилмоқда.

Песков Россия Украинанинг НАТО билан яқинлашувига халақит бера олмаслигини айтди

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Москва Украинанинг НАТО билан муҳтамал яқинлашуви оқибатларини минимум даражага пасайтириш учун қўлидан келган барча ишни қилишини маълум қилди.

“Биз бунга халақит беролмаймиз. Бу имконсиз ҳам… Бироқ биз бу каби қадамлар оқибатини ўз мамлакатимиз учун минимум даражага туширишимиз мумкин”, деган Песков.

Мулозим фикрича, НАТОнинг агрессив мавқеи Кремль учун ҳеч қачон сир бўлган эмас. Песков ҳеч қанақа тинчликпарварлик баёнотлари, НАТОнинг бу агрессив йўналишини яширишга бўлган ҳеч қандай ҳаракат мазкур блокнинг ҳақиқий мақсадини яшира олмайди. Песковнинг “Россия-1” телеканалига берган интервьюсидаги баёнотига кўра, НАТО Россияни душман, деб ҳисоблайди ва бу каби агрессивлик кучайиши манзарасида Россиянинг мазкур ташкилот билан алоқаларни узса, ҳеч нарса бўлмайди.

Бир ҳафта муқаддам Песков Франция телевидениесига берган интервьюсида Украинанинг НАТОга киришини “қизиқ чизиқ”дан ташқарига чиққан “энг ёмон сценарий” эканини билдирган. Унга кўра, бу сценарий “Россияни ўз хавфсизлигини таъминлаш учун актив чоралар кўришга мажбур қилиши мумкин”. Бу чоралар нималардан иборат бўлишига Путиннинг матбуот котиби аниқлик киритмаган.

АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин яқинда Киевга қилган сафари чоғида ҳеч бир “учинчи мамлакат” бунга вето қўйиш ҳуқуқига эга эмаслигини айтган. НАТО расман ўз эшиклари Украина учун очиқлигини урғулайди, бироқ Киев Альянсга кириш учун зарур ҳаракатлар режасини ҳали олганича йўқ.

Аввалроқ Россия ТИВ жорий йил 1 ноябридан ўзининг НАТО қароргоҳи қошидаги доимий ваколатхонаси ҳамда НАТОнинг Москвадаги ахборот шуъбаси фаолиятини вақтинча тўхтатишини эълон қилган. Бу орада НАТОга аъзо мамлакатларнинг мудофаа вазирлари 21 октябрь куни Брюсселда Россия томонидан бир неча жабҳа бўйлаб ҳар қанақа муҳтамал ҳужумдан ҳимояланиш бўйича янги бош режани мувофиқлаштириб олганлар.

Венгрияда коммунистларга қарши исённинг 65 йиллиги нишонланмоқда

Budapest Corvin köz 1956

АҚШ Давлат департаменти Венгрияда коммунистларга қарши халқ исёнининг 65 йиллиги муносабати билан баёнот эълон қилди. Баёнотда таъкидланишича, Венгрия расмий статистикаси 1956 йилнинг 23 октябридан 31 декабригача давом этган исён пайтида 2652 нафар қўзғолончи, 348 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлгани ва 19 226 киши яраланганини қайд этган.

Давлат департаменти баёнотида: “Биз Будапешт ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ўз озодлиги учун курашган эркак ва аёлларни хотирлаймиз. Уларнинг озодликка интилишлари 1989 йилда Венгриянинг демократик мамлакатга айланиши учун пойдевор бўлди”,-деб таъкидланади.

Давлат департаменти АҚШ бу санани “ҳамкори ва НАТОдаги иттифоқчиси Венгрия билан биргаликда нишонлаётгани”ни маълум қилган.

Мазкур исён Совет Иттифоқи армияси томонидан бостирилган эди. Исённи бостиришда иштирок этган Совет армияси аскарларидан 669 нафари ҳалок бўлган, 51 нафари бедарак кетган, 1251 нафари яраланган.

Афғонистондан қочган учувчилар Толибон уларнинг қариндошларига таҳдид қилаётганини айтмоқда

Иллюстратив сурат.

Толибон 15 августда Кобулни эгаллаб, ҳокимиятни босиб олганидан сўнг Афғонистондан Тожикистонга қочган ҳарбий учувчилар жангарилар уларнинг қариндошларига таҳдид қилаётганини айтмоқдалар. Учувчиларга кўра, Толибон уларни Афғонистонга қайтишини талаб қилмоқда, акс ҳолда қариндошларини ўлдириш билан таҳдид қилаётир.

Учувчиларнинг айтишларича, улар АҚШда ўқиганлар ва Вашингтон уларни олиб чиқиб кетиш учун барча ҳужжатларни расмийлаштирган. Аммо Душанбе яқинидаги санаторийлардан бирида вақтинча сақланаётган икки афғон учувчи Толибон таҳдидлари тўғрисида Озодлик радиоси тожик хизматига гапириб берди.

Учувчилардан бирининг маълум қилишича, Афғонистонда унинг ўғли жангарилар томонидан калтакланган ва отаси мамлакатга қайтмаса, уни ўлдиришларини билдирганлар.

Иккинчи учувчи ҳам Толибон унинг оиласини қидириб топгани ҳамда учувчи Афғонистонга қайтмаса уларни жазолашга таҳдид қилинганини айтди.

Учувчиларга кўра, Толибон Тожикистондан вақтинча бошпана топган 143 нафар учувчи ва уларнинг оила аъзолари тўғрисида тўлиқ маълумотга эга.

Толибон расмий вакили Забиуллоҳ Мужоҳид жангарилар учувчилар оиласига таҳдид қилгани тўғрисидаги маълумотларни инкор қилди.

Қирғизистон президенти АҚШ ҳарбий базаси ташкил этилишига йўл қўйилмаслигини билдирди

Президент Садир Жапаров 23 октябрда Бишкекда матбуот анжумани ўтказди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 23 октябрь куни Бишкекда бўлиб ўтган анъанавий йиллик матбуот анжуманида мамлакатда АҚШ ҳарбий базаси ташкил этилишига йўл қўйилмаслигини билдирди.

Жапаровнинг айтишича, АҚШ базаси ташкил этиладиган бўлса Қирғизстон Вашингтон ва Москва орасида “мушук-сичқон ўйинини ўйнаб қолади”.

Президент ўз сўзида Қирғизистоннинг Қант шаҳрида Россия ҳарбий ҳаво базаси мавжудлигини эслатиб ўтди.

“Бизга битта хориж авиабазасининг ўзи етарли. Биз иккита базани ўз ҳудудимизга жойлаштириб, катта давлатлар билан “мушук-сичқон” ўйнашни хоҳламаймиз”,- деди Жапаров.

Вашингтон 2001 йилнинг декабрида Бишкек яқинига ўз ҳарбий ҳаво базасини жойлаштирган эди. Қирғизистон парламенти 2014 йилда АҚШ ҳарбий базасини мамлакатдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилди. Шундан сўнг АҚШ ҳарбийлари Қирғизистон ҳудудини тарк этган.

Эрдўғон турк фаолини ҳимоя қилиб чиққан элчиларни мамлакатдан бадарға қилишга буйруқ берди

Туркия президенти Ражаб Тайиб Эрдўғон мамлакат ташқи ишлар вазирлигига АҚШ, Канада, Франция, Финландия, Дания, Германия, Нидерландия, Янги Зеландия, Норвегия ва Швеция элчиларини персона нон грата деб эълон қилиш топшириғини берган.

“Мен вазиримизга бу 10 нафар элчи персона нон грата деб эълон қилиниши учун зудлик билан чора кўришни буюрдим”, деган Эрдўған.

Бунга дипломатларнинг ҳуқуқ ҳимоячиси Усмон Кавалани озод қилиш тўғрисидаги чақириқлари сабаб бўлгани айтилмоқда.

Элчилар бу чақириқлари ортидан Туркия ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилганди.

Туркиялик тадбиркор, ҳуқуқ ҳимоячиси ва меценат Усмон Кавала 2017 йилда ҳибсга олинган.

У 2013 йилда Гези паркидаги дарахтларни кесишда айбланган. У бу иш бўйича оқланган, аммо кейинроқ 2016 йилдаги давлат тўнтаришига уринишда иштирок этганликда айбланганди.

Россияда иккинчи кун COVID-19 юқтириш бўйича рекорд янгиланди

Россияда 23 октябрь эрталабки ҳолатга кўра, 37 678 та янги COVD-19 инфекцияси аниқланган.

Бу пандемия бошланганидан буён мамлакатда қайд этилган энг юқори кундалик ҳолатдир.

Бир кунда коронавирус билан касалланган 1075 киши вафот этди, бу ҳам пандемия бошланганидан буён рекорддир.

Мамлакатда касалланганларнинг умумий сони 8 205 983 тага этди ва тезкор штаб маълумотларига кўра, 229 528 киши вафот этди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Москва ва Москва вилоятида COVID-19 билан боғлиқ вазият ёмонлашгани сабабли 28 октябрдан 7 ноябргача карантин эълон қилинган эди.

Шу кунларда озиқ-овқат дўконларидан ташқари барча савдо марказлари, фитнес клублари, гўзаллик салонлари, кинотеатрлар ва бошқа савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ёпилган.

Тожикистонда КХШТ иштирокидаги ҳарбий машғулотларнинг навбатдагиси якунланди

48845191

Россия бошчилигидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатлар иштирокида Тожикистонда Афғонистон чегараси яқинида терроризмга қарши навбатдаги қўшма машғулотлар якунланди.

23 октябр куни ўтказилган машғулотда жангариларни Афғонистондан Тожикистонга транспорт воситалари устунлари олиб ўтадиган сценарий тақдим этилди.

Машғулотлар доирасида Тожикистон Ҳарбий-ҳаво кучларининг Совет давридаги иккита "Аэро Л-39 Альбатрос" учоғи Афғонистон билан чегарадан тахминан 20 километр узоқликдаги Харб-Майдон полигонида ҳаво разведкаси ўтказди.

Улар жангарилар машиналарининг иккита сохта устунларини пайқашди ва координаталарини Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси чегарачилар отрядига етказишди.

Машғулотда, шунингдек, гранаталар ва автоматлардан фойдаланган ҳолда КХШТ махсус кучлари ҳам жалб қилинган.

Бу август ойида Толибон Афғонистон бўйлаб ҳокимиятни эгаллаб олганидан сўнг Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараси яқинида ўтказилган КХШТ иштирокидаги учинчи ҳарбий машғулотдир.

КХШТ матбуот котиби Владимир Зайнетдиновнинг айтишича, ноябр ойида Тожикистон-Афғонистон чегараси яқинида КХШТнинг тўртинчи машғулоти режалаштирилган.

Ҳаммаси бўлиб, КХШТ машғулотларида 4000 аскар ва 500 дан ортиқ ҳарбий техника иштирок этади.

Машғулотлар Тожикистон-Афғонистон чегараси яқинидаги Харб-Майдон ва Момирак полигонларида ўтказилмоқда. Уларга Россия Марказий ҳарбий округи қўмондони генерал -полковник Александр Лапин раҳбарлик қилмоқда.

Толибон Афғонистоннинг қўшни ҳудудлари ва Россияни, Афғонистоннинг кўп қисмини, жумладан, пойтахт Кобулни, шунингдек, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон чегараларини кесиб ўтиш устидан назоратни қўлга киритгандан сўнг, уларга ҳеч қандай хавф туғдирмаслигига ишонтиришга ҳаракат қилиб келмоқда.

Адвокатлар: Тельман Исмоилов озод этилган, у Черногорияда бошпана ҳам олган

Озарбайжонлик ва россиялик тадбиркор, Москвадаги "Черкизов" бозорининг собиқ эгаси Тельман Исмоилов Черногориядан сиёсий бошпана олган.

Бу ҳақда жума куни унинг адвокати журналистларга маълум қилди.

Адвокат Милос Вуксановичнинг сўзларига кўра, бошпана берилиши муносабати билан Исмоилов қамоқдан озод қилинган ва уни Россияга экстрадиция қилиш масаласини кўриб чиқиш тўхтатилган.

Исмоиловга нима асосида бошпана берилгани номаълум. Черногория расмийлари ҳозирча адвокатнинг сўзларига изоҳ беришмаган.

Исмоиловнинг россиялик адвокати Марина Русакова ҳам Исмоилов Черногориядан бошпана олгани ва шунинг учун қамоқдан чиққанини Озодликка тасдиқлади.

Исмоилов 1 октябр куни Россиянинг илтимосига биноан Черногория пойтахти Подгорица шаҳрида ҳибсга олинган эди.

У Россияда икки ёки ундан ортиқ одамни ўлдиришни уюштирганликда айбланмоқда.

Ҳолливуд актёри Алек Болдуин фильм олиш пайти тасодифан тасвирчини отиб қўйди

Ҳолливуд актёри Алек Болдуин АҚШнинг Ню Мексико штатида фильмни суратга олиш пайтида тасвирчи ва режиссёрни тасодифан отиб қўйган.

Оқибатда украиналик оператор Галина Хатчинс ҳалок бўлган, режиссёр Жоел Соуса яраланган.

Бу ҳақда The Hollywood Reporter хабар берди.

Филмни суратга олиш ишларини олиб борувчи ширкат вакилининг нашрга айтишича, воқеа Болдуин ичида бўш патронлар бўлган қуролдан ўқ узиладиган саҳнани суратга олиш пайтида юз берди.

42 ёшли Галина Хатчинс вертолётда Ню Мексико университети шифохонасига олиб кетилди, у эрда шифокорлар унинг ўлимини эълон қилишди.

48 ёшли Жоел Соуса тез ёрдам машинаси билан Санта Фе шаҳридаги тиббиёт марказига ётқизилди. Ҳозир унинг аҳволи оғир.

Полиция тергов сабаб филмни суратга олишни вақтинча тўхтатди. Ҳозирча актёрга ҳеч қандай айблов эълон қилинмаган. Қурол қандай ишлатилган ва қандай патронлар юкланган, буни полиция ўрганмоқда.

Полиция Болдуинни сўроқ қилган. New Mexican нашрининг ёзишича, 63 ёшли актёр Санта Фе шерифи идораси ташқарисида телефонда йиғлаб гаплашаётгани акса этган суратларни эълон қилди.

Россия: Рязандаги заводнинг порох цехида содир бўлган портлашда камида 7 киши нобуд бўлди

Иллюстратив сурат

Россиянинг Рязань вилоятида жойлашган “Эластик” синтетик толалар заводида 22 октябрь куни портлаш содир бўлган ва бунинг ортидан порох ишлаб чиқариладиган цехда ёнғин бошланган. ФВВ маълумотига кўра, ҳодиса чоғида 7 киши нобуд бўлган, 10 киши жабрланган, яна 9 кишининг бедарак кетгани айтилмоқда.

ТАСС агентлиги хабарига мувофиқ, ёнғин чоғида камида 15 киши жабр кўрган. “Интерфакс” агентлигининг ёзишича эса, воқеа жойида 5 киши нобуд бўлган, яна икки киши касалхонага олиб кетилаётган пайтда жон берган, бундан ташқари, 10 киши тан жароҳати олган.

Ёнғинни ўчиришга 170 киши ва 50 та техника воситаси жалб қилинган. ФВВ “аҳоли учун хатар йўқ”лигини билдирган.

Расмийлар ёнғинга технологик жараённинг бузилгани сабаб бўлганини билдирганлар.

Қирғизистон Туркия ва Россиядан ҳарбий дронлар сотиб олмоқчи

Қирғизистон президенти Садир Жапаров, МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев ва мудофаа вазири Бақтибек Бекболотов Чегара хизматига ҳарбий техникани топшириш маросимида, 2021 йилнинг 21 октябри

Қирғизистон Туркиядан Bayraktar учувчисиз учқичлари, Россиядан эса “Орлан-10Е” дронларини сотиб олади. Бу ҳақда 21 октябрь куни журналистларга Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев маълум қилган.

“Биз бу техникани давлат бюджети ҳисобидан сотиб олмоқдамиз. Яқин орада Туркиядан Bayraktar дронлари етказиб берилади, бунақа қурол дунёнинг бешта мамлакатидагина бор ва биз булардан бири бўламиз. Ҳозир у ёқда мутахассисларимиз учувчисиз учқичларни бошқариш бўйича ўқишяпти. Россиядан эса биз “Орлан-10Е” учувчисиз учқичларини сотиб оляпмиз, бунинг учун ҳам давлат бюджетидан маблағ ажратилган”, дея иқтибос келтирди Озодликнинг қирғиз хизмати Қ. Ташиев сўзларидан.

МХДҚ раиси ўз сўзида хориждан сотиб олинаётган учувчисиз учқичлар сонини ҳам, бунинг учун бюджетдан қанча маблағ ажратилганини ҳам аниқ айтган эмас.

Bayraktar Туркия томонидан ишлаб чиқарилиб, узоқ вақт уча оладиган ва ҳаводан зарба беришга мўлжалланган учувчисиз учқич бўлиб ҳисобланади. “Орлан-10Е” мажмуаси эса, ишлаб чиқарувчи маълумотига кўра, масофадан туриб сув ва ер усти мониторингини олиб боришга мўлжалланган қурилмадир.

Президент Садир Жапаровнинг шу йил июнь ойида Анқара қилган сафари ортидан Туркия Қирғизистонга ҳарбий-техник кўмак кўрсатиши хабар қилинган эди.

НАТО мудофаа вазирлари Россия таҳдидидан ҳимояланиш режасини ўзаро мувофиқлаштиришди

НАТОга аъзо мамлакатларнинг мудофаа вазирлари 21 октябрь куни Брюсселда Россия томонидан бир неча жабҳа бўйлаб ҳар қанақа муҳтамал ҳужумдан ҳимояланиш бўйича янги бош режани мувофиқлаштириб олдилар.

Ҳужжатда, Хитойнинг хатти-ҳаракатига борган сари кўпроқ аҳамият қаратилаётган бўлса-да, Шимолий Атлантика альянсининг асосий мақсади Москвани тийиб туриш бўлиб ҳисобланиши урғуланган.

Конфиденциал характерга эга бўлган НАТО стратегияси ядровий қуролдан фойдаланилиши, компьютер тармоқларининг бузиб кирилиши ва коинотдаги ҳужумларни ўз ичига олиши мумкин бўлган Балтика ва Қора денгиз минтақаларидаги ҳар қандай синхрон ҳужумга тайёр туришга қаратилган, деб ёзган Reuters агентлиги.

“Биз энг яхши ва замонавийлаштирилган режалардан фойдаланган ҳолда ўз иттифоқимизни мустаҳкамлашда давом этяпмиз”, дея урғулаган НАТО бош котиби Йенс Столтенберг вазирлар учрашувидан сўнг. Учрашув иштирокчилари янги рақамли технологияларни ривожлантириш учун бир миллиард доллар ажратиш қарорини ҳам мувофиқлаштиришгани айтилмоқда.

Брюсселдаги учрашув олдидан Столтенберг Москва билан муносабатлар совуқ уруш даврида бери энг паст нуқтага тушганини билдирган.

“Бизда Россия билан ўзаро ҳамкорлик қилиш учун восита ва каналлар ҳали ҳам бор, бироқ биз НАТОнинг Москвадаги икки офисини ёпиш ва НАТОдаги Россия миссияси фаолиятини тўхтатиш ҳақида расмийлар томонидан олинган қарордан афсусдамиз”, дея қайд этган НАТО бош котиби.

Москва Ғарбга нисбатан агрессив режалари борлигини рад этиб, НАТОнинг ўзи ҳозирлик ҳаракатлари билан Европадаги вазиятни беқарорлаштириш учун замин яратаётганини иддао қилиб келади.

Путин “Толибон”ни террор ташкилотлари рўйхатидан ўчиртиришга уринилаётганини билдирди

Россия президенти Владимир Путин

Россия “Толибон” ҳаракатини тақиқланган террор ташкилотлари рўйхатидан ўчиртиришга уринмоқда. Бу ҳақда президент Владимир Путин 21 октябрь куни “Валдай” клубининг ялпи сессиясида қилган чиқишида билдирди. Айни пайтда Россия президенти бу ишни аввало БМТ Хавфсизлик кенгаши қилиши лозимлигини урғулади.

Дунёдаги кўплаб мамлакатда террор ташкилоти ўлароқ эътироф этилган “Толибон” радикал ҳаракати август ойи ўрталарида Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрини жангсиз эгаллаб олганди. Ўшанда президент Ашраф Ғани мамлакатни тарк этган ва бу ишни “йирик гуманитар инқироз келтириб чиқармаслик” истагида қилганини билдирган. Бунинг ортидан Афғонистон қарийб тўлалигича толиблар назорати остига ўтган.

Ғарб мамлакатлари Афғонистонда “Толибон” ҳокимиятини тан олмаяпти. Уни расман тан олмаган Россия расмийлари эса толиблар билан мунтазам учрашувлар ўтказиб турибдилар. Ана шундай учрашувлардан бири куни кеча Москвада ўтказилган – “Толибон” делегациясини Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров қабул қилган. У толибларнинг халқаро майдондаги мақоми қандай бўлишидан қатъи назар, “Афғонистоннинг янги расмийлари” билан ҳамкорлик қилиш зарурлигини қайд этган.

Толиблар Кобулдаги аёллар митингини ёритаётган журналистларга ҳужум қилди

"Толибон" вакили Кобулдаги аёллар акциясини ёритаётган журналистни туртмоқда, 2021 йил 30 сентябри

Толибон жангарилари Кобулда “иш, нон ва таълим” талаб қилаётган аёллар митингини ёритаётган бир неча журналистга ҳужум қилди.

21 октябрь куни йигирмага яқин афғон аёли ўз ҳуқуқларини талаб қилиб кўчага чиққан. Толиблар аралашгунга қадар намойишчилар “Таълимга сиёсатни аралаштирманг” дея қичқирганлар.

Норозилик акцияси давом этаётган вақтда толиблардан бири чет эллик фотографни милтиқ қўндоғи билан урган, кейин эса тепган. Бошқа жангари журналистга мушт туширган, дея хабар қилди “Франс-пресс”. Агентлик маълумотига кўра, намойишни ёритаётган яна камида икки журналист жангарилар ҳужумидан жабрланган.

“Толиблар ҳеч кимни ҳурмат қилмайди: на чет эллик ёки маҳаллий журналистларни, на аёлларни”, деган намойиш ташкилотчиларидан бири бўлмиш Заҳро Муҳаммадий.

Толибон мулозимлари вазият бўйича изоҳ беришганича йўқ.

Август ойи ўрталарида халқаро миқёсда тан олинган ҳукуматни ағдаришгандан сўнг толиблар қизлар ва аёлларга ўқиш, ишлаш ва спорт билан шуғулланишни тақиқлаб қўйган 1996–2001 йиллардаги биринчи бошқарув давридагидан фарқли ўлароқ, анча мўътадил сиёсат юритишга ваъда беришган эди.

БМТ ва инсон ҳақлари ташкилотлари янги афғон режимини ушбу ваъдаларини кенг кўламда бузаётганликда айблаб келади. Ҳозирга қадар мамлакатнинг 34 вилоятидан атиги бештасида қизларнинг мактабга қатнашига рухсат берилган, ишли аёлларнинг аксарияти эса толиблар буйруғига кўра уйда ўтиришга мажбур бўлмоқда.

ЖССТ “Спутник V” вакцинасини маъқуллаш жараёнини қайтадан бошлади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Россиянинг коронавирусга қарши “Спутник V” вакцинасини шошилинч қўллаш учун маъқуллаш жараёнини қайтадан бошлаган – ташкилот реестридаги маълумот шундан далолат бермоқда.

“Спутник V”нинг Twitter’даги расмий саҳифасида айтилишича, вакцинанинг қайта квалификация қилиниши жараёни “жадвалга мувофиқ равишда бормоқда ва якуний босқичга кирган”. ЖССТ инспекторлари гуруҳи зарур текширувларни ўтказиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш учун тез орада Россияга келиши кутилмоқда.

“Спутник V”ни чет элдаги харидорларга етказиб бериш билан шуғулланувчи Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди вакцина яқин бир неча ой ичида маъқулланишига умид қиляпти.

Сентябрь ойида ЖССТ “Спутник V”ни маъқуллаш ишини тўхтатиб туришга қарор қилгани очиқланган. Бунга вакцина ишлаб чиқариладиган заводлардан бирида иш тегишли талабларга мувофиқ тарзда ташкил этилмагани сабаб қилиб кўрсатилган.

“Спутник V” Россияда Гамалея номидаги марказнинг “Медгамал” фабрикасида, шунингдек “Биннофарм”, “Р-Фарм”, “Биокад”, “Генериум”, “Лекко” ва “Фармстандарт-УфаВИТА” фармацевтика корхоналарида ишлаб чиқарилади.

“Спутник V” вакцинасини ишлаб чиқариш Ўзбекистонда ҳам йўлга қўйилган бўлиб, бу иш билан Jurabek Laboratories қўшма корхонаси шуғулланмоқда.

Прокуратура: Саакашвили Грузияга сут маҳсулотлари ортилган машинада кирган

Михаил Саакашвили

Грузия прокуратураси мамлакатнинг собиқ президенти Михаил Саакашвилини давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда айблашга оид қарор чиқарди.

Идора маълумотига кўра, Саакашвили “Вильнюс” кемаси бортида Украинанинг Черноморск шаҳридан Грузиянинг Поти бандаргоҳига етиб келган. 29 сентябрга ўтар кечаси кема портга кирган, шундан сўнг у ердан сут маҳсулотлари ортилган тиркамали трейлер йўлга чиққан. Саакашвили ана шу трейлерда бўлган.

Прокуратуранинг урғулашича, Саакашвили трейлерда бўлганини унинг телефонида тикланган видеоёзувлар тасдиқлайди.

“РИА Новости” агентлигининг хабар қилишича, Саакашвили томонидан чегара ноқонуний кесиб ўтилиши иши доирасида уч киши – трейлер ҳайдовчиси Элгуже Цомае, шунингдек Поти бандаргоҳининг икки ходими қўлга олинган.

Михаил Саакашвили саккиз йиллик танаффусдан сўнг шу йилнинг 1 октябрида Грузияга қайтган эди. Грузия ҳуқуқ-тартибот идоралари уни чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда гумон қилиб, ҳибсга олган. Саакашвили ҳозирда Рустави шаҳридаги қамоқхонада сақланмоқда.

Россия Ички ишлар вазирлиги Любовь Соболни қидирувга берди

Любовь Соболь

Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари Алексей Навальнийнинг яқин сафдошларидан бири бўлган Любовь Соболга нисбатан қидирув эълон қилди – унинг номи ИИВнинг қидирувдаги шахслар базасига киритилди.

Август ойида Соболь “санитария иши” бўйича бир ярим йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган эди. Суд қарорига кўра, у махсус рухсатномасиз Москвани тарк этиш, кечки соат ўндан эрталаб олтигача уйдан ташқарига чиқиш ва оммавий тадбирларга бориш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Аммо кўп ўтмай Соболь Россиядан чиқиб кетгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган, унинг ўзи бу хусусда изоҳ берган эмас.

“Санитария иши”дан олдин Соболь “турар-жой дахлсизлигини бузиш” моддаси бўйича судланган. Судья унга Навальнийнинг заҳарланишида гумон қилинаётган ФХХ ходими Константин Кудрявцевнинг квартирасига киришга ва у билан гаплашишга урингани учун шартли равишда бир йиллик ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлаган.

Сентябрь ойи охирида Тергов қўмитаси Навальнийнинг энг яқин сафдошлари, жумладан Соболга қарши “экстремистик ташкилот тузиш ва унда иштирок этиш” айблови билан жиноят иши очган.

“Санитария иши” Алексей Навальнийни дастаклаш учун 23 ва 31 январь кунлари Россиянинг ўнлаб шаҳарларида ўтказилган норозилик чиқишларидан сўнг очилган. Иш доираси Навальнийнинг бир неча сафдоши, шунингдек сиёсий фаоллар “санитария-эпидемиология қоидаларини бузишга қасд қилиш” айблови билан қамоққа олиниб, аксарияти бир йилдан икки йилгача озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG