Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:08

Тошкент ва Душанбе даҳанаки жанги давом этмоқда


Роғун ГЭСи Тошкент билан Душанбе ўртасидаги сўз урушининг асосий мавзуси айланган.
Роғун ГЭСи Тошкент билан Душанбе ўртасидаги сўз урушининг асосий мавзуси айланган.

Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Роғун масаласи бўйича танқидий баёнотини асоссиз, дея атади. Вазирга кўра, Тожикистон томони бу гаплар асоссизлигини исботлаш учун минтақа сув заҳираларидан фойдаланиш бўйича халқаро экспертиза ўтказишга ҳам тайёр.


18 октябр куни Душанбеда журналистлар билан учрашган Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Роғун сув омбори 8 йилда тўлишию бу вақт мобайнида Ўзбекистон сувсизликдан қийналиши ҳақидаги баёнотини асоссиз, деб атади.

- Мазкур баёнот на илмий, на иқтисодий асосга эга. Техник ҳисоб-китобларга кўра, сув омбори 17 йил мобайнида тўлади, - деди Ҳамрохон Зарифий.

Тожикистон ташқи ишлар вазирига кўра, сув омбори, Орол денгизи бўйича аввал қабул қилинган битимларда кўрсатилганидек, Тожикистон эга бўлган сув квотаси ҳисобига тўлдирилади.

- Ҳозирги пайтда Тожикистон ўз ихтиёрига берилган 12 фоизлик квотадан камроқ сув ишлатаяпти, Роғун ГЭСи ишга туширилганидан кейин эса бу рақам яна қисқаради. Бундан ташқари, Вахш дарёси Оролнинг бор-йўғи 28 фоизини тўлдиради. Оролнинг қуриши эса Ўзбекистон ҳудудида барпо этилган сунъий сув ҳавзалари ҳисобига содир бўлаяпти, бунақа ҳавзаларнинг сони эса элликдан ошади,- деди Ҳамрохон Зарифий.

Эслатиб ўтамиз, жорий ой бошида Қорақалпоғистонда қилган чиқишида Орол фожиасига алоҳида тўхталган президент Каримов Душанбе ҳукуматининг Роғун ГЭСини қуриш режасига кескин эътироз билдирганди. Ўшанда Каримов Тожикистоннинг Роғун ГЭСини “аҳмоқона лойиҳа”, деб атаганди.

- 350 метрлик тўғоноқни кўтарса агар, унга 8 йил сув тўпланар экан. 8 йил давомида сув тўпланар экан. Бизлар - пастда турганлар нима 8 йил пойлаб турамизми? Қорақалпоғистонга, Хоразмга умуман Ўзбекистоннинг Амударë қирғоғида яшаëтган инсон нима иш қилади? Қандай тирикчилик кўради? Қандай деҳқончиликни кўрамиз? Умуман ирригация масаласи мутлақо ҳаммаси йўқ бўлиб кетади. Сирдарë суви ҳозир Оролга келмаяпти. “Орол бўйини боқадиган нима?” деб мендан сўрасангиз, ҳозир Амударëдан келган сув. Орол қуриëтган бир пайтда Амударëни маҳкам ушлаб туришимиз керакми йўқми, сувининг бир граммини ҳам камайтирмайсан, деб, деганди қорақалпоғистонлик фермерлар билан учрашган Ўзбекистон президенти.

Бунга эътироз билдирган Тожикистон ташқи ишлар вазири ўз республикасига нисбатан асоссиз айбловлар айтилишига чек қўйиш учун Тожикистон минтақа сув заҳиралари ва сув омборларидан оқилона фойдаланиш бўйича халқаро экспертиза ўтказишни сўрашини билдирди.

Тожикистон транзит юкларининг Ўзбекистон ҳудудида ушлаб қолинаётгани масаласига тўхталган Ҳамрохон Зарифий бу масалада ҳамон муаммолар мавжудлигини, Тожикистоннинг бу борадаги барча уринишлари ҳам ижобий натижа бермаётганини таъкидлади.

- Биз бу масалани ҳал қилиш учун минтақавий ва халқаро ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилганмиз, аммо натижаси бўлмаяпти. Эндиликда бу масала юзасидан иккитомонлама музокара олиб боришдан бошқа чора қолмаяпти,- деди Ҳамрохон Зарифий.

Тожикистонга тегишли юк вагонлари транзити билан боғлиқ муаммоларни ўзбекистонлик мутасаддилар мамлакат темир йўлларида рўй бериб турган техник муаммолар билан изоҳлайдилар.
XS
SM
MD
LG