Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:10

Фаррухга хат



Салом, Фаррух,

кечаги блогингизда Ислом аканинг қорақалпоғистонликларга сакура экишни маслаҳат берганини ёзибсиз.

Киноя оҳанглари туйдим битикларингизда.

Дилим оғриди.

Ислом ака учун эмас, ёш йигит бўлатуриб ҳаётдан орқада қолаётганингиздан оғриди дилим.

Менга ука тенгисиз.

Ислом ака-ку, тем более, Отангиздан катта бўлсалар керак.

Лекин ҳали-ҳануз тосни тос, ҳаммомни ҳаммом дейишга мойил қолаётганингиздан дилим оғриди.

Ахир замон ўзгараяпти!

Ўзбекистон, унинг мустаҳкам сим деворлари ичида ўзбекистонликлар, дунё ҳамжамиятига қўшилаяпти!

Шунга яраша сўзлару атамалар ҳам ўзгараяпти-да!

Ўзгариши керак-да!

Ўзгаришлар бошида мудом Ислом ака турибди.

Биринчи котиб эдилар, Президент бўлдилар.

Коммунистик партия эди - Халқ-демократик партияси қилдилар.

Ана шундан кейин сўз ва атамаларни ҳар бир соҳада янгилай бошладилар.

Масалан, Совет давридаги "универмаг"лар 90-йиллар бошларида (у пайтларда бўй бола эдингиз, эслолмассиз) Ислом аканинг гапи билан "супермаркет"ларга айлантирилди.

Шаҳрихонда ўшандай супермаркетга кирганман. Лекин кечаги "универмаг"дан бугунги "супермаркет"нинг нима фарқи борлигини тушунмай ҳайрон бўлганим эсимда.

Кўп ўтмай товар тақчиллиги бошланиб кетган, супермаркетлар супер бўшаб қолган эди.

Лекин бу - бошқа масала, муҳими – тилимизга янги сўз кириб келди.

Ислом ака, Отангиз, қолаверса мен "кириш имтиҳонлари" топширганмиз.

Сиз эса "тест синовлари" топширдингиз.

Бу ўзгариш ҳам Ислом аканинг шарофати билан бўлганини билмассиз?

Тўғри, Сиз "тест" дегани "синов" дегани, бинобарин "тест синови" дегани "сувли сув" дегандай гап бўпқолади, деб ғудранарсиз.

Яна ғудранишингиз мумкинки, "кириш имтиҳонлари"да пора қанча бўлган бўлса, "тест синовлари"даям шунча, балки янаям кўпроқ, деб.

Лекин бу - бошқа масала, муҳими – тилимизга янги сўз кириб келди.

Кстати, "пора" эмас, "гонорар".

Янги замонда нафақат бор нарсалар номлари ўзгартирилаяпти, балки янги нарсаларнинг ўзи ҳам, албатта, номлари билан, ҳаётимизга шаҳдам кириб келаяпти.

Масалан, Ислом ака, Отангиз, қолаверса мен Сизнинг ёшингизда "пластик карточка" нималигини билганмизми?

Билмаганмиз!

Ҳозир эса биламиз.

Тўғри, Сизга ўхшаган ўзбекистонлик маҳмаданалар пластик карточка бўлгани билан унга солишга пул бўлмаса, пул топиб солсангиз, уни қайтариб олиб бўлмаса, деб ғудранар?

Лекин бу - бошқа масала, муҳими – тилимизга янги сўз кириб келди.

Шуни ҳам айтиш керакки, “президентимиз янги сўзларни яхши кўрар экан” деб, ўзбошимчалик қилиш ҳам ярамайди.

Мана яқинда бир бозорчи йигитча Тошкентдан қўнғироқ қилиб, "Сарвар брат, шу сўмимизни доллар деб ўзгартирсек, а ишшо лучче, фақат бакс ишлатишга ўтвосек бўмийдими, а так, пачкалаб кўтариб юришдан заколебат бўлдигу брат, так и так котта совдола долларда бўвоттию", дейди.

Сўкиб бердим.

“Мустақилликнинг қадрига етмаган онги паст”, дедим.

“Миллий валюта истиқлолнинг улуғ неъматларидан бири-ку, шуниям тушунмайсанми, братишка”, дедим.

Ношукурни кўрмайсизми? Ахир пул белнинг қуввати бўлса.
100 долларни белингизга боғлаб кўринг – билинармикан?

Энди 100 долларга тенг сўмни боғланг белингизга – Сизникидан бақувват бел бўлмайди Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида.

Минг долларни майдалаб бойласангизку – бронежилетнинг ҳам кераги бўлмай қолади. Бемалол урушга кириб кетоврасиз (Тфу-тфу, Худо сақласин, бир ўхшатиш қилдим-да энди).

Хуллас, янги сўзлар керак бизга, Фаррухжон.

Локигин, сўзларни танлар эканмиз, мустақиллик мафкурасидан келиб чиқишимиз лозим.

Шу маънода, "сакура" сўзини ишлатсак бўлаверади.

Ҳееее тупканинг тагидаги японлар келиб бизни босиб олмайди.

Сезиб турибман, шу жойда Воҳидов оқсоқолнинг бир шеърини эслаб, мийиғингизда куляпсиз.

Кулманг, у шеърда Америка дейилган, Япония эмас.

"Сакура" ўзимизнинг "олча" дебсиз.

Текшириб кўрдим. Чинданам олча экан (биз ўшликлар, анжанликлар "гилос" деймиз).

Лотинчада "Prunus serrulata", дейиларакан.

Фақат японлар сакура (prunus serrulata, олча, гилос)нинг мевасини ейишмасакан. Хомлигичаям. Мураббо шаклидаям.

Сакура японларда манзарали дарахт ҳисобланаракан. (Ейишга бошқа нарсалари бўлса керак-да – жуда бой дейишади-ку японларни?)

Ишқилиб, Ислом ака чўлу дашту шўрҳокларда яшайдиган қорақалпоқларга шуниям айтиб қайтдилармикан Тошкантга?

“Сакуранинг мевасини еб қўйманглар”, дедилармикан?

Айтмаган бўлсалар, эртага "ҳе, ўзимизнинг олчайкан-ку?!" деб еб қўйишса, нима бўлади қорақалпоқлар?

Ҳа, энди нима бўлса, бўлар! Аввал экишсин, ўзини тутволсин сакураси, ҳали мева тугадими-йўқми?

Шунгаям ота гўри – қозихонами?!

Муҳими – бу эмас.

Муҳими – тилимизга янги сўз кириб келаётгани!

Understand? (Андестанд - Тушундингизми?)

See you! (Сию – Кўришгунча!)

С приветом,
Сарвар брат.
XS
SM
MD
LG